Қайднома

Қидирув

Марко ван Бастен: «Ҳозирги футбол гандболга ўхшайди»

Марко ван Бастен: «Ҳозирги футбол гандболга ўхшайди»

  18.03.2017 21:19
  0
  1247
Марко ван Бастен: «Ҳозирги футбол гандболга ўхшайди»

Японияда бўлиб ўтган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг ФИФА техник гуруҳи мусобақа ҳисоботи ҳамда айрим фактлар ва рақамларни ошкор қилди. Шу муносабат билан ФИФА расмий сайти ташкилотнинг техник ривожланиш бўлими раҳбари Марко ван Бастендан интервью олди.

- Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида жамоаларнинг тўпни назорат қилишга кўпроқ эътибор қаратишганига гувоҳ бўлдик. Бу шунчаки ўхшашликми ёки замонавий футбол шунга қараб кет­яптими? Мазкур усулнинг муаммолари нимадан иборат?

- Аксарият жамоалар ҳужумкор футболни маъқул кўришади. Сўнгги йилларда бу ишни «Барселона» қойилмақом тарзда уддалади. Тўпни назорат қилсангиз, техник ва тактик жиҳатдан олдинга ўтиш имкониятларингиз ортади. Албатта, мухлисларга ҳам ҳужумкор футбол кўпроқ ёқади. Авваллари узоқ паслар орқали ҳужум уюштириш осонроқ эди.

Аммо ҳимоядан туриб тўпни назорат қилишни бошлаш осон эмас. Чунки рақиб ҳам бу усулга қарши ўзига яраша тактика танлайди. Рақиб жамоа ҳимояси қанчалик яхши шаклланган бўлса, олдинга ўтиш шунчалик қийинлашаверади. Умуман олганда, охирги ўн йилда биз турли усуллар гувоҳига айландик. Шунингдек, замонавий футболда уч ҳимоячи билан ўйнаш урф­га кирди.

Олдинлари мудофаа вакиллари тўрт нафардан кам бўлмасди. Уч ҳимоячи ўйнаса, ярим ҳимояда имкониятларингиз ошади. Ўз-ўзидан ҳужум иштирокчилари сони ортади. Бироқ мазкур услубнинг хавф туғдириши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Рақиб қарши ҳужумга ўтганда, муаммо пайдо бўлади.

- «Кашима Антлерс» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалига чиққан биринчи Осиё клубига айланди. Ушбу жамоанинг турнир давомидаги асосий характеристикаси нимадан иборат бўлди?

- Биз финалгача етиб борган тажрибали жамоанинг ўйинини кўрдик. «Кашима» ҳимояда яхши ҳаракат қилди. Айниқса, «Реал»га қарши кечган учрашувда юқори савияда ўйнашди. Мадридликлар вазиятларни юзага келтиришда қийналишди. Қарши ҳужумларда ҳам ўзларини кўрсатишди. Умуман олганда, финал қизиқарли тарзда ўтди. Бу Осиё, хусусан, Япония футболи учун юксак натижа. Менимча, «Кашима» еврокубокларда ҳам шундай ўйин намойиш этишга қодир.

- Сизнингча, Осиё футболи сўнгги йилларда қай тарзда ривожланмоқда?

- «Кашима»нинг таркиби асосан японияликлардан тузилганди. Агар шу футболчилар юқори савияда ўйнашса, терма жамоа фақат кучаяди. Сўнгги пайтларда кўплаб осиёлик ўйин­чилар Европа клубларида фаолият юритишмоқда. Албатта, уларнинг сони ошса, Осиёдаги термаларда ўсиш кузатилиши турган гап.

- Жамоаларга қўшимча вақтларда тўртинчи футболчини алмаштириш имконияти тақдим этилди. Мазкур ҳолат мураббийларнинг тактикани ўзгартиришларига сабаб бўладими? Сўнгги дақиқалар ўтаётганда бу қандай таъсир ўтказиши мумкин?

- Қўшимча вақтлардаги тўртинчи алмашув яхши. Футболчилар 90 дақиқалик ўйиндан сўнг чарчаб қолишади. Чарчаганлар эса масъулиятни ўз зиммасига олишдан чўчийди. Шунингдек, ғоялар ҳам камайиб кетади. Бунинг оқибатида ўйин жозибаси йўқолади. Агар майдонга янги ўйин­чи тушса, иложи борича динамикани сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Натижада, мухлислар қизиқарли футбол гувоҳига айланишади. Менимча, мураббийлар бунинг учун тактикани алмаштиришлари шарт эмас. Шунчаки, жароҳат олган ёки толиққан шогирдини алмаштирса, кифоя.

- Фаолиятингиз давомида марказий ҳужумчи вазифасини бажаргансиз. Сизнингча, замонавий футболда форвардлар қайси жиҳатларга эътибор қаратишлари лозим?

- Ҳозирги футбол айрим жиҳатлари билан гандболга ўхшаб кетяпти. Яъни, тўққиз ҳимоячи ва бир дарвозабон. Рақиб жамоа эса бу «девор»ни бузишга ҳаракат қиляпти. Натижада марказий ҳужумчи учун бўшлиқ камайиб кетади. Айни вазиятларда нари борса бир-иккита қулай вазият туғилади, холос. Дриблинг ёки шунга ўхшаш чоралар билан ҳам нимагадир эришиш мумкин.

Ҳужумчилар ақлли бўлишлари керак, деб ҳисоблайман. Сиз айтганингиздек, марказий ҳужумда тўп сурганман. Аммо бўшлиқлар кўплиги боис қанотларга ўтиб, жамоадошларимни қулайроқ вазиятга чиқаришни яхши кўрардим. Замонавий футболда эса бунинг деярли иложи йўқ. Криштиану Роналду ва Лионель Мессининг гоҳ ўнгда, гоҳ чапда ва гоҳ марказда ўйнашига гувоҳ бўляпмиз. Аммо уларнинг ҳаракатини ҳамма ҳам такрорлай олмайди.

ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz