Қайднома

Қидирув

Осиё тупурарлари

Осиё тупурарлари

  01.01.2017 06:18
  0
  1324
Осиё тупурарлари

Жорий йилда Австралия терма жамоаси фахрий ҳужумчиси Тим Кэйхилл терма жамоа учун 49-голини ургани, терма жамоамизнинг ўзига хос форварди Александр Гейнрих эса терма жамоамиз тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиш учун курашни қизитаётгани бизни Осиёдаги терма жамоаларнинг тўпурарлари ва уларнинг фаолиятидаги ўзига хос қирраларга тўхталиб ўтишга яна бир карра ундади. Айтганча, бир нарса ёдимиздан чиқибди: жаҳон футболидаги рекорд натижа, яъни ўз терма жамоаси учун рекорд миқдорда гол уриш ҳам бизнинг қитъага тегишли: Али Даи Эрон терма жамоаси учун жами 109 та гол урган!

Эрон Ислом Республикаси. Али Даи (149та ўйин, 109 та гол).

1969 йил 21 мартда таваллуд топган. Теҳроннинг «Истиқлол» футбол клубида тарбия топган ушбу футболчи фаолиятини 2007 йилда «Сайпа» сафида якунлади. IFFHS версиясига кўра Осиёнинг XX асрдаги энг яхши футболчилари орасида 7-ўринни эгаллаган. 1996 йилда Эрон терма жамоаси учун расмий ўйинларда 20та гол уриб, рекорд ўрнатган. Энг қизиғи, у Эрон миллий чепионатида атиги бир марта (2004 йил) тўпурар бўла олган, холос. 2016 йил 5 июлдан бошлаб «Нафт» (Теҳрон) клуби бош мураббийи. ЮНИСЕФ «Яхши ният элчиси». Бизнес соҳасида ҳам яхшигина мувафаққиятларга эришяпти.

Япония. Кунишиге Камамото (84та ўйин, 80 гол). 1944 йил 15 апрелда таваллуд топган бу футболчи ўз фаолиятида фақат «Янмар Дизель» (1967-1984) клуби учун ўйнаган. Ўзи умуман японларда бир компанияда умр бўйи садоқат билан ишлаш анъанаси мавжуд. 1966 йили Васеда университетида бакалавр даражасини олган ушбу футболчи терма жамоага коллеж жамоасидан жалб этилганини кўпчилик билмаса керак. 1995 йилдан бошлаб сиёсат билан шуғуллана бошлади. 1998 йил июлдан бошлаб Япония Футбол Ассоциацияси вице-президенти.

Ироқ. Ҳусайн Саид (137та ўйин, 78 гол).

1958 йил 21 январда Бағдод шаҳрида туғилган. Аҳмад Радҳи ва Ҳусайн Саид Ироқнинг ўтган асрдаги энг яхши футболчилари деб топилган. Дунё терма жамоалари тўпурарлари рейтингида 5-ўринни банд этган. IFFHS версиясига кўра Осиёнинг XX асрдаги энг яхши футболчилари орасида 25-ўринни эгаллаган. 1980, 1984, 1988 йилги Олимпия ўйинлари, 1986 йилги жаҳон чемпионати иштирокчиси. Профессиосанл фаолиятини якунлагач, асосан футбол мансабдори сифатида танилган. 2004-2011 йилларда Ироқ ФА президенти (ҳисоб бўйича ўн олтинчи).

Кувайт. Башар Абдуллоҳ Салим Абдулазиз (133та ўйин, 75 гол).

1977 йил 12 октябрда туғилган. 1996-1998 йиллардаги Қувайт футболи «олтин даври» асосчиларидан бири. 2005 йил 25 март ва 17 августда Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасига гол урган. Клубдаги фаолиятининг 7 йили ижарада ўтган. 2016 йил 13 январда хайрлашув учрашувини ўтказган.

Саудия Арабистони. Мажид Абдуллоҳ (116та ўйин, 71 гол).

1959 йил 11 январда таваллуд топган. Отаси Аҳмад Абдуллоҳ турли футбол клубларида менежер сифатида ишлаган. Фаолияти давомида фақат «Ал Наср» клуби сафида тўп сурган. 1984, 1985, 1986 йилларда Осиёда «Йил ўйинчиси», «Араб олмоси» номи билан таърифланган. 2008 йил 20 майда «Ал-Наср» ва «Реал Мадрид» ўртасида ушбу футболчининг хайрлашув учрашуви ўтказилган.

Таиланд. Киатисук Сенамуанг (134та ўйин, 70 гол).

1973 йил 11 августда таваллуд топган. 2014 йил февралдан буён миллий терма жамоани бошқариб келмоқда (40та ўйин). «Крунг Тай Банк» клуби мактаби тарбияланувчиси. 1999 йилда таниқли мураббий Стив Брюс бошчилигидаги «Хаддерсфильд Таун» клубида ўйнаган.

Ж.Корея. Бум Кун Ча (134та ўйин, 58 гол).

1953 йил 22 майда таваллуд топган. 1972 йилда терма жамоаси сафида дебют қилиб, терма жамоа сафидаги энг ёш футболчига айланган. 1978-1989 йиллар давомида Германиянинг «Дармштадт», «Айнтрахт» (Ф), «Байер» клубларида тўп сурган. УЕФА Кубогини турли жамоалар (1979|80, 1987|88) билан қўлга киритган 9-футболчи. IFFHS версиясига кўра XX асрда Осиёнинг энг яхши футболчиси деб топилган. Унинг ўғли Ча Ду Ри ҳам мухлисларимизга жуда яхши таниш.

Сингапур. Фанди Аҳмад (101та ўйин, 55 гол).

1962 йил 29 майда таваллуд топган. 1993-1997 йилларда терма жамоа сардори бўлган. Фанди Европада ўйнаган биринчи сингапурлик футболчи бўлишидан ташқари, у мамлакат тарихидаги биринчи миллионер спортчи ва таржимаи ҳоли (1993 йил) чоп этилган (1994 йил) биринчи спортчи ҳамдир. Ўз футбол академиясида ёшларга таълим беради. 1999 йилда Сингапурда чиқадиган Straits Times нашри уни мамлакатнинг XX асрдаги энг буюк 50 спортчилари орасида 6-ўринга қўйди. 1996 йилда ЖАРлик модель Вэнди Жэйкобсга уйланди. 5 нафар фарзанди бор. 2014 йил октябрда Мадам Тюссо музейи унинг ҳайкалини яратди.

Қатар. Мансур Муфтаҳ Фараж Ал-Абдуллоҳ (86та ўйин, 53 гол).

1955 йил 22 ноябрда таваллуд топган. 44 ёшида у «Ал Салия» клуби сафида тўп сурган. 2013Ғ14-йилги мавсум аввалида Қатар Юлдузлар Лигаси энг яхши тўпурарга «Мансур Муфтаҳ» соврини беришга қарор қилди. Акаси Фараж Муфтаҳ волейбол бўйича рефери. Ўғли Тамим «Ал-Райяан» клуби ёшлар жамоасида ўйнайди.

Мальдив ороллари. Али АшфаҚ (77та ўйин, 52 гол).

1985 йил 6 сентябрда туғилган. «Дагандей» номи билан танилган бу ҳужумчи Байчунг Бҳутия билан Жанубий Осиёдан чиққан энг таниқли футболчидир. Эллик ёшли маррани у жорий йилнинг мартида босиб ўтганди. MILO, Zott Yoghurt, Ooredoo каби брендлар элчиси.

БАА. Аднан Ал Таляни (161та ўйин, 52 гол).

1964 йил 30 октябрда таваллуд топган. Ташқи кўриниши «Зенит» ҳужумчиси Халкка жуда ўхшаб кетадиган бу футболчи ўз фаолияти давомида фақат битта клуб («Ал Шаъаб») сафида тўп сурган. Уни терма жамоага эронлик Ҳешмат Моҳажерани жалб этган эди. Ўзининг сўнгги голларидан бирини терма жамоамиз дарвозасига йўллаган. Бу воқеа 1997 йил 27 сентябрда, ЖЧ-1998 саралаш босқичида юз берган эди. Уни БААнинг ўтган асрдаги энг яхши футболчиси деб топишган.

Вьетнам. Ле Конг Винь (82та ўйин, 51 гол).

1985 йил 10 декабрда таваллуд топган. Жануби-Шарқий Осиёнинг энг иқтидорли футболчиларидан бири ҳисобланади. 15 ёшидан турли ёш категорияларидаги терма жамоаларда ўйнаган ушбу футболчи 2004 йилда терма жамоа сафида дебют қилган.

Ҳиндистон. Сунил Четри (91та ўйин, 51 гол).

1984 йил 3 августда таваллуд топган. 2011 йилда терма жамоа учун 17та ўйин ўтказиб, 13та гол урган. Сунил ЖЧ-2010 (2 та) ва ЖЧ-2018 саралаш босқичида 4 та гол урган.

Австралия. Тим Кэйхилл (94та ўйин, 48 гол).

1979 йил 6 декабрда таваллуд топган. Айни пайтда «Мельбурн Сити» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Терма жамоа сафида 2004 йилдан буён тўп суриб келади. Ўз терма жамоаси билан сўнгги 3 та жаҳон чемпионатида иштирок этди ва 6та гол урди. «Эвертон» сафида порлаган. Бош билан гол уриш бўйича Осиёда исталган футболчидан ўринда туради. Туғишган акаси Крис Кэйхил регби бўйича Самоа терма жамоаси сардори. Унинг кўплаб қариндошлари профессионал регбида яхшигина ном қозонишган.

Филиппин. Филип Жэйс Янгхазбэнд (84та ўйин, 43 гол).

1987 йил 4 августда таваллуд топган. Англияда таваллуд топган бу футболчи 1997-2005 йилларда «Челси» футбол клубида таълим олган. 2006 йил 14 ноябрда Тимор-Лештега қарши баҳсда терма жамоа учун голлари ҳисобини очди. У гол урган рақиблар орасида фақатгина Қувайт Осиёда ўз ўрнига эга, қолган жамоалар эса иккинчи даражали жамоалардир.

Уммон. Ҳани Ал Дабит (102та ўйин, 43 гол).

1979 йил 15 октябрда Салалаҳ шаҳрида туғилган. Пляж футболида ҳам ўзини синаб кўрган ва айрим ютуқларга ҳам эришган.

Камбоджа. Хок Сочетра (64та ўйин, 42 гол).

1974 йил 27 июлда таваллуд топган. 2012 йил июль-октябрь ойларида миллий терма жамоани бошқарди. Негадир унинг номи терма жамоалар тўпурарлари рўйхати алоҳида келтирилган манбада учрамайди.

Хитой. Хао Хайдонг (107та ўйин, 41 гол).

1970 йил 25 августда туғилган. «Байи» футбол клуби тарбияланувчиси. Терма жамоа сафида 1992-2004 йилларда тўп сурган. ЖЧ-2002 баҳслари қатнашчиси. 1998 йилда Бангкокда ўтган Осиё Ўйинлари ғолиби. Фаолиятининг охирида Англия чемпионшипи вакили «Шеффильд Юнайтед» сафида тўп сурди. Айни пайтда «Тянжин Сонгжианг» клуби раҳбари.

Баҳрайн. Исмоил Абдуллатиф (107та ўйин, 38 гол).

1986 йил 11 сентябрда таваллуд топган. 2007 йил 15 июлда Осиё Кубогида Ж.Кореяга қарши баҳсда голлар ҳисобини очган Исмоил Абдуллатиф Форс Кўрфазида анча таниқли футболчи ҳисобланади. Бу футболчи Ўзбекистон терма жамоаси дарвозага гол йўллай олмаган.

Индонезия. Бамбанг Памунгкас (87та ўйин, 37 гол).

1980 йил 10 июнда туғилган. Бепе лақаби билан танилган бу футболчи Biskuat, Ti Phone, Nike, Bodrex ва Kuku Bima каби брендар билан реклама шартномалари тузган.

Гонконг. Чанг Сиу Ки (62та ўйин, 36 гол).

1985 йил 14 июлда туғилган. Ани ёшлик пайтида ундан мутахассислар кўп нарса кутишганди. Лекин маҳоратини сайқаллаш йўлида ҳаракат қилмагани учун Гонконгдан четга чиқа олмади.

Ўзбекистон. Максим Шацких (61та ўйин, 34 гол).

1978 йил 30 августда таваллуд топган. 2003, 2005, 2006, 2007 йилларда Ўзбекистонда «Йил футболчиси». 2000 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» унвони берилган. ОФК версиясига кўра, «Йил футболчиси» соврини учун бўлган курашда 2003 йилда 3 ва 2005 йилда 3-ўринни олган. Украина чемпионати тарихида энг яхши тўпурар - 124та гол. 2010 йил июль ойида спорт журналисти Виктор Хохлюк ташаббуси ва футболчининг розилиги билан Украина клубларида тўп сурувчи хорижликлар учун «Максим Шацких номли бомбардир-легионерлар клуби» ташкил этилган. 2016 йилда ярим профессионал «Рух» (Винники) клуби сафида футболдаги фаолиятига якун ясади.

Иордания. Ҳассан Абдулфаттоҳ Маҳмуд (89та ўйин, 30 гол).

1982 йил 17 августда таваллуд топган. Клубдаги фаолиятини асосан ижарада ўтказаётган ушбу ҳужумкор ярим ҳимоячи терма жамоадаги голлари сони Кипрга (2005 йил 26 март) қарши баҳсда очган. 2012 йил 15 августда бўлиб ўтган ўртоқлик баҳсида Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасига гол йўллаган. 2015 йилнинг 11 июнида Душанбеда бўлиб ўтган мундиал саралашида Тожикистон давозасига 3та гол йўллаган эди.

Ливан. Рода Антар (58та ўйин, 20 гол).

1980 йил 12 сентябрда таваллуд топган. «Гамбург» ва «Кёльн» клублари сафида тўп сурган. 2009 йилдан буён Хитой клубларида тўп суриб келаётганди. 2016 йилда ўзи ката футболда ката қадамларини қўйган «Тадамон Сур» жамоасига қайтди.

КХДР. Чон Тэ Сэ (33та ўйин, 15 та гол).

1984 йил 2 мартда таваллуд топган. Нагояда туғилган бу футболчи КХДР клубларида умуман тўп сурмаган. Айни пайтда «Шимицу С-Пульс» клуби сафида тўп сурмоқда. 2006 йилда терма жамоа сафида дебют қилган бу футболчи дастлабки 2 ўйинда 8та гол урган. Кенг жамоатчилик уни КХДР - Греция (2:2) баҳсида ҳисобни тенглаштирувчи голларидан таниган эди. Юз юртида «КХДР Руниси» номи билан тилга олинади.

Тожикистон. Юсуф Рабиев (40та ўйин 15 гол).

1976 йил 24 майда таваллуд топган. Тожикистон миллий чемпионати тўпурари - 2010. Терма жамоадаги фаолиятга якун ясаганига 1 йилдан ўтди.

Фаластин. Ашраф Нўъмон (51та ўйин, 14 гол).

1986 йил 29 июлда таваллуд топган. Фаҳед Аттал (37та ўйин, 14 гол). 1985 йил 1 январда таваллуд топган. Атталнинг 14та голидан 12таси 2006 йилга тўғри кеади. Айни шу натижаси туфайли у IFFHS версиясига кўра Бастиан Швайнштайгер ва Давид Вилья каби футболчилар билан бир хил 8-ўринга лойиқ кўрилган. 2006 йилда у ОФК томонидан «Йил футболчиси» соврини учун номзод сифатида кўрсатилган. У гол урган ўйинларнинг атиги биттасида Фаластин терма жамоаси ютқазган.

Туркманистон. Владимир Байрамов (31та ўйин, 11 гол).

1980 йил 2 августда таваллуд топган. Голлари ҳисобини 2001 йил 3 майда Ўзбекистонга қарши баҳсда (2:5) очган. Ўзбекистон, Индонезия ва Камбоджа терма жамоаларига қарши баҳсда дубль қайд этган. 2013 йилда футболчилик фаолиятига якун ясаган.

Қирғизистон. Антон Землянухин (19та ўйин, 7 гол).

1988 йил 11 декабрда таваллуд топган. Айни пайтда Таиланд чемпионати вакили «Сухотай» клуби сафида тўп сурмоқда. 2007-2010 йилларда терма жамоа сафида ўйнагач, 5 йил терма жамоа сафида кўриниш бермаганди.

Изоҳ: Барча статистик кўрсаткичлар 2016 йил 10 декабрь ҳолатига кўра ҳисоблаб чиқилган.

Фикрат тайёрлади

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 20 49
2 Тоттенхэм 21 45
3 Ливерпуль 21 45
4 Арсенал 20 41
5 Манчестер Сити 20 41
6 Манчестер Юнайтед 20 37
7 Эвертон 21 33
8 Вест Бромвич 21 29
9 Сток Сити 21 27
10 Бёрнли 21 26
11 Борнмут 21 25
12 Вест Хэм 21 25
13 Уотфорд 21 23
14 Саутгемптон 20 21
15 Лестер 21 21
16 Мидлсбро 21 20
17 Кристал Пэлас 21 16
18 Халл Сити 21 16
19 Сандерленд 21 15
20 Суонси 21 15
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

«InterFUTBOl» газетаси 5-сонининг юзи

  • ЖЧ-2018 САРАЛАШИНИНГ ОСИЁ ҚИТЪАСИ 3-БОСҚИЧИДА ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ГУРУҲДА НЕЧАНЧИ ЎРИННИ ЭГАЛЛАЙДИ?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.