Қайднома

Қидирув

Олий Лига жамоаларининг мавсумга тараддуди қандай ўтмоқда?

Олий Лига жамоаларининг мавсумга тараддуди қандай ўтмоқда?

  06.02.2017 14:08
  0
  1034
Олий Лига жамоаларининг мавсумга тараддуди қандай ўтмоқда?

«Локомотив»

«Темирйўлчилар» айни пайт Туркиянинг Анталия шаҳрида ташкил қилинган йиғинни фаол давом эттирмоқдалар. Жамоага тегишли энг муҳим хабар шуки,  бир неча йиллар давомида «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилиб келган истеъдодли ва тезкор ярим ҳимоячи Жалолиддин Машарипов фаолиятини «темирйўлчилар» сафида давом эттиради. Аниқроқ айтсак, у мавсум охиригача ижара шартномаси асосида «Локо» либосида тўп суради. Машариповга 99-рақамли футболка ажратилди. Клуб Анталия йиғини давомида бир нечта ўртоқлик учрашуви уюштиришни режалаштирган. Жумладан, «темирйўлчилар» Туркманистоннинг «Олтин Аср» жамоасига қарши кечган илк назорат беллашувида 1:0 ҳисобида зафар қучишди. Эътиборлиси, ўйиннинг 7-дақиқасида урилган голга Жалолиддин Машарипов муаллифлик қилди. Таъкидлаш лозим, мазкур баҳсда мураббийлар икки хил таркибни синаб кўришди. Фақат Кахи Махарадзе ва Муҳаммад Коне икки бўлимда ҳам ўйнашди. Жамоа бош мураббийи Андрей Микляев интервью берар экан, барча футболчилар ҳаракатидан қониққанини айтиб ўтди.

«Локомотив» (биринчи бўлим): Игнатий Нестеров, Олег Зотеев, Муҳаммад Коне, Шерзод Файзиев, Салим Мустафоев, Кахи Махарадзе, Садриддин Абдуллаев, Қувондиқ Рўзиев, Жалолиддин Машарипов, Мурод Бобожонов, Темур Усмонов.

Иккинчи бўлим: Маъмур Икромов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Бобур Йўлдошев, Ислом Тўхтахўжаев, Диёр Туропов, Саламат Қутибоев, Темур Кападзе, Марат Бикмаев, Кахи Махарадзе (Муҳаммад Коне), Сардор Мирзаев (Азизбек Омонов), Ньоре Кризо.

Кеча «Локо» футболчилари Босния ва Герцеговинанинг «Сараево» клуби билан куч синашишди. Ке­йинги 2та баҳс Қозоғистон ва Украи­на жамоаларига қарши кечади. Яъни «темирйўлчилар» 10 февралда «Ордабаси», 12 февраль куни эса «Заря»­га қарши назорат беллашуви ўтказишади.

Шу ўринда айтиш жоиз, 55 ёшдан ошган мухлислар янги мавсумда «Локомотив» стадионига бепул кириш ҳуқуқига эгалар. Бу ҳақда клуб маркетинг хизмати вакили Маъмур Мамадалиев «Твиттер»даги саҳифаси орқали хабар тарқатди. Ушбу имтиёз «Локомотив»нинг барча мусобақалар — ОЧЛ, олий лига ва Ўзбекистон кубогидаги ўйинларига тегишли. Хуллас, 55 ёшдан ошган мухлислар паспортни кўрсатиб, стадионга киришлари мумкин. Улар учун алоҳида сектор ажратиш режалаштирилган.

«Бунёдкор»

Бугун ОЧЛ-2017 гуруҳ босқичи йўлланмаси йўлида «Ал-Жаиш»га қарши майдонга тушадиган Тошкент жамоаси муҳим учрашувга тайёргарлик асносида Дубайдаги The Sevens стадионида ОЧЛ-2016 ғолиби - «Чонбук Моторс» билан куч синашиб кўрди. Қизиқарли курашлар руҳида кечган ўйин «Бунёдкор»нинг   2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Жамоа голларига Элдор Шомуродов ва Достонбек Ҳамдамов муаллифлик қилишди.

«Бунёдкор»: Мурод Зуҳуров, Дилшодбек Аҳмадалиев, Душан Мичич, Рустам Ашурматов, Акрам Комилов, Жавлон Иброҳимов, Отабек Шукуров, Нурилло Тўхтасинов, Шаҳзодбек Нурматов, Элдор Шомуродов, Достонбек Ҳамдамов.

Захирадан майдонга тушганлар: Дилшод Ҳамроев, Хуршид Ғиёсов, Ислом Қобилов, Шоҳруҳ Гадоев, Даврон Умиров, Миржамол Қосимов, Нодирхон Камолов, Жавоҳир Эсонқулов, Сардор Азимов, Вадим Чемиртан, Алишер Саноев.

«Насаф»

Муҳташам «Бунёдкор» стадионида ОЧЛ саралаши доирасидаги илк учрашувни муваффақиятли ўтказган «Насаф» аъзолари 4 февраль куни эрталаб Тошкент - Дубай - Даммам йўналиши бўйича парвоз қилишди. Клуб делегацияси шу куниёқ Саудия Арабистонининг Ал-Аҳзо  шаҳрига етиб борди. Саудия Арабистонининг Ал-Шарқия округи маркази - Даммам шаҳри ва Ал-Аҳзо ўртасидаги масофа чамаси 160 километрга тенг. «Насаф» мураббийлари 5 феврал куни ўйин бўлиб ўтадиган шаҳарда футболчилар билан илк машғулотларни ҳам олиб боришди.

«Бухоро»

Пойтахтимизда шуғулланаётган жамоа шу кунгача 3 нафар футболчи билан келишувга эришди. Демак, «Локомотив»даги фаолияти орқали танилган Иван Нагаев шартнома остига имзо чекди. «Қизилқум»нинг асосий дарвозабони саналган Эркин Жабборов ҳам «Бухоро» сафига қўшилди. Шунингдек, Суҳроб Неъматовнинг шартномасини узайтириш масаласи ҳал этилди. Бунгача «Қизилқум» шарафини ҳимоя қилган ҳужумчи Баҳриддин Ваҳобов ва «Навба­ҳор»нинг собиқ аъзоси Алишер Маҳмудов ҳам бўлажак чемпионатни «Бухоро»да бошлашса керак. Эслатиш жоиз, аввалги ҳафта Артём Филипосян ва Жасур Ҳасанов билан шартнома муддати узайтирилганди. Бундан ташқари, ўтган йили «Олмалиқ» таркибида ҳаракатланган ва орада «Навбаҳор» машғулотларида қатнашган Зоҳир Пиримов янги мавсумда «Бухоро» шарафини ҳимоя қилади. 2016 йилги мавсумда «Бухоро» дарвозасини қўриқлаган Муҳиддин Худоёровнинг «Бунёдкор» машғулотларига қўшилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо сўнгги маълумотларга қараганда, у бир неча кундан кейин Бухоро жамоаси ихтиёрига қайтган.

«Пахтакор»

«Шерлар» Туркияга сафар олдидан «Навба­ҳор»га қарши назорат ўйи­ни ўтказиб, 0:2 ҳисобида имкониятни бой беришди.

«Пахтакор»: Александр Лобанов, Ҳожиакбар Алижонов, Юрица Бульят, Аднан Ораховац, Даврон Ҳошимов, Акбар Исматуллаев, Азим Аҳмедов, Жавоҳир Соҳибов, Станислав Андреев, Шерзод Каримов, Игорь Сергеев.

Захирадан майдонга тушганлар: Ботирали Эргашев, Георгий Аҳмедов, Жамшид Юсупов, Хушнуд Авилов, Остон Ўрунов, Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев, Суҳроб Нуруллаев, Достон Иброҳимов, Иброҳим Ғанихонов, Жасур Ҳакимов.

Шундан сўнг жамоа иккинчи хориж йиғинини ўтказиш учун Анталияга йўл олди. «Пахтакорчилар» у ерда 5-19 февраль кунлари шуғулланишади. Анталияда 4та назорат учрашуви ташкиллаш режалаштирилган. 9 февраль куни Сербиянинг «Раднички», 13 февралда Украинанинг «Сталь», 16 февралда Россиянинг «Крилья Советов» ва 18 февраль санаси Россиянинг «Арсенал» клублари билан куч синашилади. Туркияга қуйидаги футболчилар йўл олишди:

Дарвозабонлар - Александр Лобанов, Ботирали Эргашев, Умид Ҳамроев

Ҳимоячилар - Камолиддин Тожиев, Юрица Бульят, Аднан Ораховац, Даврон Ҳошимов, Хушнуд Авилов, Георгий Аҳмедов, Ҳожиакбар Алижонов

Ярим ҳимоячилар - Владимир Козак, Станислав Андреев, Жавоҳир Соҳибов, Акбар Исматуллаев, Шерзод Каримов, Азим Аҳмедов, Остон Ўрунов, Жамшид Юсупов, Жамшид Искандеров, Суҳроб Нуруллаев, Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев, Жамшид Болтабоев, Достон Иброҳимов

Ҳужумчилар - Игорь Сергеев, Жасур Ҳакимов, Иброҳим Ғанихонов.

«Қизилқум»

2016 йилги мавсумнинг иккинчи даврасида «Локомотив» сафига қўшилган Артур Геворкян айни пайт озод агент сифатида «Қизилқум» билан музокара олиб бормоқда. Клуб бош менежери Ҳамиджон Актамов ҳам турк­манистонлик футболчига қизиқиш борлигини тасдиқлади. Тажрибали ҳужумчи Баҳриддин Ваҳобов эса янги мавсумни бошқа клубда бошлайдиган кўринади. Сабаби, ўтган мавсум давомида 2тагина гол урган ҳужумчининг «Қизилқум» билан тузган шарт­номаси муддати якунига етган. 34 ёшли Ваҳобов вазиятни тўғри тушунган ҳолда, фаолиятини бошқа жамоа­да давом эттиришга қарор қилди.

«Металлург»

Маълумки, футбол қоидаларига бир қатор жузъий ўзгаришлар киритилгани боис, ФИФА кўрсатмалари асосида мамлакатимизда фаолият юритаётган таниқли ҳакамлар ҳамда инструкторлар клублар ва ОАВ вакиллари учун махсус семинарлар ташкил этишяпти. Худди шундай тадбирлардан бири «Металлург»нинг янги мавсумга тайёргарлик олиб борган қароргоҳи - Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтди. Семенарни ФИФА рефериси Владислав Цейтлин олиб борди. У «Футбол қоидаларидаги ўзгаришлар» мавзусида маъруза қилди, футболчилар ва мураббийларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. Бекободликлар шундан сўнг, 5 февраль куни хориж йиғини учун Туркиянинг Анталия шаҳрига жўнаб кетишди.

«Машъал»

Фарғоналик ёш мутахасис Диёрбек Мирзабоев янги мавсумда «Машъал»­нинг биринчи лигада иштирок этадиган жамоасини бошқарадиган бўлди. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, у 1985 йилнинг 16 май куни Фарғона шаҳрида таваллуд топган. Футболчилик фаолияти давомида «Цементчи» (2002 йил) ва «Пахтакор» ўринбосарлари (2004-2005 йиллар) сафида тўп сурган. 2006-2007 йилларда эса «NBU-Осиё» клуби шарафини ҳимоя қилган. Шунингдек, 2008 йили «Шаҳрихон»да ҳам ўйнаган. Диёрбек мураббийлик фаолиятини 2009 йили бошлаб, 2014 йилга қадар Фарғона футбол мактабида ёшларга сабоқ берган.

«Шўртан»

Ғузор клуби мураббийлар штабида ўзгариш рўй берди. Расмий маълумотларга қараганда, «Шўртан»­ни тажрибали мутахассис Александр Волков бошқарадиган бўлди. Шу пайтгача клубга устозлик қилган Ихтиёр Каримов эса PRO-лицензиясига эга эмаслиги боис, ўз вазифасидан озод қилинди. У энди клубдаги фаолиятини техник директор сифатида давом эттиради.

«Сўғдиёна»

Жиззах клуби Тошкентдаги йиғинини давом эттиради. Жамоа аъзолари 4 февраль куни тиббий кўрикдан ўтишди. Шундан сўнг футболчиларга 7 февралга қадар қисқа муддатли таътил эълон қилинди. «Сўғдиёна» бугун яна Тошкентда йиғилади ва машғулотларни қайта бошлайди. Бу сафарги йиғин режасига  бир қатор ўртоқлик учрашувлари киритилган. Дейлик, жиззахликлар 9 февраль куни «Навба­ҳор»га қарши майдонга тушишади.

«Нефтчи»

Фарғона клуби 5 февраль куни хориж йиғини учун Туркияга учиб кетди. Клуб расмий сайтида ёзилишича, Анталия шаҳрига етиб борган «Нефт­чи» делегацияси IC Green меҳмонхонасига жойлашди. Андрей Фёдоров шогирдлари бугун хориж йиғинидаги илк назорат баҳсида Болгариянинг «Пирин» клубига қарши майдонга тушишади. Умуман олганда, фарғоналиклар Туркияда 5та ўртоқлик учрашуви уюштиришади. «Пирин»дан ташқари, 9 февраль куни Босния ва Герцеговинанинг «Сараево», 12-санада эса Арманистоннинг «Ширак» клублари билан куч синашиш борасида келишув бор. «Нефтчи» 15 ва 18 февраль кунлари ҳам ўртоқлик учрашувлари ўтказишни режалаштирган. Рақиблар номига яқин кунларда аниқлик киритилади. Таркибга келсак, Шерзод Ҳакимов, Дилёр Эрматов, Жавоҳир Расулов, Умид Қодиров, Ўткир Юсупов, Ҳусниддин Ғофуров сингари футболчилар «Нефтчи» билан ўртадаги шартнома муддатини узайтиришди. Айни пайт жамоа ихтиёрида бўлиб турган тажрибали ҳимоячи Ҳамза Каримов эса 2 йиллик келишувга эришди. Дарвоқе, Туркияга парвоз қилган делегация таркибидан Бахтиёр Ёқубов ҳамда Акрам Баҳриддинов ўрин олишмади. Бунга уларнинг жароҳати сабабдир. Анталия йиғини давомида машғулотлар жараёнига Никита Павленко ҳамда 3 нафар легионер қўшилиши кутилмоқда. «Нефтчи»нинг хорижга йўл олган аъзолари:

Мураббийлар штаби - Андрей Фёдоров (бош мураббий) Мурод Исмоилов (катта мураббий) Абдусамат Дўрмонов (ёрдамчи мураббий) Баҳодир Шамшиддинов (дарвозабонлар мураббийи)

Клуб ходимлари - Зоҳиджон Ғофуров (бош маъмур) Муҳиддин Мирзаев (шифокор) Исломбек Усмонов (шифокор) Даниль Сепегин (массажчи)

Дарвозабонлар - Ўткир Юсупов, Абдумавлон Абдужалилов, Руслан Матниёзов

Ҳимоячилар - Дилёр Эрматов, Фурқат Ҳасанбоев, Муҳсин Убайдуллаев, Ҳусниддин Ғофуров, Иброҳим Нўъмонов, Ҳамза Каримов, Сардор Қулматов

Ярим ҳимоячилар - Аббос Махсталиев, Жавоҳир Расулов, Абдужамол Исроилов, Саид Абдужабборов, Умид Қодиров, Музаффар Музаффаров, Дамир Низанов,  Абдураҳмон Абдулҳақов.

«ҚўҚон-1912»

Янги мавсумга ҳозирлик ишларини кучайтирган клуб тажрибали футболчиларни жалб қилмоқда. Жумладан, «Қўқон-1912»нинг сўнгги  машғулотларида Александр Мерзляков, Руслан Мелзитдинов, Баҳодир Пардаев ва Мурод Холмуҳаммедов каби таниқли ўйинчилар иштирок этишмоқда. Маълумки, Александр Мерзляков ва Руслан Мелзитдинов ўтган йили «Бухоро» шарафини қилиб, унинг чемпионатни 4-ўринда якунлашига ҳисса қўшишганди. Мурод Холмуҳаммедов эса «Сўғдиёна» таркибида ҳаракатланганди. «Қўқон-1912» расмий сайти хабарига кўра, Баҳодир Пардаев, Александр Мер­зляков ва Мурод Ҳолмуҳаммедов билан расман шартнома тузилди. 3та келишув ҳам бир йилга мўлжалланган.

«Олмалиқ»

Жамоанинг Анталиядаги йиғинида таркибга яна бир футболчи қўшилди. Аниқроғи, аввалги мавсум Қозоғистон чемпионатида бронза медали соҳиби бўлган Шота Григалашвили кўрикка таклиф этилди. Павлодарнинг «Иртиш» жамоаси аъзоси ҳисобланган бу футболчи Грузия фуқаросидир. Шота футболчилик фаолияти давомида 2004-2012 йилларда Грузия чемпионатининг бир қатор жамоалари шарафини ҳимоя қилган. 2012 ва 2013 йилларда эса Россиянинг «Алания» ва «СКА-Энергия» жамоаларида тўп сурган. 2014-2016 йиллар оралиғида Кипрда «Анартосис», «Омония», «Неа Саламина» ва «Этникос» клубларида ўйнаган футболчи шундан сўнг «Иртиш» билан шартнома тузганди. Унинг Грузия ёшлар (U-19 ва U-21) терма жамоаларида 12 марта майдонга тушганини ҳам қўшимча маълумот сифатида келтириш мумкин. Григалашвили шунингдек, мамлакат миллий термасида ўйнаш тажрибасига эга - 2006-2013 йиллар оралиғида грузинлар бош жамоасининг 12та учрашувида қатнашган.

«Обод»

Январь ойининг иккинчи ўн кунлигида оёғига боғлиқ муаммолар сабаб, тиббий кўрик учун Россия пойтахти Москвага кетган бош мураббий Рауф Инилеев жарроҳлик столига ётди. Аввалги режага кўра, Рауф Талгатович маълум вақт даволаниб, 25 январь куни юртимизга қайтиши лозим эди. Аммо россиялик шифокорлар тажрибали мутахассисга жарроҳлик столига ётишни тавсия этишди. Натижада 31 январь куни жарроҳлик амалиёти бўлиб ўтди ва айни пайт Рауф Талгатовичнинг саломатлигида ҳеч қандай муаммо йўқ. Тўғри, «Обод» бош мураббийи шу кунларда шифохонада. Лекин тез орада юртимизга қайтади ва клубдаги ишини давом эттиради. «Обод» расмий сайти турли миш-мишларга чек қўйиш мақсадида алоҳида маълумот тарқатди. Унда айтилишича, Рауф Инилеев «Обод»ни тарк этмаган. Аксинча, клуб мутасаддилари жамоа устозини оғир дамларда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишмоқда. Бу орада клуб аъзолари «NBU-Осиё»га қарши назорат учрашуви ўтказишди. Куннинг биринчи ярмида Вячеслав Тигай бошчилигидаги ўринбосарлар рақибни ягона гол эвазига мағлубиятга учратган бўлсалар, тушдан сўнг асосий таркиб аъзолари «NBU-Осиё»ни йирик ҳисобда таслим этишди - 5:1. Жамоа голлари Наврўз Ҳаипов (2та), Шоҳруз Норхонов, Санжар Рихсибоев ва Шерзод Жалилов номига ёзилди.  

«Обод»: Умиджон Ёрбеков (Азамат Аҳмедов), Фарҳод Мираҳматов (Миршоҳид Олимов), Аброр Ҳусинов (Жавлон Искандаров), Сардор Қаҳҳоров (Аббос Пўлатов), Ғайрат Умиров (Жаҳонгир Аҳмадов), Санжар Рихсибоев (Сардор Расулов), Шоҳруз Норхонов (Шерзод Жалилов), Анвар Ғофуров (Ислом Саи­дов), Павел Соломин (Наврўз Ҳаипов), Дониёрбек Ҳасанов (Фаррух Ҳайдаров), Суннат Эрматов (Санжар Тўрақулов).

«Навбаҳор»

Тошкентда йиғин олиб бораётган Наманган клубида таркибга қўшилган янги футболчилар билан ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари фаол давом этмоқда. Хусусан, шу кунгача Ойбек Қиличев, Мансур Саидов ва иқтидорли дарвозабон Асилбек Омонов билан шартнома имзоланди. Шунингдек, ўтган мавсум «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қилган Дилшод Жабборов, Азизбек Турғунбоев, Тоҳир Шамсиддинов ва Аъзам Алиев билан ўртадаги келишув муддати бир йилга узайтирилди. Хабарингиз бор, «Навбаҳор» бунгача Жаҳонгир Меҳмонов, Ғиёс Комилов, Мирзоҳид Ғофуров, Рўзимбой Аҳмедов, Неманья Йованович ва Алишер Саматовни расман ўз сафига қўшиб олганди. Жарима зарбаларини қойиллатиб амалга ошириши билан танилган «Навбаҳор» ярим ҳимоя­чиси Алишер Маҳмудов эса янги мавсумни «Бухоро»да бошлайдиган бўлди. Айтишларича, уни Бухоро жамоасининг янги устози Улуғбек Бақоев шахсан  таклиф қилган. Намангандан кетиши кутилган ҳужумчи Абдумалик Абдуллаев аксинча, жамоага қайтарилди. Футболчи ҳозирча ёшлар жамоаси билан бирга. Шунингдек, «Пахтакор» ярим ҳимоячиси Темур Толипов ҳам йиғинга қўшилди. Маълумотларга кўра, у «лочинлар» сафида ижара асосида тўп суради. Тошкентда камида 5та назорат учрашуви ўтказишни режалаштирган наманганликлар дастлабки ўйинда «Пахтакор»га қарши майдонга тушиб, 2:0 ҳисобида устун келишди. Учрашувнинг биринчи бўлими кескин курашларга бой тарзда кечсада, танаффусга қадар ҳисоб очилмади. Ўйин якунланишига чамаси 20 дақиқа қолганида, «Навбаҳор» сафида захирадан майдонга тушган Рўзимбой Аҳмедов пенальтини аниқ амалга оширди. Орадан кўп ўтмай, Азизбек Турғунбоев ҳам ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди. У дарвозадан тахминан 20 метрлар узоқликда белгиланган жарима зарбасини ажойиб тарзда тепди.

«Навбаҳор»: Асилбек Омонов, Жаҳонгир Меҳмонов, Аббос Отахонов, Алишер Саматов, Тоҳир Шамсиддинов, Аъзам Алиев, Дилшод Жабборов, Мирзоҳид Ғофуров, Ойбек Қиличев, Мансур Саидов, Не­манья Йованович.

Захирадан майдонга тушганлар: Акмал Ортиқов, Илҳом Бойдедаев, Алишер Мирзаев, Рўзимбой Аҳмедов, Равшан Хурсанов, Азизбек Тур­ғунбоев, Абдулазиз Султонов, Темур Толипов.

Иккинчи назорат учрашувида «Нав­баҳор»га Қозоғистоннинг «Махтаарал» клуби рақиблик қилади. Бу ўйин бугун бўлиб ўтади. Кейинги назорат ўйинлари «Сўғдиёна» (9 февраль), «Динамо» (12 февраль) ва «Бухоро» (14 февраль) жамоаларига қарши кечади.

«Динамо»

Тайёргарликни сўнгги бир ой мобайнида Самар­қандда олиб борган жамоа вакиллари 2 февралдан эътиборан Тошкентда шуғулланишмоқда. Клуб расмий сайтида айтилишича, Илҳом Шарипов бошчилигидаги футболчилар пойтахт­да 2 ҳафта давомида ишлашади. «Динамо» 3 февраль куни «Пахтакор» ўринсобарларига қарши майдонга тушди. Чилонзордаги суньий қопламали майдонда ташкиллаштирилган мазкур баҳсда самар­қандликлар 3:0 ҳисобида ғалабага эришдилар. Жамоа голларига Миркомил Локаев, Темур Эргашев ва Комил Шарофутдинов муаллифлик қилишди.

«Динамо»: Михаил Наумов, Бун­ёд Исроилов, Ҳакимхон Аъламхонов, Акмал Бозоров, Миркомил Локаев, Искандар Холмирзаев, Алексей Николаев, Фирдавс Абдусалимов, Жасур Азимов, Амиржон Сафаров, Асомиддин Маматов.

Захирадан майдонга тушганлар: Рустам Тоштурдиев, Шуҳрат Муродов, Убайдулло Набиев, Лазиз Нуриддинов, Комил Шарофутдинов, Жонибек Кўчимов, Темур Файзуллаев, Темур Эргашев, Муҳаммаджон Ражабов.

Клубларнинг расмий сайтларидаги маълумотлардан фойдаланилди

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz