Қайднома

Қидирув

Қурбон Бердиев: «Иван Альбертович машҳурликда Моуриньодан қолишмайди»

Қурбон Бердиев: «Иван Альбертович машҳурликда Моуриньодан қолишмайди»

  07.03.2017 02:32
  0
  1086
Қурбон Бердиев: «Иван Альбертович машҳурликда Моуриньодан қолишмайди»

«Кўр» қуръа ҳукмига кўра, «Ростов» ЕЛ нимчорак финалида «МЮ»га қарши ўйнайдиган бўлди. Россия клубининг номдор мураббий қўл остидаги номдор жамоа билан куч синашиши қизиқиш даражасини анча оширишига шубҳа йўқ. Қолаверса, «Ростов» устози Қурбон Бердиев ҳам анойи мураббийлардан эмас. Хўш, Бердиев - Моуриньо қарама-қаршилигида кимнинг имконияти баланд? «ССФ» нашри бўлажак рақибларга алоқадор шахсларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқди.

Тимофей Калачев («Ростов» ҳимоячиси):

«Моуриньо Ростовда? Бу жуда қизиқ».

- Қуръа натижасидан мамнунмисиз?

- «МЮ» - ЕЛда иштирокини давом эттираётган жамоалар орасида энг кучлиси. Кескин кураш кечиши аниқ. Иккинчи томондан, барчамиз айнан шундай рақибга дуч келишни истагандик. Чунки бу шаҳримиз ва мухлислар учун унутилмас воқеа бўлади. Улар шундай футбол томоша қилишга муносиблар.

- «Ростов»да ижобий натижага умид борми?

- Ҳар қандай рақибга қарши муносиб тўп суриш мумкин. Агар «МЮ» тўсиғидан ўта олсак, турнирда ғолиб чиқиш имкониятини ҳосил қиламиз, ўз кучимизга ишонч ҳисси янада ортади. Бордию, енголмасак, фожиа ясамаймиз. Ахир шаҳримизга ажойиб байрам тортиқ этамиз, барибир.

- Дарҳақиқат, «Ростов» мухлисларига ҳамма ҳавас билан қарамоқда.

- Ҳа, рақиблар масаласида омадимиз чопди. Мухлисларимиз бир йил ичида «Аякс», ПСВ, «Бавария» ва «Атлетико» каби грандлар ўйинларига гувоҳ бўлишди. Бу чинакам фантастика!

- Англияликларга қарши баҳс шахсан сиз учун ҳам  қўшимча имконият, шундайми?

- Ҳар қандай ҳолатда ҳам, суперклубга қарши ўйнаш доимо қизиқарли. Айтганча, Беларусь термаси сафида «МЮ»нинг бир қатор футболчиларига қарши тўп сурганман. Масалан, Погба, Мата, Мхитарян билан куч синашиб кўрганман.

- Ибрагимович биланчи?

- Ҳозирча, йўқ. Бу футболчи бошқалардан яққол ажралиб туради. У - ҳозирги «МЮ»нинг чин юлдузи.

- Моуриньо Ростовдаги «Олимп» стадиони майдони четида. Очиғи, бу манзарани тасаввур қилиш қийин.

- Жозе - замонавий футболнинг ёрқин вакили. Лекин бизнинг мураббий ҳам машҳурликда ундан қолишмайди...

Андрей Канчельскис(«МЮ» собиқ ярим ҳимоячиси):«Ростов»|«МЮ» - ажойиб қуръа!»

- Қуръа натижасини «Ростов»га нисбатан қандай баҳолайсиз?

- Рисоладагидек.

- Жамоанинг имконияти борми?

- Албатта, бор. Вақтида «Ротор» ва «Торпедо» клублари «МЮ»ни маҳв этгандилар. Нега энди «Ростов» ҳам шунга уриниб кўрмаслиги керак?

- Эътиборлиси, статистика ҳам «Ростов» томонида: «МЮ» еврокубок турнирлари «плей-офф» босқичларида Россия клубларини бирор марта енголмаган. Яъни УЕФА кубогида «Ротор» ва «Торпедо»га йўл берган бўлса, Европа суперкубоги учун баҳсда «Зенит»га бас келолмаган...

- Демак, собиқ жамоам ниманидир исботлашга уриниши тайин. «Қизил иблислар» айни пайт 4та фронт - ЕЛ, Англия ва Лига кубоги ҳамда АПЛда кураш олиб бормоқдалар. Улар учун ғолиб чиқиш катта аҳамият касб этади.

- Моуриньонинг фаолиятига қандай баҳо берасиз?

- Келинг, бу борада шошилмайлик. Фаолиятни қандай бошлаш эмас, қандай якунлаш муҳим. «Ростов»га осон бўлмаслиги аниқ. Тан олиш керак, ростовликлар юксак савияда ўйнашяпти, жамоа Бердиевдек малакали мураббийга эга. Афсуски, шундай мутахассис терма жамоада эмас. Бунинг сабабини футболимиз мутасаддиларидан сўраш керак. Ҳарқалай, Бердиев миллий жамоани Черчесовдан кўра, яхшироқ бошқарарди, менимча.

- Моуриньо ва Бердиев услубларида қандайдир ўхшашлик бор - тезкор ҳужум ва аниқ ҳимоя. Бу фикрга қўшиласизми?

- Футболда ҳеч қайси тактика  иккинчисига ўхшамайди. Муҳими - натижа. Қолгани - ҳеч нарса!

- Қизиқ, бўлажак баҳсларда қайси жамоага тарафкашлик қиласиз?

- Албатта, «МЮ»га. Ахир «Ростов»да ўйнаган эмасман. Шу боис, саволингиз ўринсиз. «МЮ» эса менинг жамоам. Доимо унинг мухлисиман.

- Сизнингча, Моуриньо «МЮ»да кўзлаган мақсадига эриша оладими?

- Умид бор, бундан ортиқ ҳеч нарса деёлмайман. Унинг машғулот олиб бориш жараёнини кўрмаганим сабаб, ишига баҳо беролмайман. Зеро, четдан туриб, баҳо бериш тўғри эмас.

С. РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz