Қайднома

Қидирув

Ғолиблар аниқ: Яна лауреатларимиз ҳақида

Ғолиблар аниқ: Яна лауреатларимиз ҳақида

  10.01.2017 17:02
  0
  1176
Ғолиблар аниқ: Яна лауреатларимиз ҳақида

Мана, янги йилнинг дастлабки кунлари ҳам ортда қолди. Олий лига жамоалари нав­батдаги мавсум тараддудини кўришаётган бир паллада ўтган йил қаҳрамонларини эътироф этишга қарор қилдик. Маълумки, «ИнтерФУТБОЛ» газетаси орқали йилнинг энг яхши мураббий ва футболчиларини аниқлаш анъана тусини олган. Яъни ҳар ойда қайд этилган натижалар ҳисобланиб, якунда ғолиблар эълон қилинади. Мураббийлар рейтингида мутлақ етакчи номи аллақачон аниқланиб бўлинганди, футболчилар орасида эса лауреат номига ойдинлик киритиш бироз қийинчилик туғдирди. Сўнгги ҳисоб-китоблардан сўнг миллий жамоамиз сардори Одил Аҳмедов, «Бунёдкор» ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳамда олий лига тўпурари Темурхўжа Абдухолиқовнинг кўрсаткичлари бир хил кўриниш олиши муносабати билан таҳририятимиз ходимлари ўртасида сўров ўтказилиб, ғолиб шунга кўра аниқланди. Демак, 2016 йил қаҳрамонлари билан танишинг.

Бевосита сўров якунларига тўхталадиган бўлсак, унда Одил Аҳмедов бошқалардан кўпроқ балл тўплаб, «Йилнинг энг яхши футболчиси» номига лойиқ кўрилди. Яқиндагина Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клуби билан шартнома имзолаган ярим ҳимоячи, дарҳақиқат, 2016 йилни самарали ўтказди. «Краснодар» ғалабаларига муносиб ҳисса қўшган футболчининг Чин ўлкасига кетиши краснодарлик мухлисларга хуш ёқмагани сезилди. Чунки Аҳмедов ўз клубида етакчилардан бири саналарди. Қолаверса, миллий термамизнинг ҳал қилувчи ўйинларида айнан сардоримизнинг масъулиятни ўз зиммасига олиши асқотди. Шундай экан, Одилнинг барча жиҳатлар бўйича тенгсиз деб топилиши мантиқан тўғри бўлди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, мураббийлар орасида яққол ғолиб номига ойдинлик киритиш қийинчилик туғдирмади. «Локомотив» учун 2016 йилги мавсум ҳар тарафлама муваффақиятли кечди. Илк бор мамлакат чемпионлиги қўлга киритилди, мамлакат кубоги «темирйўлчилар» коллекциясидан ўрин эгаллади. Жамоанинг ОЧЛда кўрсатган ўйинлари ҳам кўпчиликда ёрқин таассурот қолдиргани айни ҳақиқат. Ушбу ютуқларнинг барчасида мураббийлар штаби, хусусан, Мирко Йеличичнинг улуши катта. Австралиялик мутахассис келганидан сўнг «Локо» ўйинида ижобий ўзгаришлар кузатилди, таркиб маҳоратли футболчилар эвазига шакллантирилди. Натижа эса ўзини узоқ куттирмади. Албатта, Йеличични эътироф этиш чоғида унинг доимий шериги Андрей Микляевни ёддан чиқармаслик даркор. Чунки ушбу тандемнинг ҳамжиҳатликдаги қарорлари, меҳнатлари якунда муваффақиятнинг асосий омилига айланди. Хуллас, «Йилнинг энг яхши мураббийи» сифатида «Локомотив» устозини танладик.

Бундан ташқари, «ИнтерФУТБОЛ» одатга мувофиқ, бошқа номинациялар бўйича ҳам мавсум қаҳрамонларини аниқлаб, уларга махсус совғалар ажратишни мақсад қилган.

Хусусан, «Йилнинг энг фойдали футболчиси» соврини Темурхўжа Абдухолиқовга насиб этадиган бўлди. Дарҳақиқат, 2016 йил «Локомотив» ҳужумчисининг ёдида узоқ вақт сақланиб қолиши турган гап. Ўзбекистон чемпионлиги, кубокдаги муваффақият, тўпурарлар пойгасидаги ғалаба, ОЧЛда урган муҳим голлари... Албатта, Темурхўжа нафақат ўзи ютуққа эришди, балки «темир­йўлчилар»га ҳам ҳар жабҳада фойда келтирди.

«Пахтакор» учун оғир ўтган мавсумда Жалолиддин Машарипов жамоаси халоскорига айланди, десак адашмаймиз. Унинг иштирокидаги жозибали ўйинлар эса юртимиздаги барча мухлислар эътирофига сазовор бўлди, тезкор ҳаракатлари, қойилмақом дриблинглари кўпчиликни ҳайратга солди. Шуларни инобатга олган ҳолда Машариповни «Йилнинг кашфиёт ва юлдуз футболчиси» сифатида тан олдик.

Ўз навбатида, бутун мавсум давомида лауреатлар танловининг энг фаол вакилларидан бирини ҳам ёддан чиқармадик. Гап «Бунёдкор» ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳақида бормоқда. Клуби ва миллий жамоамиз сафидаги ажойиб ўйинлари орқали хорижлик мутахассислар эътиборига тушган футболчи, дарҳақиқат, назардан четда қолиб кетса, адолатдан бўлмасди. Умид қиламизки, Элдор 2017 йилда янада ўсишга эришиб, термамиз муваффақиятига муносиб ҳисса қўшишда давом этади. Хуллас, «Энг кўп эътироф этилган футболчи»га аталган ҳадя айнан Шомуродовга насиб этадиган бўлди.

Таҳририятимизнинг ғолиблар учун тайёрлаган совғалари тез орада ўз эгаларига топширилади. Бу ҳақдаги батафсил маълумот эса газетамизнинг навбатдаги сонларида эълон қилинади.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz