Қайднома

Қидирув

Футболми бу ёки…?

Футболми бу ёки…?

  10.02.2017 04:29
  0
  1259
Футболми бу ёки…?

ФИФА режасидаги 10та ўзгариш хусусида

2026 йилги жаҳон чемпионатида 48та жамоа иштирок этиши ҳақидаги хабарга кўникиб улгурмасимиздан ФИФА янги сюрпризларни тайёрлашга киришиб кетди. Футбол жиддий ўзгаришлар арафасида турибди. Агар ташкилот директори Марко ван Бастеннинг режаларига диққат билан разм солинса, кўпчиликни ҳайратлантириши турган гап. Мабодо, бу янгиликлар амалга тадбиқ этилса, миллионлар ўйини мутлақо бошқа спорт турига айланиб қолса, ажабмас.

«Олтин тўп» соҳиби ва икки марта Чемпионлар Кубогини қўлга киритган Марко ван Бастен номи эндиликда бошқа жиҳатлар билан ёдга олиниши мумкин. У 2016 йил сентябрида ФИФАнинг футболни техник ривожлантириш бўйича директори вазифасига тайинланганди. Лавозим номи бироз тушунарсиз кўриниши мумкин, аммо ҳаммасига Жанни Инфантино аниқлик киритди: «Сўнгги ойларда биз кўп гаплашдик ва у футболни ривожлантиришга йўналтирилган режалари билан ўртоқлашди. Марко афсона бўлишдан ташқари, миллионлар ўйинини ҳам яхши тушунади. У бизга кўп нарса бериши мумкин». ФИФА президенти голландиялик собиқ футболчининг тайинловини шундай изоҳлаб, ван Бастеннинг ташаббусига жиддий қарашини билдирди.

Орадан бир неча ой ўтгач, Германиянинг Sport Bild нашрига интервью бериб, футболни ривожлантириш бўйича режаларини баён этди. Марко аввалроқ, яъни етарлича ваколатга эга бўлмаган кезлари ҳам таклиф билан чиқишга улгурганди. Ван Бастен томонидан тузилган лойиҳа жуда катта, унинг айрим бўлимлари кишини ҳайратлантиради.

Пенальти ўрнига буллитлар

«Плей-офф» учрашувларида дуранг қайд этилса, пенальти ҳақида унутишга тўғри келади. Унинг ўрнини буллитлар эгаллайди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, тўп дарвозадан 25 метр узоқликка ўрнатилади ва майдондаги ўйинчи ва кипер яккама-якка ҳолатда беллашадилар. Бунинг учун ҳужумчига саккиз дақиқа вақт берилади. Ҳар бир жамоага бешта уриниш тақдим этилади.

Офсайд йўқ

«Футбол кўп жиҳатдан гандболни эслатади, - деди ван Бастен, - жамоалар тўлиқ таркиб билан жарима майдончаси ичида ҳимояланишади. Миллионлар ўйинидан офсайдни чиқариб ташлаш қизиқ ҳолатни келтириб чиқариши аниқ. Учрашувга жозиба киради, ҳужумчилар кўпроқ гол уриш имкониятини қўлга киритишади. Ишқибозлар шиддатли баҳс кўришни исташади, ўзгаришлардан сўнг улар айнан хоҳлаганларини олишади». Голландия футболи афсонаси аввал ҳам офсайдларнинг мураккаблиги, кўпинча тортишувларга сабаб бўлишини таъкидлаганди.

Сариқ карточкаларсиз

Огоҳлантиришлар ўз ўрнини вақтинчалик четлатишларга бўшатиб беради. Мабодо, ҳакам қўполликни сариқ карточкага арзигулик деб баҳоласа, қоидабузар қолган бир неча дақиқани майдон четида кузатади. Ван Бастеннинг фикрича, бу ҳолат қўполликларнинг олдини олишда асқотади, чунки аксарият ҳолларда футболчилар жароҳат олишдан чўчишади. «Бир киши кам бўлиб ўйнаш қийинлигини ҳамма билади. Ҳеч ким бундай бўлишини хоҳламайди».

Ҳакам билан фақат сардор суҳбатлашади

Бошқа ўйинчиларнинг реферига гапириши тақиқланади. Шу тариқа, тортишувлар туфайли вақт чўзилишининг олдини олиш, ҳакамларга нисбатан босимни камайтириш кўзда тутилган.

Бешинчи қоидабузарлик учун четлатиш

Бу ҳолат кўп жиҳатдан баскетболга тегишли. Яъни, бешинчи марта қоида бузган футболчи автоматик тарзда майдонни тарк этиши лозим. Унинг ўрнига мураббий бошқа шогирдини туширади. «Ўйлашимча, беш марта қўполлик ишлатган ўйинчи баҳсни давом эттирмаслиги керак. Баскетболда шундай тартиб амалда қўлланади ва бу - адолатли қарор», - деди ван Бастен ўз ғоясига изоҳ бераркан.

Тўхталишларни камайтириш

Ўйин охирида вақт чўзиш муаммоси футбол яралганидан буён кузатилади. ФИФАнинг ушбу масалани ҳал этиш бўйича берган таклифи ноодатий кўриниш олди: учрашувнинг сўнгги 10 дақиқасида тўп доимий ҳаракатда бўлади. Дарвозабоннинг ўз жарима майдончасидан ўйинни бошлаши, голларни нишонлаш, жарима зарбалари йўллаш, пенальти, футболчи алмаштириш - ҳаммасига ўн сония мухлат берилади. Мабодо белгиланган муддатдан ўтиб кетса, тўпни эгаллаб турган жамоа дарвозаси томон жарима зарбаси белгиланади.

Расмий ўйинларни камайтириш

«Муайян ўйиннинг сифатини ошириш учун расмий учрашувлар сонини озайтиришимиз лозим. Максимум - бир йилда 50та баҳс етарли», - деди голландиялик афсонавий ҳужумчи. Ҳозирги паллада, айтайлик, Испания клубида тўп сурадиган футболчи терма жамоадаги ўйинлар билан ҳисоблаганда, йилига 70тадан 85тагача баҳс­да майдонга тушади. Бу ўринда ФИФА ва УЕФА тасарруфидаги барча мусобақалар ҳам инобатга олинган.

Захира имкониятини ошириш

Бу ғоянинг машҳурликка эришганига анча бўлган. Хусусан, ҳозирда «Манчестер Юнайтед»ни бошқараётган Жозе Моуриньо яна битта захира имконияти қўшиб бериш таклифи билан чиққан. қизиғи, ФИФАнинг ташаббуси камтарроқ кўринишга эга: гап «экстра-тайм»лар пайтида қўшимча яна бир футболчи алмаштиришга рухсат бериш ҳақида кетяпти. Аниқроғи, ўйиннинг асосий вақти дуранг билан якунланиб, қўшимча бўлимлар белгиланса-ю, мураббийлар учта захира имкониятидан фойдаланишга улгурган бўлишса, уларга яна биттадан шундай имтиёз тақдим этилади.

Ёшлар жамоалари учун 8х8 ўйинлари

Афтидан, ФИФА одатий учрашувларда футболчилар сонини камайтириш фикридан йироқ. Аммо ёш ўйинчилар майдонда «саккизга саккиз» ўйнашади. Жамоадаги ўйинчилар сони ёш тоифаларига қараб ўзгармоқда, аммо ван Бастен катта майдонда тўлиқ таркиб ҳаракатланаётганда ўзгаришлар зарар қилмайди, деган фикрда. Мақсад - ёшларнинг янада тезроқ ўсишига замин яратиш, кўпроқ тўп билан муомала қилиш имкониятини тақдим этиш ва тўпсиз ҳаракатланиш ҳолатларини камайтириш.

Ёшлар жамоаларида ўйинчи алмашаётганда ўйинни тўхтатмаслик

Захирадагиларга тааллуқли яна бир ташаббус. Ван Бастен ўйин суръатини туширмаслик мақсадида ўйинчи алмаштираётганда баҳсни тўхтатмаслик керак, деган фикрни илгари сурди. Ёшлар ўртасидаги учрашувлар тартибини ўзгартириш ҳам режалаштирилмоқда.

Юқорида таклиф этилган аксарият ўзгаришлар спортнинг бошқа турлари - баскетбол, хоккей, регби ва чим устидаги хоккейга тааллуқли эканини сезиш қийин эмас. Ван Бастеннинг таъкидлашича, ушбу янгиликларнинг баъзилари 2026 йилги жаҳон чемпионатида амалга киритиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, бу мундиалда 48та терма жамоа иштирок этади.

И.РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz