Қайднома

Қидирув

Бразилия терма жамоасининг халоскори - Тите ҳақида

Бразилия терма жамоасининг халоскори - Тите ҳақида

  09.04.2017 00:20
  0
  1198
Бразилия терма жамоасининг халоскори - Тите ҳақида

ЖЧ-2018 саралашининг қаторасига саккизта ўйинида ғалаба нашидасини сурган «пентакампеонлар» биринчи бўлиб Россияда ўтадиган турнир йўлланмасини қўлга киритишди. 2014 йилги уй мундиали ярим финалида германияликларга 1:7 ҳисобида ютқазилгач, Бразилия аҳолиси терма жамоанинг жар ёқасига келиб қолганини тахмин қила бошлашди. Аммо шу заҳоти ёмон фикрдан қайтиб, яхшиликка умид боғлашди. Икки йилдан сўнг Дунга бошчилигидаги жамоа Америка кубогида гуруҳдан чиқа олмади. Бундай шармандаликдан сўнг «селесао» 2018 йилги жаҳон чемпионатидан четда қоладигандек тасаввур уйғона бошлади. Аммо бугунги натижалар бунинг аксини кўрсатмоқда. Хўш, ўтган тўққиз ой мобайнида Жанубий Америка қитъасининг ажабтовур жамоасида нималар ўзгарди?

«Халқ жамоаси» мураббийи

Бразилия термасидаги ижобий ўзгаришларнинг асосий сабаби - бош мураббий алмашуви. ЖЧ-1994 ғолиби Дунга ажойиб марказий ярим ҳимоячи, ҳақиқий жангчи, омма ёқимтойи бўлган, аммо мураббий сифатида ишончни оқлай билмади. Унинг 2014 йилги уй мундиалида ютқазган Луис Фелипе Сколарининг ўрнига тайинланиши дастлаб кўплаб саволларни келтириб чиқариб, танқидларга учради. Зеро Дунга 2010 йилги жаҳон чемпионатида термани бошқариб, у билан атиги чорак финалгача чиқиб, Голландияга ютқазганди. Қолаверса, ЖЧ-2014 пайтида ушбу мутахассиснинг номи коррупцион можароларга боғлангани ҳам унинг тарафдорлари сонини камайтирганди. Аммо федерация раҳбариятида танишларнинг кўплиги Дунганинг Бразилия термасига қайтишига замин ҳозирлади.

Бу пайтга келиб, аксарият ишқибозлар ва мутахассислар «селе- сао»ни Тите бошқариши лозим, деган фикрни илгари суришди. Футболчи сифатида у қадар ёрқин натижаларга эришмаган, тиззасидан олган жиддий жароҳати туфайли 27 ёшида бутсаларини михга илишга мажбур бўлганига қарамай, Тите ақлли мураббийга айланганди. У турли йилларда «Гремио» билан Бразилия кубогини, «Интернасьонал» билан Жанубий Америка кубогини, «Коринтианс» билан мамлакат чемпионлигини қўлга киритганди. Тите айнан «халқ жамоаси»да клуб даражасидаги энг юксак ютуққа эришди. «Коринтианс» ушбу мутахассис бошчилигида иккита (2011 ва 2015 йилларда) чемпионлик совринидан ташқари, Либертадорес кубоги ва 2012 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам муваффақият қозонди. Йил сўнгида ўтказиладиган мусобақа финалида «Челси» 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратилди. Ваҳоланки, сўнгги ўн йилликда клублар ўртасидаги ЖЧ бош сов­рини фақат европаликларга насиб этаётганди.

55 ёшли Тите кейинчалик барибир, Бразилия термасига жалб этилди. У келгач, ўзгаришлар кузатилиб, натижада беш карра жаҳон чемпионлари 2018 йилги ЖЧ ғолиблигига даъвогарлар сафига қўшилишди. Дунгадан нафақат беқарор жамоа, балки саралаш циклидаги хавотирли вазият мерос қолганди. «Селесао» аввалги бош мураббий билан олти турда атиги икки марта ғалаба қозониб, 9 очко тўплашга эришганди, холос. Тите бошчилигида рўй берган ўсиш эса ҳайратланарли: 8та ўйиннинг барчасида ғалаба, тўплар нисбати - 25-2!

Дунга таркибни агентлар таъсири остида тузганликда айбланди. Унинг вориси бу борада қанчалик мустақил эканига четдан туриб баҳо бериш қийин, аммо Бразилия термаси кадрлар масаласида жиддий ўзгарди, деб ҳам бўлмайди. Аввалги бош мураббий ЖЧ-2018 саралашининг дастлабки турлари ва Америка кубогида ҳозирги таркибнинг аксарият аъзолари хизматидан фойдаланганди. Тите «Челси» ҳимоячиси Давид Луис, Хитойга кетган Халк ва Оскарни чақирмади. Шунингдек, фахрий форвард Рикарду Оливейра, ярим ҳимоячилар Элиас ва Луис Густаво ҳам таркибга жалб этилмадилар. Виллиан ва Дуглас Костанинг «селесао» ўйин тизимидаги аҳамияти нисбатан пасайди. Бошқа томондан, Тите аввалги бош мураббийдан фарқли ўлароқ, «Реал» ҳимоячиси Марселога кўпроқ ишонч билдирмоқда. Шунингдек, «ПСЖ»дан Тьяго Силвани қайтарди, «Ливерпуль» ҳужумчиси Роберто Фирминони таклиф қилди. Қолаверса, «Манчестер Сити»нинг ёш форварди Габриэл Жезус ҳам Бразилия термасида муҳим ролга эга бўлди.

Халкнинг ўринбосарига айланган ярим ҳимоячи Виктор Жулиано саралашнинг учта ўйинида тўп суриб, ўз ҳисобига самарали узатма ёзиб қўйди. Ниҳоят, Паулиньонинг сермаҳсуллигини алоҳида ажратиб кўрсатиш даркор. Тите бу футболчи билан «Коринтианс» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан кезлари бирга ишлаганди. Ушбу ярим ҳимоячи 2015 йили «Тоттенхэм»дан Хитойнинг «Гуанжоу Эвергранд» жамоасига йўл олганида Дунга у ҳақида бутунлай унутганди. Тите эса Паулиньони миллий термага чақириб, муҳим роллардан бирини унга топширди. Ўйинчи эса ўз навбатида, еттита ўйинда тўртта гол ва иккита самарали узатма муаллифига айланиб, устозининг ишончини оқлади.

Неймарга ишлайдиган терма

«Тите нимани ўзгартирди? У деярли ҳамма нарсани ўзгартирди», - «селесао»га ЖЧ-2018 йўлланмаларини тақдим этган Парагвай термасига қарши баҳсдаги ғалабадан сўнг Бразилия миллий жамоаси футболчилари бош мураббий манзилига самимий мақтовлар йўллашди. Дарҳақиқат, Дунга бошчилигидаги термадан фақат сариқ рангли либос ва айрим номлар қолди, холос. Коутиньонинг айтишича, ҳозирги мураббий ҳужум вакилларидан позицияларини тез-тез ўзгартириш, бўш ҳудуд яратиш мақсадида тўпни тезроқ ҳаракатлантиришни сўрамоқда. Фелипе парагвайликлар дарвозасига урилган учта голни бунга мисол тариқасида келтирди. Ренато Аугусто, Паулиньо ва Марсело қойилмақом комбинация ташкил этишгач, ҳимоячи чиройли гол муаллифига айланди.

Бразилияликларнинг фикрича, Дунга давридан сўнг эндиликда «селесао» ўз фалсафаси ва ўйин моделига эга бўлди. Тите асосий урғуни 4-1-4-1 тактик схемасига қаратди, бу услуб «Коринтианс»да фойда келтирган, шу тариқа футболчилардаги кучли жиҳатлар - юксак техник маҳорат ва тўпни назорат қилиш имкониятлари очиб берилганди. Таъбир жоиз бўлса, ҳақиқий бразилияликларга хос ўйин кўрсатилмоқда. Янги бош мураббий қўл остида жамоа ўз дарвозасидан кам тўп ўтказмоқда. Марказий ҳимоядаги Миранда-Маркиньос жуфтлиги юқори баҳога лойиқ кўрилмоқда. Ниҳоят, ўзгалар фикрини тинглаш ва суҳбатга доимо тайёр туриш Титенинг энг кучли сифати экани айтилмоқда. У ўйинчилар билан осон тил топишади, матбуот билан муносабатлари яхши. Дунга пайтида бундай эмасди.

Табиийки, Бразилия термасининг асосий юлдузи Неймар билан алоқалар муҳим омилга айланган. Тите бош жамоада иш бошлаган дастлабки пайтлардаёқ ушбу форвард билан муносабатлари идеал кўриниш олгандек туюлганди. Афсонавий ҳужумчи Роналдонинг фикрича, мураббий энг муҳим ишни уддалади: Неймарга ишлайдиган жамоа тузди. Энди бразилиялик ишқибозларнинг «Барселона» ўйинчисини «Марта!» деб (аёллар термаси етакчисининг номи билан) чақиришлари тарихда қолди. Неймар ЖЧ-2018 йўлланмаси қўлга киритилгач, мураббийга миннатдорчилик билдирди: «Тите - ажойиб мутахассис. Футболчилар ва термамизнинг барча вакиллари уни қўллаб-қувватлашлари шарт. Унинг меҳнатлари туфайли ўз кучимизга ишонч пайдо бўлди».

Аргентина термасининг йирик ҳисобда (3:0) таслим этилиши Тите бошчилигидаги «селесао»нинг ғалабали сериясига зеб бағишлади. Принципиал рақибнинг ўша Белу-Оризонтидаги «Минейрао» стадионида мағлубиятига учратилишида қандайдир рамзий маъно ётгандек. Зеро икки йил аввал ушбу аренада Германия термаси бразилияликларни тор-мор этганди. Аргентина жамоаси билан бўлган баҳс Коутиньога аталди, десак муболаға бўлмас. Дастлаб чиройли гол муаллифига айланган футболчи рақиб жарима майдончасида шерикларига очиқ ҳудудлар яратиб беришни ҳам уддалади. Натижада бразилияликлар қарши ҳужумда рақибни хатолари учун жазолашди. Эътиборлиси, ўша баҳсда ҳисоб янада йирикроқ кўриниш олиши ҳеч гап эмасди.

Бразилия термасининг таркиби ЖЧ-2018да қандай кўриниш олиши ҳақида бир нима дейиш қийин. Агар турнир ҳозир ўтказилиб, «селесао»нинг барча вакиллари соғ-омон бўлишганида, асосийда қуйидаги футболчиларни кўришимиз мумкин эди: Бекер, Дани Алвес, Маркиньос, Миранда, Марсело, Касемиро, Коутиньо, Ренато Аугусто, Паулиньо, Неймар, Габриэл Жезус. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Тите Россияга буюк ишларга қодир жамоа билан ташриф буюради. Бразилия яна миллий термага ишонмоқда.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz