Қайднома

Қидирув

«Классико» ўрнига «классика» (Абдуллохон Исроилхонов блоги)

«Классико» ўрнига «классика» (Абдуллохон Исроилхонов блоги)

  21.03.2017 06:23
  0
  1345
«Классико» ўрнига «классика» (Абдуллохон Исроилхонов блоги)

Клублар ўртасидаги дурдона турнир - ЕЧЛ чорак финалидаёқ «Реал» ва «Бавария» клублари ўзаро ўйнайдиган бўлди. Бироқ бу жума кунги қуръа инъом этган ягона «интрига» эмас. «Ливерпуль»нинг афсонавий собиқ ҳужумчиси Иан Раш шарлар ярмини очгандаёқ чорак финалда 2та «супер» қўшимчасига эга қарама-қаршилик кузатилиши ойдинлашди. Яъни «Ювентус», «Бавария», «Реал» ва «Барселона» клублари жуфтликсиз турганди. Бу эса ЧЛнинг кейинги раунди тақвимига 2та «Эль-класико» қўшилиши эҳтимоли баландлигини англатарди. Бироқ «тил билмас» ва «сўз эшитмас» қуръа Испания грандларини бир-бирига қарши қўйишни «истамади» ёки буни кейинга қолдирди ва ўрнига бошқа ажиб жанг - «классика»ни таклиф этди: фаворит «Бавария» шу мақомдаги «Реал»га қарши. Бу галги қуръа натижалари «қиздирилган шарлар» хусусидаги гап-сўзларга ўзига хос раддия бўлгани билан ҳам эътиборга молик. Чунончи, конспирология (фош этиш) ҳаваскорлари баралла айтишаётганди: «УЕФА охирги 5 йил давомида «Барса», «Реал» ва «Бавария»ни 1|4 финалнинг бошқа-бошқа жуфтликларига тушишини таъминламоқда. Бундан кўзланган мақсад битта - ярим финал ўйинларига максимал даражада қизиқиш уйғотиш». Бироқ энди ушбу тенденция бузилди ва кубок учун бош даъвогар саналган 3та клубдан камида биттаси кейинги раунддаёқ курашдан четга чиқади.

Жавоб ўйинлари: 18 апрель (сешанба)

 «Лестер» - «Атлетико»;  «Реал» - «Бавария»

19 апрель (чоршанба)

«Барселона» - «Ювентус»;  «Монако» - «Боруссия» Д.

«БАВАРИЯ» - «РЕАЛ»: ШОГИРД УСТОЗГА ҚАРШИ

Мюнхен ва Мадрид жамоалари ўйинига нега айнан «классика» нисбати бериляпти? Бунинг асосий сабаби - бошқа ҳеч қайси клублар еврокубокларда «Бавария» ва «Реал»дек ўзаро кўп тўқнаш келишмаган. Қолаверса, икки гранднинг ҳисоб бўйича 24-25-ўйинлари «Шогирд ва устознинг ўзаро қаршилиги» кўринишида ўтади.

Биласиз, Зайниддин Зидан чамаси бир йил Карло Анчелоттига ассистентлик қилган ва улар 2014 йили «Қироллик клуби»ни ЕЧК|ЧЛда 10-марта ғолиблик сари етаклашганди. Зизу энди мустақил мураббий ва ҳаттоки, ўтган мавсум Анчелотти ёрдамисиз ҳам ЧЛ тахтига кўтарилди. Умуман, «Бавария» - «Реал» тўқнашуви охирги марта 2014 йилнинг апрелида кузатилган ва Пеп Гвардиоланинг ўз фаолиятидаги ўта йирик мағлубияти билан тугаганди. Ўшанда Тони Кроос мюнхенликлар сафида ўйнаганди, «Мадрид» томонда эса биргина Анчелотти эмас, яна Хаби Алонсо ҳам бор эди. Ҳа, май ойида бутсаларини михга илишини эълон қилган баскнинг охирги мавсумда собиқ клубига қарши туришини  кузатиш қизиқарли.

«ЮВЕНТУС» - «БАРСЕЛОНА»: КЬЕЛЛИНИ ЯНА СУАРЕСГА ҚАРШИ

«Кўк-анорранглилар» клубига қараб, «ПСЖ»га ачинасан беихтиёр. Аввалги раунд сценарийсини ёдда тутиб айтсак, «Ювентус» бир «ўлим»дан қолган «Барселона»га  дуч келади. Бошқача ифода этганда, оммани ЧЛ-2014|2015 финали такрори кутяпти. Каталония жамоаси орадаги 1,5 йил ичида унча ўзгаргани йўқ, «Ювентус» эса ярим ҳимоя ва ҳужумда кўплаб етакчиларини йўқотди - ўша финалда иштирок этган Андреа Пирло, Поль Погба, Карлос Тевес, Альваро Мората ва Артуро Видаль Туриндан кетишди. Лекин «Юве»нинг мустаҳкам ҳимояси ўз қиёфасини сақлаб турибди.

Тўғри, ҳозир қиёфа ҳақида гапириш ноўрин, ахир апрелда ҳимоячи Жоржо Кьеллини яна «газанда» Луис Суарес билан тўқнашади. Бразилия мундиалида кузатилган «тишлаш саҳнаси» эсингиздами? Дарвоқе, Кьелллини 2015 йилги финалда жароҳат сабаб, майдонга тушолмаганди. Лекин энди эски «қадрдон»ларнинг ўзаро дуч келишларига тўсиқ йўқ. Умуман олганда, «Ювентус» қуръа натижасини зўрға қабул қилгандир. Ҳа, Жанлуижи Буффон жараёндан олдин негадир биргина «Лестер»га рўбарў бўлишни истамаслигини айтганди. Эҳтимол, у бу борада ҳаққоний хоҳишини яширгандир. Ҳар ҳолда, бетакрор посбон учун фаолиятида биринчи марта ЧЛ ғолибига айланиш имконияти нисбатан пасайди. Пауло Дибала эса каталонияликлар билан финалгача тўқнаш келишни истамаслигини яширмаганди. Аммо қуръа унга қулоқ солармиди? Winline Туриндаги илк ўйинда рақиблар имкониятини деярли тенг баҳолаяпти: «Юве»нинг ғалаба қозониш коэффициенти 2,62га, «Барса»ники эса  2,76га тенг.

«БОРУССИЯ» Д. - «МОНАКО»: ҲУЖУМ ҲУЖУМГА ҚАРШИ

«Бавария» - «Реал» тўқнашуви нечанчидир марта кузатиладиган бўлса, «Монако» ва Дортмунд «Боруссия»си энди ўзаро танишиб олади. Шунга қарамай, бу жамоалар ўйинларида мухлисларнинг етарлича гол кўришларини тахмин қилиш мумкин. Ҳаттоки, жуда кўп кўришса, ажабмас.

Германия клуби жорий ЧЛда 25та голдан хирмон ясади ва бу борада биргина «Барселона» (26та)дан ортда қоляпти. Франция жамоаси эса жорий мавсум барча турнирлар ҳисобидан кўп гол уриш бобида иккинчи ўринда боряпти - 126та. Эътиборлиси, монегасклар ҳам айнан «Барселона» (129)дан орқадалар (охирги турдаги голлар қўшилмаган). Хуллас, «Боруссия» ҳам, «Монако» ҳам ҳужумкор ўйинга мойил, бироқ уларда ҳимоя масаласи чатоқ. Шу маънода айтсак, бу рақиблар кўкрак, бел ва қўл мушакларини ер шаричалик бўрттирган, аммо оёқлари қаламдек қолган бодибилдерларни эслатишади. Нима бўлишидан қатъий назар, икки ёш, «сурбет» ва беғубор жамоалар ўйини ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак.

«АТЛЕТИКО» - «ЛЕСТЕР»: ҚАРШИ ҲУЖУМ ҚАРШИ ҲУЖУМГА ҚАРШИ

Англия чемпиони учун бундан-да ёмон қуръани ўйлаб топиш мумкин эмас. «Тулкилар» ҳаттоки, «Бавария» ёки «Барселона»га дуч келишганида ҳам, ярим финалга чиқиш имкониятига ишончлироқ қарашарди. Зеро, улар ҳимояда сабр билан ишлаш ва рақибни қарши ҳамлаларда «ушлаш»га одатланишган. Оддий айтганда, «Лестер» ўтган мавсум айни шу усул эвазига такрорланмас муваффақиятни тантана қилганди.

Бироқ «Атлетико»га қарши учрашувларда синовдан ўтган тажрибани қўллаш имконсиздир. Ҳа, мадридликлар Испания чемпионатида «тулкилар»нинг аввалги «қурбони» - «Севилья»дан ҳам суст кўринишмоқда. Аммо уларнинг усуллари худди «Лестер»никидек. Яъни Диего Симеоне ҳам жамоага ҳимояда максимал ҳушёр тўп суриш орқали эффектли қарши ҳужумга ўтишни ўргатган. Битта фарқли томони - «Атлетико»да футболчилар танлови баландроқ. Дейлик, Winline илк ўйинда «тулкилар»нинг ғалаба қозониш имкониятларини жуда паст баҳолаяпти - 10,0 коэффициент.

ЧЛ-2016|2017 чорак финалчилари: энг, энг, энг...

Энг «ёш» таркиб: «Монако» - 22,7

Энг «қари» таркиб: «Ювентус» - 28,2

Энг «бўйдор» таркиб: «Ювентус» - 183,5 см.

Энг «пакана» таркиб: «Барселона» - 180,5 см.

Энг «интизомли» таркиб: «Реал» - 81та қўполлик

Энг «интизомсиз» таркиб: «Ювентус» - 103та қўполлик

Энг кўп зарба берувчи таркиб: «Бавария» - 123 марта

Тўпни энг яхши назорат қилувчи таркиб: «Бавария» - 66 фоиз

Тўпни энг кам назорат қилувчи таркиб: «Лестер» - 40 фоиз

Энг тажрибали мураббий: Карло Анчелотти («Бавария») - 150та ўйин

Энг тажрибаси кам мураббий: Крэйг Шекспир («Лестер») - 1та ўйин

Муносабат

- Бизни олдинда жаҳоннинг энг машҳур клубларидан бири - «Барселона»га қарши кечадиган 2та ажойиб ўйин кутмоқда. Каталония жамоасининг нималарга қодирлигини яхши биламиз, шунингдек, у билан муносиб кураша олишимизни ҳам. ЧЛ-2015 финалида айнан «Барселона»га имкониятни бой берган эдик. «Ювентус» ўша финалдагига нисбатан анча кучайди ва энди рақибдан чўчимай тўп суради.Павел Недвед («Ювентус» спорт директори).

- Албатта, Карлодан кўп нарса ўрганганман. Менимча, у ўзгарган эмас. Зеро, футболчи сифатида ҳам босиқлиги билан ажралиб турган. Мен эса нисбатан қизиққон ва таъсирчанман. Буни ҳамма билади. Лекин ўзимни олдингидек ҳис қиляпман. Тўғри, эндиликда кўпроқ жилмайишга одатландим...Зайниддин Зидан («Реал» бош мураббийи).

- «Реал»га қарши ўйинлар мен учун алоҳида аҳамият касб этади - жуда қизиқарли. Биз ўз кучимизга ишонамиз ва бу йил ЧЛ кубогини ютишни истаймиз. Ўйлайманки, «Реал» тўсиғидан ўтиш салоҳиятига эгамиз. Лекин рақибнинг фантастик таркиби ва шундай мураббийини алоҳида таъкидлаш керак. Карло Анчелотти («Бавария» бош мураббийи).

- Яхши қуръа ва натижа. «Манчестер Сити»ни курашдан чиқариб юборган жамоанинг ўйнашни билиши тушунарли. Лекин ҳеч нарсадан нолимаслигимиз керак. Қайтараман, қуръа натижасидан қониқдик.Ханс-Йоахим Ватцке («Боруссия» бош директори).


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz