Қайднома

Қидирув

Паулу Барбоза: «Бизни маккорликда айблашган»

Паулу Барбоза: «Бизни маккорликда айблашган»

  27.02.2017 03:32
  0
  939
Паулу  Барбоза: «Бизни маккорликда айблашган»

Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашри таниқли футбол агенти Паулу Барбоза билан суҳбат уюштирди. Қуйида ана шу интервьюни ўқишингиз мумкин.

- Сиз кўплаб россиялик футболчилар билан ҳам ишлагансиз. Шулардан бири - Марат Измайлов. 15 йил олдин унинг «Арсенал»га ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқаганди. Бу маълумот ҳақиқатга қанчалик яқин?

- Ўшанда Сёмин, Филатов ва мен Лондонга Венгернинг ёнига борганмиз. У жамоасида Маратни кўришни истаганди. Аммо «Локомотив» билан келишиб бўлмаган. 2004 йилги Европа чемпионатида ҳам Венгер билан гаплашганман. Ўшанда мижозларимдан бири Манишега «Арсенал» қизиқиш билдирганди. Кейин Измайлов хусусида ҳам гаплашганмиз. Арсен у ҳақда сўраган. Афсуски, Марат ушбу мутахассис билан ишлай олмади.

- Смертинни «Челси»дан кетишга сиз кўндирганмисиз?

- Алексей ушбу жамоа сафида Англия чемпиони бўлган. Лекин мунтазам майдонга тушишни истаган. «Челси»да асосан Чех, Терри ва Лэмпардларга ишонч билдирилган. Шунга қарамай, Моуриньо Смертинни қўйиб юборишни истамаган. У «Сен менга керасан. Тақвим тиғиз, ўйин амалиётисиз қолмайсан», деганди. Бироқ Алексей ижарага беришларини талаб қилган.

- Унинг «Бордо»дан кетиши борасида турли гап-сўзлар юради...

- Франциядаги уч йиллик фаолиятидан сўнг Смертин вазиятни ўзгартиришни истаган. 2004 йилнинг қишида «Ньюкасл»га қўйиб юборишмаган. Ёзда эса «Торпедо» варианти пайдо бўлди. Ўшанда сармоядорлар «Торпедо»ни суперклубга айлантиришни исташганди. «Бордо» президенти Жан-Луи Трио билан шартномани бекор қилиш борасида гаплашдим.

- Трансфер қанчага баҳоланган?

- 6,5 миллион евро. «Торпедо» хўжайинлари расман ўзгарганидан сўнг бу пулларни тўлашга ваъда беришган. Лекин лойиҳа амалга ошмади ва биз ноқулай аҳволга тушиб қолдик. Трансфер бозори якунланишига икки ҳафта қолганида Алексей Москвада жамоасиз қолганди. Умуман олганда, унга талаб бўлган. Масалан, «Порту»га ўтиши мумкин эди, аммо у «Челси»ни танлади. Шунда «Бордо» президентининг жаҳли чиқиб, бизни маккорликда айблади. Унинг айтишича, биз «Торпедо»ни баҳона қилиб, нархни туширганмиз ва якунда «Челси»ни танлаганмиз.

- Агар Смертин «Бордо»дан тўғридан-тўғри «Челси»га ўтганида францияликлар кўпроқ пул талаб қилишармиди?

- Шубҳасиз. Ахир унинг амалдаги шартномаси бор эди. Ваҳоланки, 6,5 миллион евро Алексей учун яхши нарх бўлган. «Челси» ҳам бундан кўп тўламасди.

- Шунга қарамай, французлар сизларга ишонишмаган?

- Уларни ҳам тушунса бўлади. Бундай вазиятда ҳар ким шубҳага боради. Шунда Триога «Бу қандайдир форс-мажор. «Бордо» вакиллари ҳам «Челси» билан музокараларда иштирок этишсин. Бизни яширадиган ҳеч нимамиз йўқ...»,  дедим.

- Трио нима қилган?

- Лондонга ўз одамини жўнатди. «Челси» офисида шартнома тузаётган пайтимизда барчаси ҳалол бўлганини кўрди.

- Ҳаётингиз саргузаштларга бой.

- Бир қизиқ воқеа бўлган. 1991 йили Чемпионлар Кубоги доирасида Киевнинг «Динамо»си «Бенфика»ни қабул қилган. Ўшанда киевликлар сафида Юран ва Кульковлар ўйнашарди. Киевга «Бенфика» президенти билан ташриф буюрдим. У жуда бой инсон эди. Аэропортдан чиққанимиздан сўнг у «Паулу, умуман эсимдан чиқибди! Дипломатимда декларация қилинмаган пуллар бор», деди. Мен «Қанча?» деб сўрадим. У эса «Кўп. Жуда кўп. Дипломат пул билан тўла», деди.

- Юз минг доллармиди?

- Миллиондан кўп. Билсам, у ҳамма ерга катта пул билан бораркан. Кимдир йўлга дори қутиси билан чиқса, у миллионларни оларкан. Шунда унга «Қайтишдан олдин дипломатни очишни сўрашса, муаммо туғилади», дедим. У эса «Муаммодан қочишнинг йўлини топ. Русчани биласан. Ол пулларни», деб дипломатни менга ушлатиб қўйди.

- Олдингизми?

- Нима ҳам қилардим? Қўлимдан бир сония ҳам қўйиб юбормадим. Ҳаттоки, уни кўтариб ўйинга ҳам бордим. Учрашув охирида «Динамо» ҳимоячиси Руй Агуашга нисбатан жиддий қўполлик ишлатилди. Натижада уни тез ёрдам машинасида касалхонага олиб кетишди. «Бенфика» шифокори билан у ерга бирга бордим. Шифокорлар Руйни Лиссабонда операция қиладиган бўлишди. Оғриқ қолдирувчи уколларни қилгандан сўнг тез ёрдам машинасида футболчи билан бирга аэропортга йўл олдик. Шунда миямга бир фикр келиб қолди. «Руй Агуаш, ёрдам бер. Бу ерда президентнинг пуллари бор. Уни самолёт­га олиб чиқиш керак», дедим.

- Рози бўлдими?

- Базўр кўнди. Кейин «носилка»да Агуашнинг бўйнигача ёпиб қўйиб, самолётга олиб чиқдик. Ёпқичнинг тагида пуллар бор эди.

- Омадингиз келган экан. Агар Агуаш жароҳат олмаганида нима бўларди?

- Тўғриси, нима бўлишини тасаввур ҳам қила олмаганман.

ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz