Қайднома

Қидирув

Сульшерга ўхшаб ўйнанг! (+фото)

Сульшерга ўхшаб ўйнанг! (+фото)

  25.01.2017 00:21
  0
  1178
Сульшерга ўхшаб ўйнанг! (+фото)

Оле-Гуннар Сульшер - Англия премь­ер-лигаси тарихидаги энг машҳур «сеҳрли таёқча» ҳисобланади. Норвегиялик футболчининг ворисларини ахтарган Soccer.ru муносибларни топиб, улар иштирокида ўзига хос рейтинг тузди. Ушбу рўйхатда АПЛ-2016|2017 йиллар мавсумининг фақат биринчи даврасидаги натижалар инобатга олинган.

Оливье Жиру («Арсенал»)=10та имкониятнинг 7тасидан фойдаланган

Барча ўйинлар (захирадан тушган): 12 (10)

Барча голлари (захирадан тушганда): 5 (3); голли узатмалари: 1 (1).

Оливье Жиру авваллари суперхалоскор сифатида кўрилмасди. У сўнгги пайтларда жамоасини қийин вазиятларда қутқаришга мажбур бўляпти, холос. Аслида, асосий таркибда майдонга тушишни хоҳлаши табиий ва бунга у тўла ҳақли (АПЛ 20-туридаги қаҳрамонликлари шундан далолат бериб турибди). Нима бўлганда ҳам, Оливье 26 декабрга қадар премьер-лиганинг жорий мавсумида бирор марта майдонга ўйин бошидан тушмаганди, 10 марта захирадан баҳсга қўшилди. «Сандер-ленд»га қарши учрашувда «дубль» қайд этиб, жамоаси ғалабасига муносиб улуш қўшди. Шунингдек, «Олд Траффорд»да «Арсенал»ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Яъни асосан иккинчи бўлимда майдонга тушиб, «кононирлар»нинг 4 очко ишлашларини таъминлади.

Винсент Янссен («Тоттенхэм»)=10та имкониятнинг 1тасидан фойдаланган

Барча ўйинлар (захирадан тушган): 15 (10)

Барча голлари (захирадан тушганда): 1 (0); голли узатмалари: 1 (0).

Шимолий Лондонда тўп сураётган яна бир жокер. Албатта, голландиялик футболчи «Тоттенхэм»га ўтаётганида Харри Кейнга муносиб рақобат туғдириши лозимлигини билган. Умуман, Винсент жароҳат олган англиялик ҳамкасби йўқлигидан ҳам унумли фойдалана билмади, 10 марта захирадан ўйинга қўшилганида эса Янссен бирор марта самарали ҳаракат қилмади.

Келечи Ихеаначо («Манчестер Сити»)=10та имкониятнинг 7тасидан фойдаланган

Барча ўйинлар (захирадан тушган): 13 (9)

Барча голлари (захирадан тушганда): 4 (2); голли узатмалари: 3 (1).

Гвардиола ҳаттоки, Серхио Агуэро майдонга тушмаган пайтларда ҳам Келечини асосий таркибга муносиб кўрмаяпти. Шунга қарамай, Ихеаначо захирадан ўйинга қўшилган пайтда етарли ўйин амалиётига эга бўлиб, бу имкониятдан унумли фойдаланиш ҳисобига шахсий статистикасини яхшилашга уринмоқда. Тўғри, нигериялик форвард ҳар доим ҳам юқори савия кўрсатолмаяпти. Аммо «Саутгемптон»га қарши баҳсда ҳисобни тенглаштирди, «Халл» дарвозасига муҳим голни урди. Шунингдек, Келечи Чемпионлар Лигасида ҳам захира ўйинчиси бўлсада, рақиб дарвозасини ишғол қилди. Демак, у Жиру даражасидаги рейтинг балларига эга чиқишга ҳақли.

Маркус Рэшфорд («Манчестер Юнайтед»)=10та имкониятнинг 5тасидан фойдаланган

Барча ўйинлар (захирадан тушган): 15 (7)

Барча голлари (захирадан тушганда): 3 (1); голли узатмалари: 0.

Бугунги кунда «Манчестер Юнайтед»да яққол кўзга ташланган халоскор йўқ, бу ролга энг яқини Рэшфорд ҳисобланади. Айнан у жамоада энг кўп захирадан тушган футболчи саналади - 7 марта, деярли шунча баҳсни асосий таркибда бошлаган. Англиялик ёш ҳужумчи Сульшер услубида фақат бир марта зафар қучди, аммо бу гол «МЮ» ғалабасини таъминлагани билан аҳамиятли: «Халл Сити»га қарши кечган баҳснинг 70-дақиқасида майдонга тушган Маркус 90-дақиқада учрашувдаги ягона гол муаллифига айланди.

Дивок Ориги («Ливерпуль»)=10та имкониятнинг 4тасидан фойдаланган

Барча ўйинлар (захирадан тушган): 16 (11)

Барча голлари (захирадан тушганда): 4 (1); голли узатмалари: 1 (0).

Захирадан баҳсга қўшилиб, жамоаси ўйинини сезиларли кучайтира олиш - санъат. Майдон четидаги ўриндиқда 60-70 дақиқа ўтирадиган ҳамма ҳужумчилар ҳам мувозанатни сақлашни уддалай олишмайди. Айниқса, бу ҳолат зарур ўзгаришлар пайтида яққол сезилади. Оригида етарлича имконият туғилди. Бироқ Оле-Гуннар даражасига чиқолмаяпти: бельгиялик форвард 5та ўйинни асосий таркибда бошлаб, 3та гол урди. 11та баҳсда эса захирадан тушиб, атиги битта гол билан чекланди.

Миши Батшуайи («Челси»)=10та имкониятнинг 6тасидан фойдаланган

Барча ўйинлар (захирадан тушган): 11 (11)

Барча голлари (захирадан тушганда): 1 (1); голли узатмалари: 1 (1).

«Челси»да Конте қартасида бошқа бир бельгиялик - Батшуайи жокер ҳисобланади. Миши дастлаб яхши бошлаганди: дастлабки 2 турда захирадан ўйинга қўшилиб, майдонни самарали ҳаракатсиз тарк этмади. «Уотфорд» ва «Вест Хэм»га қарши баҳсларда Батшуайисиз ғалаба ҳам бўлмаслиги мумкин эди. Эҳтимол, ушбу ҳужумчи мақтовга арзирли фойда келтирмагандир, бироқ 11та ўйинда 79 дақиқа тўп сургани боис ўрта даражадаги Сульшер рейтингига эга бўлди. Буни бўнак сифатида қабул қилаверсин, аммо Миши халоскор ролини қойилмақом тарзда уддалашини биламиз.

Хал Робсон-Кану («Вест Бромвич»)=10та имкониятнинг 2тасидан фойдаланган

Барча ўйинлар (захирадан тушган): 14 (13)

Барча голлари (захирадан тушганда): 1 (0); голли узатмалари: 2 (1).

Уэльс термаси тарихидаги муҳим голлардан бирининг муаллифи «Вест Бромвич»да кичик ролга рози бўляпти: 13та баҳсда захирадан майдонга тушган Хал атиги бир марта фойдали ҳаракат қилди. Аммо унинг учун асосий таркибда бошланган ягона ўйинда битта гол уриб, бир марта шеригини самарали узатма билан таъминлади. Натижада «Саутгемптон»га қарши кечган баҳс қаҳрамонига айланди.

Шейн Лонг («Саутгемптон»)=10та имкониятнинг 1тасидан фойдаланган

Барча ўйинлар (захирадан тушган): 15 (10)

Барча голлари (захирадан тушганда): 1 (0); голли узатмалари: 0.

Лонг жорий мавсумдаги биринчи ва ҳозирча ягона бўлиб турган голини 31 декабрь санаси урди. Афтидан, улар Робсон-Кану билан келишиб олишгандек. Аммо ирландиялик футболчи «Вест Бромвич»га қарши баҳсни асосий таркибда бошлади, 10 марта захирадан қўшилганда эса мухлислар унинг бирорта самарали ҳаракатига гувоҳ бўлишмаганди.

Хулоса: АПЛда «суперзахирачилар» танҚислиги

Турнир жадвалининг қуйи поғоналаридан ўрин эгаллаган жамоалар учун вазият ўзгармаяпти: иккинчи бўлимда майдонга тушиб, ўйинни кучайтириш имконига эга футболчилар бисёр, аммо уларнинг ҳеч бири баҳсга қўшилган кезлари биттадан ортиқ гол ура олишмаган. Борха Бастон, Питер Крауч, Леонардо Ульоа, Фрейзер Кэмпбелл, Айзек Саксесс, Эшли Флетчер, Беник Афобе - бу ўйинчиларга «суперзахирачи» ролини бажариш насиб этмаяпти. Балки, Оле-Гуннар махсу мактаб очиши керакдир? Шундагина турли баҳоналар ахтармай, ҳар қандай вазиятда фойда келтирадиган футболчилар сони кўпаярмиди?

А.АҲМЕДОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.