Қайднома

Қидирув

Поль Погба: «Гризманн билан фахрланаман»

Поль Погба: «Гризманн билан фахрланаман»

  20.01.2017 03:29
  0
  1270
Поль Погба: «Гризманн билан фахрланаман»

Шубҳасиз, Поль Погба - франциялик энг яхши футболчилардан бири. Айниқса, ҳозирги пайтда. Ёдингиздадир, у илк бора 2013 йили 20 ёшли футболчилар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида яққол кўзга ташланганди. Истеъдодли ярим ҳимоячи шундан буён фаолликни сусайтирмай, йилдан-йилга маҳоратини ошириб бормоқда. Жумладан, Италия чемпионатида «Ювентус»нинг кетма-кет 4 марта скудетто ютишига улкан ҳисса қўшди ва бу орқали ўзи тарбия олган клуб - «Манчестер Юнайтед»га қайтишни уддалади. Эътиборлиси, Погбанинг иқтидорини вақтида етарлича қадрламаган «қизил иблислар» мазкур трансфер учун рекорд даражада маблағ сарфлашга мажбур бўлишди. Бир сўз билан айтганда, замонамизнинг энг қимматбаҳо футболчиси ёрдамида Франция терма жамоаси ҳам кучаймоқда. FIFA.com сайти ходимлари куни кеча Погба билан учрашиб, ундан турли мавзулар юзасидан интервью олишди. Суҳбат учун танланган бош масала  - Гризманн ҳақидаги саволлар жавоби бирмунча қизиқарли янграганини алоҳида айтиш ўринли.

- Маълумки, ҳамюртингиз Антуан Гризманн асосий юлдузлар - Криштиану Роналду ва Лионель Месси қатори йилнинг энг яхши футболчиси мақомини олишга даъвогар бўлиб турибди. Терма жамоадаги дўстингизни ушбу рўйхатда кўриш сиз учун ёқимлидир...

 - Албатта. Ёқимлигина эмас, бундан фахрланаман ҳам. Чунки Антуаннинг бошидан қандай кунлар ўтгани менга яхши маълум. Дейлик, у «Атлетико Мадрид» сафига қўшилганида, илк мавсум давомида жуда қийналганди. Негаки, жамоага тўла мослашолмагани боис, захирада ўтирар, етарлича ўйин амалиётига эга бўлмасди. Антуан хусусан, мен билан учрашганида, бу ҳақда кўп гапирар, жисмоний ҳолати яхши бўла туриб, майдонга тушмаётганидан асабийлашарди. Энг муҳими, Гризманн бундай ёқимсиз ва оғир руҳий ҳолат сабаб, тушкунликка берилмади. Аксинча, тинимсиз тер тўкиб, аслида ким эканлигини барчага исботлади. Мана, кўриб турганингиздек, энди у дунёнинг энг яхши 3 нафар футболчиси сафида. Антуаннинг муваффақиятидан жуда хурсандман. Боз устига, у Франция фуқароси ва бу омил мени икки карра қувонтиради. Ўйлашимча, миллий жамоамизнинг ҳозирги авлоди борган сари Зидан давридаги юлдузли таркиб шаклига кириб бормоқда.

- Гризманни бошқалардан яққол ажратиб турадиган хусусиятлар борми?

- Менимча, бу - унинг меҳнатсеварлиги. Маълумки, Антуан авваллари ҳужумчи ҳисобланмасди. Лекин бугунга келиб, етарлича кўп гол урмоқда. У жуда ақлли, гавдасидан қандай фойдаланишни яхши билади. Аслини олганда, Антуаннинг бўйи унча баланд эмас. Бироқ шунга қарамай, эпчиллиги ҳисобига айрим камчиликларини бутунлай ёпиб юборяпти. Дейлик, имкон туғилиши билан рақиб дарвозасини ўққа тутади. Айни шу хусусияти Антуанни ғоят хавфли ҳужумчига айлантирмоқда.

- Хўш, Антуан майдон четида қандай инсон?

- Айтсам ишонмайсиз: Антуан мен учратган футболчилар орасида энг ажойиби. У машғулотларда қанча кўп тер тўкмасин, доимо қувноқлигича қолаверади. Кийиниш хонасида ҳам барчага яхши кайфият улашади. Ажабланарлиси, Гризманн тўп билан олдинга интилганида, қандайдир ўта енгил ҳаракатланиб, кутилмаган финтлар ишлатади ва рақибларидан осонликча ўтиб кетаверади. Тўпни ўзида ушлаб туриши билан эса Дидье Дрогбани эслатади. Ҳарқалай, тўпни ундан олиб қўйишнинг иложи йўқ, деярли.

- Поль, охирги вақтларда ўзингиз ихтиро қилган рақс ҳаракатларини тез-тез ижтимоий тармоқларга жойлаяпсиз. Антуан ҳам шундай рақсларга туша оладими?

- Бўлмасам-чи (кулади)? Унинг шундай бир ажойиб рақси бор-ки... Антуаннинг мусиқага мослаб қадам ташлашини кўрсангиз, ичагингиз узилиб қолади. Афсуски, мен уни кўрсатиб беролмайман. Чунки Гризманн бунга ҳеч қачон рози бўлмайди. Қисқаси, у нафақат савияли футболчи, балки яна ажойиб раққос ҳам. Тўғри, Антуан ўз маҳоратини кўз-кўз қилишни ёқтирмайдиган инсонлар сирасига киради.

- Замонамизнинг дунё тан олган икки футболчиси - Месси ва Роналду 2008 йилдан буён ўзаро рақобатлашиб келишмоқда. Нима деб ўйлайсиз, уларнинг ҳукмронлиги яна қанча давом этаркин?

- Билмадим. Қачонки, гол уришдан тўхтаб, ҳозирги мавқеларини йўқотишса ёки худди улардек маҳорат соҳиби чиқса, шунда вазият ўзгаради. Бу ҳазил, албатта. Жиддий гапирсам, Криштиану Роналду ва Лионель Месси намойиш қилаётган ўйинлар футболдан кўра, кенгроқ, каттароқ тушунчадир. Кейинчалик ҳам ҳеч ким улардек юксак натижаларга эришолмаса керак. Умуман, икки буюк футболчининг ўзаро рақобати яна қанча давом этиши хусусида аниқ гап айтиш қийин. Негаки, ҳар иккиси ҳамон барқарор ўйин кўрсатмоқда. Шахсан мен бу жараён имкон қадар узоққа чўзилиши тарафдориман. Сабаби, Месси ва Роналдунинг ҳаракатларини кузатиб, шунчаки, завқланаман. Яъни улардек ўйнаш ва голлар уришга иштиёқим ошади. Қисқаси, мен учун бош мақсад - шу иккиси даражасига чиқиш.

- Демак, Роналду ва Месси даражасига етиш мумкин...

- Ҳа, албатта. Мисол учун, «Манчестер Юнайтед»даги жамоадошим Златан Ибрагимовични олайлик. Аслида у ҳам бошқаларга ўхшамайдиган буюк ҳужумчи. Барчага маълум, Златан 35 ёшни қаршилади. Лекин унинг ижросидаги ўйинлар ва голларни кўринг! Неймар ва Суарес ҳақида ҳам тўлқинланмай гапирмасликнинг иложи йўқ. Агар улар фаолликни бироз оширсалар, Месси ёки Роналду даражасига чиқиб олишлари ҳеч гап эмас. Бироқ очиғини тан олиш лозим, Криштиану ва Лео бошқалардан шунчалик ўзиб кетишдики, энди уларга тенглашиш жуда-жуда қийин...

И.РАҲИМОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz