Қайднома

Қидирув

Олий Лига: Мавсум бошланиши чакки эмас!

Олий Лига: Мавсум бошланиши чакки эмас!

  06.03.2017 14:50
  0
  1154
Олий Лига: Мавсум бошланиши чакки эмас!

Мана, ўзбек футболида янги мавсум - XXVI чемпионат ҳам бошланди. Олий лиганинг даст­лабки тури белгиланган кунлар об-ҳаво роса футбол ўйнайдиган даражада яхши бўлди. Ўйин сифати учун яна нима керак? Ҳа, трибуна тўла мухлислар зарур. Таъкидлаш жоиз, янги мавсум стартида ҳам стадионларга мухлислар ташрифи масаласида одатий манзара кузатилди - вилоятларда «ажиотаж», пойтахтда эса доимгидек «сийрак»лик, бўш қолган трибуналар. Натижа эса...

ТУР ФАКТИ

1-турда кўзга ташланган энг муҳим факт шуки, бирор учрашувда дуранг қайд этилмади. Бошқача айт­сак, лоақал 1та очко ҳам зое кетмади. 3та жамоа сафардан ғалаба билан қайтган бўлса, яна 5та иштирокчи ўз майдонида мухлисларига шодлик улашди. Агар мана шундай самарадорлик давом этсами, янги мавсум Ўзбекистон чемпионати тарихида жамоалар томонидан энг кўп очко жамғарилгани бўлиши тайин, албатта фоиз ҳисобида. Ахир миллий чемпионатимиз тарихида 20-22та клуб иштирок этган мавсумлар ҳам кузатилган...

МАРКАЗИЙ ЎЙИН

Албатта, 1-турданоқ марказий ўйинни аниқлаш қийин. Боиси, назарий жиҳатдан ҳар бир жамоанинг чемпионлик учун имконияти тенг ҳисобланади. Шундай бўлсада, доим олтин медалга кўз тикишга одатланган «Пахтакор» ва мавсум олдидан таркибини анча кучайтирган «Қизилқум» ўртасидаги ўйиннинг эътиборни кўпроқ тортгани айни ҳақиқат. Аммо учрашувда ҳамма кутган «интрига» бир бўлимга чўзилди, холос. Ҳарқалай, Жамшид Искандеровнинг голидан сўнг Азамат Алланиёзов ҳисобни тенг­лаштиргач, майдонда кескин кураш кечадигандек кўринди. Бироқ «пахтакорчилар» танаффусдан сўнг ташаббусни тўлиқ ўз қўлларига олишди ва шунга яраша, ишончли ғалабани тантана қилишди.

КУТИЛМАГАН НАТИЖА

Турнинг кутилмаган натижаси эса Бекободда қайд этилди. Яхши биласиз, «Металлург» ўтган мавсум дадил ўйнаган ва биринчи давра якунларига кўра, ҳаттоки, совринли ўринларга даъво ҳам қилганди. Гарчи иккинчи даврада Рустам Мирсодиқов жамоаси иши у қадар юришмаган бўлса-да, 7-ўрин - бекободликлар учун ёмон натижа эмас. «Динамо» эса аввалги мавсум биринчи лигада тажриба оширишга мажбур бўлди. Одатда қуйи лигадан элитага қайтган жамоа катта ўйинлар маромига мослашишда муаммолар сезарди. Аммо «Динамо» илк учрашувдаёқ, боз устига, сафарда «Металлург»ни 2:0 ҳисобида енгиш асносида турнинг ўзига хос «сенсацион» натижасини тортиқ этди. Афтидан, самарқандликлар олий лигага катта шашт билан қайтган кўринадилар.

ҚОЛГАН ҲАММАСИДА КУТИЛГАН ЯКУН...

Мавсумнинг хоҳ боши, хоҳ охири бўлсин, ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳамма чемпионликка даъвогар саналган клубнинг ғалаба қозонишини кутади. Шунга мос тарзда «Локомотив», «Бунёдкор» ва «Насаф» жамоалари стартда қаерда ўйнашганидан қатъий назар, ғолиб чиқдилар. Тўғри, уларнинг 3 очко олиш йўлида анча тер тўкишганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Дейлик, амалдаги чемпион - «Локомотив» сафарда «Машъал» билан куч синашди ва Марат Бикмаев томонидан  62-дақиқада урилган ягона гол эвазига устун келди. «Бунёдкор» ва «Сўғдиё­на» ўртасида кечган баҳс тақдирини эса Достонбек Ҳамдамовнинг 79-дақиқада берган биргина аниқ зарбаси ҳал қилди. «Насаф» ҳам Қўқонда рақибдан яққол кучли эканлигини кўрсатолмади. Рўзиқул Бердиев жамоаси гарчи 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлсада, сўнг­ги дақиқаларда асосан ҳимояланишдан ўзга чора тополмади.

ТУР ДЕБЮТИ

«Олмалиқ» энг кучайган даврида ҳам соврин юта олмаган. Аммо бу йил жамоага нисбатан қизиқиш бироз бошқача. Чунончи, мавсум олдидан «Олмалиқ» таркиби деярли тўлиқ янгиланди. Хусусан, Игорь Шквирин бошчилигидаги мураббийлар штаби исътефога чиқарилди ва Қозоғистондан Виктор Кумиков таклиф этилди. Аксинча, аввалги мавсум анча яхши таассурот уйғотган ва кучли тўртликка кирган «Бухоро»да ишлар бироз ортга кетгандек кўринганди. Бинобарин, Жамшид Саидовга жавоб берилди ва унинг ўрнига Улуғбек Бақоев бош мураббий лавозимига тайинланди. Кумиков ва Бақоевни ўзаро солиштириш қийин, албатта. Ахир бири Европа Чемпионлар Лигасини кўрган тажрибали мутахассис, иккинчиси эса фаолиятини энди бошламоқда. Қарангки, Бақоев янги соҳадаги расмий илк қадамини кўпни кўрган малакали мутахассисни мағлуб этиш билан ташлади. Уни бу масалада алоҳида табриклаб қўйсак бўлади.

БУЗИЛГАН ВА БУЗИЛМАГАН АНЪАНА

Ўзбекистон чемпионатида «Навбаҳор» учун ёқимсиз бир анъана шаклланаётганди. Яъни наманганликлар 2011 йилдан буён мавсумдаги илк учрашувда ғалаба қозониш йўлини тополмаётгандилар. Ниҳоят, янги мавсум бошида ушбу нохуш анъанага барҳам берилди: «Навбаҳор» ўз майдонида «Обод»га қарши саф тортди ва якунда 2:1 ҳисобида устун келди. Биласиз, олий лигага асос солинганига 26 йил тўлган бўлса, «Навбаҳор» бирор марта қуйи лигага тушиб кетмаган. Аксинча, бир марта чемпионликни тантана қилган, кўп марта совриндорлар сафидан жой олган. Ким билади, наманганликлар янги мавсумда ўша шонли даврларни эсга солишар... Айтганча, яна бир шундай нохуш анъана соҳиби - «Сўғдиёна» эса янги мавсумни ҳам мағлубият билан бошлади.

ТУР ҚАҲРАМОНИ - ЖАМШИД ИСКАНДЕРОВ

Жамшид Искандеровни мавсумнинг илк қаҳрамони сифатида тан олганимизда ўзига хос сабаблар бор. Энг оддийси - у «дубл»га эришди. Аммо Жамшидга алоҳида эътибор қаратишимизга унинг 2та голидан кўра, намойиш этган ўйини кўпроқ туртки берди. Анча йиллардан буён Искандеровнинг «Пахтакор»да асосий етакчи ролини олиши кутилади. Ярим ҳимоячи «Қизилқум»га қарши кечган ўйинда айнан шу хислатини намойиш этиш уддасидан чиқди. Бошқача айтсак, жамоадошлари ҳаракати қовушмаётган вақтда айнан у масъулиятни ўз зиммасига олди ва шерикларини ортидан эргаштирди.

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Мавсумнинг қолган 29та ўйинида ғалаба қозонсак ҳам, чемпион бўламиз, барибир. Андрей ФЕДОРОВ («Нефтчи» бош мураббийи).

- 1-турда ҳар доим ҳаяжон сезилади. Қандай бошласанг, шундай давом эттирасан. Бу гап бежиз айтилмаган. Сергей ЛУШАН («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Дарвозамиз томон бир марта зарба берилди ва у гол билан якунланди... Виктор КУМИКОВ («Олмалиқ» бош мураббийи).

- Назаримда, футболчиларимиз олий лигага энди қайтган жамоани осонгина енгишни ўйлаганлар ва бу хом хаёл панд берди. Яна нима дердим, кейинги учрашувларга ҳушёрроқ ёндашамиз. Шавкат САИДОВ («Металлург» клуби бошлиғи).

АБДУЛЛОҲ

«МАШЪАЛ» - «ЛОКОМОТИВ» - 0:1 (0:0)

3 март. Муборак. 2024 томошабин.

Ҳакамлар: И.Танташев (Бухоро)-8,5; Ҳ.Шодмонов (Бухоро)-8,6; А.Қўлдошев (Бухоро)-8,6; Э.Турсунов (Бухоро)-9,0.

Гол: М.Бикмаев (62).

«Машъал»: Ж.Илёсов, С.Раҳмонов, Ж.Убайдуллаев, Ш.Шайманов, А.Шодмонов, З.Қўзибоев, А.Бегимқулов, А.Агалиев, Б.Қосимов, А.Олимов, З.Тўраев (Ҳ.Муртазоев, 80).

«Локомотив»: М.Икромов, Б.Йўлдошев, К.Махарадзе, С.Қутибоев, М.Бикмаев (Н.Кризо, 80), С.Абдуллаев (Ш.Файзиев, 80), С.Мирзаев, Ш.Муҳаммадиев, О.Зотеев, М.Коне, Ж.Машарипов (Қ.Рўзиев, 88).

Огоҳлантиришлар: А.Олимов (33), С.Раҳмонов (58) - М.Бикмаев (71).

Энг яхши ўйинчилар: З.Қўзибоев - М.Бикмаев.

Назоратчи: С.Эрматов (Тошкент).

Комиссар: С.Ризаев.

Ўйиндан кейинги фикрлар:

Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Мавсум старти учун ажойиб ўйин. Майдон ҳолати ҳам, об-ҳаво ҳам яхши. Муборакка 3 очко олиш учун келгандик ва учрашув давомида ташаббусга эришдик. Тўғри, иккинчи бўлим бошида гол урилгач, негадир бўшашиб кетдик. Натижада ўйин охирида ҳимояланишга мажбур бўлдик. Бир-икки вазиятда дарвозабонимиз ишончли ҳаракатланди. Натижадан қониқдим, зеро, мавсумни 3 очко олиш билан бошладик. ОЧЛ - бу ОЧЛ, олий лига эса - олий лига. «Машъал» яхши жамоа эканлигини биламиз. Ўтган йил кубок баҳсида бу клубга ютқазиб қўйгандик. Мезбонлар бугун айниқса, ҳимояда тартибли тўп суришди. Шунингдек, гол қўйиб юборганларидан кейин ҳужумда ҳам фаолликни анча оширишди.

Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи): - Аввало, мухлисларни янги мавсум старти билан табриклайман. Афсуски, биринчи ўйинда ғалаба қозонолмадик. Умуман, мухлислар жамоамизни фаол қўллаб қувватлашларини истардик ва бунга жавобан уларга хурсандчилик онлари тақдим этишга ҳаракат қиламиз. Ҳа, илк ўйинда бундай қилолмадик. Бироқ амалдаги чемпионга қарши баҳсда қайсидир жиҳатларда ундан ортда қолдик, деёлмайман. Ўйин анча жонли ва қизиқарли тус олди. Шогирдларимга озгина босиқлик етишмади, рақибга эса футболчилар тажрибаси қўл келди. Ҳарқалай, «Локо»да битта имконият юзага келди ва ундан фойдаланди, биз эса кўплаб вазиятларни кўкка совурдик. Умид қиламанки, кейинги ўйинларда мухлисларни қувонтирамиз, албатта.

-------------------------------------------------------------------------------

«ПАХТАКОР» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 3:1 (1:1)

3 март. Тошкент. 4153 томошабин.

Ҳакамлар: Ш.Қосимов (Тошкент)-8,6; Т.Галеев (Тошкент)-8,6; А.Пўлатов (Тошкент)-8,5; И.Худойдотов (Тошкент)-9,0.

Голлар: Ж.Искандеров (7, 75), С.Андреев (55) - А.Алланиёзов (34).

Амалга оширилмаган пенальти: Ж.Искандеров (77, П.).

«Пахтакор»: А.Лобанов, В.Козак, К.Тожиев, А.Ораховац, Д.Ҳошимов, А.Исматуллаев (С.Нуруллаев, 74), А.Аҳмедов, С.Андреев, Ш.Каримов, Ж.Искандеров, Ж.Ҳакимов

(И.Ғанихонов, 87).

«Қизилқум»: У.Хонимқулов, Э.Бойдуллаев, А.Рустамов, В.Шодиев, Ф.Қамбаров, А.Алланиёзов (Б.Ғанижонов, 86), А.Геворкян, Ж.Ҳасанов, А.Усмонов, И.Юнусов (С.Шодмонов, 73), А.Юсупов (Ш.Жўраев, 10).

Огоҳлантиришлар: С.Андреев (43), Д.Ҳошимов (90Қ2, П.).

Энг яхши ўйинчилар: Ж.Искандеров - А.Алланиёзов.

Назоратчи: И.Нехочин (Наманган).

Комиссар: Ф.Магометов.

Григорий Колосовский («Пахтакор» бош мураббийи): - Мавсум энди бошланган бўлсада, ўйинимиз анча яхши чиқди. Хусусан, иккинчи бўлимда ташаббусни қўлга олиб, муҳим ғалабани нишонладик. Тўғри, баъзи вазиятларда яхши ҳаракатландик, айримларида аксинча, кўнгилдагидек эмас. Умуман, ўйин қизиқарли кечди. Барча футболчиларга алоҳида миннатдорчилик билдираман.

- Игорь Сергеевнинг жароҳати жиддийми?

- У «Бухоро»га қарши кечган назорат учрашувида жароҳатланганди. Умид қиламанки, Игорь тез орада сафга қайтади. «Нефтчи» билан бўладиган кейинги учрашувга қадар тикланса, нур устига аъло нур... 

- «Пахтакор» олдига қандай вазифа қўйилди?

- Олдимизга ҳар доим чемпион бўлиш вазифаси қў­йилади. Албатта, бу йил ҳам  бош тож учун курашамиз.

- Жамоанинг айни таркиби чемпионликни кўзлаш имконини берадими?

- Албатта. Ихтиёримизда Лобанов ва Сергеев каби юқори малакали футболчилар бор.

- Демак қўл остингиздаги футболчилардан кўнглиз тўқ...

- Баъзи жиҳатларни қисман инобатга олмаганда, ҳа.

«Қизилқум» бош менежери Ҳамиджон Актамов қон босими кўтарилгани сабаб, матбуот анжуманида иштирок этолмади.

------------------------------------------------------------------------

«МЕТАЛЛУРГ» - «ДИНАМО» - 0:2 (0:0)

3 март. Бекобод. 1029 томошабин.

Ҳакамлар: Д.Пислегин (Тошкент)-8,2; А.Усмонов (Тошкент)-8,7; Т.Гайнулин (Тошкент)-8,7; Ж.Мухторов (Тошкент)-9,0.

Голлар: Д.Каримқулов (55-авт.), А.Бозоров (89).

«Металлург»: С.Султонов, Ҳ.Ҳошимов, Д.Каримов,  А.Нўъмонов (Т.Усмонов, 66), Д.Каримқулов, З.Абдуллаев, М.Сулаймонов, Д.Турсунов, И.Исоқжонов, Ж.Абдумўминов, Д.Исмоилов (С.Қодирқулов, 61).

«Динамо»: М.Наумов, М.Локаев, Б.Исроилов, А.Бозоров, Ж.Азимов, С.Сулаймонов (А.Абдуллаев, 55), Ж.Қаҳрамонов, Ш.Холматов, Д.Низанов (А.Сафаров, 85), О.Мамажонов (К.Шарофутдинов, 69), А.Исроилов.

Огоҳлантиришлар: Д.Турсунов (57), З.Абдуллаев (90) - Ж.Азимов (39), Б.Исроилов (82).

Энг яхши ўйинчилар: З.Абдуллаев - Ж.Қаҳрамонов. 

Назоратчи: Ф.Абдуллаев (Тошкент).

Комиссар: Н.Лутфулин.

Олег Тюлькин («Динамо» мураббийи): - Ўйин оғир кечишини билардик, сабаби, биз олий лигага энди қайт­дик, биринчи ўйин, мезбон жамоа эса жуда тажрибали. Шуларни ҳисобга олиб, ҳимоявий тактикани танладик. Хато қилмаган эканмиз, ғалаба қозондик. Мухлисларимизни биринчи ғалаба билан табриклайман. Барча футболчилар, мураббийлар ва бизга ишонган мухлисларга раҳмат. Майдон ҳолатини кўрдинглар, бундай шароитда ҳимояланиш осонроқ. «Металлург» вакиллари эса техник томондан кучли. Майдонлар яхши ҳолатга келгач, бекободликларнинг нималарга қодир эканликларини кўрсатишларига ишонаман. Танланган таркибимизга тўхталсам, тезкор ўйинчиларга эҳтиёж сезгандик. Яъни мезбонлар бутун жамоа бўлиб ҳужумга ўтишгач, улардан қочиб кетишга қодир ёшларни майдонга туширдик. Натижада иккинчи голни уриб, ғалабани мустаҳкамладик.

Илҳом Шарипов («Динамо» бош менежери): - Олий лигага қайтишни ғалаба билан нишонлаганимиздан хурсандмиз. Чемпионат ўйинларига имкон қадар пухта тайёргарлик кўришга интилдик. «Металлург» - мамлакатимиздаги кучли клублардан бири ва унга қарши ўйнаш ҳеч қайси жамоа учун осон бўлмайди. Зеро, у таркиби 6-7 йилдан буён шаклланган тажрибали жамоадир. Бугун «Динамо» жанговар руҳи эвазига устун келди. Йигитларимиздан миннатдормиз - майдонда борларини беришди. Таркибимиз асосан ёшлардан иборат. Улардан майдонда чўчимай курашишни талаб қилгандик. Омад ҳам бизни қўллаб юборди. Самарқанддан Бекободга келиб, «Динамо»ни ёлғизлатмаган мухлисларимизга алоҳида раҳмат. Бу ғалаба тарихда қолди, эртадан чоршанба кунига белгиланган 2-тур доирасидаги «Шўртан»га қарши баҳсга тайёргарлик кўрамиз.

Шавкат Саидов («Металлург» клуби бошлиғи): - Биринчи учрашувни ўз мухлисларингиз қаршисида бой бериш оғир, аммо бу - футбол. Назаримда, футболчиларимиз олий лигага энди қайтган жамоани осонгина енгишни ўйлаганлар ва бу хом хаёл панд берди. Яна нима дердим, кейинги учрашувларга ҳушёрроқ ёндашамиз. Яъни бугуноқ тайёргарликни бошлаймиз.  Самарқандликлар ҳаққоний ғалабага эришдилар, уларни табриклайман. Мавсум энди бошланди. Дастлабки учрашувга қараб, якдил хулоса чиқариш ўринсиз. Кейинги турларда ўз ўйинимизни кўрсатиб, мухлисларимизни қувотиришимизга ишонаман.

«ШЎРТАН» - «НЕФТЧИ» - 1:0 (0:0)

4 март. Ғузор. 4557 томошабин.

Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент)-9,0; М.Саидқосимов (Тошкент)-9,0; Р.Шояхметов (Тошкент)-9,0; И.Гармашов (Тошкент)-9,0.

Гол: Э.Бойматов (60).

«Шўртан»: Э.Тожибоев, С.Акбаров, Ж.Жиямуродов, Р.Вагапов, О.Пишур (Қ.Нурметов, 68), У.Эшмуродов, О.Жўрабоев, Э.Бойматов, С.Ҳамроев, С.Собирхўжаев, О.Нарзуллаев (А.Холматов, 76).

«Нефтчи»: Ў.Юсупов, С.Концевой, У.Қодиров, Ш.Ҳакимов, А.Махсталиев (С.Абдужабборов, 79), Т.Луцевич, М.Музаффаров, Ж.Расулов (М.Мамазулунов, 65), Д.Эрматов, Н.Павленко (А.Абдулҳақов, 56), Д.Комаровский.

Огоҳлантиришлар: Э.Бойматов (40) - У.Қодиров (90Қ3).

Четлатиш: Э.Бойматов (62, Ш.).

Энг яхши ўйинчилар: С.Собирхўжаев - М.Музаффаров.

Назоратчи: С.Нажафалиев (Тошкент).

Комиссар: Б.Ҳайдаров.

Андрей Фёдоров («Нефтчи» бош мураббийи): - Афсуски, талаб даражасида ўйнай олмадик. Фақат 15 дақиқа давомида яхши ҳаракатландик, холос. Шунинг баробарида рақибга хавфли ҳужум уюштириш имкониятини бермадик. Аммо биргина шундай ҳужумни ўтказиб юбордик. Биринчи ўйинлиги учунми, йигитларга нимадир етишмагандир. Аслида мақсадимиз - ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш. Агар буни эпласак, 1-ўринда юрамиз. Бироқ 1-турдаёқ ютқазишга улгурдик... Лекин қолган 29та ўйинни ютсак ҳам, чемпион бўламиз, барибир (кулади).

------------------------------------------------------------------------

«НАВБАҲОР» - «ОБОД» - 2:1 (1:0)

4 март. Наманган. 12311 томошабин.

Ҳакамлар: Ҳ.Рўзиев (Тошкент)-8,2; О.Абдувасилов (Тошкент)-8,2; С.Шоюсупов (Тошкент)-8,2; А.Раҳимов (Андижон) - 8,0.

Голлар: М.Ғофуров (15), Ғ.Комилов (50) - Н.Ҳаипов (90Қ1).

«Навбаҳор»: А.Омонов, А.Саматов, Ғ.Комилов, О.Қиличев (А.Турғунбоев, 79), Д.Жабборов, М.Саидов (Т.Толипов, 89), М.Ғофуров, А.Алиев, Т.Шамсиддинов, Д.Станоевич, Н.Йованович.

«Обод»: Ш.Абдуллаев, А.Ҳусинов, А.Ғофуров, Ф.Мираҳматов, Ғ.Умиров, С.Рихсибоев, Д.Ҳасанов, П.Соломин (Н.Ҳаипов, 54), С.Эрматов, Ш.Норхонов, С.Қаҳҳоров.

Огоҳлантиришлар: М.Ғофуров (63), Д.Станоевич (80) - Ш.Абдуллаев (15), А.Ғофуров (80).

Энг яхши ўйинчилар: Н.Йованович - Ш.Норхонов.

Назоратчи: А.Ҳотамов (Тошкент).

Комиссар: Р.Черников.

Фарҳод Сафаров («Обод» клуби директори): - Аввало, «Навбаҳор»ни ғалаба ва наманганликларни яқинлашаётган Наврўз байрами билан табриклайман. Ўйинга келсак, афсуски, тезкор гол қўйиб юбордик. Чемпионат стартидаги ўйинлар доимо оғир кечади. Ўйлайманки, 3-4 турдан кейин барчаси изга тушади. Биласизлар, Рауф Инилеев оёғини операция қилдирган ва ҳозир тикланиш жараёни билан банд. Бош мураббий шу боис, Наманганга келолмади. Унинг йўқлиги жамоага таъсир қилди, албатта. Шахсий фикрим, стадиондаги ҳолат жамоамизга қийинчилик туғдирди. Футболчиларимизнинг қандай югуришларини биламан, аммо уларга бугун босим таъсир қилди. Шоҳруз Норхоновнинг жароҳати жиддий эмас, у кейинги ўйинларда майдонга тушади.

Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Оғир ўйин. Шундай бўлишини билардик. Мавсум доирасидаги биринчи баҳс бўлгани учунми, йигитларни ҳая­жон босди. Улар  12 минг мухлис қаршисида  эркин тўп суришга қийналишди. Муҳими, шогирдларим бор кучлари билан ҳаракат қилишди ва бунинг учун раҳмат. Шунчаки, охирида бироз бўшашдик ва гол қўйиб юбордик. «Обод»нинг охирги ўйинларини обдон ўрганиб чиққандик. Бу жамоа яхши шаклланган. Бугун қандай ҳисобда ютишимиз аҳамиятсиз эди. Зеро, 3 очко олиш асосий вазифа саналарди. Меҳмонлар сафида Шоҳруз Норхонов фаол ўйнаган бўлса, биздан Алишер Саматов ажралиб турди.

------------------------------------------------------------------------

«ҚЎҚОН-1912» - «НАСАФ» - 1:2 (0:1)

4 март. Қўқон. 8135 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент)-10,0; А.Расулов (Тошкент)-10,0; Ж.Саидов (Тошкент) 10,0; А.Эргашев (Тошкент)-9,0.

Голлар: Б.Акрамов (89) - Б.Абдураҳимов (6), Д.Черан (76).

«Қўқон-1912»: М.Абдуллаев, Б.Акрамов, Ж.Кимсанов (М.Ҳасанов, 82), Ж.Ҳасанов,  Н.Отақўзиев (А.Сидоров, 64), Б.Пардаев,  А.Мерзляков, А.Холмуродов, М.Холмуҳаммедов, Р.Мелзитдинов, О.Рустамов (Ф.Райевац, 51).

«Насаф»: С.Қувватов, А.Шораҳмедов, И.Голбан, Ш.Аъзамов, А.Ғаниев (Д.Раҳматуллаев 85), Ф.Сайфиев, Б.Абдураҳимов, О.Ҳамробеков, Д.Хушбаков (И.Кенжабоев, 90Қ1), Ш.Эркинов (Д.Нарзуллаев, 81), Д.Черан.

Огоҳлантиришлар: Р.Мелзитдинов (51), Б.Акрамов (55) - Д.Черан (2), А.Ғаниев (55).

Энг яхши ўйинчилар: Б.Акрамов - А.Ғаниев.

Назоратчи: А.Абдуллаев (Тошкент).

Комиссар: А.Фролов.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Барча-барчани янги мавсум старти билан табриклайман. Ўйиннинг оғир кечиши олдиндан тайин эди. Бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдинглар. Ғалаба осонликча қўлга киритилгани йўқ. Футболчиларимиз 90 дақиқа мобайнида диққат-эътиборни йўқотмасдан ҳаракатландилар. Ўйлайманки, шу ёндашув ғалабамизга асосий омил бўлди. Рақиб жамоа эса асосан узун «пас»ларга таяндики, бу ҳам бизга маълум даражада қўлайлик яратди. Яъни ҳимояланишимиз осонроқ кечди. Умуман, футболчилар кўрсатмаларни яхши бажаришди, асосийси, диққатни бир зум  йўқотишмади. Майдон ҳолати? Чим ҳали яхши ривожланмаган. Фақат бу ердаги стадион эмас, балки кўп жойда худди шундай ҳолатни кўриш мумкин. Ўйинга тайёргарлик жараёнида майдон ҳолатини ҳам ҳисобга олгандик. Демоқчиманки, шундай шароитда ўйнашга тайёр эдик. «Қўқон-1912»га келсак, айтиш жоиз, жамоа бу йил таркибига кўплаб маҳоратли футболчиларни қўшиб олди. Яширмайман, мезбонлардан кучлироқ ўйин кутгандик, балки уларга стартдаги ҳаяжон халақит бергандир, аммо ишончим комил, жамоа футболчилари ҳали ўзларини кўрсатишади. Ҳарқалай, «Қўқон-1912»дан етакчи жамоаларга катта муаммолар туғдиришини кутсак бўлади.

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Курашларга бой ўйин. Футболчиларимизда ҳаяжон сезилиб турди. Яна тезкор гол қўйиб юборганимиз ўйинимизга таъсир қилди. Бугун кўзга ташланган камчиликлар устида ишлашда давом этамиз. Дарвозабон Музаффар Абдуллаев кеча яхши ўйнагани учун уни асосий таркибда майдонга туширдик. Шахсан мен қўйиб юборилган 2та голда ҳам Музаффарни айблолмайман. Жавоҳир Сиддиқов ва Дарко Гожкович каби етакчи ўйинчилар эса жароҳат сабаб, майдонга тушишмади. Чемпионат энди бошланди, ўйлайманки, ҳали вазиятни ўнглаймиз.

«БУХОРО» - «ОЛМАЛИҚ» - 1:0 (1:0)

4 март. Бухоро. 12200 томошабин.

Ҳакамлар: В.Коваленко (Тошкент)-9,0; Р.Серазетдинов (Тошкент)-8,3; Н.Рўзимов (Тошкент)-8,3; Ф.Норсафаров (Қарши)-9,0.

Гол: И.Нагаев (22).

«Бухоро»: А.Турсунбоев, Б.Омонов, К.Пасичник, С.Неъматов, С.Шихов, А.Шоғуломов (Н.Умуров, 64), Ш.Гадоев (Ж.Ҳасанов, 58), Р.Ҳасанов, Э.Исмоилов, В.Баенко, И.Нагаев (Б.Ваҳобов, 86).

«Олмалиқ»: А.Тўраев, Д.Жўраев, З.Ўринбоев, К.Мурзоев, Ш.Муллажонов, И.Иномов, Д.Усмонов (А.Ҳожиакбаров, 30), Р.Бердимуродов, М.Исаев (В.Клишин, 80), И.Йелич, В.Касминин.

Огоҳлантиришлар: В.Баенко (57), Б.Ваҳобов (90Қ2) - И.Йелич (57), Ш.Муллажонов (81).

Энг яхши ўйинчилар: И.Нагаев - Ш.Муллажонов.

Назоратчи: А.Попов (Тошкент).

Комиссар: А.Иноятов.

Виктор Кумиков («Олмалиқ» бош мураббийи): - Майдонда тенг кураш борди, ҳисоб. Биринчи бўлимда «Бухоро»нинг бироз устунлиги сезилган бўлса, танаффусдан кейин биз фаолроқ кўриндик. Дарвозамиз томон бир марта зарба берилди ва у гол билан якунланди. Шогирдларимда ҳам гол уриш учун вазиятлар юзага келди, аммо улардан фойдаланолмадик. Ўйиннинг ўзи анча тажовузкор руҳда кечиб, курашларга бой бўлди. Футболда бунингсиз иложи йўқ.

Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - Футболчилар кўрсатмаларимизни астойдил бажаришга интилишди ва шунинг эвазига ғалаба қозондик, деб ўйлайман. Хорватиялик легионернинг ҳужжатларига боғлиқ муаммо юзага келди, лекин у насиб этса, кейинги баҳсда майдонга тушади. Яна 2 нафар футболчи билан музокара олиб боргандик, афсуски, уларнинг трансфери амалга ошмай қолди. Таркибимизда бошқа ўзгариш бўлмайди. Якунда жамоа номидан мухлисларга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Улар бугун ғалабамизга улкан ҳисса қўшишди.

----------------------------------------------------------------------

«БУНЁДКОР» - «СЎҒДИЁНА» - 1:0 (0:0)

4 март. Тошкент. 509 томошабин.

Ҳакамлар: О.Толибжонов (Тошкент)-8,4; А.Снетков (Тошкент вил.)-8,3; А.Цапенко (Тошкент вил.)-8,3; Р.Лутфулин (Тошкент) - 9,0.

Гол: Д.Ҳамдамов (79).

«Бунёдкор»: М.Зуҳуров, Р.Ашурматов, Д.Мичич, Ж.Иброҳимов, В.Чемиртан, А.Саноев (Н.Тўхтасинов, 52), Д.Ҳамдамов, Д.Аҳмадалиев (А.Комилов, 38), О.Шукуров, Х.Ғиёсов, Ж.Эсонқулов (Ш.Нурматов, 69).

«Сўғдиёна»: С.Каримов, С.Қулматов, А.Исроилов, Э.Орипов, С.Мамадалиев, С.Рашидов, А.Маҳмудов, Р.Аъзамов, И.Тошпўлатов (Д.Абдураҳмонов, 66), Қ.Баҳодиров, С.Эминов (Ш.Достонов, 81).

Огоҳлантиришлар: Д.Аҳмадалиев (22), А.Комилов (77) - С.Мамадалиев (37).

Энг яхши ўйинчилар: Д.Ҳамдамов - С.Қулматов.

Назоратчи: Ш.Жумаев (Қарши).

Комиссар: Ш.Ражабов.

Даврон Файзиев («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Ўйин давомида «Бунёдкор»нинг кичик устунлиги сезилиб турди. Мезбонлар кўп ҳужум уюштиришди, лекин биз анча вақт якуний зарбага имкон бермай, уларни анча  қийнаб қўйдик. Афсуски, рақиб биттагина вазиятдан фойдаланиб, 3 очкони ўз томонига оғдирди. «Бунёдкор» - «Ал-Айн» ўйинини бутун жамоамиз билан стадионда кузатган ва керакли хулосалар чиқаргандик. Бироқ охирида омадимиз чопмади. «Сўғдиёна»ни бош мураббий сифатида 5-мавсум олий лига ўйинига бошлаб тушяпман. Ачинарлиси, бу сафар ҳам стартда ижобий натижа қайд этолмадик. Бугун асосий вазифамиз камроқ хато қилиш ва «Бунёдкор»нинг қанот футболчиларига имкон бермаслик эди. Дастлабки 45 дақиқаликда барчасини тўғри бажардик. Бироқ иккинчи бўлимдаги биргина вазият қимматга тушди.

Сергей Лушан («Бунёдкор» бош мураббийи): - Кутганимиздек, рақиб ҳимоядан ўйнади ва маълум даражада қийналдик. Бундай ҳолатда иккинчи жамоага осон бўлмайди. Ҳа, гол уришимиз учун етарлича имконият юзага келди, аммо атиги битта вазиятдан фойдаландик. Энг асосийси - чемпионатни ғалаба билан бошладик. Бу шахсан мен учун жуда муҳим. 1-тур учрашуви ҳар доим ҳаяжон остида кечади. Қандай бошласанг, шундай давом эттирасан. Бу гап бежиз айтилмаган. Умид қиламанки, кейинги учрашувларда ҳам мухлисларимизга хурсанд­чилик улашамиз. Кейинги турда «Олмалиқ» меҳмони бўламиз. Демакки, бизни осон ўйин кутмаяпти...

Тур Статистикаси

Ўйин: 8

Гол: 16 (ўртача: 2)

Томошабин:44918 (ўртача: 5614...)

Мезбонлар ғалабаси: 5

Меҳмонлар ғалабаси: 3

Йирик ҳисобли ғалаба:-

Энг  сермаҳсул ўйин:  «Пахтакор»-«Қизилқум» (4та гол)

Огоҳлантириш: 26 (ўртача: 3,25)

Четлатиш:1 (0,12...)

Энг «қўпол» ўйин:«Шўртан-«Нефтчи» (2та  «сариқ» Қ 1та «қизил»)

Энг кўп томошабин кирган ўйин:«Навбаҳор» - «Обод» (12311)

Пенальти: 1 (самарасиз)

«Дубль»: 1 (Ж.Искандеров, «Пахтакор»)

Автогол:1 (Д.Каримқулов, «Металлург»)

Келгуси ўйинлар

2-тур

8 март (чоршанба)

Локомотив - Сўғдиёна

Динамо - Шўртан

Нефтчи - Пахтакор

9 март (пайшанба)

Олмалиқ - Бунёдкор

Насаф - Бухоро

10 март (жума)

Машъал - Металлург

Қизилқум- Навбаҳор

Обод - Қўқон-1912


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz