Қайднома

Қидирув

Киммих ва Майер битта стол атрофида

Киммих ва Майер битта стол атрофида

  27.03.2017 03:33
  0
  1041
Киммих ва Майер битта стол атрофида

Жошуа Киммих ва Леони Майер - Бавариянинг икки футбол жамоаси аъзолари. Ҳар иккиси битта ҳудудда улғайган, Германия миллий жамоаларида «Бавария» клуби вакили сифатида ўйнай бошлаган. Маълумки, немислар табиатан режа бўйича иш тутишни хуш кўришади. Улар шунингдек, ўзгачаликка ҳам мойиллар. Қуйидаги интервью бунга яна бир исбот. Хуллас, германиялик касбдошларимиз эркаклар ва аёллар футболи вакилларини битта стол атрофига чақириб, улар билан турли-туман масалалар юзасидан суҳбатлашишди. Жошуа ва Леони ўз навбатида, футболнинг икки йўналиши ўртасидаги фарқли ҳамда ўхшаш жиҳатлар хусусида мулоҳаза юритишди.

- Сизларни битта стол атрофида кўриш ёқимли. Қизиқ, кундалик ҳаётда йўлларингиз нечоғли тез-тез туташади?

Майер: - Очиғи, жуда кам кўришамиз. Ҳозир ҳаттоки, охирги марта қачон учрашганимизни эслолмайман ҳам. Адашмасам, Жошуани сўнгги марта Мариенплатц майдонида ташкилланган тантанада кўргандим. Шу маънода айтсам, жамоаларимизнинг бу йил ҳам чемпионлик унвонини ҳимоя қилиши муҳим. Шунда ҳокимият биноси олдида яна бирга байрам қилардик (кулади). Жиддий гапирсам, «Бавария» аёллар жамоаси асосан Ашхаймдаги базада шуғулланади. Шунинг учун ҳам, Жошуа билан кўришиб туришим имконияти анча паст.

 - Ваҳоланки, иккингиз битта ҳудудда яшагансизлар. Нима, ёшлигингиздан таниш эмасмисизлар? Эҳтимол, умумий танишларингиз ёки дўстларингиз бордир...

Киммих: - Йўқ, бирор марта учрашган эмасдик, гарчи Леони ҳам Штуттгартда туғилган бўлсада.

Майер: - Ҳа, мен Канштатт районида дунёга келганман.

Киммих: - Менинг жонажон шаҳрим эса Штутгартдан чамаси 100 километр узоқда жойлашган. Ҳа, вақтида «Штутгарт» клубида тўп сурганман, аммо унинг аёллар жамоаси йўқ эди. Шунинг учун бўлса керак, Леони Зиндельфингендаги футбол мактабида таҳсил олган, адашмасам...

Майер: - Тўппа-тўғри! Қойил, Жошуа мен ҳақимда билар экан, бу ёқимли. Лекин менда ҳам маълумотлар бор. Тиззамга боғлиқ жароҳат сабаб, Штутгартдаги клиникада даволанганимда Робин Ялчин сен ҳақингда гапириб берганди.

Киммих: - Ҳа, у билан мактаб ёшида битта жамоада тўп сурганмиз, футбол интернатига ҳам бирга боргандик. Эсимда, ўша охирги чемпионлик оқшомида ҳам Ялчинни эсга олгандинг. Демак, айтиш мумкинки, иккимизда умумий танишимиз йўқ эмас.

 - Леони, Штутгартда қизлар жамоаси бўлмаганини назарда тутиб айтсак, бошида ўғил болалар даврасида ўйнагандирсиз...

Майер: - 3 нафар акам бор. Айнан уларга эргашиб, футболга ошно тутинганман. Вақт ўтиши билан бу ўйиндан завқланишни ўргандим, кейин унга шунчаки, боғланиб қолдим. Дарҳақиқат, ёшлар тоифасига кўтарилгунча ўғил болалар жамоасида тўп сурганман ва бу катта тажриба вазифасини ўтаган. Зеро, жисмонан бақувват жамоадошларимдан ортда қолмасликка уриниб, кўпроқ машқ қилардим. Умуман, ёшликда болалар билан ўйнаганим футболчи сифатида шаклланишимда муҳим аҳамият касб этган - бу айни ҳақиқат. 

Киммих: - Мен эса қизлар билан ҳам ўйнаганман. Аниқроғи, ўз шаҳарчам жамоаси таркибида 2 нафар қиз бола шуғулланган. Тасаввур қилинг, ҳар иккиси бундеслига клуби сафидан жой олиш салоҳиятига эга эди. Улардан бири - Максимилианна Ралл айни пайт «Хоффенхайм» шарафини ҳимоя қилмоқда. Табиийки, сен билан бирга шуғулланган қизалоқларнинг шу даражада юксалишини кўриш ёқимли.

 - Келинглар, энди эркаклар ва аёллар футболи ўртасидаги фарқ-ли ҳамда ўхшаш жиҳатлар хусусида гаплашамиз. Тушунарлики, йиғлаш асосан аёлларга хос ҳилқат саналади. Жошуа, ростини айтингчи, майдонда кўз ёши тўкканмисиз?

Киммих: - Болаликда деярли ҳар бир мағлубиятдан сўнг йиғлардим. Нафақат футбол, балки бошқа ўйинларда ҳам енгилишни сира кўтаролмасдим. Тўғри, эндиликда ўзимни анча босим олганман ва бўлар-бўлмасга кўз ёши тўкмайман. Ҳа, аламли мағлубият ёки муҳим ғалаба онлари эҳтиросларни жиловлаш осон эмас. Хайриятки, «Бавария»да ўйнаяпман ва клубим учун даҳшатли мағлубиятлар ноёб ҳодиса саналади (кулади). Хурсандчилик кўз ёшларига келсак, буниси бошқа масала. Дейлик, драматик тус олган финалдан кейин улкан зафар таъсирида ўз-ўзидан йиғлаб юборишингиз мумкин ва аёллар бунинг учун бизни айбламасалар керак, менимча.

 - Леони, мураббийингиз - Томас Вёрле вақтида футболчи бўлган. Унинг айтишича, аёллар жамоаси мураббийи умуман бошқа касб саналади. Яъни қизлар билан мутлақо ўзгача муносабатда бўлиш, «ёмшоқ»роқ ишлаш лозим. Юрген Клинсманн эса ЖЧ-2006да Польша термасига қарши учрашув олдидан шундай кўрсатма берган: «Шунчалик кучли босим ўтказингларки, рақиб ўз деворини бузиб юборганини билмай қолсин...». Хўш, аёллар жамоаси олдига шундай вазифа қўйиш ўринлими?

Киммих: - Менимча, бундай кўрсатма ҳар жойда ўз самарасини беради.

Майер: - Бизнинг мураббий кескин кўрсатмалар беришдан тийилади. Аксинча, баъзида майдонда ҳам аёл эканлигимизни унутмаган ҳолда, ҳаракатланишимизни тайинлайди. Шунинг баробарида бор куч билан тўп суриш ва курашишни талаб қилади. Ҳарқалай, катта спорт ортиқча мулойимликни хуш кўрмайди.

Киммих: - Тан олиш керак, аёллар футболини кузатсангиз, ўйинчилардаги иштиёқ ва ҳаракат-интилиш эркакларникидан кам эмаслигини тўлиқ англайсиз.

 - Хўш, шахсан сиз аёллар жамоалари иштирокидаги нечта ўйинни томоша қилгансиз?

Киммих: - «Бавария» аёллар жамоасининг атиги битта ўйинини бевосита стадионда кўрганман. Аниқроғи, Себастьян Роде билан бирга «Франкфурт»га қарши кечган учрашувга борганмиз. Ўшанда қизларимиз ғалаба қозонсалар, чемпионликни нақд қилишарди. Афсуски, уларга бизнинг гувоҳлигимизда зафар қучиш насиб этмаганди.

 - Ҳа, сизни омад тимсоли сифатида таърифлашга асос йўқ экан...

Майер: - Айнан шунинг учун ҳам Жошуани ўйинларимизга таклиф этмаймиз-да (кулади).

Киммих: - Тўхта-тўхта, кейинги турда чемпионликни расмийлаштиргансизлар-ку, барибир. Қувонарлиси, аёллар футболи юқори суръатларда ривожланмоқда. Аёллар ўртасидаги ЖЧларни кузатиб келаётган киши ўсиш даражаси ниҳоятда катталигини осонгина пайқайди. Мисол учун, 2011 йилги турнирда ҳам ҳаммаси ҳозиргидек зўр эмасди. Бугун эса аёллар мутлақо янги савияга кўтарилишди. Рости, баъзан аёлларнинг ҳаракатлари, техник қобилиятларига шунчаки, ҳавас қиламан.

 - Леони Европа чемпиони сифатида эркак касбдошларингизга қандай маслаҳат бера оласиз: улар қитъа биринчилигида ғалаба қозониш учун нималарга эътибор қаратишлари зарур?

Майер: - Мени ноқулай аҳволга солманг. Ахир эркакларимизга қандай маслаҳат беришим мумкин? Германия термасининг тўғри йўлдан бораётгани барчага маълум. Йигитлар ҳозирги иштиёқни сақлаб қолсалар ва майдонда завқ билан тўп сурсалар, бас. 

 - Қай бирингиз «Бавария» ва терма жамоада кўпроқ ўйнаганингиз, гол урганингизни биласизларми?

Киммих: - Менимча, бу борада Леони анча олдинда бўлса керак...

Майер: - «Бавария» сафига анча олдин қўшилганман, миллий жамоага ҳам. Шундай экан, ҳозирча менинг статистикам яхшироқ эканлигида ажабланарли томони йўқ.

 - Леони, сиз чиндан ҳам, ўйинлар сони бўйича олдинда бор-япсиз: «Бавария»да  52та, терма жамоада 49та. Жошуа эса тегишлича 40 ва 11 марта майдонга тушган. Лекин гол масаласига қарасак, ҳисоб 4:2 - Киммих фойдасига.

Киммих: - Жиддий айтяпсизми? Наҳотки? 

Майер: - Жошуа, мендан кўп гол урган экансан, табригимни қабул қил!

 - Леони - Олимпиада чемпиони, Жошуа учун эса бу энди армон...

Киммих: - Тўғри. Аслида Олимпиадага боришим мумкин эди, бироқ миллий жамоадан чақирув олгач, Евро-2016да иштирок этиш имкониятидан юз ўгиролмадим. Ҳарқалай, эркаклар футболида Европа чемпионати обрўси Олимпиаданикига нисбатан баландроқ. Аёллар учун эса, билишимча, Олимпия ўйинлари муҳимроқ саналади.

 - Ҳар иккингиз майдонда ўнг қанот ҳимоячиси сифатида тўп сурасизлар. Бу борада кумирларингиз борми?

Киммих: - Ҳа, ёшлар жамоасида баъзан ўнг тарафда тўп сурганман, аммо ҳозир соф ярим ҳимоячиман. Саволингизга келсак, доимо Бастиан Швайнштайгерга ҳавас қилиб, унингдек ўйнашга интилганман.

Майер: - Филипп Лам - чинакам  намуна. Унинг узоқ вақтдан буён юқори савияда барқарор ўйнаётгани шунчаки, ҳайрат уйғотади.

 - Баъзи шаҳарларда «Бавария» эркаклар жамоасига худди ашаддий душмандек қарашади. Дейлик, Берлинда. Аёллар жамоаси ҳам шу каби совуқ муносабатга дуч келганми? 

Майер: - Биз ҳозирча эркаклар жамоасидек кўп соврин ютган эмасмиз. Дейлик, ҳисобимизда атиги 2та олтин медаль бор. Шунинг учун бўлса керак, сафар баҳсларида бизга алоҳида эътибор йўқ. Яъни бошқа клублар мухлисларининг нафрати баланд эмас. 

 - Ҳаётий тушунчага кўра, аёллар жанжалга мойилроқ бўлишади.

Майер: - Ҳа, жамоада баъзан жанжаллашиб турамиз, аммо бунақаси жуда кам кузатилади. Чунки бир-биримизни яхши тушунамиз. Хуллас, клубимизда ички муҳит талаб даражасида.

Киммих: - Ҳаммаси муайян одам характерига боғлиқ, албатта. Жамоада ўзини катта тутиш ярамайди зинҳор. Ҳа, «Бавария»да рақобат ақл бовар қилмас даражада баланд, бироқ бу ҳол можарога асос бермайди - мавсум жуда узун, ўйинлар кўп. Демакки, сабр билан ишлаган киши ўз имкониятига эга бўлади. 

 - Эркаклар жамоасида келишмовчиликларни бартараф этиш нисбатан осон: йигитлар қайсидир кафега бориб, кўнгилсизликни унутишлари мумкин.

Киммих: - Ўзи футбол эҳтиросларга бой ўйин. «Бавария»да ҳар бир футболчи ғолиб бўлишни истайдим, ҳаттоки, оддий машғулотлар жараёнида ҳам. Табиийки, ўзаро кураш чоғи ҳар қандай ҳолат юзага келиши мумкин. Лекин профессионал спортчи барча эҳтиросларни майдонда қолдириши шарт. Демоқчиманки, ўзаро аразлашиб юриш ёки ярашиш учунгина кафега бориш йигитларга хос эмас.

Майер: - Ҳа, бу масалада бизга нисбатан қийин. Ахир аёллар анча таъсирчан бўлишади. Томас Вёрле аёллар жамоасига бошқача муносабат зарурлигини айтганида, айнан шуни назарда тутгандир. Тан оламан, қизлар табиатан аразлашишга мойиллар. Дейлик, машғулотда кимдир дугонасига қўполлик қилади. Шунда жабрдийда қиз, гарчи барчаси тасодифан рўй берганини тушунсада, маълум вақт ҳаттоки, гаплашмай юради. Эркаклар ва аёллар футболи ўртасидаги энг катта фарқ шу бўлса керак.

 - Аёллар жамоаси ЧЛда «ПСЖ»га қарши ўйнайди. Эркаклар жамоаси эса турнирнинг 1|8 финалида унутилмас лаҳзаларни тортиқ этди.

Майер: - Ҳа, ажойиб, «Бавария»нинг эркаклар ва аёллар жамоаси елкама-елка ЧЛ финалига интилмоқда.

 - Леони Майер қачондир шахсий кафе очмоқчи. Жошуа, сизда ҳам шунга ўхшаш ғоя борми?

Киммих: - Ҳозирча фақат футбол ҳақида ўйлаяпман. Умид қиламанки, фаолиятим ҳали узоқ ва омадли давом этади. Кейинчалик ҳам футбол ичида қолсам керак. Кафе ёки ресторан очиш? Яшаб турсак, кўрамиз. Бир қатор футболчи-дўстларим ҳозирдан бизнес билан шуғулланишмоқда. Лекин бу осон эмас...

Леони MAЙЕР

Туғилган санаси ва манзили: 1992 йил 29 сентябрь (25 ёш); Штутгарт (Германия)

Фуқаролиги: Германия

Бўйи:162 см.

Позицияси: ўнг

қанот ҳимоячиси

Клуби: «Бавария» (аёллар жамоаси)       

Рақами: 20

Жошуа КИММИХ

Туғилган санаси ва манзили: 1995 йил 8 февраль  (22 ёш); Ротвайль (Германия)

Фуқаролиги: Германия

Бўйи:176 см.

Позицияси: марказий ярим ҳимоячи| ўнг қанот ҳимоячиси

Клуби: «Бавария»

Рақами: 32

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz