Қайднома

Қидирув

«Пиццага ўрин йўқ! Хўш, унда нима еймиз?»

«Пиццага ўрин йўқ! Хўш, унда нима еймиз?»

  19.03.2017 00:19
  0
  148
«Пиццага ўрин йўқ! Хўш, унда нима еймиз?»

Британия матбуотининг маълумотларига кўра, Кладуио Раньери «Лестер» футболчиларига учрашувлар тугаганидан кейин товуқ гўштидан тайёрланган бургерларни истеъмол қилишни тақиқлаб, таомномага бир қатор ўзгаришлар киритган экан. Шу баҳона «СЭ» мухбири инглиз жамоаларидаги айрим овқатланиш тизимига эътибор қаратди.

«Лестер»: «Колбаса-одам» қоидаси

«Тулкилар» аввалги мавсумни муваффақиятли бошлаган бўлсалар-да, Клаудио Ранье­ри мамнун эмасди. Боиси, жамоа даст­лабки 9та учрашувда ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлай олмаганди. Ниҳоят, 10-турда кутилган «қуруқ» ўйин қайд этилди. Италиялик мутахассис ўз ҳисобидан барча шогирдларини биттадан пицца билан рағбатлантирди. Шу тариқа ҳар бир «қуруқ» учрашув учун «Маргарита» ёки «Пеперони» билан сийлаш «Лестер»да анъана бўлиб қолди. Кузда эса Раньери пиццахўрлик аввалги мавсум билан биргаликда тарихга айланганини маълум қилди. Ҳозир жамоа маишатпарастликка бериладиган ҳолатда эмас - бор диққат-эътибор элитадан тушиб кетмасликка қаратилган. Лекин Mirror хабарларига ишонадиган бўлсак, айрим футболчилар товуқ гўштидан тайёрланадиган бургерларни истеъмол қилишни давом эттиришган, бу эса мутахассисга ёқмаган. Мураббий футболчиларга пастадан фойдаланишни тавсия этган, лекин бургерлар тақиқини бекор қилмаган. Айнан шу туфайли жамоада норозиликлар юзага келди. Ўтган мавсумда Раньери ўзини тансиқ таом билан номлаганди. Гап шундаки, лестерлик ишбилармонлардан бири жамоа парвозидан илҳомланган ҳолда колбасанинг янги турини яратган, укроп, саримсоқпиёз ва Чили қалампири қўшиб тайёрланган мазали маҳсулотни «Раньери» ва «ЧЛнинг шабадаси», деб номлаганди. Бундан хабар топган мутахассис мириқиб кулган ва ўзини «колбаса-одам» деб атаганди.

«Челси»: Конте - ҳаммага ўрнак

Италиялик мураббий жамоанинг Кобхэмдаги базаси билан танишиш чоғида ошхонадаги шарт-шароитларга алоҳида эътибор қаратди. Маълум бўлишича, футболчиларга турли кетчуплар, аччиқ-чучук ва ҳатто газли сувларни истеъмол қилишга рухсат этилган экан. Табиийки, Конте спортчилар учун зарарли бўлган бу маҳсулотларни «брак»ка чиқарди. Шунингдек, Жозе Моуриньо томонидан жорий этилган анъана -  ўйиндан кейинги пиццахўрлик ҳам тақиқланди.

Антонио ўз шогирдларининг овқатланиш тартибига доимо жиддий муносабатда бўлган - бу масалада италиялик мутахассис «Бари»даги давридан буён ўз ватандоши Тиберио Анконага ишонч билдириб келмоқда. Масалан, Италия терма жамоасида футболчилар хамирли таом, чипс, музқаймоқ ва пиццадан четлатилган эдилар. «Челси»да ҳам худди шу парҳезга қатъий амал қилинади. «Таомларга жиддий эътибор бераман. Футболчилик давримнинг сўнгги йилларида энг мақбул таомномани белгилаб, ўзимни яхши ҳис эта бошладим. Шу тариқа тўғри овқатланиш футболчи учун қанчалик муҳим эканига ишонч ҳосил қилдим. Организмда ёғ, углевод ҳамда оқсилнинг мутаносиблигини таъминлашнинг аҳамияти катта. Ҳозир ҳам худди майдонга тушадиган футболчилардек юксак спорт формасида бўлишга интиламан. Бу жуда муҳим, мазкур чоралар самараси ўлароқ, курашга доимо шай бўлган спортчиларда кутилмаган жароҳатларга йўлиқиш эҳтимоли жуда паст бўлади. Бунга ўз тажрибам орқали тўлиқ ишонч ҳосил қилганман».

Конте ҳақ - жароҳат туфайли сафдан чиққан футболчиларнинг озлиги бўйича «Челси» жорий мавсумда энг юқори кўрсаткичга эга. Жамоа шифокорлари эса мавсумни чойхўрлик билан ўтказишмоқда.

«Манчестер Сити»: ҳеч қандай романтик базмлар

Хосеп Гвардиола ҳам Конте каби Манчестердаги фаолиятини клуб ошхонасини ағдар-тўнтар қилишдан бошлади. Бу ҳам майли-я, Самир Насрининг гувоҳлик беришича, мураббий ўз шогирдларининг уйдаги турмуш тарзини ҳам қатъий назорат остига олган. Ана шу талабчанлик эвазига у Месси ва Левандовскини ёрқин юлдуз даражасига олиб чиққан. Футболчиларнинг шикастланиш фоизини сезиларли даражада камайтиришга эришган.

«Шаҳарликлар» ҳам Пепнинг талабига мувофиқ, беллашувлардан кейин рафиқалари ёки дугоналари билан базми-жамшид қилишдан воз кечишди. Боиси, ҳали эҳтирослар босилмай туриб, мураббий ўз шогирдлари билан ўйинни муҳокама қилишга одатланган. Ечиниш хонасида пиццахўрликка рухсат йўқ. Ваҳоланки, Мануэль Пеллегрини даврида бундай тақиқлар бўлмаган. Аксинча, ўйинчилар куч-қувватларини тиклаб олишлари учун пицца таклиф қилганди. Испаниялик мутахассис эса нафақат мазали таом, балки мевалар ва цитрусдан тайёрланган шарбатларга ҳам «крест» қўйди. Унинг фикрича, шарбатларда қанд миқдори кўп бўлиб, семириб кетишларига сабаб бўларкан. Ортиқча вазн учун эса, Пеп ҳеч кимни аямасдан жаримага тортарди. Тўғри, меваларни истеъмол қилишга қаршилик йўқ. Гвардиола учун муҳим аҳамиятга эга бўлган жиҳатлардан яна бири - сифатли нонушта. Шогирдлари эрталаб қандай овқатланишларини мураббий назорат қилолмайди. Шу сабабли доимо футболчиларга машғулотларга хотиржам нонушта қилгандан сўнг йўл олишларини тавсия этади. Шошилинч равишда қандайдир қаҳвахонада ёки машинада йўл-йўлакай тамадди қилишларини қоралайди.

«Ливерпуль»: «Она» ҳаммани меҳмон қилади

Англияликлар ҳазиллашиб, «Ливерпул»нинг жорий мавсумдаги беқарорлигини жамоада аёл мутахассиснинг пайдо бўлиши билан боғлашмоқда. Йўқ, ўтган йили Жозе Моуриньога етарли ташвишлар туғдирган Эва Корнейро эмас, балки диетолог Мона Неммер билан. 32 ёшли германиялик мутахассис туманли ўлкага ёзда Мюнхендан ташриф буюрганди. Бунгача «Бавария» аъзоларининг тўғри овқатланишларига масъул бўлган мутахассис энди «қизиллар»ни керакли таомлар билан таъминлашда бош-қош бўлмоқда. Юрген Клопп Неммерни «футболчилар онаси», деб эътироф этади. Мураббийнинг гапида жон бор - Мона ҳар бир футболчи учун алоҳида таомнома белгилайди. «Бунинг сабаби шундаки, ўйин чоғида футболчилар турлича куч-қувват сарфлашади. Масалан, дарвозабон ҳеч қачон ярим ҳимоячидек югурмайди. Бундан ташқари, ўйинчиларнинг миллатини ҳам инобатга олиш лозим. Мисол учун, бразилиялик футболчиларнинг нонуштада истеъмол қиладиган таомлари англияликларники билан бир хил эмас. Шунингдек, футболчиларнинг катта-кичиклиги, гавда тузилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга», - дейди диетолог.

Клопп аввал ҳам шогирдларининг алоҳида-алоҳида овқатланишларига хайрихоҳ бўлиб келган. Лекин ҳозиргидек синчковлик билан эмас: ўтган мавсум «Ливерпуль» аъзоларини майдондаги позицияларига қараб овқатлантириш йўлга қўйилганди. Катта жисмоний куч талаб этиладиган ҳужумчиларга таркибида оқсил моддаси кўп, ярим ҳимоячиларга эса углеводга бой бўлган таомлар белгиланган. Албатта, барча учун бир хил бўлган умумий қоидалар ҳам йўқ эмас. Асосийси - таомномадан фақат табиий маҳсулотлар жой олиши шарт. «Биз сут кукуни ўрнига гурунч ёки бодомдан тайёрланган кукунни ишлатамиз, шакар ўрнига шиннидан фойдаланамиз. Чунки бу фойдалироқ. Умуман, табиий маҳсулотларда ҳикмат кўп», - дейди Неммер. Клопп эса ўз ходимасига юксак баҳо бериб, уни дунёдаги энг малакали диетолог сифатида ҳурмат қилади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 28 69
2 Тоттенхэм 28 59
3 Манчестер Сити 28 57
4 Ливерпуль 29 56
5 Манчестер Юнайтед 27 52
6 Арсенал 27 50
7 Эвертон 29 50
8 Вест Бромвич 29 43
9 Сток Сити 29 36
10 Саутгемптон 27 33
11 Борнмут 29 33
12 Вест Хэм 29 33
13 Бёрнли 29 32
14 Уотфорд 28 31
15 Лестер 28 30
16 Кристал Пэлас 28 28
17 Суонси 29 27
18 Халл Сити 29 24
19 Мидлсбро 28 22
20 Сандерленд 28 20
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Ўзбекистон термаси сафарда Сурияга имкониятни бой берди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.
uzbektop.ru ByTOP.info WAPLOG.TOP
aiwe.ru  - Рейтинг мобильных сайтов Rutop.info - Бесплатный рейтинг сайтов. Рейтинг лучших WAP сайтов imtop.su daxshat.top Uzbekona.TopWmSTAT.RuStatok.nettop.realuz.ru