Қайднома

Қидирув

Чемпионлик сари яна бир қадам ёхуд уик-энд воқеаларига яна бир назар (+фото)

Чемпионлик сари яна бир қадам ёхуд уик-энд воқеаларига яна бир назар (+фото)

  14.04.2017 19:55
  0
  873
Чемпионлик сари яна бир қадам ёхуд уик-энд воқеаларига яна бир назар (+фото)

Ўтган дам олиш оқшомларидаги беллашувлар ҳам ғоят қизиқарли курашларга бой тарзда кечди. Боиси, мавсум якунига яқинлашиши билан жамоаларнинг кўзлаган мақсадларига эришиш имкониятлари камайиб бораверади.

Мадриддаги муросаи мадора

Испания чемпионати 31-турининг марказий беллашувида «Реал» «Сантьяго Бернабеу»да «Атлетико»ни қабул қилди. Деярли тенг курашлар остида кечган баҳс жанговар дуранг (1:1) билан ниҳоясига етди.

Натижа икки жамоа мураббийлари, айниқса, Зайниддин Зиданни қониқтирмаган бўлса, ажабмас. Боиси, унинг шогирдлари нохуш анъанага барҳам беришга (Ла-лиганинг 2012|2013 йиллар мавсумидан кейин «Реал» ўз майдонида «Атлетико»ни енга олмаяпти) яқин туришганди. Бироқ «ҳинду­лар»нинг франциялик ҳужумчиси Антуан Гризманн 85-дақиқада жавоб тўпини киритиб, мувозанатни тиклади. Учрашувнинг 52-дақиқасида мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиққан Пепе эса 67-дақиқада жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Энди «Реал» мавсум охиригача португалиялик ҳимоячи хизматидан фойдалана олмаслиги мумкин. Мазкур дуранг пешқадамни таъқиб қилаётган «Барселона» учун айни муддао эди, бироқ...

«Барса»га нимадир бўлди

Жамғарилган очколар бўйича «Реал»га етиб олиш учун ажойиб имкониятга эга бўлган Каталония гранди бундан унумли фойдалана билмади. Луис Энрике шогирд­лари Малагадан мағлубият билан қайтишди.

Эътиборлиси, дунёнинг энг кучли ҳужумчилари учлиги сифатида эътироф этилган MSN (Месси-Суарес-Неймар) триоси 100-марта бошланғич таркибда майдонга туширилганди. Аммо ўзига хос юбилейни сермазмун ва сермаҳсул ўйин билан нишонлаш уларга насиб этмади. Боз устига, Неймар қўполлиги учун 65-дақиқада майдондан четлатилиб, жамоасини танг аҳволга солиб қўйди.

Коутиньо - АПЛдаги энг сара бразилиялик

Айни пайт Неймарнинг Англиядаги ватандоши Фелипе Коутиньо «Ливерпуль» таркибидаги сўнгги учрашувидан кейин АПЛдаги энг сермаҳсул бразилиялик футболчига айланди.

Ярим ҳимоячи «Сток Cити»га қарши сафар учрашувида гол уриш орқали премьер-лигадаги голлари сонини 30тага етказиб олди. Буни қарангки, унинг мувозанатни тиклаши жамоадошларига қўшимча куч-кувват бағишлаб, икки дақиқадан сўнг ҳисобда олдинга чиқиб олишди. «Ливерпуль» сафардаги қимматли 3 очко эвазига 3-ўринни сақлаб қолди.

Шекспирнинг илк мағлубияти

«Лестер»да Клаудио Раньери ўрнини эгаллаган Крэйг Шекспир ишни «тулкилар»ни ЕЧЛнинг чорак финалига олиб чиқишдан бошлаганди. Кейин АПЛда қаторасига беш учрашувни ғалаба билан якунлади.

Бунчалик шиддатли дебютни Шекспирдан аввал Карло Анчелотти «Челси»да, Хосеп Гвардиола «Манчестер Cити»да қайд этишганди. Бироқ ўтган якшанба оқшомида «Лестер»нинг зафарли серияси «Эвертон» томонидан тўхтатилди. Мезбонларнинг бельгиялик тўпурари Ромелу Лукаку «дубл»га эришиб, таъқибчиларидан анча узоқлашиб олди.

«Бавария»нинг йирик ғалабаси

Бундеслига пешқадами бу турда азалий рақиби - Дортмунднинг «Боруссия»си устидан 4:1 ҳисобида устун кеди. Шу тариқа жамоа ички чемпионатда унга муносиб рақобат кўрсата оладиган рақиб йўқлигини исботлади.

Шунингдек, тўпурарлар баҳсида ҳам омад мюнхенликлар тарафида бўлди - дортмундликлар дарвозасини икки марта ишғол қилган Роберт Левандовски габонлик касбдошидан ўзиб кетди.

Игуаин ва Буффондан навбатдаги рекорд!

Ювентуснинг аргентиналик тўпурари Гонсало Игуаин ўзининг «дубл»и билан чемпионни навбатдаги олтин медалларга яқинлаштирди.  Ўзи эса дебют мавсумидаги голлари сонини 20тага етказиб, Жон Чарльз ҳамда Омар Сиворилар томонидан ўрнатилган рекордни такрорлади. «Планка»ни янада юқорироққа кўтариш учун Гонсалода имкониятлар етарли - олдинда яна 7та ўйин бор.

Туринликларнинг фахрий посбони Жанлуижи Буффон эса «Кьево» билан бўлган учрашувдан кейин «А» сериядаги ўйинлар сони бўйича (616та) 2-ўринга кўтарилиб олди. Паоло Мальдини томонидан ўрнатилган рекордни янгилаш учун дарвозабондан яна 32 марта майдонга тушиш талаб этилади.

Милан дербисида кескинлик нақд

Миланнинг икки муросасиз жамоаси 31-турдан кейин яна жой алмашишди. Боиси, «Интер» элитадаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашаётган «Кротоне»га имкониятни бой бериб қўйди. «Милан» эса «Палермо»ни ортиқча қийинчиликсиз мағлуб этди - 4:0. Натижада Винченцо Монтелла жамоаси «нерадзурри»дан 2 очкога илгарилаб кетди.

Эътиборлиси, «Милан» бундан 10 тур аввал ҳам азалий рақибидан юқорироқда эди. Бироқ Стефано Пиоли шогирдлари шиддатни ошириб, олдинга ўтиб олишганди. Хуллас, 15 апрель оқшомидаги Милан дербиси янада кескин ва муросасиз ўтиши учун асослар етарли.

Супер Марио ЕЧЛ ишқида

Миланнинг ҳар икки жамоасида ўз ўрнини топа олмаган Марио Балотелли Франция чемпионатида юқори самарадорликни қайд этмоқда. «Ницца» айнан шу ҳужумчининг иккита аниқ зарбаси эвазига «Лилль» майдонидан иродали ғалаба (2:1) билан қайтди.

Аввалига Марио тезкор қарши ҳужумда жамоадошининг аниқ узатмасини голга айлантирди. Кейин дарвозадан қайтган тўпга ҳаммадан аввал етиб келиб, ғалабани таъминлади. Ҳозирда «Ницца» ЕЧЛ йўлланмаларидан бирини нақд қилиб улгурди. Лекин чемпионлик учун «ПСЖ» билан «Монако»ни қувишда давом этмоқда. Балотелли эса чемпионат доирасида 19 марта майдонга тушиб, 13та гол урди!

«Спартак» шоҳсупага яқинлашмоқда

РПЛнинг 22-тур баҳсларидан кейин пешқадам ўз мавқеини янада мустаҳкамлаб олди. «Спартак»нинг Уфадаги беллашуви тақдирини олдиндан башорат қилиш қийин эди. Боиси, мезбонлар сўнгги турларни рисоладагидек ўтказиб, еврокубоклар ҳудудига яқинлашиб олишганди.

Кутилганидек, учрашув тенг курашлар остида бошланиб, жамоалар танаффусга меҳмонларнинг кичик устунликларида (0:1) йўл олишди. Табиийки, 2-бўлимда мезбонлар ҳисобни тенглаштириш мақсадида олдинга ташланишди. Оқибатда, «Спартак»нинг тезкор қарши ҳужуми қўполлик билан тўхтатилди. Натижада Промес 11 метрли жарима зарбаси эвазига ҳисобдаги фарқни оширди. Ўз навбатида, меҳмонлар ҳам қўполликлари учун пенальти билан жазоланишди. Бироқ «Уфа» вакили Кеинде Фатай «дуэл»да Артём Ребровни енга олмади. Қарама-қарши ҳужумлар остида ўтган сўнг­ги дақиқалар мезбонларнинг жавоб тўпини киритишлари, меҳмонларнинг эса учинчи голни уришлари билан ёдда қолди. Асосий таъқибчиларнинг дуранг билан кифояланишгани «Спартак»ка 8 очко илгарилаб кетиш имконини берди.

«Краснодар» ғалабани қўлдан чиқарди

«Краснодар»-ЦСКА баҳси турнинг марказий учрашуви сифатида эътироф этилганди. Дарҳақиқат, агарда Игорь Шалимов жамоаси ғалаба қозонса, «ҳарбийлар» билан ўртадаги фарқ 5 очкога қисқарар ва ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш кескинлашарди. Борди-ю, меҳмонлар 3 очкога эга чиқсалар, «Спартак»ни қувишни давом эттиришлари мумкин бўларди.

Шу боис, учрашув стадионни тўлдириб ўтирган мухлислар кутганидек, жонли тарзда ўтди. Бироқ натижа икки томонни ҳам қониқтирмагани аниқ. Гарчи Фёдор Смолов пенальти эвазига ҳисобни очган бўлсада, мезбонлар ғалабани сақлаб қола олмадилар. Понтус Вернблум томонидан амалга оширилган кучли зарба ўйиндаги мувозанатни тиклади. Эътиборлиси, бир кун аввал «Зенит» ҳам «Анжи» билан «сулҳ»га имзо чеккани боис, турнир жадвалининг юқори қисмида ўзгаришлар юз бермади.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz