Қайднома

Қидирув

Топ-голеадорлик сири нимада?

Топ-голеадорлик сири нимада?

  12.02.2017 06:21
  0
  1242
Топ-голеадорлик сири нимада?

Бундан бир неча кун олдин Nike компанияси ўзининг Hypervenom3 номли янги бутсаларини тақдим этди. Тадбир Мюнхен шаҳрида ўтказилди ва унда сайёрамизнинг бир қатор энг зўр ҳужумчилари иштирок этишди. Хусусан, Роберт Левандовски, Гарри Кейн, Гонсало Игуаин ва Эдинсон Каванилар. Ушбу ҳужумчилар ҳар доим диққат марказида бўлиб келишади. Улар чиройли ва муҳим голларни уриб, ўз жамоаларини чўққига олиб чиқишмоқда. Бундан ташқари, газеталарнинг биринчи саҳифасидан жой олиб келишади. Папараццилар ҳам уларга тинмай «ов» уюштиришади. Улар шунчаки, оддий ўйинчилар эмас, балки ҳаммани ўзларига эргаштирадиган брендлардир. Nike мазкур бутсаларни яратиш чоғида айрим футболчилардан маслаҳат олиб келди, масалан, Эдинсон Кавани, Иско... ва бошқалардан.

Ушбу ҳужумчиларнинг ҳаммаси гол уришни жуда яхши кўради. Тадбир баҳона уларнинг тўпурарлик сирини бироз бўлса ҳам билиб олиш мақсад қилиб олинди. Эдинсон Кавани, Гонсало Игуаин, Мирослав Клозе, Роберт Левандовски, Гарри Кейн ва Маркус Рэшфорд. Тўғри, уларнитил тўсиғи ажратиб туради, аммо рақиб жарима майдонида уларнинг барчаси ҳақиқий «йиртқич»га айланишади. Айнан шу жиҳат бобида бир-бирларини тушуниб олишади. Уларнинг ёрдами билан янги бутсалар яратилди. Жумладан, тадбир меҳмони Мирослав Клозе Nike Academyдаги йигитлар билан ўтказилган машғулотда биринчи бўлиб бутсаларни синаб кўрди. «Ҳозир бутсалар 60-70 -йиллардагига қараганда, умуман, бошқача яратилган, ҳатто, 10 йил олдингилари ҳам бундай эмас. Асосийси шуки, улар анча енгиллашган» - деди Германия футболининг фахрийси. Ҳужумчилар кўп, аммо ҳар бирининг услуби турлича.

 Мисол учун, Каванини олсак. Уругвайлик голеадорга дарвозани ишғол қилиш учун кўп вазият бўлиши шарт эмас. Асосийси, унинг кутилмаганда очилишлари оқибатида барча вазиятлар хавфли тус олади ва шу хусусияти туфайли у кўп марта бўш дарвоза олдида пайдо бўлиб қолади. Бу ҳам алоҳида бир санъат. Ҳужумчи учун нафақат тўғри зарба ижро этиш, балки тўғри югура олиш ҳам муҳимдир. «Ўйинлардан олдин фикр­ни бир жойга жамлаш зарур. Гоҳида учрашув ҳисоб-китобини хаёлан ўтказаман, кейин майдонда нима рўй бериши эса диққат-эътибор ва вазиятларга боғлиқ бўлади» - деди Кавани.

Гарри Кейн Каванидан фарқли ўлароқ, дарвозага кўпроқ зарба беришни маъқул кўради. АПЛ статистикаси бў­йича Кейннинг ҳар тўртинчи зарбаси голга айланар экан. Натижада чемпионат доирасидаги 16та ўйинда у 13та гол уриб, бунинг учун 53та уринишни амалга оширган бўлиб чиқмоқда. Бу зўр кўрсаткич. «Ҳар бир ҳужумчи вазиятларни қидира билиши ҳамда дарвозага зарба беришни уддалаши керак. Стратегик жиҳатдан ҳужумчи учун дарвоза томон кўпроқ зарба бериш муҳим, шунда гол уриш учун имконият кўпроқ бўлади», - деди Кейн. У ҳар доим кўп гол уриб, қадамба- қадам юқорилаб борган - Европа Лигаси, АПЛ. Балки бунга сабаб унинг устози зўр бўлганлигидир. «Мен доим Уэйн Рунининг дарвозага қандай зарба беришини кузатиб келардим. Аввал трансляциялар орқали, кейин биз Англия терма жамоасида бирга ишлай бошладик».

Маркус Рэшфордга ҳам ҳозир Руни устозлик қиляпти. Унинг иккинчи устози Златан Ибрагимович фаолияти чоғида аксарият ҳужумчилардан кўп гол урган. «Асосийси - тўпни, майдонни ҳис этиш», - дейди «МЮ»нинг ёш вакили. Ҳозирга келиб унга Англия футболининг бўлажак юлдузи сифатида қараш­япти ва ажаб эмаски, яқин келажакда шу нарса рўёбга чиқса.

Ёзги трансфер бозорида шов-шув кўтарган Гонсало Игуаиннинг тақдири ажойиб кечган. Топ-снайпер сифатида у ҳақида кам гапиришади, гоҳида ноаниқ ҳаракатларидан норози бўлишади. Бироқ Игуаин орқасидан айтилаётган гапларга қарамай, мунтазам гол уриб келяпти. «Дарвоза олдида турганингда, фақат кучли зарба ҳақида ўйламаслигинг керак. Сифатли зарба ва жойни тўғри танлай билиш муҳим», - деди Игуаин.

Фаолиятини Польшанинг қуйи лигаларида бошлаган Роберт Левандовс­ки катта футболга «қора йўлак»дан кириб келган. Ундан ҳатто, «Легия» ҳам бош тортганди. Энди эса «Бавария» етакчиси жаҳондаги энг кучли ҳужумчилардан бири бўлиб турибди. «Болалигимда бир-икки марта олтита-еттитадан гол урганман», - деб эслайди Роберт Мюнхендаги маросимда. Йиллар ўтиб, у «Альянц Арена»да «Вольфсбург»га қарши кечган ўйинда деярли ўша трюкни такрорлаганди. Роберт 9 дақиқа ичида 5та тўп киритиб, ҳар бир зарба кетидан шафқатсизга айланиб борарди. Ўтган мавсум поляк футболчиси бундеслигада 30та гол ургани учун энг яхши тўпурарга бериладиган бронза замбаракни қўлга киритди. Ҳозир у 12та голи билан учинчи бўлиб турибди, аммо ҳаммани қувиб ўтиши учун ҳали захирасида ярим мавсум бор.

Юқоридаги ҳужумчиларнинг ўхшаш томонлари нимада? Биринчидан, ҳеч нарсага қарамай уларнинг ҳаммаси кўп гол уриб келмоқда. Ҳар бир ҳужумчи вақти келиб голсиз қуруқ серияга дуч келади ва бу ҳолатни тўғри қабул қилиш мумкин. Иккинчидан, энди улар Nike Hypervenom 3 янги бутсаларида ўйнашади. Ушбу спорт пойафзаллари Левандовски, Кейн, Кавани, Рэшфорд ва Игуаин каби етук форвардлар учун махсус яратилган. Бу ерда компания ҳужумчиларнинг хоҳишини инобатга олди. Энди Левандовски, Кейн, Кавани, Рэшфорд ва Игуаин янги бутсаларда янада кўпроқ голлар уришса ажаб эмас.

Ш.АБДУЛЛАЕВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz