Қайднома

Қидирув

Легионерларимиздан дараклар: Машарипов Англия чемпионатига борадими?

Легионерларимиздан дараклар: Машарипов Англия чемпионатига борадими?

  22.02.2022 08:38
  0
  671
Легионерларимиздан дараклар: Машарипов Англия чемпионатига борадими?

С.Арабистони. «Ал-Наср» мамлакат чемпионати 21-турида «Ал-Батин» майдонида ҳамюртимиз Жалолиддин Машариповсиз ўйнаб, 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Янгилик шуки, UPL нашри хабарига қараганда, Ўзбекистон миллий жамоасининг 28 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячиси ёзда «Ал-Наср»дан Англиянинг «Халл Сити» клубига ўтиши мумкин. Таъкидланишича, айни пайт Чемпионшип турнир жадвалининг 20-ўрнида бораётган клуб бош мураббийи Шота Арвеладзе собиқ шогирдини ўз ёнида кўриш ниятида. Маълумот учун, transfermarkt портали талқинига кўра, Машариповнинг трансфер баҳоси 3 миллион еврога тенг.

Беларусь. Беларусь чемпионатининг янги мавсумига ҳозирлик кўраётган «Энергетик-БГУ» навбатдаги ўртоқлик учрашувида Mакслин» клубини 7:1 ҳисобида доғда қолдирди. «Талабалар» сафидаги ҳамюртимиз Бобур Абдухолиқов бу учрашувда ўз ҳисобига 1та гол ёздириб қўйди. БАТЭ эса «Шахтёр» (Петриков)га қарши кечган ўртоқлик учрашувида 2:2 ҳисобини қайд этди. Ўйинни Борисов жамоаси бошланғич таркибида бошлаган ярим ҳимоячи Шаҳбоз Умаров 37-дақиқада ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. Бунга футболчи ва мураббий ўртасидаги келишмовчилик сабаб бўлгани айтилмоқда. Тўғри, Умаровнинг ўзи ҳеч қандай муаммо йўқлигини билдирди.

Молдова. «Шериф» Португалиянинг «Брага» жамоасига қарши кечган ЕЛ 1/16 финали биринчи ўйинини 2:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. Жамоа ҳужумчиси Жасур Яхшибоев Тирасполда бўлган учрашувда 89 дақиқа фаол ҳаракатланиш баробарида биринчи бўлим охирида пенальти ишлади. «Шериф» айнан шу вазиятда ҳисобни очди ва кейинчалик устунликни мустаҳкамлади.

Италия. Кадрлар масаласида муаммолар гирдобида қолган «Рома» Италия «А» серияси 26-турида «Верона»ни қабул қилиб, мағлубиятдан зўрға қутулиб қолди - 2:2. Олдинроқ «бўрилар» ҳужумчиси Элдор Шомуродовда коронавирус аниқлангани айтилганди ва табиийки, ҳамюртимиз «Верона»га қарши баҳсда иштирок этмади.

Эрон. Азиз Амонов асосий таркибда майдонга тушиб, 60 дақиқа ҳаракатланган ўйинда унинг клуби - «Истиқлол» нав­батдаги ғалабани расмийлаштирди. Гап Эрон Про-лигаси 18-туридан ўрин олган «Тракторсози»га қарши сафар ўйини ҳақида кетмоқда. Унда теҳронликлар ягона гол эвазига 3 очко олишди. Айтиш ўринли, шу билан «Истиқлол»нинг мағлубиятсиз серияси айнан 18та ўйинга етди.

БАА. Мамлакат чемпионати 16-тури доирасидаги «Ал-Васл» - «Шаржа» ўйинида ҳисоб очилмади. Меҳмон жамоа ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров мазкур баҳсда доимгидек тўлиқ вақт ҳаракатланди. «Шаржа» айни пайт 30 очкога эга ва турнир жадвалининг 4-қаторида бормоқда. Азиз Ғаниев эса «Шабаб Ал-Аҳли»нинг «Ал-Аруба»га қарши уй учрашуви (3:1)да қатнашгани йўқ. 

Қатар. «Юлдузлар лигаси» 19-туридан ўрин олган «Умм-Салал» - «Ал-Сайлия» учрашуви меҳмон жамоанинг минимал ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди. Яқинда «Сайлия» сафига қўшилган Достон Ҳамдамов бу сафар бир бўлим ўйнади ва танаффусда алмаштирилди. Шу билан ҳамюртимиз жамоасининг очколари сони 11тага етди, бироқ у ҳамон турнир жадвалининг охирги поғонасида.

Қозоғистон. Ўзбекистон футзал терма жамоаси дарвозабони Равшан Элибоевнинг янги клуби - «Каспий» Қозоғистон чемпионати 15-турида мамлакатнинг 18 карра чемпиони «Қайрат» меҳмони бўлди. Айтиш ўринли 1:1 ҳисобида якунланган дастлабки ўйинда бошланғич таркибга кирган ҳамюртимиз кўплаб «сейв»лар кўрсатиб, жамоаси жонига оро бўлди. «Каспий» aйни пайт чемпионат турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турибди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz