Қайднома

Қидирув

Кубок ва чемпионат «гулдастаси»

Кубок ва чемпионат «гулдастаси»

  15.03.2017 22:41
  0
  2198
Кубок ва чемпионат «гулдастаси»

Ўтган ҳафтанинг фантастик ғалабалар ва аламли мағлубиятлар серияси дам олиш кунларида кубок ва чемпионатлардаги муросасиз беллашувлар билан мухлисларга олам-олам қувонч улашди.

 Англия кубоги нуфузини тикламоқда

Ҳозирда Англия кубоги учун кечаётган баҳслар АПЛ беллашувларидан кўра қизиқарлироқ кечмоқда, десак муболаға бўлмайди. Бунчалик шиддатли қарама-қаршилик анчадан буён кузатилмасди. АПЛда маррани биринчи бўлиб «Челси» кесиб ўтишига шубҳа қолмаган бўлса, «кўҳна турнир» ғолиблиги учун 4 гранд даъвогарлик қилмоқда. «Челси»-«Тоттенхэм», «Манчестер Сити»-«Арсенал»! Хуллас, нуфузли мусобақанинг ҳал қилувчи босқичида анчадан бери анъанага айланиб қолган сенсацияларга бу гал чек қўйилди. Яъни, заифлар кучлиларни енга олмадилар.

Бир ҳафта муқаддам «Бавария»дан йирик мағлубиятни қабул қилган «Арсенал» бор аламини «Линкольн Сити»дан олди. «Тўпчилар» қандайдир ярим соат ичида бешинчи дивизион вакили дарвозасини 5 марта ишғол этишни уддалашди. Айтганча, мазкур ғалаба лондонликларнинг «Эмирейтс»даги 200-муваффақияти бўлди. «Тоттенхэм» чорак финалда бироз жиддийроқ рақиб - «Миллуолл» билан куч синашди. «Тақачилар» биринчи бўлимдаёқ жиддий йўқотишга дуч келишди - Гарри Кейн оёғидан жароҳатланиб, майдонни тарк этди. Бироқ жамоадошлари ҳужумчининг йўқлигини сездиришмади, рақиб дарвозасига 6та жавобсиз гол йўлладилар. Эътиборлиси, кореялик Сон Хюн Мин «хет-трик»ка эришди.

«Ман.Сити» эса чемпионат доирасида уни муҳим икки очкодан маҳрум этган «Мидлсбро» билан куч синашиб, 2та тўп фарқи билан ғалабага эришди. Чорак финалнинг сўнгги жуфтлиги кейинги босқичга чиқиш, нуфузли соврин соҳибига айланишга лойиқ жамоалар - «Челси» ҳамда «МЮ» ўртасида кечди. Табиийки, муросасиз кечган баҳсда томонлар кўп тер тўкишларига тўғри келди. Н~Голо Кантенинг ягона аниқ зарбаси «кўклар»га ярим финал эшигини очди.

Кубок беллашувларига параллель равишда ички чемпионатнинг 28-тури доирасида айрим учрашувлар бўлиб ўтди. Жумладан, «Ливерпуль» «Бёрнли» устидан камтарин, лекин иродали ғалаба(2:1)га эришди. Навбатдаги 3 очко «қизиллар»га 4-поғонадаги мавқеини мустаҳкамлаб олиш имконини берди. Лекин шуни унутмаслик керакки, қўшни жамоалар улардан 1-2та камроқ учрашув ўтказишган.

«Барса» байрамдан беҳуш

«ПСЖ» устидан эришилган ақлбовар қилмас даражадаги зафар каталонияликларни ақл-ҳушдан мосуво қилган бўлса, ажабмас. Афтидан, Луис Энрике шогирдлари ҳам ички мусобақада ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигини унутишган кўринади. Якшанба оқшомида жамоа Ла-Коруньяга сафар уюштирганди. Кучли рақибга қарши баҳсда «Депортиво» барча жабҳаларда тенгма-тенг ўйин кўрсатди. Хоселу эса бурчакдан узатилган тўпни голга айлантирди. Танаффусдан кейин Луис Суарес мувозанатни тиклади. Аммо жамоадошлари муваффақиятни ривожлантира олишмади. Мезбонлар эса яна бир марта стандарт вазиятдан унумли фойдаланиш эвазига муҳим уч очкога эга бўлдилар ва хавфли ҳудуддан узоқлашиб олишди.

Турнир жадвалининг иккинчи ярмида бораётган «Бетис»дан қимматли очколарни юлиб олиш «Реал»га осон бўлмади. Боз устига, жамоадошлари рақиб дарвозасига йўл топа олмаётган бир пайтда Кейлор Навас қўпол хатолик оқибатида автогол муаллифига айланиб, вазиятни янада чигаллаштирди. Роналдунинг жавоб тўпи мувозанатни тиклаган бўлсада, «Бетис» ҳимояда ишонч­ли ўйнади. Фақатгина сўнгги дақиқаларда ҳужумчиларга кўмаклашишга аҳд қилган Серхио Рамос «Қироллик клуби»га муҳим ғалабани туҳфа этди. Шу тариқа «Реал» яна пешқадамга айланди.

«Севилья» эса қаторасига иккинчи марта дуранг қайд этиб, муҳим 4 очкони бой берди. Лекин «Алавес» билан баҳсда у ғалабани қўлдан чиқарган бўлса, бу сафар «Леганес»дан бир очкони тортиб олди. Ҳозирча «Севилья» «Атлетико»дан 5 очкога илгарилаб кетган. Лекин ўртамиёналарга қарши баҳсда очколарни бой бериш давом этаверса, «ҳиндулар» ўтиб кетишлари аниқ.

«Милан»нинг омадсизлиги

28-турнинг марказий учрашуви сифатида баҳоланган «Ювентус»га қарши баҳсда «Милан» мағлубиятга муносиб эмасди. Тўғри, турнир жадвалидаги вазиятдан хулоса қиладиган бўлсак, беллашувнинг аҳамияти муҳим эмасди. Аммо жамоаларнинг юксак нуфузи ва азалий рақиблик мақоми ўйинга кескинлик бағишлаши аниқ эди. Кутилганидек, биринчи бўлим чемпионнинг устунлигида ўтди ва ниҳоят, Меҳди Бенатиа ҳисобни очди. Бироқ «Милан» ҳам бўш келмади - Андреа Барцальининг бир сониялик хотиржамлигидан усталик билан фойдаланган Карлос Бакка Буффон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб, фахрий посбонни доғда қолдирди. Танаффусдан кейин меҳмонлар асосий эътиборни ҳимояга қаратишди, Буффон вориси - Доннарумма ишончли ўйнади. Ҳатто қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқасида ажойиб «сейв»ни амалга ошириб, Игуаиннинг «ўлик» зарбасини бартараф этди. Бироқ шу сўнгги сонияларда тушуниш қийин бўлган воқеа юз берди - ҳакам ҳуштагини чалишга чоғланган пайтда де Шильо ўз жарима майдончаси ичида тўпни қўли билан ўйнади. Оқибатда Пауло Дибала пенальтини голга айлантирди.

Аввалги турда ўз уйида «Наполи»га имкониятни бой берган «Рома» ҳам, неаполликлар ҳам йирик ғалаба(3:0)ни нишонлади. «Бўрилар» сафарда «Палермо»ни «ғажиб» ташлашди, «Наполи» эса ўз майдонида «Кротоне»ни маҳв этди. Шу тариқа совриндорлар ва аутсайдерлар учликларида ўзгариш юз бермади.

Левандовскининг юбилей голи

«Арсенал»ни қаторасига 3 марта 5:1 ҳисобида тор-мор этган «Бавария» ички мусобақада ҳам иштиёқ билан тўп суришда давом этмоқда. Бу гал мюнхенликлар жиддий шов-шувлар сабабчиси - «Айнтрахт» устидан хотиржамлик билан ғалаба қозонди- 3:0. Жамоанинг польшалик ҳужумчиси Роберт Левандовски эса «дубл»га эришиш билан биргаликда ажойиб юбилейни - «Бавария» сафидаги 100-голини ҳам нишонлади. Шунингдек, мазкур муваффақиятдан сўнг «Бавария»нинг ўз майдонидаги самарали ўйинлар серияси 46тага етди. Жамоа бу рекорд натижага 1982 йилдан бери эришолмаётганди. Энди чемпион иккинчи поғонада келаётган «РБ Лейпциг»­дан 10 очкога ўзиб кетди. Чунки мусобақа дебютанти кутилмаганда «Вольфсбург»дан кичик (0:1) ҳисобдаги мағлубиятни қабул қилиб олди. Дортмунднинг «Боруссия»си ўз навбатида «Герта»дан енгилиб (1:2), «РБ Лейпциг»га яқинлашиб олиш имкониятини йўққа чиқарди. Эътиборли жиҳати шундаки, ЕЧЛ йўлланмасидан умидини узмаган «Герта»га қимматли 3 очкони Марвин Платтенхардт томонидан амалга оширилган жарима зарбаси туҳфа этди. Мавсумдаги еттита голнинг ҳаммасини у айнан жарима зарбалари орқали урган.

1-дивизион шиддати ошмоқда

Мавсум якунига яқинлашаётгани боис, чемпионатлардаги вазият тобора кескинлашиб бормоқда. Айниқса, Франция биринчилиги бу борада етакчилар сафида. «Бордо»ни 2:1 ҳисобида таслим этган «Монако» пешқадамликни қўлида сақлаб қолмоқда. Лекин «ПСЖ» уни изма-из қувиб келяпти. Чемпионнинг ЕЧЛ баҳсларидан чиқиб кетгани унга бутун эътиборини унвонни сақлаб қолишга қаратиш имконини бериши аниқ. Тўғри, пойтахт жамоаси Каталониядаги даҳшатли омадсизликдан кейин сўнгги поғонада келаётган «Лорьян» билан куч синашди. Ҳар қандай ғалаба ҳам жамоадан муайян маҳоратни, куч-қувват сарфлашни талаб этади. Хуллас, «Монако» ва «ПСЖ» ўртасидаги 3 очколик фарқ ўзгармай қолди. Ўзоқ вақт етакчилик қилган «Ницца» бу турда «ПСЖ» билан тенглашиб олиш имкониятига эга бўлганди. Бироқ у ўз майдонида «Кан» билан дурангга имзо чекиб, қимматли икки очкодан маҳрум бўлди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz