Қайднома

Қидирув

Вадим Абрамов: «Бухоро»га мутлақо алоқам йўқ»

Вадим Абрамов: «Бухоро»га мутлақо алоқам йўқ»

  18.02.2017 13:29
  0
  1228
Вадим Абрамов: «Бухоро»га мутлақо алоқам йўқ»

Яқин бир ойдан буён ўзбек футболида шов-шувли бир янгилик айланиб юрибди - Вадим Абрамов «Бухоро» мураббийлар штабида иш бошлабди! Аммо шуниси қизиқки, ўтган бир ойлик даврда ҳеч бир манба бу хабар расман тасдиқламади. Табиийки, Ўзбекистон терма жамоаси билан Осиё Кубогида энг яхши натижа қайд этган мураббийнинг фаолиятига бўлган қизиқиш катта. Шуни инобатга олган ҳолда, мухбиримиз Вадим Абрамов билан шахсан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритишга қарор қилди.

- Вадим Карленович, шубҳасиз, сўнгги пайтларда сизга берилаётган саволларнинг аксарияти «Бухоро» клуби билан боғлиқ бўлса керак. Биз ҳам шу масалага аниқлик киритиб олмоқчимиз: айтингчи, «Бухоро»да маслаҳатчи-мураббий сифатида иш бошлаганингиз ростми?

- Аввалбошдан таъкидлаб қўяй: бундай хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас. Мен айни вақтда ҳеч бир клубда ишламаяпман ва «Бухоро»га ҳам ҳеч қандай алоқам йўқ. Кўпчиликка маълум, «Бухоро»да клуб бош мураббийи сифатида Улуғбек Бақоев иш бошлаган ва унга Бахтиёр Ашурматов ёрдам бермоқда. Ҳайронман, чиндан ҳам охирги вақтларда менга тинимсиз қўнғироқлар бўлиб, одамлар «Бухоро»да иш бошлаганим билан табриклашяпти. Аммо аслини олганда, мен ҳеч қаерда ишламаяпман.

- Қизиқ, аммо яқинда Бухоро шаҳрига борганингиз ва клубдаги шароитлар билан танишганингиз ҳақида маълумот берилган эди...

- Ҳа, дарҳақиқат шундай бўлган. Лекин мен қадимий шаҳарга «Бухоро» билан шартнома имзолаш учун бормагандим. Шунчаки, клубдан таклиф бўлди, мен эса раҳбарият билан гаплашиб олиш учун у ерга бордим. Қолаверса, таклифни қабул қила олмаслигим аввалдан маълум эди, чунки бухороликлар ваъда қилган шарт-шароитлар менинг режаларимга тўғри келмади. Яна бир жиҳати, таклиф кутилмаганда пайдо бўлди. Мавсум бошланишига эса жуда оз фурсат қолди, холос. Мана шу қисқа вақт ичида кўп ишларни бажаришга тўғри келарди. Боз устига, яқин қариндошимларимдан бири айни пайтда Москвада даволанмоқда ва «Бухоро»га чақиришганда, Россия пойтахтига жўнамоқчи бўлиб тургандим. Бухороликларга Тошкентда туриб дарҳол рад жавобини бериш одобдан бўлмас эди, шунинг учун у ерга шахсан бориб, вазиятни батафсил тушунтиришни истадим. Хуллас, бор гап шу.

- Хўш, унда Улуғбек Бақоевнинг номзодини «Бухоро» раҳбариятига сиз тавсия қилганингиз ҳақида гап-сўзлар-чи?

- Мана буниси энди ҳақиқат. Чиндан ҳам, шахсан мен Бақоевни иқтидорли футбол деб биламан ва унинг номзодини клуб мутасаддиларига тавсия қилдим.  Улуғбек фаолияти давомида бир қатор кучли мураббийлар қўл остида тажриба тўплади. Боз устига маҳаллий шароитдан ҳам яхши бохабар. Бу эса «Бухоро»га қўл келиши мумкин.

- Клуб томонидан берилган хабарда Улуғбек Бақоев бош мураббий бўлиши ва сиз унга ўз маслаҳатларингиз билан ёрдам беришингиз айтилган эди...

- Ҳа, аввалига шундай режани ҳам кўриб чиқдик. Бироқ юқорида келтирилган сабаблар туфайли, бу менга тўғри келмади. Бу ёқда эса мавсум бошланишига оз фурсат қолган, вақт тиғиз. Бундай вақтда бир сонияни ҳам йўқотмаслик лозим. Менда эса ўша сониянинг ўзи йўқ, ҳисоби.

- Улуғбек Бақоев яхши футболчи бўлган, буни тан оламиз. Бироқ мураббийлик тажрибаси катта эмас. «Бухоро»дек ўз олдига юқори мақсад қўядиган жамоани бошқаришга Бақоевнинг қурби етармикан?

- Улуғбек учун бу жуда катта имконият. У мана шу имкониятдан фойдалана олишига ишонаман. Бу ёғига энди Бахтиёр Ашурматов билан маслаҳатлашиб иш олиб бораверади. Чунончи, Ашурматов олий лиганинг баъзи клубларида ишлаб, тажриба оширишга улгурди.

- Мабодо, клуб юқори натижаларга эришиб, чемпионликни қўлга киритса, бунга қандай муносабат билдирасиз?

- Вақтлар келиб, «Бухоро» муваффақиятга эришишига ишонаман, бироқ ўша ғалабаларда менинг ҳиссам мутлақо бўлмайди. Чунки мен клубга бевосита устозлик қилмаяпман. Биласизми, ҳар қандай мураббий учун унинг ишини қадрлашлари катта аҳамиятга эга. Кимдир клубни бошқарсаю, у ердаги ўзгаришларни бошқа инсон номи билан боғласалар, нотўғри бўлади. Шунинг учун ҳам мухлисларда ёлғон таассурот пайдо бўлишини истамайман.

- Аввалги суҳбатларимизда айт­гандингизки, имкони борича, пойтахт клубларида ишлашни истайсиз. Ҳали ҳам шу фикрда турибсизми?

- Албатта. Иложи борича Тошкент­да қолишни ва шу ерда ишлашни хоҳлайман.

- Ўтган мавсум Тошкент жамоаларидан бирини бошқаришни истамагандингиз (гап «Обод» клуби ҳақида кетмоқда - таҳририят изоҳи). Қолган уч клуб: «Локомотив», «Бунёдкор» ва «Пахтакор»лардан таклиф тушиши эса анча қийин...

- Бўлиши мумкин... Аммо мен ҳам ҳеч қаерга шошилаётганим йўқ. Энг аввало, барча клубларимизга омад тилайман ва уларнинг ишлари доим кўнгилдагидек кечишини истайман. Лекин кимгадир, қачондир ёрдамим керак бўлиб қолса, мен доим кўмакка тайёрман.

- Мен айни вақтда ҳеч бир клубда ишламаяпман ва «Бухоро»га ҳам ҳеч қандай алоқам йўқ. Ҳайронман, охирги вақт­ларда менга тинимсиз қўнғироқлар бўлиб, одамлар «Бухоро»да иш бошлаганим билан табриклашяпти.

АБДУЛЛОҲ суҳбатлашди

Манба: www.interfutbol.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz