Қайднома

Қидирув

Ана, холос! Шансель, ўзи қачон туғилгансан?

Ана, холос! Шансель, ўзи қачон туғилгансан?

  09.02.2022 17:07
  0
  394
Ана, холос! Шансель, ўзи қачон туғилгансан?

Конголик ҳимоячи Шансель Мбемба яқин орада «Порту» билан хайрлашса керак. Оддий хабар, шундайми? Лекин тафсилотлари билан танишишгач, ҳайратдан ёқа ушлашингиз ҳеч гап эмас. Ҳаммасига африкалик футболчилар билан кўп учрайдиган ҳолат сабаб. Қисқаси, Мбембанинг ёши паспортида ёзилганидан каттароқ экан. 

Одатда бундай хабарлар кўпинча миш-миш даражасида қолиб кетади, лекин буниси анча жиддий кўринади. Corriere de Manha нашри маълумотига қараганда, Шансель шартномасининг қолган муддати (яна 6 ой бор)ни хотиржам ўташи мумкин, кейин клубдан кетади. Агар Мбемба асосий таркибнинг «темир» футболчиси бўлмаганида, эҳтимолки, «Порту» ўртадаги битимни дарҳол бекор қиларди.

Ҳужжатлар бўйича айтсак, Шансель 27 ёшда. Бу марказий ҳимоячи учун фаолиятидаги энг яхши давр ҳали олдинда эканлигини англатади. Аммо Португалия ОАВ вакиллари Мбемба дўстлари билан алоқа ўрнатиш асносида унинг 1990 йили туғилганини аниқлашди. Демакки, у 27 эмас, 31 ёшда. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Чунончи, Мбембанинг ёши мавзуси анча олдин баҳс-мунозара доирасига тушган. Диққат қилинг, конголик футболчининг қачон туғилгани борасида нақ 4та (!!!) тахмин мавжуд:

1994 йил 8 август - паспортида кўрсатилган сана. Унга кўра, футболчи 27 ёшда;

1990 йил 8 август - дўстлари айтган ва ОАВда эълон қилинган сана. Унга кўра, футболчи 31 ёшда;

1988 йил 8 август - Мбемба ўйнаган Конго клублари ҳужжатларида кўрсатилган сана. Унга кўра, футболчи 33 ёшда;

1991 йил 8 август - 2011 йилда Африка кубоги саралаш ўйини учун берилган қайдномада кўрсатилган сана. Унга кўра, футболчи 30 ёшда.

Айнан охирги вариант-тахмин юзага чиқиши билан Шанселнинг ёши ҳақидаги баҳс-мунозаралар бошланди. Ке­йинчалик Конго футбол федерацияси расмийларидан бири Мбамбега Олимпиада-2012 саралашида иштирок этиш имкониятини яратиш учун унинг туғилган санаси ўзгартирилганини расман тан олди. Умуман, Мбемба фаолиятидаги энг катта воқеа - бу унинг 12 миллион евро эвазига «Андерлехт»дан «Ньюкасл»га ўтгани. Ўшанда асл ёшини аниқлаш учун Шанселни суяк тўқималарини таҳлил қилиш жараёнига жалб этишган. Эътиборлиси, текширув бўйича Мбемба айнан паспортида кўрсатилган сана - 1994 йили туғилгани тасдиқланган. «Суяк тўқималари таҳлили ҳақиқий ёшимни кўрсатиб қўйди. Бунга қадар жуда кўп аламли сўзлар эшитдим, хайриятки, барчаси расман тасдиқланди, ортиқча тахмин-фаразларга ўрин қолмади. Яқинларим, дўстларим ва Конгодаги барча танишларим 1994 йилнинг 8 август куни туғилганимни билишади. Шунчаки, баъзида ҳасадчилар айримларнинг муваффақиятини кўролмайдилар ва уларнинг обрўларига путур етказишни ўйлайдилар», - деганди ҳимоячи текширув натижалари эълон қилинганидан сўнг.

Афтидан, Шанселнинг барча дўстлари унинг ҳақиқий ёшини билишмайди ёки Португалия матбуоти «бечора» ҳимоячига қарши. Айтганча, ҳозирги машмашалар Мбемба фаолиятига салбий таъсир этиши ҳеч гап эмас. Ахир унга «Милан» жиддий қизиқаётганди, бироқ энди италияликлар «етти ўлчаб, бир кесиш»лари тайин. Чунки Шансель биографиясида баҳсли тафсилотлар жуда кўп...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz