Қайднома

Қидирув

Армон алангасида ёнаётган йўлланма. Уни қутқариш мумкинми?

Армон алангасида ёнаётган йўлланма. Уни қутқариш мумкинми?

  28.03.2017 04:44
  0
  2337
Армон алангасида ёнаётган йўлланма. Уни қутқариш мумкинми?

Мамлакатимиз футбол мухлислари орзусига ўт кетди. Майдонда жаҳон чемпионати йўлланмаси ёнмоқда. Қимматбаҳо чиптани куйдираётган олов ҳарорати мухлислар қалбига кўчган. Армон алангаси яна янгиланиб, футболимиз осмони узра бўй чўзмоқда. Фарқи шуки, бу сафарги изтироб гулхани ҳароратига чидаш, бардош бериш қийин бўлмоқда. Мухлисларнинг тоқатсиз алам изтироби танқидга тўла очиқ хат, мурожаат, шеър, танбеҳ, сўкиниш, койиш, мазах ва бошқа кўринишларда оловланиб бирдан кўкка ўрлади.

Кутмоқ ва умид қилмоқдан безиган мухлиснинг безовта қалби оёққа турди. У аллақачон тарихга айланган мағлубиятни ҳамон қабул қилолмаяпти. Қандай қабул қилсин ахир?! Малайзияда бўлиб ўтган учрашувни нақ 4 ой интизор кутганди-ку. Шу интизорлик оғушида куздаги икки мағлубиятни унутди. Интизорлик бағрида эса терма жамоамиз ғалабасига нисбатан кучли ишонч ётганди. Очиғи, энди ерпарчин бўлган бу ишонч шу қадар улкан экани аввал тасаввуримизга сиғмаган. Аксарият мухлислар Самвел Бабаян шогирдларининг нурсиз ўйинларига кўникишди ва жаҳон чемпионати йўлланмасига алоҳида умид боғлашмайди, деб ўйлаганмиз. Хом ўйлаган эканмиз! Самвел Бабаяннинг  мураббий сифатидаги имконлари сўнгги саралаш босқичи даражасида эмаслиги хусусида бир неча бор мулоҳаза билдирдик. Ўйлабмизки, шу мулоҳазалар таъсирида мухлислар армиясининг бир қисми бўлажак нурсиз натижаларга руҳан тайёр туради. Йўқ, ундай бўлмади. Март ойига қадам босишимиз билан таҳририятимизга қўнғироқ қилувчи мухлислар сони кўпайди. Барчада бир мазмунда илтимос-илтижо: «Футболчиларимизни руҳан қўллаб-қувватланглар, Самвел Бабаян тактикасига ишонч йўқ, лоақал йигитлар борларини бериб ўйнашсин!» Юз - иссиқ, лафз - азиз неъмат. Мухлисларнинг сўзлари ерда қолмади. Ёздик. Футболчиларимизга ёлқинли сўзларимизни раво кўрдик. Уларнинг ўша кўтаринки ишонч балқиган мулоҳазаларни ўқишгани ёки ўқишмаганини билмаймиз. Факт шуки, яхши ният билан айтилган навобахш сўзлар ҳавога учди. Балки шунинг учундир таниқли ижодкор Улуғбек Ҳамдам мураббийлар ва футболчиларни «Сўз Таъсир Қилмасовлар», деб атади. Начора, шу хулоса - ҳақиқат! Шунинг баробарида Самвел Бабаян ва унинг шогирдларига ҳайкал қўйиш кераклигини айтаётганлар учун ўзига хос раддия. Ҳар кимга ҳайкал қўйилмайди. Ахир ҳайкал кўчада қолмаган. Мухлислар қайси мураббий ёки футболчига ҳайкал ўрнатиш кераклигини жуда яхши билишади. 

Тўғри, Бразилия - футбол бобида беқиёс ўлка ва зукко мухлис футболимиз имкониятини Пеле ворислари савиясига қиёсламайди. Бу ўринда қиёс ночор, таққос таслим! Бироқ терма жамоамиз имконларини араб футболи савиясига тенглаштирмаётганлар адашадилар. Унутмангки, ўша сурияликларга футбол сирларини ўргатган илк мутахассислардан бири Баҳодир Иброҳимов бўлади. Бу қадар паст кетиш футболимиз шаънига ярашмайди. Қолаверса, чинакам футболни ва зукко мухлисни алдашга уриниш - беҳуда иш. Агар ўзбек футболи йўлбарсона ва важоҳат билан сапчип ўрнидан турса, Сурия ёки Қатар термаси мағлубликни осонгина бўйнига олиши муқаррар. Демоқчимизки, футболимиз Сурия термасидан мағлубиятга учрамади, аксинча, унинг номидан иш юритган бир ҳовуч номуносиблар ҳеч бир уялмай, хижолат тортмай, рақибга жиддий қаршилик кўрсатишмади. Уят, андиша йўқ жойда футболнинг боши қуйи эгилади, савия ўзини нари олиб қочади. Сурия ёки Қатар терма жамоасини мағлуб этишга қодир бўла туриб, бу қодирликни қадрламаганларга нисбатан аслида айни дашномлар оз. Қодирлик нима? Зўрликнинг зўри қачон олқишланади? Қодирлик - қудрат намойишидир! Юртимиз футбол мухлислари нима учун Роналдуни яхши кўришади? Энг зарур паллада зарурлигини исботлашга ўзида куч топаётгани учун! Унинг зўрлиги барчага маълум. Аммо шу имкон исботи билан бўлмаса, барча мухлислар уни бирдек олқишлайвермасдилар. Венгрия термаси Евро-2016да португалияликларни анча қийнаганди. Роналду ва унинг жамоадошлари ўша асабий учрашувни ёддан чиқаришмаган экан, бу сафар қудратларини амалда исботлашди. Футбол ва унинг адолати шуниси билан гўзал. Ҳар бир жамоа ўз савияси ва даражасига муносиб тўп сурса, мухлисларда эътироз туғилмайди. Кипр ва Эстония, Андорра ва Фарер ороллари терма жамоалари ўртасидаги учрашувларда дуранг қайд этилиши мантиққа мос. Бунда иики томон ҳам натижадан рози. Мухлислар ҳам жамоалари ҳолатидан ўкинишмайди. Чунки ҳаммаси уларга аён. Кучли Бельгия терма жамоаси грециялик футболчилардан ўз майдонида мағлубиятга учраганида, футбол адолати бироз бузилган ҳисобланарди. Гарчи Азар ва де Брюйне каби етакчилар майдонга тушолмаган бўлсалар ҳамки,  Бельгия термасининг кучли таркибини ҳамма тан олади. Жамоа шу мантиқ шаъни ва исботи учун бутун кучини сарфлади. Мақсадга эришмоқ ва гол урмоқ учун Ромелу Лукаку каби жон куйдириш даркор. Футболимиз мухлисларининг фиғони фалакка кўтарилишини шу омилга асосан изоҳлаш мумкин. Терма жамоамиз жон куйдириб ўйнамади. Нима учун? Фикримизча, бунга сабаблар кўп. Одил Аҳмедов Хитой чемпионатида ўзини кўрсатолмаяпти, Сервер Жепаров Эрон биринчилигида эриб, йўқолиб бормоқда. «Локомотив» ва «Бунёдкор» футболчилари тушкун аҳволда. Энг асосийси, терма жамоамиз бутун вужуди билан янгиланишни истаяпти, назаримизда. Бош жамоамизда гўё «Лестер»даги каби ҳолат кузатилмоқда. Клаудио Ранери - «Лестер» тарихидаги олтин саҳифа, лекин жамоанинг келажаги унинг истеъфоси масаласини ўртага қўйди. Нақадар аламли ва изтиробли шарт! Футбол тараққиёти шунчалар ҳам адолатсизми?! Ўлим ҳақлиги каби тараққиётнинг шиддати ва талаби ҳам муҳокамалардан холидир. Шу боис, буюк мураббий ишдан кетди ва янги ҳаво «Лестер»нинг қаддини тиклади. Ўжар фактларга тараф йўқ. Улар ҳамиша ғолиб ва воқеликнинг ўзига бўйсундиради. Терма жамоамизда ҳам шу каби ҳолат такрорланаётган бўлса, не ажаб?! Ўзбекистон футбол муҳитидаги «ёнғин»нинг сабаби шу.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мазкур интервьюнинг тўлиқ қисмини ИнтерФУТБОЛ газетасининг 25-сонида мутолаа қилишшингиз мумкин.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz