Қайднома

Қидирув

Турнирлар тарихидан: АМК - ўзига хос шоу маркази

Турнирлар тарихидан: АМК - ўзига хос шоу маркази

  19.02.2022 10:40
  0
  401
Турнирлар тарихидан: АМК - ўзига хос шоу маркази

2022 йил ҳисобидан дастлабки йирик турнир - Африка кубоги сокингина финиш маррасига етди. Сенегал термаси ва Садио Мане тантанаси билан якунланган бу галги қитъа биринчилигига нисбатан паст баҳо берилмоқда гарчи Камерунда антиқа воқеликлар етарлича кузатилган бўлсада. Тўғри, шикоятлар ҳам ўринли: ўйинларда маҳсулдорлик минимал даражада паст бўлди, футболчилар даражаси паст кўринди, боз устига, ареналар олдингидек, мухлислар билан лиқ тўлмади. Ҳар ҳолда, кўплаб учрашувлар ярми бўш қолган трибуналар остида ўтди. Аммо Африка чемпионати ўзининг барча минуслари билан бирга футбол оламига мутлақо ақлдан оздирадиган ҳолатларни ҳам тақдим этди, барибир. Дейлик, АМК-2022 асосий факт­ларидан бири - бу Комор ороллари термасининг дарвозабонсиз ўйнаб ҳам (дарвозани асли чап қанот ҳимоячиси қўриқлади), атиги 2та гол қўйиб юборгани. Бироқ sports.ru сайтининг қуйидаги мақоласи бу ҳақда эмас. Хуллас, АМК-2010га қайтиб, бир ажиб ўйин тафсилотини ёдга оламиз.

2010 йили Африка чемпионати Анголада ташкиллаштирилган ва турнир очилиш ўйи­ниёқ кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа тақдим этган. Диққат қилинг, мезбонлар миллий жамоаси Мали термасига қарши кечган учрашувнинг 78-дақиқасида ҳам 4:0 ҳисобида олдинда бориб, якунда ғалабани қўлдан чиқарганди - 4:4! Ажабо, қанақасига? Дарвоқе, анголалик террорчилар Того термаси автобусини ўққа тутган ва уч киши ҳаётдан кўз юмган турнир ҳам шу. Ўйинларда мухлисларнинг ўртача ташрифи 19 мингга етмаган турнир ҳам шу. Миср терма жамоасининг қаторасига учинчи чемпионлиги билан якунланган турнир ҳам шу.

2010 йил 10 январь. Очилиш ўйини. Луандадаги стадионда 50 минг мухлис. Ангола - Мали қарама-қаршилиги. Мезбонлар биринчи бўлимнинг ўзида нисбатан кучли саналган рақиб дарвозасига 2та гол уришади. Улар танаффусдан кейин ҳам ҳужум суръа­тини туширишмайди ва 2 марта пенальти тепиш ҳуқиқини ишлашади. Қарабсизки, 75-дақиқада ҳисоб 4:0, трибуналарда ғалаба шодиёнаси! Бироқ 79-дақиқага келиб, ўша вақт «Барселона»да тўп сурган хавбек Сейду Кейта ҳисобни қисқартириб, мухлисларни ҳовлиқмасликка чақиради гўё. Орадан 10 дақиқа ўтиб, «Севилья» афсонаси Фредерик Кануте Ангола термаси дарвозасига иккинчи голни ургач ҳам, қайси томоннинг ғалаба қозониши тайиндек эди. Мисрлик бош ҳакам якунда тўхталишлар учун 4 дақиқа қўшиб беради ва ҳаммаси остин-устин бўлиб кетади! Яъни Кейта «дубль» қайд этганидан руҳланган малиликлар кейинги ҳужумда Мустафо Ятабаренинг голи эвазига якуний натижани ўрнатишади - 4:4!

Келинг, ўйин хроникасини яна бир бора такрорлаймиз. Мезбонлар 78-дақиқада ҳам 4:0 ҳисобида олдинда эдилар. 88-дақиқада эса 3та гол фарқи билан ғалабадан бир қадам нарида тургандилар. Қолган вақтда Мали термаси қандайдир мўъжизавий тарзда мағлубиятдан қочади. Фантастика! Бунақасини яна қаерда кўргансиз? Айтиш керак, стартдаги ғаройиб натижа кейинчалик ҳар икки жамоа ўйинига катта таъсир кўрсатмайди. Анголаликлар руҳий зарбадан тезда қутулиб, гуруҳда 1-ўринни эгаллашади ва фақат 1|4 финал баҳсида Гана термасига имкониятни бой беришади. Малиликлар эса навбатдаги ўйинда Жазоир термасига бас келолмай, якунда квартетда 3-ўринни банд этишади. Муҳими, Малида АМК-2010ни ҳамон эслашади. Ангола ҳам, албатта!

А.АТАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz