Қайднома

Қидирув

Шармандали автоголлар

Шармандали автоголлар

  05.02.2017 00:27
  0
  2689
Шармандали автоголлар

Турли воқеа ва ҳодисаларга бой бўлган футбол учун автоголлар янгилик эмас. Табиийки, тасодифан ўз дарвозасини ишғол этиб қўйган омадсиз футболчи айбини ювиш учун олдинга ташланади ва кўпинча рақиб дарвозасига гол уради. Қуйидаги ҳикоямиздан ўрин олган автоголлар олижанобликдан анча йироқ. Зеро салбий жиҳатлари билан бўлсада, машҳурликка эришган.

Руд Крол (Голландия)

23.06.1974 йил. ЖЧ, гуруҳ босқичи.

Голландия-Болгария-4:1 (автогол 78-дақиқа).

Баъзан автогол учун мукофот ҳам олиш мумкин. ЖЧ-74 арафасида амс-тердам банкларининг бири Голландия терма жамоасининг ҳар бир голи учун 5000 гульден (1000 доллар) мукофот эълон қилганди. Иккита гуруҳ босқичининг 6та учрашувида «лоларанглилар» рақиблар дарвозасига 14та гол уриб, бор-йўғи битта гол ўтказиб юбордилар: йирик ҳисобда мағлуб этилган Болгарияга қарши баҳсда Крол ўз дарвозасига гол уриб қўйди. Табиийки, воқеанинг бу кўринишда ривожланишини ҳомийлар кутишмаганди. Бироқ футболчилар Руднинг голига ҳам мукофот пули ажратишни талаб қилишди. Жамоатчиликнинг босими остида банкчилар талабни қондиришди ва мукофот низомига тегишли ўзгариш киритишди: «Бундан кейин фақат рақиб дарвозасига урилган голлар инобатга олинади».

Андрес Эскобар (Колумбия)

22.06.1994 йил. ЖЧ, гуруҳ босқичи.

АҚШ-Колумбия-2:1 (автогол 34-дақиқа).

Мазкур омадсизлик фожиага сабаб бўлди. ЖЧда илк марта қатнашаётган Колумбия дастлабки баҳсда Руминиядан енгилган. Гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб қолиш учун АҚШдан мағлуб бўлмаслиги шарт эди. Аммо «кофечилар» мағлубиятга Эскобарнинг автоголи йўл очиб берди. Шу тариқа Колумбия турнирни барвақт тарк этди. Терма жамоанинг омадсизлигига чидай олмаган Умберто Муньос автогол муаллифини револьвер билан отиб ўлдирди: Эскобарга қарата отилаётган 6та ўқнинг ҳар бирини қотил «гол» дея ҳайқириб йўллади.

Стан ван ден Бюйс (Бельгия)

1995|1996 йиллар мавсуми. Бельгия чемпионати.

«Жерминаль Экерен»-«Андерлехт»-2:3 («Андерлехт»нинг барча голларини «Экерен» ҳимоячиси урган).

Мазкур шармандагарчилик 38 ёшли Бюйснинг сўнгги мавсумида юз берди. «Экерен» учун муҳим аҳамиятга эга бўлган беллашувда жамоадошлари фахрий футболчи билан гол уриш борасида баҳслашишди. Якунда Бюйс ғолиб чиқиб, меҳмонларга ғалабани ҳадя қилди.

Каха Каладзе (Грузия)

05.09.2009 йил. ЖЧ-2010, саралаш босқичи.

Грузия-Италия-0:2 (автогол 57-67 дақиқалар).

Тақдирнинг қалтис ҳазилига кўра, Италия клубларида 10 йилдан кўпроқ тўп сурган ҳимоячининг халқаро аренадаги энг омадсиз учрашуви айнан «Скуадра Адзурра»га қарши кечди. Грузиялик ҳимоячи 10 дақиқа ичида 2 марта - аввал боши билан, кейинчалик оёғи билан ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Қизиғи шундаки, у Грузия терма жамоаси сафидаги учрашувларда фақат бир марта рақиб дарвозасига гол урганди.

Андреа Масьелло (Италия)

15.05.2011 йил. «А» серия 37-тур.

«Бари»-«Лечче»-0:2 (автогол 80-дақиқа).

Анчайин можароли автогол. Муддатидан аввал «В» серияга йўл олиши аниқ бўлган «Бари» Апулия дербисида ғолиб чиқиш орқали азалий рақибни ҳам қуйи дивизионга судраб, ўз мухлисларидан узр сўраш имкониятига эга бўлганди. Бироқ Масьоллонинг автоголи ижобий натижага бўлган умидни батамом сўндирди. Кейинчалик маълум бўлишича, ўша «беғараз» хизмати учун ҳимоячи 240000 доллар бонусга эга бўлган. Терговда ўз айбига тўла иқрор бўлганлиги ва ҳуқуқ-тартибот ходимларига ёрдам берганлиги эвазига футболчи нисбатан енгилроқ жазо - 2 йилу, 2 ойга дисквалификация қилинди.

Михаэль Баллак (Германия)

20.05.2000 йил. Бундеслига 34-тур.

«Унтерхахинг»-«Байер»-2:0 (автогол 21-дақиқа).

Баллак ҳали Мюнхен гранди сафига қўшилмасдан туриб «Бавария»ни шоҳсупага олиб чиққанди. Атайлаб эмас, албатта. Дарҳақиқат, ўзи учун чинакам фожиага тенг бўлган ўша омадсизликни Михаэль фаолиятидаги энг ёмон фалокат сифатида қарайди. «Унтерхахинг» билан дурангга эришиш «доришунослар»га «Кумуш товоқ»ни нақд қиларди. Аммо Баллакнинг автоголи барча умидни барбод қилди. «Бавария» эса сўнгги баҳсни ғалаба билан якунлаб, очколар бўйича «Леверкузен»­га етиб олди, тўплар нисбатига кўра чемпионликка эришди.

Марсело (Бразилия)

12.06.2014 йил. ЖЧ.

Бразилия-Хорватия-3:1 (автогол 11-дақиқа).

Ҳар 20 йилда бир марта ўзига хос автогол жаҳон чемпионатларида юз беради. Хайриятки, «Реал» ҳимоячисининг Бразилия терма жамоаси тарихидаги илк автоголи умумий омадсизликка олиб келмади. Марсело шунингдек, мундиаллар тарихидаги энг тезкор автоголнинг муаллифи сифатида тарихдан ўрин олди.

Кристоф Крамер (Германия)

09.11.2014 йил. Бундеслига 11-тур.

«Боруссия» Д.-«Боруссия» М.-1:0 (автогол 58-дақиқа).

Жаҳон чемпионлари ҳар доим ҳам автоголни амалга оширавермайдилар, айниқса, ажойиб зарбалар билан! Номдош жамоалар ўртасидаги баҳсда мезбонларга ғалаба келтирган Крамернинг зарбаси узоқ вақтгача мухлислар хотирасидан кўтарилмаса керак.

Soccer.ru - И.РАҲИМОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz