Қайднома

Қидирув

Денис Истомин Тошкентда теннис академияси очмоқчи

Денис Истомин Тошкентда теннис академияси очмоқчи

  28.01.2017 12:13
  0
  230
Денис Истомин Тошкентда теннис академияси  очмоқчи

Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Australian open мусобақасининг 4-босқичига етиб бориб, Григор Димитровга имкониятни бой берди.

Ўзбекистонлик теннисчи Осиё-Океания плей-офф босқичи ғолиби сифатида «wildcard»га эга бўлиб, турнирни асосий тўрдан бошлади. У дастлаб хорватиялик Иван Додигни, иккинчи босқичда жаҳоннинг иккинчи ракеткаси Новак Жоковични, учинчи ўйинда эса испаниялик Пабло Каррено Бустани мағлуб этишга муваффақ бўлди. Афсуски, 4-босқич баҳсида жароҳат Истоминга тўла куч билан ўйнаш имконини бермади.

Натижада, Денис Истомин Австралиядаги мусобақа орқали ўз ҳисобини 220 000 АҚШ долларига бойитиб олди. Денис чорак финалга чиққанида, бу миқдор 440 000га етарди.

Ҳамюртимиз ҳисобига 180 рейтинг очколари қўшилди. Бу орқали Истомин АТР рейтингида кучли юзталикка киришга муваффақ бўлади. У ўз очколарини тахминан 678тага етказиб, 80-90-ўринларга оралиғига жойлашади.

Қуйида айнан ушбу теннисчимизни россиялик ҳамкасбларимизга берган интервьюсидан парчалар келтирмоқдамиз...

 - Сиз аслида Оренбургда туғилгансиз, аммо уч ойлик бўлганингизда, Ўзбекистонга кўчиб кетгансизлар. Бунинг сабаби нимада?

- Менинг отам тошкентлик. Қариндошларимиз ҳам ҳаммалари Тошкентда яшашади. Шу боис, биз ҳам Тош-кентга кўчиб келганмиз.

- Теннисга қандай қизиқиб қолгансиз?

- Менинг ойим ўз вақтида теннис билан жиддий шуғулланганлар ва ке-йинчалик мураббий сифатида иш бошлаганлар. Ойим ишга кетаётганларида, доим мени ҳам ўзлари билан олиб кетардилар. Болалигимдаёқ куни билан кортда бўлганим учун спортнинг бу турига қизиқиб қолганман. Тўғри, бир муддат футбол билан ҳам шуғулланиб кўрдим. Аммо теннисга муҳаббат, барибир, кучлилик қилди.

- Теннис - энг қимматбаҳо спорт турларидан бири ҳисобланади ва у билан шуғулланиш осон эмас. Сиз ҳам бу йўлда қандайдир қийинчиликларга дуч келганмисиз?

- Авваллари бундай қийинчиликлар бор эди: ракеткалар, уларнинг иплари, коптоклар етишмасди. Лекин ойим мураббий бўлгани учун мен унчалик қийналмаганман. Шунингдек, кортлар сифати ҳам юқори бўлмасди. Лекин ул-ғайиб, терма жамоага қабул қилинганимдан сўнг шароитлар анча яхшиланди. Ўзбекистон теннис федерацияси ҳар томонлама ёрдам берарди.

- 2001 йили автоҳалокатга йўлиқиб, теннис билан бутунлай хайрлашишингизга бир баҳя қолган. Ўша лаҳзаларни хотирлай оласизми?

- Ҳа... Аслида у кунларни сира эслагим келмайди. Чунки белим, қўлим синганди. Кафтимни ҳатто қимирлата олмасдим. Ўшанда, қайтиб теннис ўйнай олмасам керак, деб ўйлагандим. Аммо шукрки, шифокорлар ҳамма ишни тўғри бажаришгани туфайли соғайиб, яна спортга қайтдим.

- Маълумки, фаолиятингиз давомида сизга фақат бир киши - онангиз мураббийлик қилиб келмоқда...

- Ҳа, худди шундай. Биз бир-биримизни жуда яхши тушунамиз. У менга қайси лаҳзада нима кераклигини яхши билади. Мен ҳам ўз навбатида, ойимга тўла-тўкис ишонаман.

- Бирор марта хафалашиб қолганмисизлар?

- Оилавий муносабатларда бундай ҳолат учраб туради. Лекин тезда бир-биримизга яна аввалгидек муомала қилиб кетаверамиз. Дейлик, «Бўлди, бас», дейдиган даражада сира хафалашмаганмиз.

- Мавсум оралиғида кўпчилик теннисчилар ўз мураббийларини алмаштиришади. Сиз ҳеч шу ҳақда ўйлаганмисиз?

- Мен сира бундай хаёлга бормаганман. Лекин ойим бир неча марта менга «Ўзингга бошқа мураббий топ», - деганлар. Афтидан, шундай пайтларда у кишини жуда қийнаб юборган бўлсам керак-да (кулади).

- Сиз ATPдаги фаолиятингизни энди бошлаган чоғларда Агасси, Сампрас каби юлдузлар ҳали кортда эди. Шундан бери теннис қанчалик ўзгарди?

- Менимча, у пайтлари теннис нисбатан тезроқ ўйналарди. Жисмоний куч камроқ сарфланиб, ўйинлар тезроқ тугарди. Ҳозирги кунда эса кўп нарса жисмоний ҳолатга боғлиқ бўлиб қолди.

- «Катта тўртлик»даги теннисчиларнинг ҳаммаси билан ўйнаб кўргансиз. Уларнинг ичида энг ноқулай рақиб ким?

- Шахсан мен учун Федерерга қарши курашиш ҳамиша қийин бўлган. Негаки, унинг ҳеч бир зарбаси олдингисига ўхшамайди. Ажойиб теннисчи.

- Бу йилги Australian Open турнирига чиқиш учун кореялик Докхи Лига қарши курашдингиз. Маълумки, Лининг қулоғи яхши эшитмайди...

- Биласизми, бунақа ҳолатга илк бор тўқнаш келдим. Ли сизга гапираверади-ю, аммо ўзи умуман эшитмас экан. Ўйин вақтида бунга эътибор қаратмасликка ҳаракат қилдим. Аммо баъзи ҳолатларда, айтайлик, ҳакам «Аут!» деб қичқирганда, мен тўхтаб қолдим, у эса ўйинни давом эттираверди. Бир-икки сониядан кейин эса Ли ҳакамга қараб, нима воқеа рўй берганини англаб оларди.

- Қайси ўйин ёдингизда яхши сақланиб қолган?

- «Катта дубулға»да илк бор Федерерга қарши кортга чиққаним кечагидек эсимда. Шунингдек, US Open мусобақасида Лапенттини қандай енгганим ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ахир, бу менинг беш сет ёки бошқача айтганда, беш соат давом этган илк учрашувим эди.

- Сиз ёқтирган турнир?

- Уимблдон, чунки мен табиийликни, чимни ёқтираман.

- Бирор-бир ғалабадан сўнг кутилмаган совға олганмисиз?

- Кўпинча менга болалар ўзлари ясаган буюмларни совға қилишади. Лекин шу пайтгача ҳеч ким калитни узатиб, «Мана сенга Ferrari» демаган (кулади).

- Сиз Ўзбекистон фуқаросисиз ва бутун умрингиз давомида шу юрт шарафини ҳимоя қилиб келяпсиз. Аммо аслида Россияда туғилгансиз. Сизга ҳеч Россия шарафини ҳимоя қилишни сўраб, мурожаат қилишганми?

- Гарчи мен собиқ иттифоқда туғилган бўлсам-да, 1986 йили Ўзбекистонга кўчиб келиб, шу ерда паспорт олганман. Шу боис, Россия ҳақида умуман ўйлаб ҳам кўрмаганман. Негаки, мен оддий бир ватанпарвар сифатида, бир умр Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишга аҳд қилганман.

- Сентябрда 30 ёшга тўлдингиз. Айтмоқчиманки, ёш ўтган сари нималардир ўзгараётганини сезяпсизми?

- Албатта, жисмоний тарафдан муаммолар кўпайяпти. Дейлик, оғир ва мураккаб ўйинлардан сўнг тикланиш жараёни секинлашмоқда. Лекин     бошқа томондан, улғайганинг сари тажриба ошиб, одам айёрлашиб қоларкан. Менимча, бу ҳам ўзига хос бир тараққиёт.

- Мавсумга боғлиқ режалар қандай?

- Одатда мен ўзимга бирор-бир режа тузиб олсам-у, ниятимга етишолмасам, руҳан қийналаман. Шунинг учун, бу мавсумда шунчаки, теннисдан роҳат олиб, ҳар бир учрашувда чиройли ўйнаб, ғалаба қозонишни хоҳлаяпман.

- Фаолиятингиз давомида 4 миллион доллардан ортиқ мукофот пуллари олгансиз. Ортиқча маблағни қандай сарфлашни мўлжаллаяпсиз?

- Насиб қилса, Тошкентда теннис академиясини очмоқчиман. Бош мақсадим - шу, ҳозирча.

- Катта теннис билан хайрлашгач, нима билан машғул бўлишни истайсиз?

- Теннис билан осонликча хайрлашолмасам керак. Шунинг учун дастлабки вақтларда кортдан унчалик узоқлашмайман. У ёғи - вақт ҳукмига ҳавола...

Евгений Коростелев суҳбатлашди.

Манба: eurosport.ru



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

ЖЧ-2018 расмий тўпи – Telstar 18 тақдим қилинди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.