Қайднома

Қидирув

Санжар Шоаҳмедов: «Локомотив» раҳбарлари ваъдаларида туришди

Санжар Шоаҳмедов: «Локомотив» раҳбарлари ваъдаларида туришди

  01.04.2017 15:45
  0
  1772
Санжар Шоаҳмедов: «Локомотив» раҳбарлари ваъдаларида туришди

«Локомотив»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Санжар Шоаҳмедов ҳозирда Қатарнинг «Ал-Сайлия» жамоаси шарафини ҳимоя қиляпти. Хабарингиз бор, ушбу клубда Темурхўжа Абдухолиқов ҳам ўйнаяпти.

Шоаҳмедов ўтган йили олий лиганинг барча 30та учрашувида майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 7та тўп киритганди. Шунингдек, Ўзбекистон кубоги баҳсларида ҳам битта голга муаллифлик қилганди. ФИФА кунлари сабаб юзага келган танаффус пайтида истеъдодли ярим ҳимоячи Тошкентга келди. Биз Санжар билан учрашиб, ундан интервью олдик.

- Санжар, дам олиш кунлари қандай ўтди?

- Асосан оилам даврасида бўлдим. Биринчи марта легионер сифатида хорижда ўйнаётганим сабабли уйни соғиниб қолган эканман. Шу сабабли кўчага ҳам кам чиқдим. Собиқ жамоам «Локомотив»нинг машғулотларига бордим. У ерда дўстларим билан учрашиб, узоқ суҳбатлашдик.

- Умуман, Қатар чемпионати, хусусан, «Ал-Сайлия» варианти қандай юзага келганди?

- Мавсумлар оралиғида бир нечта клублардан таклифлар олгандим. Улар орасида хориж жамоалари ҳам бор эди. «Локомотив» билан Дубайда йиғин ўтказаётган пайтимизда эса «Ал-Сайлия»дан қизиқиш бўлди. Улар аниқ ва жиддий таклиф билан чиқишди. Ўйлаб кўрдим, яқинларим билан маслаҳатлашгач, шартнома имзоладим.

- Трансферингиз агентлар орқали амалга ошдими ёки клублар ўзаро келишиб олишдими?

- «Ал-Сайлия» раҳбарияти агентлар орқали менга мурожаат қилди.

- Ўша пайт «Локомотив» билан шартномангиз бормиди? «Темир-йўлчилар» раҳбарияти бу трансферга қандай муносабат билдирди?

- Ҳақиқатан ҳам, амалдаги келишув муддати якунланмаганди. Лекин «Локомотив» раҳбарлари хориж клубларидан таклиф тушса, ҳар қандай вазиятда қўйиб юборишларини айтишганди. Клуб мутасаддилари ваъдани бажаришди ва Темурхўжа билан «Ал-Сайлия»га кўчиб ўтдик.

- Таклиф тушган пайт Абдухолиқов билан маслаҳатлашиб кўрдингларми?

- Албатта. Ҳар томонлама ўйладик. Ҳар бир футболчи ўзини хориж чемпионатида синаб кўришни хоҳлайди. Темурхўжанинг бу борада тажрибаси катта эди. Менда эса илк маротаба шундай имконият юзага келганди.

- Шартномани узайтириш вариантлари кўриб чиқилмаяптими?

- Иккимиз ҳам «Ал-Сайлия» билан бир ярим йиллик битим имзолаганмиз. Май ойида Қатар юлдузлар лигаси якунланади. Мавсум тугагач, яна бир йиллик муддат қолади. Лекин легионерларнинг шартномаси бошқа футболчиларникидан бироз фарқланади. Агар клуб раҳбарияти ва мураббийларга ўйинимиз маъқул келса, келишувни яна узайтиришимиз мумкин.

- Илк бор легионер сифатида ўйнаяпсиз. Таассуротлар қандай?

- Ҳеч қандай муаммо йўқ, ҳаммаси яхши. Ўсишга эришиб, янада кучлироқ жамоаларда тўп суриш ниятим бор.

- Қатар ва Ўзбекистон чемпионатлари ўртасида қандай фарқ сездингиз?

- Иккала чемпионатнинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги бор. Ўзбекистон олий лигасини кучсизроқ демаган бўлардим. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам легионерларга ҳамиша қийин кечган.

- Машғулотларда асосий эътибор жисмоний тайёргарликка қаратиляптими?

- Қатарнинг бошқа клубларини билмадим-у, лекин «Ал-Сайлия» мисолида айтадиган бўлсам, бизда тўп билан муомала қилиш ва жисмоний тайёргарликка бир хил эътибор қаратиляпти. Жамоа сафига иккинчи даврадан қўшилдик. Менимча, олдин ҳам шундай бўлган.

- Янги муҳит ва чемпионатга мослашиш қийин кечмадими?

- Қатарга келганимизда ҳали Ўзбекистон чемпионати бошланмаганди. Табиийки, спорт формамиз талаб даражасида эмасди. Бугунга келиб ҳаммаси изига тушиб кетди. Қатар футболига кўникдик, янги муҳитга мослашдик. Темурхўжа билан бир жамоада эканлигимиз иккимизга ҳам фойда келтиряпти.

- Абдухолиқов билан гаплашганимизда, озми-кўпми инглиз тилидан хабардор эканини айтганди. Сиз бу масалада қийинчилик сезмаяпсизми?

- Очиғи, инглизчани билмайман. Секин-аста ўрганяпман. Темурхўжа эса бемалол гаплаша олади. Хорватияда ўйнаган кезлари ўрганган бўлса керак.

- Ҳозир қаерда яшаяпсизлар?

- Иккимизга алоҳида-алоҳида 3 хонали квартира беришган.

- Олдинда миллий жамоамизни Қатар термасига қарши ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасидаги ўйин кутиб турибди. Ушбу юрт футболи билан озми-кўпми танишдингиз. Рақибнинг имкониятлари, умуман, бўлажак баҳс ҳақида фикрингиз қандай?

- Ишончим комил, Тошкентдаги ўйинда термамиз 3 очкони қўлга киритади. Биз қатарликлардан аввал ҳам кучли бўлганмиз, ҳозир ҳам шундай.

- Олий лига ўйинларини кузатиб боряпсизми?

- Албатта. Ҳар бир учрашувни интернет орқали кўряпман. Бошланиши чакки эмас. «Динамо» мавсумни шов-шув билан бошлади. «Обод» меҳмонда «Бухоро»ни мағлубиятга учратди. Чемпионат якунига қадар шундай кутилмаган ҳисоблар кўп бўлса, стадионга ташриф буюрадиган мухлислар сони ҳам янада ошади.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz