Қайднома

Қидирув

Ҳакамга атаганингиз борми?

Ҳакамга атаганингиз борми?

  16.03.2017 00:16
  0
  1505
Ҳакамга атаганингиз борми?

Испания примеросида ҳакамлик масаласига боғлиқ навбатдаги можаро юзага келгач, маҳаллий журналистлар алоҳида «тергов» уюштириб, реферилар чемпионат иштирокчиларидан қандай эсдалик совғалари олишларини аниқлашди. Гап шундаки, «Вильярреал» - «Реал» ўйини (24-тур)дан сўнг мезбон жамоа президенти Фернандо Ройг кутилмаган баёнот билан чиқди: «Ҳакамлар бригадаси вакиллари стадиондан «Реал» белгисидаги совғаларни кўтарганча мамнун чиқиб кетишди. Менимча, бу нотўғри иш...». Испаниялик миллиардер шунинг баробарида рефери Хиль Мансанонинг ишига очиқ-ошкора эътироз билдирди. Кейинчалик Ҳакамлар қўмитаси вазиятга аралашиб, «Реал» томонидан берилган совғалар моддий қадриятга эга бўлмаганини маълум қилди. «Мадрид» раҳбарияти ҳакамларга шунчаки, миннатдорчилик ва ҳурмат нуқтаи назаридан клуб рамзи туширилган калитилгич, нишон ва оддий ручкалар берган эмиш. Эслатиш жоиз, ўша баҳсда мадридликлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Хуллас, Marca газетаси журналистлар изланишлари самараси ўлароқ, испан клублари томонидан ҳакамларга тортиқ этиладиган эсдалик совғалари рўйхатини тузиб чиқди.

«Алавес»

Бу клуб ҳар бир ҳакамни бир қути ширинлик ва ўйин аввалида олинган сурат туширилган флешка билан сийлайди. «Алавес» вакиллари учрашув расмийларига шу тариқа миннатдорчилик билдиришни одат тусига олиб киришган. Яъни жамоа қандай натижа қайд этишидан қатъий назар, улар қуруқ қайтмайдилар.

«Атлетик»

Бильбаоликлар авваллари ҳакамларга жамоа формаси ёки «Атлетик» рамзи туширилган ҳаммом халати беришарди. Эндиликда махсус тайёрланган вимпеллар тортиқ этиш билан чекланишяпти.

«Атлетико»

«Матрасчилар» ўйинини бошқарган рефери махсус нишон ёки вимпел олишга кўз тикиши мумкин, холос. «Атлетико» бу масалада анча зиқна.

«Барселона»

Каталонияликлар одатга кўра, ҳакамлар бригадасига битта катта ва бир нечта кичик вимпел ҳозирлаб қўйишади. Тўғри, баъзан ҳимматлари ошиб кетса, клуб логотипи туширилган соатлар беришлари мумкин.

«Бетис»

Фақат вимпел - бу клубдан бошқа нарса кутиш бефойда.

«Валенсия»

«Кўршапалаклар» авваллари ҳакамларга керамик ҳайкалчалар тортиқ этиш орқали миннатдорчилик изҳор қилишарди. Лекин айни пайт «Валенсия»нинг совға «қути»си клуб журнали, вимпеллар, нишонлар, ручкалар ва формалардан иборат.

«Вильярреал»

Бу жамоа ҳам авваллари аксарият иштирокчилар каби махсус нишон ва вимпеллар тарқатарди. Охирги вақтларда эса ҳакамларни қуруқ қўл билан қайтаришга одатланди. Тўғри, «Вильярреал» раҳбарияти еврокубоклар доирасидаги ўйинларда зиқналикни унутиб, УЕФА томонидан юборилган барча расмийларга махсус ликопча, клуб формаси ёки сувости кемасининг кичик нусхасини беради.

«Гранада»

Камтарона ёндашув. Ҳакамлар бу жамоадан атиги махсус нишон олишади.

«Депортиво»

«Депор» ҳозирда клуб нишонлари бериш билан чекланяпти. Олдинлари эса ўйинда ишлаган ҳакамлар ўз хотинларига аталган сирғалар ва Испаниянинг энг машҳур компаниясида ишланган сопол идишлар тўплами билан қайтишарди.

«Лас-Пальмас»

Клуб ходимлари ҳакамлар учун айни улар ишлаган ўйин чоғи олинган суратлардан тезкор равишда махсус фотоальбом тайёрлашади. Чинакам эсдалик.

«Леганес»

Жамоа ўйинлардан сўнг нафақат ўз футболчилари, балки рақиблар ва ҳакамларни пиццахўрликка таклиф этади. Хайрлашиш чоғи эса меҳмонларга вимпел ва нишонлар берилади.

«Малага»

Малагаликлар бу борада «Лас-Пальмас» йўлини танлашган - ҳакамлар ўйин суратларидан таркиб топган махсус альбом олишади.

«Осасуна»

Бу жамоа ўйинига тайинланган рефери кўпи билан махсус нишонга умид боғлаши мумкин.

«Реал»

Ҳакамларга ҳам, рақиб жамоа футболчиларига ҳам «Реал»нинг муайян ўйинчиси рақами ёзилган форма таклиф этилади. Гоҳида футболка ёзувсиз бўлиши ҳам мумкин. Бунга нишонлар, калитилгичлар ва ручкалар қўшилади.

«Реал Сосьедад»

Клуб ҳакамларни эсдалик совғаларисиз қайтармайди. Хусусан, рефери кўпинча «Реал Сосьедад»нинг оригинал футболкасини олади.

«Севилья»

Стандарт тўплам: нишон, вимпел ва клуб футболкаси.

«Сельта»

Камтарона совғалар тўплами - махсус нишон ёки оддий вимпел.

«Спортинг»

Ҳакамлар бу жамоадан ҳеч вақо олмайдилар.

«Эспаньол»

Каталониянинг иккинчи рақамли клуби ҳам ўз майдони, ҳам сафардаги ўйинлардан сўнг ҳакамларга нимадир берадиган иштирокчилардан биридир. Тўғри, айни пайт жамоанинг совғалар тўплами анча ғариб кўринишда - нишонлар ва вимпеллар. Лекин олдинлари ҳакамлар бригадасига денгиз маҳсулотлари тортиқ этиларди.

«Эйбар»

Ҳакамлар ўтган мавсум клубнинг 75 йиллиги шарафига чиқарилган бежирим альбом олишганди. Эътиборлиси, «Эйбар» ҳозиргача шундай альбом тортиқ қиляпти. Яъни аввалги чемпионатда «Ипуруа» стадионида ишламаган рефериларга айнан фотосуратлар жамланмаси бериляпти.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz