Қайднома

Қидирув

Ҳимоя ҳужумга қарши… Қандай ўйнаш керак?

Ҳимоя ҳужумга қарши… Қандай ўйнаш керак?

  23.03.2017 06:26
  0
  1791
Ҳимоя ҳужумга қарши… Қандай ўйнаш керак?

Мана, Осиё майдонларида яна катта футбол ҳавоси эсмоқда. ОФКнинг етакчи миллий жамоалари бугун Россия-2018 мундиали сари навбатдаги муҳим қадамни ташлашга уриниб кўришади. Эслатма, жорий саралаш раунди баҳслари 5 сентябрга қадар давом этади. Айни пайт Ўзбекистон термаси жой олган «А» гуруҳида 3та жамоа бошқалардан устундек кўринаётган бўлса, «В» олтилигида Ироқ ва таиландликларда имкон қолмагандек... Аслида бу алдамчи таассуротлардир, зеро, 1та тур ўйинлари барчасини буткул ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас. Ишонамизки, энг қизиқарли воқеалар ҳали олдинда.

«A» гуруҳи

Хитой - Ж.Корея

Чангша. «Хелонг Стэдиум» стадиони.

Хитойликлар ўтган йилнинг 15 ноябрида Қатар термаси билан баҳсда дуранг қайд этишганидан сўнг Европанинг Хорватия ва Исландия каби жамоаларига қарши «ўртоқ»лик уюштиришди. Марчелло Липпи бу ўйинлар орқали жамоанинг эртанги кунини кўрикдан ўтказди. Хусусан, исландлар билан учрашувнинг 88-дақиқасида жавоб голини урган Ванг Жингбин бор-йўғи 21 ёшда. Лекин у клубда етарли ўйин амалиётига эга эмас. Чин юрти вакиллари кўпроқ ҳужумга ўтиш учун аввало, корейслар ярим ҳимоясидан устунлик қилишлари лозим. Умуман, Хитой термаси иккинчи даврада ҳам роса қийналса керак. Ж.Корея термаси табиийки, Сон Хюн Мин маҳоратига таяниб иш кўради. У «Тоттенхэм»да қанот ва марказ ҳужумчиси сифатида тўп суряпти. Сеулда кечган биринчи давра баҳси корейслар учун жуда омадли бошланиб, улар тез орада 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олгандилар. Аммо кейинчалик эътиборни йўқотишлари оқибатида ғалабани зўрға сақлаб қолишганди - 3:2.

IF тахмини: 35 (Хитой термаси ғалаба қозонади) - 20 (дуранг бўлади) - 45 (Ж.Корея термаси ғалаба қозонади).

Қатар - Эрон

Доха. «Жассим бин Ҳамад» стадиони.

Теҳрондаги баҳсда қатарликлар асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда 2та гол қўйиб юборишган ва бунда кўпроқ Шри-ланкалик ҳакам Хеттиканамге Перерани айблашганди. Мана, орадан 6 ой ўтди. Жамоада бош мураббий ва асосий дарвозабон ўзгарди. Тўғри, форслар жамоаси ҳамон ишончли ўйнамоқда. Дейлик, ҳужумда Сардор Азмун ва Эҳсон Ҳожисафи боғлами хавфли кўриняпти. Қатар термаси ҳужум тандеми - Ҳассан ал Ҳайдос ва Али Асадаллодан форслар ҳимоясига имкон қадар кўпроқ ташвиш туғдириш талаб этилади.

IF тахмин: 45 - 20 - 35.

Сурия - Ўзбекистон

Серембан (Малайзия). «Tuanku Abdul Rahman» стадиони.

Ўйиннинг бетараф майдонда ўтказилиши жамоамиз фойдасига ишласа, ажабмас. Айни пайт Самвел Бабаян ҳужумда Игорь Сергеев ва Темурхўжа Абдухолиқовдан қай бирига ишонч билдириш устида бош қотираётган бўлса, ажабмас. Асосий таркибда қайси форвард майдонга тушишидан қатъий назар, ярим ҳимоячиларимиздан кескин ҳаракатланиш ва фаоллик кўрсатиш талаб этилади. Чунончи, Сурия термасининг зич ҳимояга таянишию, ўз омадини  асосан қарши ҳужумлардан излаши эҳтимоли катта. Демакки, Бабаян ҳимоячилар ва айниқса, дарвозабон масаласига жиддий эътибор қаратиши шарт.

IF тахмини: - (ўз жамоамиз ўйини натижасини тахмин қилмаганимиз маъқул - бизни ғалабадан бошқаси сира қониқтирмайди).

«B» гуруҳи

Ироқ - Австралия

Теҳрон (Эрон). «Пас» стадиони.

Моҳаннад Абдул Раҳим Таиланд термаси дарвозасига 4та гол ургач, Австралия матбуоти бу ўйинчига атрофлича эътибор қаратганди. Дарҳақиқат, Моҳаннад ўзига хос тезкорликка эга ва гол вазиятини ҳис этиш қобилияти юқори. Эрондаги арена жамоага омад келтиргани учунми, ироқликлар яна шу стадионни танлашди. Айни пайт Аъло Абдул Заҳро сардорлигидаги Ироқ термаси ҳимоясида Аҳмад Иброҳим («Эмирейтс»), Али Аднан («Удинезе»), Дургам Исмоил («Ризе-спор»), Воид Салим («Ал-Завра») асосий ролни бажаришяпти. ОФК таркибидаги бошқа ҳеч бир жамоа ихтиёрида бунчалик кўп легионер ҳимоячи йиғилмаган бўлса керак. АҚШнинг «Коламбус Крю» клуби ҳужумчиси Жастин Мерам бу сафар жамоага таклиф этилмади. Умуман, Редҳи Шенайшил остонадаги 2та учрашувга нақ 6 нафар легионерни чақирмади. Тахмин қилиш мумкинки, ироқликлар Австралия термаси посбони Мэтью Райан («Генк»)га анча-мунча иш топиб беришади. «Соккеруз» афсоналаридан бири Тим Кэйхилл ҳужумда Робби Круз («Лиаонинг Вовин») билан шериклик қилса керак.

IFтахмини: 45 - 15 - 40.

Таиланд - Саудия Арабистони

Бангкок. «Ражамангала» стадиони.

Икки жамоа шу пайтгача 11 марта ўзаро учрашган ва саудияликлар 10 марта ғалаба қозониб, 1 марта дурангга рози бўлишган. Саудия термаси ҳужум чизиғи (Муҳаммад ал Саҳлавий ва Наиф Ҳазазий) малакали футболчилардан иборат. Голландларни ЖЧ-2010 финалига олиб чиққан Берт ван Марвейк бугунги кунда саудларни мундиал сари етаклашда бор маҳоратини ишга соляпти. Эътиборлиси, бу жамоалар ўртасидаги тўқнашувларда мураббийлар одатда тўлиқ ҳужумкор таркибга таянишади. Таиланд термасининг Тиратон Бунматан (жамоа сардори) ва Танабун Кесарат Вираватнодом етакчилигидаги ҳимояси биринчи даврадан етарли хулоса чиқарган бўлса керак. Бундан ташқари, тайлар 2016 йил охирида АСЕАН чемпионатида зафар қучишди. Жамоада ўйин амалиёти етарли, лекин маҳорат масаласи...

IF тахмини: 30 - 20 - 50.

БАА - Япония

Ал-Айн. «Ҳазза бин Саид» стадиони.

Японлар учун Осиёдаги энг ноқулай рақиблардан бири саналган БАА термасининг айни ҳолати жуда яхши. Бу рақиблар ўртасидаги баҳсларда 9та дуранг қайд этилган ва томонлар 5 мартадан ғалаба қозонишган. Амирликлар сўнгги марта Харьков (Украина)да Болгария термасини 3:0 ҳисобида енгишганди - Аҳмад Халилнинг 3та голи эвазига. «Ал-Ваҳда»нинг 33 ёшли ҳужумчиси Исмоил Матар иккинчи ёшлигини ҳис қилдими, ОЧЛда ўзини кўрсатмоқда. Демак, у Аҳмад Халил ва Али Мабҳут тандемига қўшилса, ажабмас. Японларга келсак, ҳимояда ўта тартибли ўйин йўлга қўйилган. Воҳид Халилхожич ихтиёрида Юто Нагатомо («Интер»), Майа Йошида («Саутгемптон»), Готоку Сакаи («Гамбург»), Хироки Сакаи («Марсель») каби топ-лигаларда тобланган ҳимоячилар бор. «Лестер» ҳужумчиси Шинжи Оказакида имконият пастроқ. Эҳтимол, мураббий олдинги чизиқда Такума Асано ёки Юя Осакога ишонч билдирар...

IF тахмини: 40 - 25 - 35 фоиз.

ФИКРАТ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz