Қайднома

Қидирув

Терма жамоа базасида нима гап?

Терма жамоа базасида нима гап?

  22.03.2017 18:35
  0
  3540
Терма жамоа базасида нима гап?

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртага ЖЧ-2018 турнирига саралаш босқичи «А» гуруҳи 6-турида Сурия термасига қарши баҳс олиб боради.

Бўлажак ўйинда Сурия номинал мезбон бўлгани ҳамда мамлакатда сиёсий беқарорлик ҳукмронлик қилаётгани сабаб ОФК ўйинни нейтрал зона - Малайзияда ўтказилишини таъминлади.

Мазкур беллашув Малайзиянинг Серембан шаҳридаги Tuanku Abdul Rahman Stadium стадионида бўлиб ўтиши режалаштирилганди. Бироқ ушбу арена ўйинга тайёр бўлмагани учун Сурия ва Ўзбекистон баҳси Малакка шаҳридаги 40 минг мухлисга мўлжалланган Hang Jebat Stadium майдонида ўтказилади.

Ўйин вақти ўзгаришсиз қолган - учрашув маҳаллий вақт билан соат 20:00 (Тошкент вақти билан 17:00)да старт олади. Беллашувни бошқариб борадиган ҳакамлар гуруҳи ҳам ўзгармаган.

Москванинг «Локомотив» ҳимоячиси Виталий Денисов Ўзбекистон терма жамоасининг яқин ўйинларида иштирок эта олмайди. Денисов «Спартак»ка қарши Россия чемпионатининг 20-тур ўйинида жароҳат олди. Шундай қилиб, Виталий Денисов Сурия ва Қатарга қарши ЖЧ-2018 саралаш учрашувларини ўтказиб юборади.

Малакка шаҳрида бугун қандай об-ҳаво бўлиши кутилмоқда? Маълумотларга қараганда, ушбу шаҳарда кучли ёмғир ёғиши тахмин қилинмоқда. Ўйин бошланадиган пайт — маҳаллий вақт билан соат 20:00га келиб ёмғирнинг темпи пасайиши ва ўйин давомида тўхташи кутилмоқда.

Учрашув пайтида ҳаво ҳарорати 27-28 даража атрофида иссиқ бўлади. Ҳавонинг нисбий намлиги 75-80 фоизни ташкил қилади.

Терма жамаомиз маҳаллий шароитга мослашиш мақсадида ўйиндан 4 кун олдин Малайзияга етиб бориб, у ерда машғулотларни олиб борди.

Олинган маълумотларга қараганда, терма жамоамиз лагерида юқори кайфият ҳукмронлик қилмоқда. Футболчиларимиз ҳам юртдошларимизни айём билан табриклашган. Ўз навбатида, улар байрамлар давомий бўлиши учун Сурияга қарши ўйинда, албатта, ғалаба қозониш учун майдонда максимал тарзда ўйнашга ваъда беришган.

Футболчиларимиз Виталий Денисовни қўллаб-қувватлашган. Шу билан бирга, майдонда бир жону бир тан бўлиб ҳаракат қилишга тайёргарлик кўришмоқда.

Самвел Бабаян олдида Денисовнинг ўрнига муносиб футболчини топишдек қийин вазифа бор. Катта эҳтимол билан ўша қанот ҳимоясидаги жойни Зотеев ёки Тўхтахўжаев-Кримец жуфтлигидан бири эгаллаши мумкин.

Сурия ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ўйин кўпчиликнинг диққат марказида бўладиган кўринади. Сабаби, дунёнинг бир қанча йирик букмекерлик корхоналари жумладан, BWin корхонаси Осиё терма жамоалари ўйинини таҳлил қилиш борасида кучли футбол экспертларига мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, Сурия - Ўзбекистон учрашувида ўша экспертлар Ўзбекистоннинг ғалабасини тахмин қилишган.  Ҳатто вакилларимизнинг икки ва ундан кўпроқ гол фарқи билан ғалаба қозонишлари айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш босқичи «А» гуруҳи 5-туридан кейин 9 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Сурия 5 очко тўплаган ҳолда тўртинчи ўринни банд қилиб турибди.

Сурия термасида-чи?

Сурия термаси ҳам кераклича амалиётни бошидан ўтказяпти. Мураббийлар штаби иккига бўлинган ҳолда машғулотларни олиб бормоқда. Яъни, биринчи гуруҳ жисмоний тайёргарлик билан машғул бўлса, иккинчи гуруҳ фақат назарий билимлар ва тактик кўрсатмалар устида ишлаяпти. Ҳар ҳолда Ўзбекистон термасига қарши улар ҳам бор имкониятларини ишга солишмоқчи. Сурияликлар бугун вакилларимизга қарши тўп суришса, 28 мартда Жанубий Корея билан ўйин ўтказишади. Бош мураббий Айман Ҳаким ушбу ўйинларга 23 нафар футболчини чақирган. 

Сурия терма жамоасининг Ўзбекистон ва Жанубий Корея билан ўйинлар учун таркиби:

Дарвозабонлар: Иброҳим Алма («Ал-Иттиҳод»), Аҳмад Маданиа («Ал-Жаиш»), Маҳмуд ал Юсуф («Виктори», Мальдив ороллари)

Ҳимоячилар: Аҳмад ал Солиҳ («Хенан Жианье», Хитой), Аъло ал Шбли («Нафт Ал-Васат», Ироқ), Моаяд Ажан («Нафт Ал-Васат», Ироқ), Ҳусайн Жвайед («Ал-Завра», Ироқ), Умар Мидани («Ал-Ваҳда»), Ходи ал Масри («Ал-Ваҳда»)

Ярим ҳимоячилар: Маҳмуд ал Мавас («Умм-Салал», Қатар), Осама Омари («Ал-Ваҳда»), Холид ал Мобайед («Ал-Ваҳда»), Одай ал Жафал («Ал-Нажаф», Ироқ), Тамер Муҳаммад («Дофар», Уммон), Амро Женият («Ал-Шабаб», Уммон), Фаҳд Юсуф («Ал-Жазира», Иордания), Иззеддин ал Авад («Ал-Жаиш»), Ваел ал Рифаи («Ал-Жазира», Иордания)

Ҳужумчилар: Омар Харбин («Ал-Ҳилол», Саудия Арабистони), Насуҳ ал Накдали («Ал-Иттиҳод»), Фирас ал Ҳатиб («Ал-Қувайт», Қувайт), Аҳмад ал Доуни («Ал-Нажаф», Ироқ), Мардик Мардикиан («Ал-Жазира», Иордания).

Шу ўринда айтиш жоиз, таркибга Фирас ал Ҳатиб ҳам жалб қилинди. 33 ёшли футболчи терма жамоадаги фаолиятини 2001 йилда бошлаган. Аммо 2012 йили айрим сабаблар туфайли жамоада ўйнашдан бош тортганди. Бироқ Қувайтда фаолият олиб бораётган футболчи январда терма жамоадан таклиф олса қабул қилиши, бу ҳар қандай спортчи учун шарафлигини айтганди.


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz