2021 йилнинг охирида Германия футболида муҳим ўзгаришлар кузатилди: Немис футбол лигасини 17 йил бошқарган Кристиан Зайфертнинг ўрнига 45 ёшли Доната Хопфен тайинланди. Ҳа, эндиликда Бундеслигани аёл киши бошқаради.
Хопфен Bild нашрига берган илк интервьюсида даромадларни ошириш асосий вазифасини эканлигини таъкидлади. Шу мақсадда испанлардан намуна олиб, мамлакат Суперкубоги баҳсини Саудия Арабистонида ўтказиш мумкинлигини билдирди. Энг катта шов-шувга айланган таклиф эса Бундеслига формати ўзгариши билан боғлиқ. «Табиийки, чемпонлик учун қизғин рақобат кечса, лига баҳслари янада қизиқарли тус олади. Агар «плей-офф» муаммони ечишда асқотса, келинглар, уни муҳокамага қўямиз», - деди Доната хоним.
Ҳа, Бундеслигага «плей-офф» киритилиши мумкин. Kicker нашрининг таъкидлашича, формат шундай кўриниш олади: бир ҳафта давомида «тўртлик финали» ўтказилиб, шу тариқа чемпион аниқланади. ЕЧЛ иштирокчилари мунтазам мавсум натижаларига кўра сараланади.
Қизиғи, «Бавария» янгиликка рози
Хопфен ҳақида қисқача маълумот - у ҳозирча футбол ихлосмандларига яхши таниш эмас. Аммо бизнесда тажрибаси етарли: бир неча йил бизнесга digital-моделларни киритувчи BCG Digital Ventures компанияси билан шериклик қилди. Бунга қадар эса Европанинг Axel Springer деб номланувчи йирик медиаконцернида ишлади - Bild нашри айнан шу муассасага тегишли. 2014 йили Донатани «Медиадаги йил аёли» дея эътироф этишганди.
Унинг «плей-офф»ни йўлга қўйиш таклифини «Бавария» қўллаб-қувватлади. Мюнхенликлар бош директори Оливер Каннинг бу борадаги фикрларига эътибор беринг: «Янги ғояларни ўйлаб кўриш мен учун қизиқ - Бундеслигада «плей-офф»ни йўлга қўйиш шулар жумласидан. 2024 йилдан Чемпионлар Лигаси янгича форматда ўтказилишига ишончимиз комил. Бундеслигада ярим финал ва финалларнинг ўтказилиши эса фанатларга бир олам ёрқин таассуротларни бахш этади. Шундай экан, буни кўриб чиқиш зиён қилмайди. Биз - «Бавария»дагилар ҳар доим янги ғоялар учун очиқмиз».
Жараённинг қизиқ жиҳати шундаки, янгича формат айнан «Бавария»нинг гегемонлигига хавф солиши мумкин (Хопфен бош мақсади ҳам шу, аслида). Мюнхенликлар классик схема асосида чемпионатда ғолиб чиқишда муаммога йўлиқишмаяпти, кубок баҳсларида эса вазият бошқачароқ. Ўтган мавсум «Бавария» иккинчи Бундеслига вакили «Хольштайн»га ютқазиб, турнирни тарк этди. Жорий мавсумда эса Менхенгладбах «Боруссия»сига 0:5 ҳисобида имконият бой берилди. 2015 ва 2017 йилларда Дортмунд «Боруссия»си мюнхенликларни кубок баҳсларидан чиқариб юборганди. Шундай экан, «Бавария» лига жозибасини ошириш эвазига потенциал совринлардан воз кечишга тайёрдек тасаввур уйғонмоқда.
Деярли бутун Бундеслига қарши
Хопфеннинг баёнотидан сўнг, журналистлар аксарият немис клубларидан бу борада фикр сўрашди. Хулоса: уларга ғоя ёқмаган.
Кристиан Штрайх («Фрайбург» мураббийи): «Ўйлашимча, 34 тур якунига кўра энг кўп очко жамғарган жамоанинг чемпионликка эришиши мақбул ҳолат, энг кам очкога эга бўлганлар қуйи лигага тушади. Лига жозибасини оширишга интилаётганларни тўғри тушунаман. Аммо ҳозирги формат, гарчи энг қизиқарлиси бўлмасада, адолатли ва мантиқан тўғридир».
Ади Хюттер («Боруссия» Менхенгладбах мураббийи): «Бизнинг Австрияда узоқ вақт шундай формат қўлланган - жадвалнинг юқори ва қуйи қисмидагилар иштирокида «плей-офф» баҳслари ўтказилган. Умуман, ҳар қандай вариантни кўриб чиқиш мумкин. Бошқа томондан, бунинг адолатли эканига ишончим комил эмас - 34та турдан сўнг биринчи ўринни эгаллаган клуб 4-поғонадаги жамоага қарши ўйин ўтказиши қанчалик тўғри? Бундан кўринадики, пешқадамдан шартли 15 очкога ортда қолган жамоада ҳам чемпионлик учун имконият сақланиб қолади».
Марсель Шефер («Вольфсбург» спорт директори): «Менимча, биздаги тизим шундоқ ҳам яхши ишлаяпти. 34та тур якунига кўра чемпион аниқланади. Оддий ва ҳаққоний. Аммо фикрларни тўғри тушунаман. Янги формат қизиқишни ошириши мумкин, аутсайдерларда соврин учун имконият ортади. Лекин 4та ғалабагача бўлган серияларда «Бавария» барибир етакчилик қилади. Бир ўйинлик «плей-офф»ларда эса, худди НФЛда бўлгани каби, ягона мағлубият ажойиб мавсумни барбод қилиши мумкин. Қолаверса, Чемпионлар Лигасига кимлар чиқишини қандай аниқлаймиз? Бу ҳуқуқ мунтазам мавсумнинг энг яхши жамоаларига насиб қиладими ёки «плей-офф»да яхшироқ натиа қайд этганларгами?».
Дирк Цинглер («Унион» президенти): «Немис футболида истисно қилиш мумкин бўлган нарсалар бор. Масалан, Суперкубокнинг Саудия Арабистонида ўтказилиши. «Плей-офф»дан эса маъни йўқ. Энг муҳим фанат - стадиондаги фанат. Агар тиктокерларни чиндан ҳам аренага ташриф буюраётганларга тенглаштирсак, бу келгусида футболимиз барбод бўлишига олиб келади».
Шунингдек, «Гройтер Фюрт», «Бохум» ва «Арминия» вакиллари, «Байер»даги Руди Феллер ҳам қарши фикр билдиришди. Дортмунднинг «Боруссия» клуби бош директори Ханс-Йоахим Ватцке эса нисбатан демократик муносабатда бўлди: «Биласизлар, ҳамиша «плей-офф»га қарши чиққанман. Аммо формат билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилсак, ғоянинг ўзини тақиқламаслик керак».
«Плей-офф»нинг бошқа плюс ва минуслари
Kicker нашри масала юзасидан ўз фикрини билдирди. Ислоҳотлар адвокати сифатида таҳририятнинг жануби-ғарбий бўлими раҳбари Тимо Мюллер чиқиш қилди. Унинг таъкидлашича, лига жозибасининг йўқолиши ғолибнинг муддатидан анча аввал ҳал бўлаётгани билан боғлиқ. Ҳозр 4 ва 10-ўриндагилар ўртасидаги фарқ катта эмас. Демакки, Бундеслиганинг ярмида совринли поғоналар учун имконият сақланиб қолган. «Майнц»нинг «Фрайбург»га қарши ёки «Лейпциг»нинг «Кельн»га қарши ўйинлари қизиқарли тус олади.
Энг муҳими: немис футболининг «плей-офф» билан боғлиқ финал ҳафтаси - ҳисиётлар ўлчови. Қолаверса, бу улкан маркетинг салоҳияти ҳамдир. Маънавий жиҳатдан ҳам зарарсиз - ўша Саудия Арабистонида ўтадиган Суперкубок билан солиштирганда, шундай.
Kicker бош муҳаррири Йорг Якоб янгиликка қарши. Унинг айтишича, Бундеслига косметик ўзгаришларга муҳтож эмас. Режалаштирилган самарали меҳнат рағбатлантирилишига «плей-офф» туфайли путур етиши мумкин, ички чемпионатда рақобатни ошириш учун бундай ўйинлар керакмас. Шунчаки, даромадларни клублар ўртасида тенг тақсимлашнинг ўзи етарли.
***
Ҳозирнинг ўзида Германия футбол лигаси «плей-офф» ғоясида қатъий туриб олишни режалаштирмаган. Ташкилотдагиларнинг таъкидлашича, форматни ўзгартириш бўйича ғоялар кўп, аммо бундай масалалар фақатгина клублар билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш орқали ҳал этилади.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20