Қайднома

Қидирув

«Фан-шопдан» қалтис ҳазил

«Фан-шопдан» қалтис ҳазил

  20.02.2022 11:33
  0
  430
«Фан-шопдан» қалтис ҳазил

Лондоннинг «Арсенал» клуби интернет-дўконига кирган мухлислар сайт­даги ноодатий хабарни кўриб қолишди. Компьютер стрелкаси саватча белгисига яқинлаштирилса, «Сизнинг саватчангиз, худди «Тоттенхэм» сов­ринлар шкафи сингари бўш» деган ёзув чиққан. Кейинроқ «Арсенал» ҳазил раҳбарият билан келишмаган ҳолда чиқарилган, тез орада ҳаммаси ўчирилишини билдирди. «Ушбу хабар сайтга хатолик туфайли, тегишли текширувлар ва келишувларсиз жойланган, у имкон қадар тезроқ ўчирилади», - деб ёзилди клуб баёнотида. Ҳозир курсорни белгига йўналтирилса, одатий матн чиқмоқда: «Ҳозир сизнинг саватчангиз бўш».

Лондонликларда соврин масаласи қанақа?

Умуман, «Тоттенхэм»ни анчадан буён совринсизлик туфайли «тролль» қилиш одат тусини олган. «Шпорлар» охирги марта 2008 йили Лига кубогида зафар қучишганди. Англия кубоги сўнгги бор 1991 йилда қўлга киритилган бўлса, охирги чемпионликка 1961 йилда эришилган.

«Арсенал»нинг бу борадаги ютуқлари нисбатан салмоқли. 13та Англия чемпионлиги, уларнинг сўнггиси 2004 йилга тўғри келади. Шунингдек, «канонирлар» Англия кубогида чакки эмаслар: мусобақа тарихида ушбу совринни энг кўп (14 марта) қўлга киритишган, 2020 йилги муваффақият ҳам шулар жумласидан.

АПЛнинг жорий мавсумида «Тоттенхэм» (36 очко, 8-ўрин) ва «Арсенал» (39 очко, 6-ўрин) турнир жадвалида ҳам ҳақиқий рақобатни вужудга келтиришган - Чемпионлар Лигасига чиқиш учун имкониятлар сақланиб турибди.

***

«Арсенал» афсонаси Тьерри Анри «Тоттенхэм»га ҳазил қилиш фурсатини ҳеч қачон бой бермайди. Мисол учун, француз 2021 йилнинг сентябрида Amazon Prime студиясида бундай жамоа борлигини билмаслигини айтганди.

- «Ренн» ҳисобидаги кетма-кет иккинчи мағлубият - хавотирланиш учун етарли далил, - деганди бошловчилардан бири. - Боз устига, пайшанба куни Конференциялар лигасида «Тоттенхэм»га қарши ўйин кутиб турибди.

- Кечирасиз, кимга қарши? Бундай жамоани билмайман, - Анри шундай дея камера томон айёрона назар солганди.

Студиядагилар «Арсенал»нинг аксарият фанатлари сингари ҳазилни табассум билан қарши олишди. Изоҳларда Тьеррини қаҳрамон, қирол, афсона деб аташди, кимдир эса бу ўтган ой давомида эшитган энг кулгили ҳазил бўлганини ёзган.

Дарвоқе, Анри футболчилик даврида «Тоттенхэм» билан ўйинда бирор марта ютқазмаган - 7 ғалаба, 4 дуранг, 5та гол ва битта ассист. Француз бу борада ҳам фикр билдиришга улгурган: «Ўйинчилик давримда «Тоттенхэм» билан ўйиндан очкосиз қайтмаганимдан, буни ҳис қилишдан бахтиёрман».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz