Қайднома

Қидирув

Санжар ТУРСУНОВ: «Ишонч бор, умидни узганимча йўқ»

Санжар ТУРСУНОВ: «Ишонч бор, умидни узганимча йўқ»

  14.04.2017 03:38
  0
  1867
Санжар ТУРСУНОВ: «Ишонч бор, умидни узганимча йўқ»

Қатар Юлдузлар лигасида мавсум якунланишига 1та тур қолди. Финиш маррасидаги ўйинлар 14-15 апрель кунларига белгиланган. Лекин чемпион номи маълум: «Лаҳвия 62 очко жам­ғарган ҳолда, муддатидан аввал олтин медални нақд қилди. Жасур Ҳасановнинг собиқ клуби 25-тур якунига кўра, энг яқин таъқибчиси - «Ал-Садд»дан 4 очко ўзиб кетди.

Бунга Хави жамоа­сининг ўзи сабабчи. Боиси, «Садд» ўтган ҳафта ўз майдонида «Ал-Сайлия»га қарши ўйнаб, 2:2 ҳисоби билан чекланди. Хабарингиз бор, «Сайлия» сафида ҳамюртларимиз Санжар Шоаҳмедов ва Темурхўжа Абдухолиқов тўп суришяпти. «Сайлия»нинг биринчи голи муаллифига айланган Санжар ҳам  қайсидир маънода «Ал-Садд»­нинг чемпионликдан умид узишига бевосита ҳисса қўшди.

Яна бир вакилимиз Санжар Турсуновнинг жамоаси - «Ал-Ҳурайтият» эса 25-турда «Ал-Муайдар» меҳмони бўлиб, зафар қучди - 2:0. Қувонарлиси, ўйинда тўлиқ ҳаракатланган Турсунов жамоасининг 2-голини ўз ҳисобига ёзиб қўйди. «Ал-Ҳурайтият» айни пайт 31 очкога эга ва 7-ўринни эгаллаб турибди. Чемпионат якунига кўра, 3та клуб Қатар Юлдузлар лигасини тарк этади.

Демак, «Ал-Ҳурайтият» сўнг­ги турда қандай натижа қайд этишидан қатъий назар, кучлилар сафида қолади. Биз 25-тур ўйин­лари қаҳрамонлари қаторига қўшилган Санжар Турсуновдан эксклюзив интервью олдик. Терма жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян яқин орада ушбу ярим ҳимоячимизга ҳам эътибор қаратса, ажабмас. Чунончи, Санжарнинг ўзи миллий жамоада ўйнаш ишқида ёнмоқда.

- Санжар, аввало, клубингиз ғалабасига гол уриш асносида ҳисса қўшганингиз билан табриклаймиз. Мана, Қатар Юлдузлар лигасида мавсум  якунланишига 1та тур қолди. Раҳбарият ва мураббийлар штаби жамоангиз иштирокию, ўйинидан қониқиш ҳосил қиляптими?

- Ҳа, жуда муҳим ғалабани қўлга киритдик ва финишга яқин келганида, кучлилар сафидаги ўрнимизни сақлаб қолдик. Янги қоидага биноан, бу йил 3та клуб Қатар Юлдузлар лигаси билан хайрлашади. Яна битта жамоа эса қуйи дивизионда 2-ўринни эгаллаган клуб билан «плей-офф» ўйинида майдонга тушади. Шу боис, чемпионатнинг сўнгги турлари кескин курашлар остида кечяпти. Энди саволингизга келсак, мен жамоа сафига қўшилган пайт раҳбарият олдимизга Юлдузлар лигасида қолиш вазифасини қўйганди. Мана, буни шунчаки, уддаламадик, балки кутилганидан ҳам яхшироқ ўйин намойиш қилдик. Табиийки, раҳбарлар ҳам, мураббийлар ҳам натижа ва ўйин сифатидан хурсандлар. 15 апрель куни чемпионат якунланади. Шундан сўнг мавсум якунлари бў­йича алоҳида йиғилиш ўтказилади. Клуб раҳбарияти ўша мажлисда барчасини сарҳисоб қилиб, жамоа ўйинига расман баҳо берса керак.

- Европа, яъни Украина чемпио­натидан Қатарга қайтганингиздан кейин Осиё футболига мослашиб кетишда қийналмадингизми?

- Мослашиш жараёни ортиқча вақт олгани йўқ. Сабаби, бу чемпионат мен учун бегона эмасди. Биласиз, «Ворск­ла»га қайтишдан олдин Қатарда «Умм Салал» шарафини ҳимоя қилгандим. Хуллас, Юлдузлар лигасининг ўзига хос жиҳатларию, паст-баландликларини билардим. Қолаверса, «Ал-Ҳурайтият» сафида менга таниш 2-3 нафар футболчи ҳам ўйнамоқда.

- Хусусан, Қатар чемпионатида ҳам­юртларимиз ҳам бор. Бу ҳолат ҳам сизларга ҳар томонлама қўл келаётгандир...

- Албатта. Легионер учун энг муҳими - ёлғизликни ҳис этмаслик. Мусофирликда ёнингизда ҳамюртларингизни кўриш кучингизга куч қўшади қайсидир маънода. Қисқаси, биз имкон қадар бир-биримизни қўллаб-қувватлаб турибмиз. Дейлик, ҳамюртларимиз иштирокидаги бир қатор ўйинларни бевосита стадионда кузатдим. Рашидов, Абдухолиқов ва Шоаҳмедов ҳам худди шундай қилишади.  

- «Ал-Ҳурайтият» билан 1,5 йил муддатга шартнома тузган эдингиз. Мана, жамоа Юлдузлар лигасида қоладиган бўлди. Энди келишувга мувофиқ, янги мавсумда ҳам шу клубда ўйнайсизми ёки...?

- Ҳа, яна бир йиллик шартномам бор ва келаси мавсум ҳам «Ал-Ҳурайтият»да қолсам керак. Лекин ҳали бу ҳақда обдон ўйлаб кўрганим йўқ. Чемпионат тугасин, барчасига ойдинлик киритамиз. Тўғри, раҳбарият ёки мураббийлар штаби ўзгармаса, клубда қолишим эҳтимоли катта.

- Балки бошқа жамоалардан ҳам таклифлар тушаётгандир...

- Ҳозирча ҳеч қандай чорлов йўқ. Бош­қа томондан, ҳали трансферлар ойнаси очилмади. Эҳтимол, ўша вақт таклифлар ҳам бўлиб қолар...

- Хўш, кучлироқ ва ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган жамоа ўз сафига чорласа, қандай йўл тутасиз?

- Табиийки, кучли жамоалар таклифи ҳамиша қизиқарли ва ёқимли бўлади. Агар шундай таклиф тушса, ўйлаб кўраман, албатта. Ахир ҳар бир футболчи ўз олдига юксак марраларни забт этиш вазифасини қўйган жамоада ўйнашни хоҳлайди.

- Қатар Юлдузлар лигасида чемпионлик учун кураш сўнгги тургача давом этиши кутилганди. Бироқ «Ал-Садд» 25-турда дурангга рози бўлиб, олтин медалдан умид узди ва «Лаҳвия» чемпионликни тантана қилди. Қизиқ, шахсан сиз қайси жамоанинг ғолиб чиқишини кутгандингиз?

- Чемпионат ўрталаридаёқ «Лаҳвия»нинг бу борадаги имкониятлари кўпроқ эканлиги яққол сезилганди. Сабаби, жамоа жорий мавсум ҳам ҳужумкорлик масаласида бош­қалардан ажралиб турди, ўйини сифати чакки эмас. Менимча, «Лаҳвия» ҳақли равишда чемпион бўлди. Агар «Садд» очко йўқотмаганида ҳам, «Лаҳвия» сўнгги турда ўз мақсадига эришарди, менимча.

- Энди мавзуни ўзгартирамиз: Қатар термасининг Тошкентдаги мағлубиятини Дохада қандай қабул қилишди? Матбуотда нималарни ёзишди?

- Газеталар асосан араб тилида, телеканаллар ҳам. Шу боис, ўйин қандай муҳокама қилинганидан бехабарман. Аммо бир нарсани аниқ биламан: қатарликлар Ўзбекистон терма жамоасининг кучлироқ эканлигини тан олишади. Буни танишларим ўзимга ҳам айтишган.

- Ўйинни ўзингиз ҳам кўрдингизми? Таассуротларингиз қандай?

- Афсуски, тўлиқ кузатиш насиб этмади. Чунки айни ўша вақтга клуб машғулоти белгиланганди. Машғулотлар тугаши ҳамоно телевизор қаршисидан жой олдим ва иккинчи бўлимни катта ҳаяжонда томоша қилдим. Энг муҳими, вакилларимиз 3 очко олишди. Ўйин учун қўйилган вазифа ҳам шу эди. Умуман, ҳозирги ҳолатда жамоамизнинг қандай ўйин намойиш этиши иккинчи даражали масала. Асосийси - натижа. Албатта, Қатар термаси мағлубиятга учратилганидан сўнг мундиал йўлланмалари учун курашни давом эттириш имконияти сақлаб қолинганидан хурсандман.

- Аммо ЖЧга бориш имконияти асосий рақибларимизда нисбатан яхши. Дейлик, жамоамиз қолган 3та ўйиндан 2тасини сафарда ўтказади. Умуман олганда, саралаш баҳсларини нечоғли кузатяпсиз ва жамоамиз имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Аввалги мундиаллар саралашида сўнгги тургача умид узмагандик. Бу сафар ҳам худди шундай бўляпти. Энг муҳими, барчаси ўз қўлимизда. Қолган ўйинларда ижобий натижага эришсак, бас, ЖЧ-2018 финал босқичи йўлланмаларидан бири бизга насиб этади. Мана, гуруҳда Хитой термаси ҳам анча жонланди. Хитойликлар Жанубий Корея термасини енгишди ва Эронда мағлубиятга учраган бўлсаларда, яхши таассурот қолдиришди. Демак, Хитой термаси ҳам сўнгги тургача курашни давом эттиради. Умуман, ҳеч қайси жамоага осон бўлмайди.

- Ўйлаймизки, сиз ҳам ҳали терма жамоадан чақирув оласиз. Муҳими, ўзингизда бу масалада ишонч сўнмасин.

- Ишонч ҳар доим бор. Умид узганим ҳам йўқ. Олдинда 3та ўйин бор. Агар терма жамоадан чақирув олсам, Ватан учун жонимни бериб ўйнашга тайёрман. Бошқача бўлиши мумкин эмас.

«Ворскла» қарзни узди

Украинанинг «Ворскла» клуби 3 нафар собиқ футболчиси маошидан қолган қарзни узди. Улар орасида Санжар Турсунов ҳам бор. «Ҳозир Украина иқтисодиёти жуда оғир аҳволда ва бу футболга ҳам таъсир қилмай қолмайди. Шундай мураккаб даврда шартномага амал қилгани учун «Ворскла» раҳбариятига миннатдорчилик билдираман»,-деди Санжар бу борада.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz