Қайднома

Қидирув

Саккиз йилдан сўнг…

Саккиз йилдан сўнг…

  26.02.2017 00:18
  0
  1093
Саккиз йилдан сўнг…

2009 йил бошларида Англиянинг машҳур The Guardian нашри Туманли Альбионда порлаётган 20 нафар ёш ва истеъдодли футболчиларга эътибор қаратиб, улар ҳақида алоҳида мақола чоп этганди. Биз эса ана шу рўйхатдагилар орасидан 12 та футболчини танлаб олиб, газетанинг ўша даврдаги башорати қанчалик тўғри-нотўғри бўлганинир аниқлашга ҳаракат қилдик.

Жозе Бакстер

Ўшанда: «Эвертон»нинг 16 ёшли ҳужумчисига «Рунидан ҳам кучлироқ» деб таъриф берилганди. Тўғри, Жозе бир тарафдан  Рунидан ўзиб кетди: у 16 ёшу 191 кунлик бўлганида клуб асосий таркибида дебютини нишонлади, аммо...

Ҳозир: АПЛда бор-йўғи 7тагина ўйин ўтказган 24 ёшли футболчи айни пайтда жамоасиз. Аниқроқ айтсак, у ҳозирда гиёҳванд моддалар туфайли иккинчи марта жазо муддатини ўтамоқда. Куни кеча тарқалган хабарларга кўра, «ирислар» ҳужумчи билан яна янги шартнома тузмоқчи эканлар. Бу қарор қанчалик тўғрилигини билмадиг-у, аммо энди Бакстердан «иккинчи Руни» чиқмаслиги аниқ.

Марк Бриверс

Ўшанда: «Шеффилд Уэнсдей»нинг 18 яшар ҳимоячиси шунчалик ёш бўлишига қарамай, клуб ишқибозлари томонидан «Йилнинг энг яхши футболчиси» деб топилди. Қолаверса, Бриверс Англия ёшлар терма жамоаси сафида Россияга қарши майдонга тушди. Дэвид Мойес эса йигитча «Эвертон» ҳимоясидан мустаҳкам ўрин олишига ишонади.

Ҳозир: «Болтон»нинг 27 ёшли футболчиси. Мойес ўшанда Маркка етарлича имконият бермади, шу боис, Бриверс ижара асосида «МК Донс» ва «Миллуолл» клубларида тўп сурди. Айни пайтда ҳимоячи «Болтон» таркибида Чемпионшип йўлланмаси учун курашмоқда.

Фабиан Делф

Ўшанда: Қисқа муддат ичида «Лидс»нинг ўринбосарлар таркибида сардор даражасига кўтарилган 18 ёшли йигитча тез орада асосий таркибдаги дебютини ҳам нишонлади. Футболчининг келажагига умид катта бўлгани учун «Лидс» раҳбарлари «Ньюкасл» томонидан таклиф қилинган бир миллион фунтни назарга илишмади ва орадан бир йил ўтгач, Фабианни саккиз баробар қимматига «Астон Вилла»га сотиб юборишди.

Ҳозир: «Манчестер Сити»нинг 27 ёшли вакили. Эътиборлиси, Делф «Сити»га ўтганидан сўнг Бирмингем клубида ўзини ҳеч қулай сеза олмаганидан шикоят қилганди. Тўғри, Фабианнинг «шаҳарликлар» сафидаги ўйинларини ҳам қониқарли деб бўлмайди. Лекин жароҳатлар панд бермаганида, у бирмунча яхшироқ натижаларга эришган бўларди.

Дэнни Дринкуотер

Ўшанда: Яқин ва узоқ масофаларга аниқ тўп ошириши, ҳар иккала оёғида бир хил тўп тепа олиши билан мутахассислар эътирофига сазовор бўлган 18 ёшли ярим ҳимоячи энди-индин «қизил иблислар»нинг асосий таркибида кўриниш берадигандек туюлганди. Дэнни шунингдек, Англия ёшлар терма жамоаси (U-19)да ҳам етакчилардан саналарди.

Ҳозир: «Лестер» таркибида Англия чемпиони. Қаранг­ки, юқорида айтилган шунча хусусиятларга қарамай, футболчи «МЮ» таркибида бирорта ҳам расмий ўйин ўтказмади. Лекин гарчи Дринкуотер «Лестер» шарафини ҳимоя қилса-да, интервьюларида тез-тез Манчестер жамоасини эслаб туради.

Жордан Хендерсон

Ўшанда: «Сандерленд»нинг универсал ярим ҳимоячисига мутахассислар ўша пайтдаёқ юқори баҳо бериб, уни гранд клубларнинг бирида ёрқин келажак кутаётганини айтишганди.

Ҳозир: Хендерсон - «Ливерпул»нинг амалдаги сардори. Ҳа, адолат юзасидан айтиш жоиз, Хендо ҳозиргача Англия Лига кубогидан бошқа ҳеч қандай соврин ютгани йўқ. Аммо шундай клубнинг сардори бўлиш ҳам ўта масъулиятли вазифа эканини унутмаслик зарур. Айтганча, 2008 йилги башоратларга кўра, Жордан Англия терма жамоасининг етакчиси бўлиши лозим эди. Бироқ ҳозирча бу тахминлар ўзини тўлиқ оқламади.

Виктор Мозес

Ўшанда: 17 ёшли бу футболчининг ҳаракатлари «Кристал Пэлас» мураббийларига жуда манзур келгани боис, унга тўрт йиллик шартнома таклиф қилинди. Ваҳоланки, 11 ёшида ота-онасидан айрилиб, етим қолган боланинг футболда шунчалик муваффақиятларга эришиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди.

Ҳозир: «Челси» ярим ҳимоячиси жамоаси чемпион бўлиши учун қўлидан келган барча ишни амалга оширмоқда. Футболчининг иштиёқи шунчалик кучлики, ҳатто у асосий таркиб учун курашда рақобатчиларини ҳам бирин-кетин ортда қолдирмоқда.

Дэнни Уэлбек

Ўшанда: Ганалик муҳожирлар оиласидан чиққан ёш футболчининг куч-қуввати, тезлиги ва «гол ҳиди»ни сезиш қобилияти билан шахсан Алекс Фергюсоннинг ўзи қизиқиб қолган.

Ҳозир: Мана, уч йилдирки, Уэлбек «Арсенал» шарафини ҳимоя қилмоқда. Афтидан, Лондонда у «МЮ»дагидек кўп соврин қўлга кирита олмаса керак (олтита), аммо сермаҳсуллик борасида Дэнни анча кучайди. Умид қиламизки, Уэлбек орттириб олган сўнгги даҳшатли жароҳатидан қутулса, яна аввалги даражасига чиқа олади.

Айдан Уайт

Ўшанда: «Лидс»нинг 17 ёшли ҳимоячиси тезлиги ва чап оёқда бериладиган кучли зарбаси билан омма эътиборига тушган. Уайт клуб асосий таркибидаги дебютини нишонлагач, мухлислар уни олқишлар билан заҳирага кузатиб қўйишди. Лекин бечора фаолиятидаги илк расмий шартномага имзо қўйгач, орадан кўп ўтмай, жароҳатга йўлиқиб, узоқ вақт сафдан чиқди.

Ҳозир: Айни пайтда Уайт АПЛга чиқиш йўлида «плей-офф» ҳуқуқи учун курашаётган «Барнсли» клуби либосида ҳаракат қиляпти. Айданнинг биринчи клуби - «Лидс» эса юқори икки ўриннинг бирига даъвогар. Шубҳасиз, кетма-кет жароҳатлар тезкор футболчининг тараққиётига раҳна солди. Аммо имкониятлар ҳали ҳам Уайтни бутунлай тарк этмаган.

Жек Уилшир

Ўшанда: 2008 йилги Уилшир - «Арсенал»нинг 16 яшар юлдузи, клуб тарихидаги энг ёш дебютант. Ўша пайтлари «канонирлар» сафида жаҳон даражасидаги кучли футболчи етишиб келаётгани ҳақида бонг урилганди.

Ҳозир: Ижара шартномаси асосида «Борнмут»га бериб юборилган. Лекин Уилшир эндигина 25га кирди ва ҳали ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ. Шу билан бирга, Жекни кутилмаган жароҳатлар мунтазам безовта қилиб туришини ҳам унутмаслик жоиз. Хусусан, футболчи ноябрь ойида Instagram тармоғидаги саҳифасига сурат жойлаб, унга қуйидаги сўзларни илова қилди: «Сув ҳавзасида дам олдим! Шукрки, ҳордиқ жароҳатсиз ўтди!». Ҳа, Уилшир кутилмаган ҳодисалардан шунчалик зериккан.

Жек Родуэлл

Ўшанда: «Эвертон»нинг 17 ёшли ҳимоячиси майдонда шундай ишончли ҳаракат қилардики, кўпчилик уни «бўлажак Рио Фердинанд» деб атарди. Аммо вақтлар ўтиши билан Родиэлл олдинроққа силжиб, таянч ярим ҳимоячига айланди.

Ҳозир: Уч мавсумдан буён «Сандерленд» либосида тўп суряпти. «Эвертон»да ўтган тўрт йиллик фаолиятдан сўнг Жек «Ман. Сити»га ўтиб, орзулари нисбатан каттароқ эканига ишора қилганди. Аммо афсуски, футболчи «шаҳарликлар» сафида кутилганидек ўйнаб кета олмади. Айтганча, у ўз кучини Англия терма жамоасида, Испания, Швеция ва Бразилияга қарши ўтган ўртоқлик ўйинларида ҳам синаб кўрди. Лекин булар - майда эпизодлар эди, холос.

Жонжо Шелви

Ўшанда: 16 ёшу 59 кунлик болакай «Чарльтон» сафида расмий учрашувда майдонга тушиб, клуб рекордини ўрнатди. Шунингдек, Англия ўсмирлар терма жамоаси (U-17) сардори сифатида Victory Shield турнирида бош совринга эга чиқди.

Ҳозир: «Ньюкасл» сафида АПЛга қайтиш учун астойдил уринмоқда. Бунгача эса Шелви «Ливерпул»да ўйнади, бир муддат «Суонси» либосида кўриниш берди ва Англия терма жамоасида ҳам тўп суришга улгурди.

Жон Босток

Ўшанда: «Тоттенхэм»нинг 16 ёшли умиди. Ҳарқалай, «шпорлар» 15 яшар ўсмирнинг ўйинларини узоқ кузатиб, уни «Кристал Пэлас»дан катта пулга сотиб олишганди. Албатта, Босток клубини алмаштирганидан кейин дарҳол «Тоттенхэм» сафида УЕФА кубогида дебют қилган рекордчига айланди.

Ҳозир: Жон айни пайтда Франция иккинчи лигасининг «Ланс» клуби аъзоси саналади. Афсуски, Босток «Тоттенхэм» асосий таркибига мос ўйин кўрсата олмади ва узоқ вақт ижарада сарсон бўлди. Дейлик, у ҳатто Канада ва Бельгия чемпионатларида ҳам ўйнаб кўрди. Ниҳоят, Францияга келди-ю, шу ерда муқим ўрнашди.

И.РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz