Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон терма жамоаси мухлисларга мўъжиза кўрсата оладими?

Ўзбекистон терма жамоаси мухлисларга мўъжиза кўрсата оладими?

  19.03.2017 13:27
  0
  2523
Ўзбекистон терма жамоаси мухлисларга мўъжиза кўрсата оладими?

«Барселона» клуби ташкил этилганидан буён шу қадар буюк натижалар қайд этганки, яна бир тарихий ғалабага эришиши ким учундир имконсиздек туюлса, бошқалар бунга ишонишганди. Асосийси, каталонияликлар ўтган ҳафта шу ишнинг уддасидан чиқдилар - Европа Чемпионлар Лигасида доирасидаги «ПСЖ»га қарши кечган баҳсда 6:1 ҳисобида ғалаба қозондилар. Бу жамоалар ўртасида кечган дастлабки учрашувда парижликлар 4:0 ҳисобида ғолиб чиқиб, ЕЧЛ чорак финали масаласини деярли ҳал қилгандек эдилар. Аммо «Барселона» бунга кўнмади ва ҳақиқий мўъжиза кўрсатди. Ҳа, футболни айнан шундай воқеалар учун севамиз.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам ўз вақтида мўъжиза кўрсатган - 1994 йилги Осиё ўйинларидаги ғалабанинг нечоғли юксак қадрга эга эканини йиллар ўтгани сари янада кўпроқ ҳис қилиб бормоқдамиз. Шундан буён ўтган вақт давомида термамиз Осиёнинг барқарор ўртамиёна жамоасига айланди. Биз қитъа даражасидаги мусобақаларда ҳар доим иштирок этамиз, бироқ ундан кўпига кучимиз етмаяпти.

БАҲОР КЕЛГАНДА...

Баҳор келиб, жийда гуллайдиган вақтда бир мавзу ҳам кўтарилади - жаҳон чемпионати саралаши. Насиб қилса, март ойида Самвел Бабаян шогирдлари Сурия ва Қатар термаларига қарши майдонга тушишади. Саралашнинг сўнгги босқичи шундай кўриниш олдики, бир қарашда аввалдан кутилган тахминлар ўзини оқлаётгандек.

 

Эрон ва Жанубий Корея жамоалари гуруҳ етакчилари бўлиб туришибди, Ўзбекистон термаси эса доимги ўрни - учинчи поғонада. Шунингдек, аутсайдерлар борасида ҳам ўзгариш катта эмас. Хитойликлар сўнгги ўринда, Қатар ва Сурия жамоалари эса бироз юқорида. Аммо шу билан бирга мусобақа жадвали бироз алдамчи таассурот қолдираётгани ҳам рост. Айтайлик, азалдан аутсайдер ҳисобланган Сурия термасининг Эрон ва Жанубий Кореядан очко тортиб олишини кимдир кутганмиди? Ёки миллиардларни сарфлаётган Хитой ўз майдонида Қатарни енга олмаганини-чи?

Ўзбекистон миллий жамоаси яқин кунларда айнан мана шу икки термага қарши майдонга тушиши лозим. Қатар ва Сурия шу вақтга қадар бештадан ўйин ўтказишди, аммо ҳамон «сирли тулпор» номини сақлаб қолишаётгани ҳам айни ҳақиқат. Хўш, 24 ва 28 мартда бўлиб ўтадиган баҳслардан нима кутиш мумкин? Ҳозир шу ҳақида.

 СУРИЯ

Гуруҳдаги ўрни: 4

Ўтказган ўйинлари:

Ўзбекистон - Сурия - 1:0

Сурия - Жанубий Корея - 0:0

Хитой - Сурия - 0:1

Қатар - Сурия - 1:0

Сурия - Эрон - 0:0

Сурия термаси қайд этган натижаларнинг ўзига хос томони шундаки, у гуруҳнинг ҳар икки етакчисидан ҳам очко тортиб олишнинг уддасидан чиқа олган ягона жамоа бўлиб турибди. Қизиғи, аслида саралаш бошланиши арафасида сурияликларга қарши туриши кўзда тутилган фактлар энди уларнинг фойдасига ишламоқда. Айтайлик, бу терма саралаш баҳсларини ўз уйида ўтказа олмайди. Ҳатто уни қабул қиладиган давлатни ҳам узоқ қидирди. Аммо вазият якунда шундай кўриниш олдики, Малайзиянинг Парои шаҳридаги стадион сурияликлар учун жуда омадли келди. Аслида ҳам шундай бўлиши керакдир, чунки нотекис майдон одатда ҳимоявий ўйин кўрсатадиганларга қўл келади. Сурия термаси эса айнан шундай жамоа ҳисобланади. Кўпинча ҳатто ҳужумдаги етакчи Умар Ҳарбиннинг ҳам ҳимояда юрганини кўрганмиз.

Самвел Бабаян шогирдлари 23 мартда айнан мана шу рақибга қарши майдонга тушишлари лозим. Учрашув Малайзиядаги анча машҳур бўлиб улгурган ўша майдонда ўтказилади. Тошкентда кечган баҳсни эсласак, Ўзбекистон термаси анча муаммоларга дуч келганди. Ҳужумдаги ҳаракатлар мутлақо қовушмаган ва фақат Александр Гейнрихнинг захирадан майдонга туширилиши ўйинни қутқариб қолганди.

Ўзбекистон миллий жамоаси Малайзияда Эрон ва Жанубий Корея термалари уддалай олмаган ишни бажариши лозим. Бу иш Бабаян шогирдлари учун осон кечмаслиги турган гап. Масалан, Эрон ўйнаган куни Пароида кучли ёмғир ёққанди. Малайзияда йилнинг 200 куни ёғингарчилик остида кечишини инобатга олсак, 23 мартда ҳам об-ҳаво анча ноқулай келиши ҳеч гап эмас. Самвел Вячеславович бошчилигидаги мураббийлар штаби айнан шу нарсага тайёр туриши лозим.

Сурия термасига келадиган бўлсак, у аллақачон тайёргарлик кўришни бошлаб юборган. Сўнгги хабарларга қараганда, Айман ал Ҳаким шогирдлари Малайзияга эртароқ бориб, маҳаллий клублар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказишар экан. Бунинг учун ҳатто ички биринчилик ўйинлари тақвими ҳам ўзгартирилади. Биз-чи, бунга тайёрмизми?

ҚАТАР

Гуруҳдаги ўрни: 5

Ўтказган ўйинлари:

Эрон - Қатар - 2:0

Қатар - Ўзбекистон - 0:1

Жанубий Корея - Қатар - 3:2

Қатар - Сурия - 1:0

Хитой - Қатар - 0:0

Қатар термаси ҳақида саралашнинг сўнгги босқичи бошланиши олдидан турли фикрлар билдирилди. Чунки қатарликлар иккинчи босқични анча кўтаринки руҳда ўтказиб, анча кучли ҳисобланган Хитойни енгишган ва Бутан дарвозасига 15та гол уриб, рекорд қайд этишганди. Бу эса, табиийки, Қатарга нисбатан анча хавфсираб қарашга сабаб бўлаётганди.

Гарчи ҳозир қатарликлар пастки ўринларда бораётган бўлишса-да, аммо ўйин бўйича уларга асло эътироз билдирмаслик лозим. Тўғри, гуруҳдаги дастлабки икки баҳсда мағлубиятга учрашди. Аммо Эронга қарши кечган 1-тур учрашувига назар ташласак, фақат сўнгги дақиқаларда дарвозабон томонидан йўл қўйилган қўпол хатолар туфайли 0:2 ҳисобидаги мағлубиятга кўнишдан ўзга илож қолмади. Бунга қадар эса Қатар жамоаси Эрондек жиддий рақиб билан муносиб ўйин намойиш этаётганди.

Ўзбекистон термасига қарши кечган баҳс тақдирини ҳам сўнгги дақиқалар ҳал қилди. Самвел Бабаян шогирдлари 86-дақиқада Егор Кримец томонидан урилган ягона гол эвазига ғалаба қозондилар. Ўшанда ҳам рақиб дарвозаси стандарт вазиятдан сўнг ишғол қилинди ва ғалабадан ҳар қанча хурсанд бўлмайлик, Қатар ҳеч бўлмаса бир очкога муносиб бўлганини инкор эта олмаймиз.

Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Зайниддин Зидан футболда омад деган тушунча йўқлиги ҳақида кўп гапиради. Бироқ Қатарнинг дастлабки икки турдаги мағлубиятига, қайсидир маънода, омадсизлик ҳам таъсир кўрсатганини тан олиш даркор.

Қатар термаси шундан сўнг анча ўзгарди. Энг аввало, бош мураббий Хосе Коррено истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнига Хорхе Фоссати чақирилди. Бу эса, ўз навбатида, ўйин сифатини туширмаган ҳолда натижага ҳам ижобий таъсир ўтказди. Фоссати бошқарувида Қатар термаси ижобийлик сари қадам ташлади.

 

Сал қолса, Жанубий Кореяга қарши сафарда кечган ўйинда қатарликлар сенсацион тарзда ғалаба қозонишлари мумкин эди. Афсуски, бироз тажриба етишмади ва 2:1 ҳисобида олдинда борган Қатар термаси якунда 2:3 ҳисобида енгилди. Бироқ бу жамоа кейинги ўйинларда барибир, ўзига келиб олишнинг уддасидан чиқди ва Сурияни мағлубиятга учратиб (1:0), Хитой билан сафарда дуранг ўйнади (0:0).

Ўзбекистон терма жамоаси 28 мартда ўз майдонида айнан шу жамоани қабул қилади. Хўш, футболчиларимиз бу ўйинларга тайёрми?

ЎЗБЕКИСТОН МТЖ

Ўзбекистон миллий жамоаси бир ярим йилдан буён Самвел Бабаян бошқаруви остида ўйнамоқда. Бироқ кўп мухлислар ва ҳатто мутахассислар ҳам термамиз айнан қандай услубга таяниб ҳаракат қилишини тушунмасликларини айтадилар. Дарҳақиқат, аксарият ўйинларда майдонда шундай тартибсизлик кузатиладики, ҳужум қаердан бошланиб, қандай ривожланаётганини ҳам тушуниб олиш қийин. Бабаян бош жамоамиз билан 10та расмий ўйинда зафар қучди, аммо мана шу ғалабаларнинг тенг ярми 1:0 ҳисобида қўлга киритилди. Албатта, бундай статистика турли гап-сўзларга сабаб бўлади.

Аслида эса, Ўзбекистон термасининг ўйин услубини тушуниш учун узоққа бориш шарт эмас. Самвел Бабаян рақибларнинг «паталогоанатом даражасида ўрганилгани» ҳақида кўп гапиради. Ишонинг, мураббий рост айтмоқда.

Унинг бошчилигидаги штаб ҳар бир рақиб ўйинини чуқур таҳлил қилади ва энг аввало, унинг кучли томонлари аниқланади. Кейинчалик бу маълумотлар футболчиларга ҳам чуқур сингдирилади. Терма жамоада мазкур иш керак бўлса, илмий даражага олиб чиқилган.

Бу эса, ўз навбатида, рақибга қарши туришда жуда қўл келмоқда. Терма жамоамиз Бабаян бошқарувида ўтказган 12та расмий ўйинида бор-йўғи 6та гол ўтказиб юборди. Бу эса ЖЧ саралашидек муҳим мусобақа учун жуда яхши статистика.

Бироқ ушбу услубнинг ноқулай томони шундаки, рақибнинг савиясидан қатъий назар, ҳар бир футболчи, энг аввало, унинг кучли томонларини зарарсизлантириш ҳақида бош қотиради. У Суриями ёхуд Эрон, ҳимояда бир хил ўйин намойиш этилишининг боиси шунда.

Ёдингизда бўлса, Эрон ва Сурия термаларига қарши Тошкентда кечган ўйин деярли бир хил манзара касб этганди. Фарқ шундаки, Эрон ҳимояда хатога йўл қўймади ва ўзининг камсонли имкониятларидан бирини голга айлантирди. Сурияликлар эса ҳужумда кўп нарсага эриша олишмагани ҳолда ҳимояда биттагина хатога йўл қўйишди.

ЯКУНДА

Мақола бошида «Барселона» тарихий натижага эришгани ҳақида айтиб ўтдик. Аммо бир ҳафтагина муқаддам бундай мўъжиза рўй беришига ишонадиганлар кўпмиди? Албатта, баҳсли масала. Ўзбекистон терма жамоаси ҳам жаҳон чемпионати йўлида муҳим учрашувларда майдонга тушиш арафасида.

Шу вақтга қадар бирор марта мундиалга чиқа олмаганимизни инобатга олсак, мундиал йўлланмаси мўъжизага қиёсланиши турган гап. Бироқ «Барселона» мисолида кўрдикки, бундай натижага эришиш жамоанинг ўз қўлида бўларкан. Шундай экан, нима учун Ўзбекистон термаси ҳам мўъжиза яратмаслиги лозим?

Абдуллоҳ


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz