Қайднома

Қидирув

Клублар: Камтарин, лекин романтик

Клублар: Камтарин, лекин романтик

  14.02.2022 03:03
  0
  362
Клублар: Камтарин, лекин романтик

Гамбург. Ноябрь ойи охири. «Занд­хаузен» Бундеслига-2 доирасида беллашиш учун «Санкт-Паули» майдонига ташриф буюрди. «Миллернтор» стадионининг томи ортида футбол майдонини неон нурлари билан ёритиб турувчи мослама кўзга ташланмоқда.
Арена атрофида қишки ярмарка - қовурилган бодомнинг хушбўй иси уфуриб турибди. Стадион ичида ҳам ҳаёт қайнамоқда. Ўйин бошланганидан 2 дақиқа ўтар-ўтмас, Даниэль-Кофи Кюре тўпни товони билан Гвидо Бургшталлерга узатди, у эса енгил ҳаракат билан дарвоза «тўққизлиги»ни нишонга олди. Тезкор ва ўта чиройли гол. Гвидо қўлларини ёйган ҳолда трибуна томон югурди. Стадион карнайларидан «Санкт-Паули»ни шарафловчи оҳанглар янгради. Камтарин жамоа шу тариқа турнир жадвалида 1-ўринга кўтарилиб олди...

***

Гамбург шаҳрининг икки жамоа­си ўртасидаги тафовут шаҳар четроғида яққол кўзга ташланади. Баландлиги 1,5 метр, кенглиги эса 1 метрга тенг телекоммуникация шкафчаларининг аксарияти «Гамбург» либосига ҳамоҳанг ҳаворанг-қора-оқ рангларда. Агар «Гамбург» видеоўйини яратилганида, «барча шкафларни излаб топ ва клуб рангига бўя» шарти унинг асосий моҳиятига айланарди. Бунинг ажабланадиган томони йўқ. Ахир гап 1983 йили Европани забт этган ва ажойиб «Фолькспаркштадион» аренасини бунёд этган Уве Зеелер жамоа­си ҳақида кетмоқда. Ҳа, «Гамбург» 2018 йили Бундеслигадан тушиб кетди, шунга қарамай, ҳамон Германиянинг энг номдор клублари қаторида тилга олинади. Умуман, Гамбургнинг барча жойлари - поездда, ер ости йўлакларида, ҳаттоки, кичик новвойхоналарда ҳам шу клуб рамзи ва рангларини кўриш одддий ҳолатдир.

«Санкт-Паули»нинг йўриғи бош­қа. Ҳа, шаҳарда «Гамбург» ҳукмрон, аммо бу камтарин клуб ҳам ўз сўзини баралла айтиш ниятида. Унинг шиори жўшқин эмас, лекин аниқ: «Биз фашистларга қаршимиз, биз нацистларга қаршимиз, биз қочоқларни ҳурмат қиламиз».Санкт-Паули тумани азалдан қувғиндилар, ҳаётда иши юришмаган кишиларга макон саналган. Туманга номдош клуб шунчаки, футбол билан чекланиб қолмайди. Бу - диний йўналишлар, идеология, ўзлигини намоён этиш тизими. Жексон Ирвин айнан шунинг учун бу ердан қўним топди.  Австралия терма жамоаси вакили сўнгги йилларда омадсизлик ботқоғидан чиқолмаётганди. Унинг «Халл Сити»даги фаолияти можаро ва қувғинлик билан хотима топди. Ирвин 6 ойдан кейин «Хиберниан»га кўчиб ўтди ва Эдинбургда янги уйга эга бўлди. Ҳозир 28 ёшли футболчи учун ҳаммаси олдинда. У «Санкт-Паули» таклифи ҳақида гапирса, кўзлари ёниб туради. Чунки тўғри қарорга келганини ўша заҳоти ҳис этган. Жексон аслида «Гамбург»га ҳам бефарқ эмасди. Дарвоқе, австралиялик футболчи локдаун туфайли ёпилган шаҳарга келиши билан жароҳатга йўлиққанди. «Дастлабки ҳафталар ажабтовур ўтди. Таркибга қўшилиб, майдонга тушишга қадар шаҳар ва одамлар табииатига кўникишим қийин кечди. Лекин мослашишдан ўзга чорам йўқ эди», - дейди Ирвин. Энди у - Тимо Шульц жамоасининг етакчиларидан бири, ишончли «8-рақам». Эътиборли томони, 1 йилча муқаддам Жексонда шартномаси ҳам йўқ эди, 13та ўйинда жамоасига атиги 8 очко келтирганди. Қаранг, «Санкт-Паули» 2021 йилни турнир етакчиси мақомида якунлади ва бунда австралия­лик йигитнинг хизмати жуда катта.

***

Ўзи Бундеслига-2 ажабтовур турнир. Унинг ўзига хос жиҳати - сенсацион натижалар. Жорий мавсум «Гамбург» ва «Ганновер»дек фаворитлар сафи «Вердер» ҳамда «Шальке» ҳисобига кенгайди. Қисқаси, лигада кутилмаган муваффақиятсизликдан ҳеч бир жамоа ҳимоя­ланган эмас. «Санкт-Паули» янги йилдаги дастлабки учрашувнинг 11 дақиқасидаёқ ўз олдига жиддий мақсад қўйганини исботлади. Косоволик ҳимоячи Леарт Пакарада марказгача олға борди ва рейдни давом эттирди. Тўп дарвоза бурчагига йўналтирилганида, трибуналардан гулдурос қарсаклар ёғилмади - бунга чеклов имкон бермади. Муҳими, ҳимоячи жамоага кўтаринки кайфият тортиқ этди. Хуллас, дербида «Гамбург» маҳв этилди, кейин «Шальке» мағлубиятга учратилди. «Вердер» ҳам ўз майдонида енгилиши ҳеч гап эмасди, фақат VAR «Санкт-Паули» голини бекор қилди. Камтарин ва романтик жамоа юраги - зарур паллада қулай вазиятлар яратадиган ва голлар урадиган ҳужумкор ярим ҳимоячи Даниэль-Кофи Кюре. Гамбургликлар сафига 4-дивизиондан таклиф этилган футболчи қандайдир 3 йил ичида Гана миллий жамоаси даражасигача кўтарилди. Ирвиннинг айтишича, жамоа Кюре каби йигитлар билан бемалол истаган чўққига интилади.

***

«Санкт-Паули»нинг жорий мавсумдаги жойини белгилашда Гвидо Бургшталлер ҳам муҳим ўрин тутади. Австриялик 32 ёшли ҳужумчи вақтида Оле-Гуннар Сульшер бошқарган «Кардифф Сити»да ҳам тўп сурган. «Миллернтор»даги кутилмаган қаҳрамонлардан яна бири - бу жамоа бош мураббийи, албатта. Тимо Шульц «Санкт-Паули»да деб­ют мавсумини ўтказмоқда. У бунга қадар ёшлар жамоасини шуғуллантирган ва бош мураббийга ассистентлик қилган. Шульц 2010 йили «Санкт-Паули» билан футболчи сифатида Бундеслигага ҳам чиққанди. Ўшанда жамоани маҳаллий афсона - Хольгер Станислав­ски бошқарарди. Гамбургнинг романтик жамоаси ҳозирда сермаҳсул ўйин кўрсатмоқда. Тўғри, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Дейлик, жамоа Рождество арафасида кутилмаганда, «Хольштайн Кил»га имкониятни бой берди. Бунда Кюренинг Гана термасига кетгани яққол сезилди. Муҳими, «Паули» 18 январь куни «мотор» майдонга тушмаганига қарамай, Германия кубоги нимчорак финалида Дортмунд «Боруссия»сини 2:1 ҳисобида енгди.

***

«Санкт-Паули» ўйиннинг маълум қисмини ўта шиддатли ўтказишга одатланган. Дейлик, жорий мавсум «Ингольштадт» дарвозасига атиги 17 дақиқада 3та гол урди, «Хайденхайм»га эса меҳмонда қандайдир 10 дақиқа оралиғида шунча гол тортиқ этди. Шунингдек, «Шальке» 19 дақиқа ичида 2 марта тўпни майдон марказидан ўйинга киритишга мажбур бўлди. Умуман, Тимо Шульц шогирдлари очиқ футбол кўрсатиш асносида 18та учрашувда 29та гол ҳосил қилишди. Шунча гол 12 нафар футболчи номига ёзилгани ҳам эътиборга молик факт. Қолаверса, 11 нафар ўйинчи ҳисобида самарали узатма бор. Бу жамоавий ҳаракатлар тўғри йўлга қўйилганидан далолат, албатта. Хўш, шундай қизиқарли дружинани кейинги мавсум Бундеслигада кўрамизми? Баралла гапиришга ҳали эрта. Лекин «Санкт-Паули» ҳозирги суръатини пасайтирмаса, йўлланмага эга чиқади. Шундай бўлса, «Гамбург» билан тирик Гамбургда қандай ҳолат юзага келишини бир тасаввур қилинг-а...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz