Қайднома

Қидирув

Футбол атрофида: Азмун ўз клубларидан устун!

Футбол атрофида: Азмун ўз клубларидан устун!

  17.02.2022 03:03
  0
  488
Футбол атрофида: Азмун ўз клубларидан устун!

Эрон футболи юлдузи Сардор Азмун Осиёда жуда машҳур. Нафақат «сариқ қитъа», балки Европада ҳам. Дейлик, у «Инстаграм» тармоғида 4,3 миллион обуначига эга. Ҳа, бу Криштиану Роналдунинг кўрсаткичи (400 миллиондан кўп обуначи) олдида ҳеч нарса эмас. Лекин яна бир факт бор: Азмун «Инстаграм»да одам йиғиш бобида ўзининг барча клубларидан устун. Қолаверса, Европанинг кучли 5та лигасидаги атиги 16та клуб «Инс­таграм»да Азмундан кўпроқ обуначига эга, холос.

Сардор Азмун жорий мавсум якунлангач, Германия Бундеслигасига йўл олиб, «Байер» либосига бурканади. Оддий айтганда, эронлик йигит фаолиятида янги лига, янги босқичга қадам ташлайди. Лекин мақоланинг кириш қисмида келтирилган факт ўзгармайди. Ҳар ҳолда, ҳозирги ҳолатда Азмун «Инстаграм» тармоғида бўлажак клубидан  ҳам кўпроқ обуначига эга. Россия Премьер-лигасига қарасак, бу масалада бирор жамоа Азмун билан рақобатлашолмайди. Умуман, эронлик ҳужумчи фаолиятидаги барча клублар ва «Ба­йер»нинг бу тармоқдаги обуначиларини қўшиб ҳисобласак ҳам, вазият ўзгармайди. Демак, рақамларни келтирамиз:

Сардор Азмун - 4,3 млн. обуначи

Сардор Азмуннинг барча клублари - жами 2,6 млн. обуначи

«Байер» - 1,6 млн. обуначи

«Зенит» - 768 минг обуначи

«Ростов» - 140 минг обуначи

«Рубин» - 100 минг обуначи

Диққат қилинг, Европанинг кучли 5та чемпио­натида иштирок этаётган 98та клубдан атиги 16таси «Инстаграм»да 4,3 миллиондан ортиқ обуначига эга. Бошқача айтганда, жами жамоа­ларнинг бор-йўғи 16 фоизи «Инстаграм» майдонида Азмундан машҳурроқ. Агар таққослаш миқёсини кенгайтирсак, бу фоиз янада камайиб бораверади. Чунончи, рейтинг бўйича ўртамиёна саналган Португалия, Бельгия, Украина, Авс­трия ва Сербия чемпионатларида Азмун олдига тушадиган клуб йўқ. Нидерландия Эредивизиони иштирокчиларидан эса фақат «Аякс»да обуначилари сони эронликнидан кўпроқ. Биргина Туркияда умумий картина бошқачароқ: 3та жамоа «Инстаграм» майдонида эронлик футболчини ортда қолдирмоқда.

Айтиш ўринли, Сардор 2019 йил бошида «Зенит» сафига қўшилган пайт унинг обуначилари сони 2,9 миллион эди. Демакки, ҳужумчи охирги 2 йил ичида кескин равишда машҳурлашди. Хўш, Азмун нега шу қадар таниқли? Ҳаммаси оддий:

А). У эронлик.

Б). Айни пайт Эрон футболида унинг савия­сига тенг бошқа юлдуз йўқ, ҳисоби. Дейлик, Эрон миллий жамоасининг охирги Осиё кубогига берган «заявка»сига қарасак, Европа клубларида ўйнайдиган 9 нафар футболчи бор эди ва улар асосан «Трабзонспор» ёки «Ноттингем Форест» даражасидаги клублардан чақирилгандилар.

В). Эроннинг аҳолиси деярли 87 миллионга тенг. Бу дунё бўйича 17-кўрсаткичдир. Таққослаш учун келтирсак, Ғарбий Европадаги бирор мамлакатда бунча кўп аҳоли йўқ.

Азмун эффекти «Инстаграм» кенгликларида қандай намоён бўлмоқда? Россиялик журналист Мария Командная футболчи билан суҳбатдан кейин бу борада аниқ хулосасини баён этганди: «Азмуннинг Эрондаги машҳурлиги шунчаки, космик даражада. У «Инстаграм»га мен билан суҳбат воқелигини жойлаштирган заҳоти чамаси 6 минг нафарга яқин эронлик менинг саҳифамни кузатишга тушди. Улар ҳаттоки, форс тилида юзлаб изоҳлар қолдирдилар».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz