Қайднома

Қидирув

МЕТИН МУЗОКАРАЧИ ёхуд «Саутгемптон»да хўжайин ўзгарди

МЕТИН МУЗОКАРАЧИ ёхуд «Саутгемптон»да хўжайин ўзгарди

  15.02.2022 09:49
  0
  399
МЕТИН МУЗОКАРАЧИ  ёхуд «Саутгемптон»да хўжайин ўзгарди

«Ньюкасл» ортидан энди «Саутгемптон» ҳам янги сармоядорлар тасарруфига ўтди. Фар-қи шуки, «авлиёлар»ни саудиялик шайхлар эмас, балки сербиялик бадавлат бизнесмен Драган Шолак бошқаради.

Драган Словениядаги «Роял Блед» номли гольф майдонини 11 млн. еврога харид қилган пайтида, уни Европадаги энг зўр ўйингоҳга айлантиришни мақсад қилганди. Икки йиллик бунёдкорликдан сўнг, 2017 йил августидаги тантанали очилиш маросимида тўпга дастлабки зарбани бериш шарафига Сербия қироличаси Елизавета Карагеоргиевич сазовор бўлганди.

Шолак эса шу билан чекланиб қолмади ва Шотлан-диянинг машҳур Глениглс курортининг бош агрономи Стив Чаппеллни ишга ёллади. Бундан ташқари, Драган - яқинда «Саутгемптон» акцияларининг 80 фоизини харид қилган Sport Republic компаниясининг бош сармоядори. Соҳиб билан яхши муносабатда бўлиш ҳам фарз, ҳам қарз эканлигини таъкидлаган «авлиёлар» бош мураббийи Ральф Хазенхютлль таклифни кутиб ўтирмасдан «Роял Блед»га йўл олганди.

Драган Шолак - Сербиянинг бадавлат оиласи вакили. Унинг отаси ўз вақтида собиқ Югославия автомобиль бозорини эгаллаган «Застава» заводида васийлик кенгаши аъзоси бўлган, ҳозир иқтисодиёт ўқитувчиси. Завод эса ҳозирда ҳарбий техника бозорида етакчи. Мамлакатнинг энг бадавлат кишилари рўйхатида Шолак 1,4 млрд. фунтга тенг бойлик билан 3-ўринни банд этган. Лекин рўйхатдаги икки етакчидан фарқли равишда, 57 ёшли бизнесмен  приватизация ҳисобига бойиган эмас. Унинг дастлабки компанияси SBB теледастурлар ва фильмларни сотиб олиш ва сотиш билан шуғулланган. 2000 йилда Шолак Сербияда кабель телевиденияси билан шуғуллана бошлади. 2005 йилда унинг муассасаси маҳаллий бозорнинг 45 фоизини эгаллаб, рақобатчиларини сотиб олишга киришди. Тез орада компания Сербия билан чекланмай, Югославиянинг бошқа республикаларида ҳам иш бошлади.

2014 йилда Шолакнинг барча корхоналари United Group компаниясига бирлаштирилди. Ўша пайтда компания АҚШнинг KKR сармоядорлик фирмаси тасарруфида эди. Айнан шу фирмада ишлаган Хенрик Крафт Шолак билан «Саут-гемптон» ўртасидаги дастлабки воситачи бўлди. 48 ёшли тадбиркор KKRдан United Group директорлар кенгашига ўтди. 2016 йилда компанияни тарк этди.

Ҳозирда компаниянинг бош офиси Нидерландияда жойлашган. У Европанинг жануби-шарқидаги 8та мамлакатда иш олиб бормоқда. Шолак унинг раҳбари. «Драган ҳудудимиз, айниқса, Сербиядаги кўзга кўринган бизнесмендир. У машҳур эмас, шон-шуҳратга интилмайди. Чунки у Илон Маск эмас, - дейди Любляна университети доктори Марко Милосавлевич. - Лекин собиқ Югославия ва Болгариянинг кабель каналлари унинг ихтиёрида бўлганлиги сабабли, Шолак ҳукумат муассасаларининг рақобатчисига айланган. Сербияда ҳукумат билан рақобат қиладиганларни доимо душман ҳисоблашади».

Ўтган йили Шолакдан наф-ратланиш учун яна бир са-баб - футбол пайдо бўлди. SportKlub - компаниянинг энг оммавий каналларидан бири. У Европанинг етакчи чемпионатлари учрашувларини намойиш этиш ҳуқуқига эга. Аниқроғи, эга эди. Ўтган йили United Group компаниясининг асосий рақобатчиси Telekom Srbija ЕЧЛ, Ла Лига, «А» серия ва АПЛ баҳсларини ёритиш учун жуда катта маблағ таклиф этди.

2021 йилда академиклар, сиёсий арбоблар ва ташаббускорлар АПЛ раҳбариятидан Telekom компаниясининг 500 млн. фунтлик таклифини рад этишни илтимос қилишганди. Бироқ Лига илтимосни инобатга олмади. Марко Милосавлевичнинг фикрича, «Саутгемптон»ни харид қилиш орқали Шолак ўз рақобатчиларига қарама-қарши зарба беришга уринган. Лекин бу ягона сабаб эмас.

Ўтмишда BBC World Service директори лавозимида ишлаган Питер Хоррокс ҳозир United Group тизимида ишламоқда: «Шолак мақсаддан воз кечмайдиган киши. У ўз юрти учун жон куйдириб ишлайдиган тадбиркор, холис ва мустақил журналистика Сербияга манфаат келтиришига ишонади. Давлат оммавий ахборот воситалари уни жиноятчи сифатида тилга олишади. Бу тушунарли - ҳозирги ҳокимият авторитар тузумга қайтиш илинжида. Шу боис, Шолакни душман, деб билади. Драган эса ўзини оддий серб фуқароси, деб ҳисоблайди ва чекинишни истамайди».

«Саутгемптон»нинг янги соҳиби кўпчиликка яхши таниш, аммо Крафт хусусида бундай дея олмаймиз. Хенрикнинг United Group компаниясидан жой олишига KKRда технологиялар ва коммуникациялар соҳасининг Европа бўлимини бошқаргани сабаб бўлганди. У Оксфорд университетида муҳандислик, иқтисодиёт ва менежмент бўйича таҳсил олганди.

KKRдаги 10 йиллик фаолиятдан сўнг, Крафт Шолакнинг компаниясига спорт, технология ва телекоммуникация соҳаларида иш бошлаётганлар учун бизнес-фаришта мақомида ўтганди. У 40дан ортиқ лойиҳаларга бошланғич сармоя ажратишда Шолакка яқиндан ёрдам берганди.

38 ёшли Расмус Анкерсен эса «Брентфорд»даги 6 йиллик фаолиятдан сўнг декабрь ойида «Саутгемптон»га ўтди. Собиқ жамоасидаги ўзгаришларда Анкерсен муҳим роль ўйнаганди. Ўшанда жамоа статистик таҳлилларга таянган ҳолда, ёш иқтидорларни харид қилиш ва кейинчалик юқори баҳода сотиш усулидан фойдалана бошлаганди. Нил Мопе (16 млн. фунт), Олли Уоткинс (28 млн.) ва Саид Беҳрами (26 млн.) трансферларида айнан Расмус Анкерсен агентлар ва харидор клублар вакиллари билан музокараларни муваффақиятли ўтказганди. «У билан келишиш осон эмас, аммо Анкерсен адолатли. Ана шу фазилати туфайли, ўта қаттиққўл музокарачи эканлиги ҳам сезилмайди», - деганди агентлардан бири.

Тахминларга кўра, Анкерсен «авлиёлар» кундалик юмушларида иштирок этмайди. Лекин селекция билан боғлиқ асосий масалаларни у ҳал қилади. Бундан ташқари, Sport Republic ҳам доимо унинг диққат марказида туришига шубҳа йўқ. Яқин келажакда Расмус уни муваффақиятли мультиклуб даражасига олиб чиқишга аҳд қилган.

Футбол юмушларидан ташқари, Анкерсен бизнесга оид 2та қўлланма яратди. Ана шу ижоди унга бизнес оламининг ҳурматли вакиллари орасидан жой олиш имкониятини берди. Энди у вақти-вақти билан Coca-Cola, Google, Astra-Zeneca, Tui, McDonalds, Lego ва бошқа брендлар учун маърузалар ўқимоқда. «Агар менинг компаниям бўлганида, бош директор лавозимига Расмусни таклиф этардим», - деди ишончли манба вакили.

Sport Republic «Саутгемптон»га қай даражада манфаат келтириши хусусида ҳозирча бирор-бир фикр билдириш қийин, лекин умид йўқ эмас. Етарли сармоя, тиришқоқ тадбиркорлар ва эҳтимол, чинакам режа - «авлиёлар» жаҳон миқёсидаги клуб мақомига эришишлари учун ажойиб имконият.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz