Қайднома

Қидирув

«Уларнинг адабини бераман!»

«Уларнинг адабини бераман!»

  19.01.2017 06:14
  0
  854
«Уларнинг адабини бераман!»

«Советский спорт» нашрида айтилишича, Туриннинг «Ювентус» клубида бош мураббий Массимилиано Аллегрига боғлиқ машмашалар юзага кела бошлади. Аниқроғи, мутахассис ўз шогирдларининг ҳаракатларидан қониқмаяпти ва уларга зуғум ўтказишга уринмоқда. Бу эса Аллегри учун кўнгилсиз хотима топиши мумкин.

Ўзи нима бўлганди?

Хабарингиз бор, бундан бир неча кун илгари Туриннинг «Ювентус» клуби Италия суперкубоги учун кечган баҳсда «Милан»га ютқазиб қўйди (1:1, пенальтилар бўйича 3:4). Ўйин якунига етгач, жамоа устози Массимилиано Аллегри майдонда клуб раҳбарлари - бош директор Беппе Маротта ва спорт директори Фабио Паратичилар билан кета туриб, футболчилар унинг кўрсатмаларини тўлиқ бажаришмаганидан нолиди. Камига, Аллегри сўзи охирида кутилмаган жумлани ишлатди: «Мен уларнинг адабини бериб қўяман» (аслида унинг гаплари бундан-да қўполроқ эди). Бахтга қарши, Аллегри ўз шогирдлари шаънига бундай бўлмағур сўзларни айтган вақтда, майдондаги телекамераларнинг бири мураббийга жуда яқин турганди. Шунинг учун мазкур кўнгилсиз лавҳа омма эътиборига тушиб қолди.

Италия ОАВларида айтилишича, Аллегри кийиниш хонасида ростдан ҳам, шогирдларининг таъзирини берган. Унинг фикрига кўра, футболчилар фақат ўзларини ўйлайвериб, жамоавий натижани расво қилишганмиш. Аллегрининг ғазабидан ҳатто, аргентиналик ҳужумчи Пауло Дибала ҳам четда қолмаган. Ваҳоланки, Дибала амалга оширилмаган пенальтидан кейин шундоқ ҳам тушкунликка тушиб турган эди.

Бу - биринчиси эмас

Шубҳасиз, бу қилиқ орқали Аллегри клуб хўжайинларини ўйлантириб қўйди: жамоага янги мураббий керакмикан-а?! Негаки, Аллегрида бундай ёқимсиз ҳолат биринчи марта учрамаяпти. Масалан, у «Милан»га мураббийлик қилганида ҳам худди шундай воқеалар кузатилган. Бразилиялик таниқли футболчи Робиньо Аллегрининг ҳақоратлари жонига теккани боис, шартта машғулотлардан кетиб қолганди. Бошқа бир бразилиялик ҳужумчи Пато эса мураббий ўз талабларини тушунтира олмаганидан нолиган: «Бизга Карло Анчелотти устозлик қилганида, доим мен билан гаплашиб, майдонда нималар қилишим кераклигини содда ва лўнда тарз­да тушунтирарди. Аллегри даврида эса фақат бошимни эгиб, танқидлар эшитяпман, холос. Лекин айнан нимани ўзгартиришим кераклигини ҳалигача англаб етганим йўқ. Ахир, мураббий - уми? Одамга ўхшаб тушунтирсин-да!»

Қизиқ, ўзи Аллегри қаерда ишламасин, иккинчи мавсумдан бошлаб, мана шундай воқеалар юзага келаверади. Биринчи мавсумда эса ҳаммаси кўнгилдагидек ўтаверади. Мисол учун, «Милан» ҳам, «Ювентус» ҳам Массимилиано иш бошлаган илк мавсумда Италия чемпионлигини қўлга киритган. Эҳтимол, ўша пайтда ҳам мураббий ва футболчилар орасида ихтилофлар чиққандир. Аммо ҳарқалай, улар ОАВга ошкор бўлмаган. Бошқача айтсак, муаммолар бир йилдан кейин бошланган. Дейлик, Миланда Аллегрига боғлиқ машмашалар иккинчи мавсумда кузатилганди (исбот учун Патонинг сўзлари етарли). Туринда эса учинчи йилга келиб, устоз ва шогирдлар ўртасига «ола мушук» тушди.

Аллегри нимадан норози?

Таъкидлаш жоизки, Аллегри жамоа учун омадсиз чиққан ўйинлардан сўнг аксарият ҳолларда шогирдларининг ўйинини танқид қила бошлайди. Унинг мантиғига кўра, жамоа майдонда ким билан ўйнамасин, тўпни назорат қилиб, доим ғолиб чиқиши шарт. Тўғри, туринликлар ҳозирча «А» серия­да пешқадам бўлиб, ЕЧЛ «плей-офф» босқичига гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган ҳолда чиқишди. Бироқ «Ювентус» намойиш қилаётган ўйин одамни қаттиқ хурсанд қиладиган даражада эмас. Боз устига, жамоа биринчи даврада рақибга қараб усул танлайдиган клубларга қарши муваффақиятга эриша олмади: «Интер», «Милан» ва «Женоа»ларнинг бари «кекса синьора»дан устун келишди - 1:2, 0:1 ва 1:3.

Шунингдек, Аллегрига нисбатан эътирозлар ҳам бор. Уларнинг энг асосийси - Массимилиано қўл остидаги футболчиларнинг потенциал имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмайди. Бунга ёрқин мисол - Гонсало Игуаин. Чунончи, ёзда «Наполи»дан 90 миллион еврога сотиб олинган ҳужумчи асло ўзига ўхшамаяпти. Дейлик, у ўтган йили неаполликлар сафида 36та гол урганида, ўртача ҳар бир ўйинда беш марта зарба бериш имкониятига эга бўлганди. «Ювентус»да эса бу кўрсаткич учтага аранг етмоқда. Шунга қарамай, Гонсало 18 турда жами 10 марта рақиблар дарвозасини аниқ нишонга олди. Бироқ шунча катта пулга сотиб олинган футболчи бундан-да кўпроқ гол уриши лозим.

Уни ким алмаштиради?

Ана энди ўзингизни бир лаҳза «Ювентус» раҳбарлари ўрнига қўйиб кўринг: Аллегрини бир лаҳзада қувиб юбориш мумкин эмас. Ёдингизда-ми, «Милан» Аллегри билан хайрлашгандан кейин анчагина муаммоларга дуч келганди. Туринда эса табиийки, бундай бўлишини асло исташмайди. Лекин «Ювентус» раҳбарлари ҳатто Антонио Контени ҳам сақлаб қолишга ортиқча уринишмаган экан, демак Массимилиано билан келишувни тўхтатиш унчалик қийин бўлмайди. Фақат ҳаммаси тўғри вақтни танлашда қолди. Бизнингча, мутахассис Туринда узоғи билан, ёзгача ишлайди, холос.

La Gazzetto Dello Sport нашрида айтилишича, «Ювентус» ҳозирда Аллегрининг ўрнига уч нафар номзодни ўрганмоқда. Булар: «Сассуоло» устози Эусебио Ди Франческо, «Фиорентина» мураббийи Паулу Соуза ва «Монако»да муваффақиятга эришаётган Леонарду Жардима. Хуллас, тез орада Аллегри  ва «Ювентус» ўртасида келишмовчилик бошланганидан хабар топсак, ажабмас.

Содиқ СОБИР тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz