Қайднома

Қидирув

Бўрилар тўқ, қўйлар бутун

Бўрилар тўқ, қўйлар бутун

  09.03.2017 00:15
  0
  1162
Бўрилар тўқ, қўйлар бутун

Таажжубки, Португалиянинг 3 етакчи клуби ҳар йили мунтазам равишда таркибдаги сара юлдузларни Европа грандларига пуллайди. Янги мавсумда ҳеч нарса бўлмагандек, муваффақиятли иштирокни давом эттиради. Афтидан, улар юксак савиядаги футболчиларни тайёрлаш борасида ўта самарали тизимни йўлга қўйган кўринишади: грандлар билан амалга оширилаётган трансферлар йирик даромад манбаига айланган бўлса, еврокубок мусобақаларидаги муваффақиятли иштирок ҳисобига клубларнинг молиявий  қудрати янада мустаҳкамланмоқда. Мисол учун, «Порту» ва «Бенфика» бу мавсум ҳам ЕЧЛ «плей-офф» босқичига етиб келишди. Хуллас, иқтисодиётнинг етакчи «ғилдираклари»дан бири маромига етказиб адо этилмоқда: «Бўрилар тўқ, қўйлар ҳам бутун!»

Лиссабон-Париж йўналиши бўйлаб саёҳатга отланган «бургутлар» маконининг сўнгги вакили - Гонсало Гедеш жамоа ғазнасини 30 млн.га бойитишдан ташқари, лиссабонликларни кейинги трансфердан ҳам маълум миқдорда улуш олиш ҳуқуқи билан таъминлади! Қизиқ томони шундаки, нисбатан ўртамиёна чемпионатда қатнашадиган 2-3 жамоа юксак савиядаги қимматбаҳо футболчиларни мунтазам равишда етказиб бермоқда. Бошқа томондан олганда, Португалия қитъа чемпиони! Унинг етакчи ўйинчиси эса замонавий футболдаги ёрқин юлдузнинг бири. Қолаверса, футбол оламидаги энг машҳур мураббий ва агент ҳам шу мамлакат фуқаролари.

Аслида, ҳар қандай бизнеснинг муваффақиятини таъминлашга қодир бўлган ягона қоида йўқ, у бир қатор омиллардан юзага келади. Португалияликлар қандай қилиб ноёб иқтидор соҳибларини ўзларига жалб этишлари, тарбиялаб юксак савияли футболчи сифатида юқори баҳоларда харидорларга етказиб беришларини кўриб чиқайлик.

Айтинг-чи, бошқа спорт тури бўйича дунёга донг таратган бирорта португалиялик спортчини айта оласизми? Ҳа, яшанг, айтолмайсиз! Бунинг асосий сабаби шундаки, Португалия фақат футбол билан нафас олади, жумладан, маҳаллий ОАВ ҳам - у ерда асосан футболга оид воқеалар ёритилади. Мамлакат иқтисодиётининг аянчли ҳолатидан келиб чиқадиган бўлсак, ёш авлод вакилларининг аксарияти фаровонликнинг айнан биринчи рақамли спортда яширин эканлигини яхши билишади.

Хорижликлар учун эса Португалия чемпионати орзу даражасидаги трамплин вазифасини ўтайди: «Порту», «Бенфика» ва «Спортинг»даги малакали скаутлар ЕЧЛда муносиб тўп сура оладиган ўйинчиларни қидириб топишади, мавжуд камчиликлар тажрибали мутахассислар кўмагида бартараф этилади, қарабсизки, Европа ареналарини синчковлик билан кузатадиган талабчан харидорлар эътиборини ўзларига қаратадилар. Португалия клубларида тўп суриш орқали катта даромадга эга бўлиш мумкин эмаслиги ўз-ўзидан тушунарли. Аммо самарали ўйин уларнинг грандлар сафидан жой олишларини таъминлайди. Рисоладагидек савия ва малакали мутахассисларга эга бўлган Португалия Жанубий Америка вакиллари учун айни муддао - табиий иқлим, ўхшаш урф- одатлар ва маданият, бразилияликлар-ку ўзларини уйларидагидек ҳис қиладилар. Ҳатто тиллари ҳам бир хил. Футболчилар маҳорати маромига етишида меҳнати синган клублар ҳам насибасиз қолишмайди, трансферлар эвазига келадиган мўмай даромад барча харажатларни қоплайди. Лисандро Лопес, Радамель Фалькао ва Халк каби таниқли юлдузларни арзонга олиб, қимматга сотиш анъанага айланган яққол мисол. «Бенфика» эса Анхель Ди Мария, Давид Луис ва бир қатор «маҳсулот»лари билан  мақтаниши мумкин. «Спортинг» ҳам азалий рақибларидан ортда қолмасликка интилмоқда - Жо Марио ҳамда Ислом Слиманига айнан шу жамоа трамплин бўлди.

Қизиғи шундаки, иқтисодий мезонлар Португалия клубларининг шу тариқа фаолият юритишларига имкон бермоқда. Грандлар ноёб иқтидор соҳибларини излаб топиш, уларни тарбиялашни унчалик хуш кўришмайди. Футболчи яшил майдонда ўз маҳоратини намойиш этиб, номдор жамоа либосига муносиб эканлигини исботлаганидан кейингина гигантлар эътиборига тушади. Тараққиётнинг самарали йўналиши Португалияда 80-90 йилларда бўй кўрсата бошлади. Луиш Фигу, Руи Кошта етакчилигидаги олтин авлод вакилларини тарбиялаган Қарлуш Кейруш ёшлар терма жамоасини ЖЧда шоҳсупага олиб чиқди, кейин мамлакат миқёсида бир қатор дастурларни ишлаб чиқди. Натижада футболдаги тараққиёт малакали мураббийларни тарбиялаш билан уйғунликда олиб борилди. Мамлакат ФФ уларнинг малакасини оишириш учун курслар ва семинарлар ташкил этишга катта маблағ ажрата бошлади. Оқибатда Жозе Моуриньо ва Андре Виллаш-Боаш каби иқтидорли ёш мутахассислар етишиб чиқдилар, ҳозирда Пауло Соуза ҳар қандай топ- клубни бошқара оладиган малакали мутахассис сифатида эътироф этилмоқда. Қолаверса, Леонарду Жардимнинг «Монако»даги, Жоржи Жезушнинг «Спортинг»даги фаолияти юксак баҳоланмоқда. Ижобий ўзгаришларнинг маҳсули сифатида Португалия ниҳоят қитъа чемпионлигига эришди, ёшлар терма жамоаси ҳам йирик турнирлардан совринлар билан қайтадиган бўлди.

Шу ўринда футболчилар олди-сотдисини деярли санъат даражасига олиб чиққан Жорже Мендеш хусусида алоҳида тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Ўз вақтида тунги клублар соҳиби бўлган мутахассис дунё бўйлаб улкан алоқалар тармоғини шакллантириб, севимли спорт турини чинакам бизнесга айлантирди. Сэр Алекс Фергюсондек афсонавий мураббий ҳам агентнинг маҳоратига қойил қолиб, автобиографик асаридан алоҳида саҳифа ажратди. Мендешдаги харидорлар талаб-истакларига бўлган катта эътибор, клубларга бўлган адолатпарварлик сэр Алексни мафтун этганди. Дарҳақиқат, томонларни бирдек қониқтирадиган энг мақбул ечимларни топишда Мендешга тенглаша оладиган мутахассис йўқ. Мижозлари орасида Жозе Моуриньо ҳамда Криштиану Роналдуни 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган барча мухлислар яхши билишади. Сўнгги 20 йил ичида Португалияда амалга оширилган йирик трансферларнинг аксарияти айнан Мендеш мижозларидир. «Бенфика» президенти агентни ўзининг бизнес шериги сифатида эътироф этади, «Порту» бу каби баландпарвоз иборалардан фойдаланган бўлмасада, Мендеш билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган. Тўғри, футбол агентларининг «пўстагини қоқиш» билан донг таратган мутахассиснинг «Спортинг» президенти лавозимини эгаллаши жамоанинг Жорже билан ҳамкорлигига салбий таъсир этди. Шунга қарамай, алоқа батамом узилиб қолган эмас.

Ўта самарали конвейер кўринишида шаклланган тизимда клублар улуши ҳам салмоқли. Улар ҳар бир трансфер мавсумида ҳеч бўлмаганда бир жуфт юксак савиядаги футболчи билан иштирок этишади. Уларни ўзига хос сифат белгиси дейиш мумкин. Баҳолар анча юқори, лекин ўйинчиларнинг иш ҳақи «осмон»да эмас. Хуллас, ҳозир амалда бўлган олди-сотдилардан барча томонлар манфаатдор: харид қилди, сотди, излашни давом эттирди. «Чарх­палак» тўхтовсиз равишда айланиб турибди - клублар даромад олишмоқда, грандлар савияли футболчиларга эга бўлишмоқда, ўйинчилар эса янги-янги чўққиларни забт этишмоқда!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz