Қайднома

Қидирув

Йигитлар, бу – истеъдод

Йигитлар, бу – истеъдод

  07.02.2017 20:34
  0
  1128
Йигитлар, бу – истеъдод

«А» СЕРИЯСИ. МАВСУМ-2016|2017нинг БИРИНЧИ ҚИСМИДА КЎЗГА ТАШЛАНГАН ЭНГ ЯХШИ ФУТБОЛЧИЛАР.

Италия чем-пионатининг биринчи ярмида бир қатор иқтидорлар ёрқин ўйинлари билан омма эътиборини ўзларига тортишди. Улар орасида мегаюлдуз мақомига даъво қилаётганлари ҳам бор. Демак, қуйида «Советский спорт» нашри маълумотлари асосида Италия чемпионатининг янги «жавоҳир»лари ҳақида ҳикоя қиламиз.

100 МИЛЛИОНЛИ «ГОЛ МАШИНАСИ» - АНДРЕА БЕЛОТТИ

«Торино» вакили классик марказий форвард саналади. У бир уринишда 4-5 нафар рақибини алдаб ўтиш салоҳиятига эга эмас, аммо вазиятлардан устамонлик билан фойдаланади. Андреа «А» сериясининг дастлабки даврасида 13та гол урди ва декабрь ойи бошида «Торино» билан тузган шартномаси муддатини 2021 йилгача узайтирди. Келишувда қайд этилган бадал пули миқдори кам эмас - 100 миллион евро. Демакки, Белоттини сотиб олишни истаган клуб нафақат футболчини кўндириши, балки трансфер учун шунча тўлаши керак. Ёш ҳужумчи якунланган йил Италия термаси либосида 3та гол нишонлади. «Скуадра Адзурра» айни пайт 3-5-2 тактикасига таянмоқда ва бунда Белотти асосий ҳужумчи ролини бажармоқда. «Торино» эса 4-3-3 чизмасига асосан ўйнамоқда. Муҳими, қаҳрамонимиз ўз клубида ҳам марказий форвард сифатида гавдаланмоқда. Хуллас, у турли тактик схемаларда бирдек омадли ҳаракатланади. Бундай футболчини кўплаб жамоалар ўз сафларида кўришни исташлари табиий. Италия терма жамоасини Жампьеро Вентура бошқараётганини билсангиз керак. Белоттини вақтида «Палермо»дан «Торино»га айнан шу мутахассис таклиф этганди. Сабаби оддий: «Мени йигитчанинг иштиёқи ва мақсад сари олға интилиши ҳайратга солганди. У бор иқтидорини кўрсатиш учун борини беради». Вентуранинг фикрича, Белотти шартномасида белгиланган товон пули миқдори унинг маҳоратига мувофиқ ва бу ҳолат спортчига фақат ижобий таъсир этади: «У 100 миллионли нархни оқлашга қодир йигит». Аслида Белотти «Палермо»да ўйнаганида, унча кўп гол урмаган. Аниқроқ гапирсак, «В» сериясида битта мавсум давомида атиги 10та, «А» сериясида эса 6тагина голга муаллифлик қилган. Шунга қарамай, мураббийлар ва экспертлар доимо йигитчанинг келажаги порлоқ эканлигини таъкидлашарди. «Йигитлар, бу - ис-теъдод! Белотти яқин йилларда нималарга қодирлигини тўлиқ исботлайди. У майдонда асосий ҳужумчи ёки иккинчи форвард сифатида ўйнаши мумкин. Қайси ролда кўпроқ наф келтиради? Агар вазиятлардан фойдаланишни қойиллатишини инобатга олсак, олдинда тўп сургани маъ-қул. Андреа шахсан менга Жанлука Виаллининг ёшлигини эслатмоқда»,-деганди италиялик собиқ мураббий, La Domenica Sportiva канали эксперти Эмилиано Мондонико 2013 йили. Ўшанда Белотти «Палермо» таркибига энди-энди кира бошлаганди. Айни ўша вақтда «Тернана» бош мураббийи Миммо Тоскано эса қуйидагича баёнот берганди: «Андреани жамоада олиб қолишда катта қийинчиликларга дуч келдик. Уни ёрқин келажак кутмоқда». Белотти бу ишончларни оқлаб, ўз шаънига айтилган илиқ гаплар кучига куч қўшишини кўрсатди. Ҳа, айримлар мақтов олдида эсанкираб қолишлари ҳеч гап эмас, аммо бу йигитни мақташдан чўчишга асос йўқ. «Торино» сафига қўшилганимда, менда ўйин масаласида баъзи қийнчиликлар бор эди, уринишларим унча ўхшамасди. Шу вақтда Вентуранинг доимий тарзда далда бериб, мени олға бошлаши жуда қўл келди»,-дея эслайди футболчи Туриндаги илк мавсумини. Энди эса шу йигит - «Торино»нинг асосий умиди.

БЕРГАМОЛИКЛАР ФАХРИ - РОБЕРТО ГАЛЬЯРДИНИ

«Аталанта» вакили - универсал марказий ярим ҳимоячи. У вазиятлар яратишни ҳам, ҳимояланишни ҳам бирдек уддалайди. 22 ёшли футболчи жорий мавсум шунчалик ёрқин ўйнаяптики, бунинг натижасида Италия терма жамоасидан чорлов олди. Ваҳоланки, Роберто янги чемпионат бошлангунича «А» сериясида атиги бир марта майдонга тушганди, холос. Хуллас, ярим ҳимоячи ажойиб ўсишга эришди. Унинг позициясида ҳаракатланувчи кўплаб футболчилар тўпни олиб қўйишганидан кейин «олдингми, яқин атрофдаги шеригингга узат» ақидасига амал қилишади. Гальярдини эса бошқача. Бу футболчининг ўйинини қисқача шундай тавсифлаш мумкин: тўпни олади - бошини кўтаради - ҳужумни ривожлантириш учун энг яхши вариантни топади. Асосан қарши ҳужумларга таянадиган жамоа учун аъло даражадаги сифатлар. «Аталанта»да худди шу услуб алоҳида ардоқланади. Ярим ҳимоячи 13та ўйинда 2та самарали узатмага муаллифлик қилди. Аслида Гальярдини охирги 3 йилда ижара келишувларини ўташдан бўшамади. Бу орада «Чезена», «Специя» ва «Виченца» клубларида ўйнади. «Аталанта» бошқаруви Жан Пьеро Гасперинига топширилгач, ҳаммаси бирданига ўзгариб кетди. «Мен Робертонинг асосий таркибда бемалол ўйнаб кетиши хусусида гаров боғлашга тайёр эдим,-деди мураббий яқинда. - Чунки унинг истеъдоди шундоқ кўриниб турганди». Футболчининг ўзи бу борада шундай дейди: «Агар Гасперини клубга келмаганида, эҳтимол, ҳозир ҳам «В» сериясида ўйнаб юрармидим...». Айни пайт Робертони гоҳ Стивен Жеррард, гоҳ Поль Погба билан таққослашяпти. Унинг ўзи эса камтарликни сира унутмайди: «Погба - мен учун кумир. Умид қиламанки, вақти келиб, у уддалайдиган ишларнинг лоақал ярмини бажара оладиган даражага етаман». Айтганча, Гальярдини яқинда «Интер» сафига қўшилди.

НЕАПОЛЬ УЧУН ЯНГИ КУМИР - ДРИС МЕРТЕНС

«Наполи» вакили - «жокер» ролидан воз кечган тўпурар. Дрис Мертенс аввалги мавсум ўзи истаганидан анча кам ўйнаганди. Зеро, жамоада Гонсало Игуаин асосий ҳужумчи саналарди, унга қанотларда Лоренцо Ин-  синье ва Хосе Кальехон ёрдам беришарди. Бельгиялик эса уларга ўринбосар эди. Табиийки, у бу ролдан хурсанд бўлолмасди. Мисол учун, «Палермо»га қарши кечган ўйин (2:0)да захирадан майдонга тушган Дрис гол ургач, ҳамма ундан буни ўзгача нишонлашини кутди. Бироқ футболчи шерикларидан «қочиб», юзини шунчалик буриштирдики, асти қўяверасиз. Мертенс шунинг баробарида  машғулотларда тинмай тер тўкди. Шунингдек, бош мураббий Маурицио Сарри билан алоқаларни бузгани йўқ. Мана, шу сабри самараси ўлароқ, жорий мавсум асосий таркибдан жой олиш имкониятига эга бўлди. Чунончи, Игуаин «Ювентус»га кетди, унинг ўрнига харид қилинган Аркадиуш Милик эса жароҳат сабаб, узоқ муддатга сафдан чиқди. Захирачи - Маноло Габбьядини бўлса, бутун ўтган мавсум ўриндиқни «иситиб» футбол ўйнаш нималигини шунчаки, унутиб қўйди. Дрис ҳам анчагача ўзини кўрсатолмади, аммо кейинчалик кетма-кет 3та ўйинда 8та гол урди! «Жорий мавсум Мертенсга аталгандек»,-деди Сарри хурсандлигидан. Умуман, Мертенс «А» сериясининг биринчи даврасида ўз ҳисобига 11та гол ёзиб қўйди. Бельгиялик ҳужумчи учун айниқса, «Кальяри» (5:0) ва «Торино» (5:3) клубларига қарши кечган учрашувлар омадли келди. Дрис уларда 7та гол уриб, «А» серияси рекордини ўрнатди: бунгача ҳеч ким қаторасига 2та учрашувда 7та гол ҳосил қилган эмасди. «Агар жамоадошларим мени тўп билан шундай таъминлаб туришса, юқори кайфиятда самара чиқаришда давом этаман»,-деди ҳужумчи ўша ўйинлардан сўнг. Хуллас, Мертенс самарадорликни кескин оширгач, «Наполи» дарҳол ўртадаги шартнома муддатини узайтириш ҳаракатини бошлади. Амалдаги келишув 2018 йилгача мўлжалланган. Ҳаммаси жойидадек, бироқ «Наполи» ноқулайликни ҳис қиляпти, шекилли. Ҳар ҳолда, La Gazzetta dello Sport маълумотларига кўра, Мертенс Неаполда йилига атиги 1,2 миллион евро миқдорида маош олади. Бу жамоада 15-кўрсаткичдир! Таққослаш учун айтсак, Габбьядинига белгиланган бир йиллик маош 1,9 миллион еврога тенг. Ҳа, Мертенс туфайли бошланғич таркибга яқинлашолмаётган ўша Габбьядини ҳам бельгияликдан кўпроқ топяпти. Режага кўра, «Наполи» ва Мертенс ўртасидаги янги шартнома 2021 йилгача мўлжалланади. Агар футболчи аввалги мавсум қўл силтаб қўйганида, ҳозир бунчалик кўп гол уролмасди. Ўшанда унинг кайфияти тушганди, холос. Энди бу борада ҳам барчаси жойида.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz