Қайднома

Қидирув

«Қария» ЖЧ-2018дан умидвор

«Қария» ЖЧ-2018дан умидвор

  11.02.2017 00:13
  0
  980
«Қария» ЖЧ-2018дан умидвор

Камерун термасининг муваффақияти билан якунланган Африка Миллатлар кубоги турнирида ўзига хос рекорд қайд этилди: 15 январь куни 44 ёшни қаршилаган Эссам ал Хадари икки кундан кейин майдонга тушиб мусобақа тарихидаги энг кекса дарвозабонга айланди.

Миср термасининг Малига қарши беллашуви(0:0)да Эссам хотиржам захира ўриндиғида ўтирганди. Ўйиннинг 25-дақиқасида жамоанинг асосий дарвозабони жароҳат олгач, ал Хадари қўлқопини кийишга мажбур бўлди. Шундан бери у мунтазам равишда «фиръавнлар» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Дарвоқе, «қария» посбонлар орасидаги аввалги рекорд ҳам «эҳромлар юрти» вакилига тегишли бўлиб, Эссамнинг касбдоши Хоссам Ҳассан 39 ёшида 2006 йилдаги мусобақада иштирок этганди. Гап рекордчи футболчилар ҳақида кетганда, 42 ёшли камерунлик «шер» - Роже Милланинг ЖЧ-1994да Россия дарвозасини ишғол этгани ёдга тушади.

Аллақачон «қора қитъа» футболининг афсоналари сафидан жой олган Эссам ал Хадари ўз фаолиятини шар­қона ширинликлари билан донг таратган Думьят шаҳрида бошлаганди. Ўрта асрларда бу шаҳарни қўлга киритиш барча ҳукмдорларнинг мақсади бўлган. Чунки шаҳарни эгаллаш Нил дарёси устидан тўлиқ назорат ўрнатиш имконини берарди. Вақтлар ўтиб, футболда машҳурликка эришишни ният қилган ал Хадари буюк дарё соҳили бўйлаб юқорига - Қоҳирага йўл олди. Мисрнинг етакчи клуби - «Ал-Аҳли» бўлажак юлдуз учун энг мақбул жамоа бўлди. Пойтахтдаги 12 йиллик фаолияти давомида Эссам футболдаги деярли барча совринларни қўлга киритди - 7 марта Миср чемпиони, 4 марта мамлакат кубоги ҳамда суперкубоги соҳиби, КЖЧнинг бронза медали, Африка ЧЛ ва Африка суперкубогининг сов­риндори. Айтганча, суперкубок беллашувида кипер гол уришга ҳам улгурди: ЖАРнинг «Кайзер Чифс» клубига қарши баҳсда «Ал-Аҳли» 2:1 ҳисобида олдинда бораётганди. Ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида жамоа майдон марказига яқин жойдан жарима зарбасини тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Дарвозабон томонидан амалга оширилган кутилмаган кучли зарба учрашув тақдирини узил-кесил ҳал қилди.

«Уларни ҳеч ким юлдуз деб ҳисобламайди. Чунки мамлакатдан ташқарида тўп суришни исташмайди. Шу сабабли машҳурликдан йироқдалар. Аммо ўз юртларида рисоладагидек маош билан таъминланганлар»,- деганди бундан 10 йил муқаддам франциялик таниқли мутахассис Мишель Идальго мисрлик футболчилар ҳақида.

Бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай машҳур мураббийнинг юксак баҳосига сазовор бўлган Эссам унинг фикрига зид равишда хорижга йўл олди. Швейцариянинг «Сьон» клуби президенти Кристиан Константен 35 ёшли Эссамни ўз клубида тўп суришга кўндирди. Табиийки, бу воқеа «Ал-Аҳли»ни қаттиқ ранжитди. Эссам учун европаликлар томонидан берилган 300000 евролик товон пули ҳам кор қилмади. ФИФА маблағ миқдорини 3 бараварга ошириб, «Сьон»ни бир йиллик трансферлардан четлатди, ал Хадари 4 ойга дисквалификация қилинди. Оқибатда, фахрий дарвозабон «кўҳна қитъа»да атиги бир мавсум тўп суриб, 32 марта майдонга тушди. Швейцариядан машҳурлик ва мамлакат кубоги билан ортга қайтди. Шунда ҳам «Ал-Аҳли» уни нафрат билан қарши олди ва «хоин»лиги учун терма жамоадан четлатишни талаб қилди.

Албатта, мутасаддилар посбонни бошқа жазолашмади. Швейцарияга ихтиёрий равишда йўл олганига қарамай, ал Хадари миллат фахри эди. Ахир, «фиръавн»лар қўлга киритган 7та қитъа биринчиликларининг нақд 4тасида унинг беқиёс меҳнати бор эди. Айниқса, 2006 йили барча тарихий саналар уйғунлиги кузатилганди - АМКнинг юбилей - 25- турнири, Миср­нинг мезбонлиги, Қоҳирадаги 80000 кишилик стадиондаги тарихий финал... Ўшанда Эссам ивуарлик Дрогба ва Каненинг зарбаларини қайтариб, жамоадошларини шоҳсупага олиб чиққанди.

«Фиръавнлар»нинг ҳукмронлиги 6 йил давом этди. Кейинги икки зафарда ал Хадари кубокни жамоа сардори сифатида қабул қилиб олди. Унинг жамоаси ҳал қилувчи баҳсларда Камерун ва Ганадан устун келди. Қизиғи, ҳар икки финалда бир хил ҳисоб - 1:0 қайд этилди. Эссам эса шунингдек, мусобақанинг энг моҳир дарвозабони совринига лойиқ кўрилган.

Хўш, зафарли юришлар яна давом этиши мумкинми? Рекордчи пос­бон ҳақидаги шунча илиқ фикрлар амалда ҳам ўз исботини топса, зўр бўларди. Аксарият мутахассислар жорий мавсум Эссам учун сўнггиси бўлишини тахмин қилишаётганди. Лекин ҳозиргача 37та соврин эгасига айланган футболчи бу ҳақда ўйлаб ҳам кўргани йўқ. Унинг ўзига яраша армони йўқ эмас - ал Хадари ҳанузгача мундиалда майдонга тушмаган. «Ўз фаолиятим билан ҳақли равишда фахрланаман. Жаҳон кубоги мусобақаларида тўп суриш ҳар бир футболчининг орзуси!»,-деганди Эссам ФИФАнинг расмий сайтига берган интервьюсида. Октябрь ойида икки марта ЖЧ-2018 саралаш босқичида «фиръавнлар» дарвозасини муносиб қўриқлади. Ҳозирда жамоа 100 фоизлик натижа билан ўз гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. Унинг «қария» посбони эса ўз ўрнини бўшатиш ниятидан йироқ. «Футболчининг ёши шунчаки, рақамдан бошқа нарса эмас. Куч-қувватим ҳам, маҳоратим ҳам рисоладагидек. Шундай бўлгач, имкони борича узоқроқ тўп суришга ҳаракат қиламан», - дейди ал Хадари.

«Фиръавнлар»нинг ҳукмронлиги 6 йил давом этди. Кейинги икки зафарда ал Хадари кубокни жамоа сардори сифатида қабул қилиб олди. Унинг жамоаси ҳал қилувчи баҳсларда Камерун ва Ганадан устун келди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz