Қайднома

Қидирув

Инглиз «Барселона»сининг устози билан танишинг

Инглиз «Барселона»сининг устози билан танишинг

  17.04.2017 06:26
  0
  1281
Инглиз «Барселона»сининг устози билан танишинг

Англияда «Борн­мут» клубини инглиз «Барселона»си, унинг ёш, лекин тажрибасизлик ўрнини тинимсиз изланишлар билан тўлдираётган мураббийи - Эдди Хауни маҳаллий «Беназир» дея шарафлашмоқда. FootballHD.ru сайти ижодкорлари ушбу мутахассис ҳақида қуйидаги мақолани ҳавола этишди.

30га чиқмай, бутсаларини михга илган пайтида, Эдди олдинда қандай келажак кутиб турганидан батамом бехабар эди. Аксарият спортчилар каби у ҳам жароҳат туфайли севимли машғулотидан барвақт хайр­лашишга мажбур бўлди. Одатда, суюкли жамоадан айрилиш жуда қийин. Бироқ Хаунинг бахтига, бундай жудолик аламини татиб кўриш насиб этмади - 2006 йил декабрда «олчалар» устози Кеван Бонд ўз шогирдини ўйновчи мураббий лавозимига таклиф этди. Шу тариқа у мураббийлик ва менежмент оламига қадам қўйди. Аниқ мақсад сари интиладиган футболчилик ва мураббийлик соҳаларининг уйғун жиҳатлари кўп бўлсада, улар ўртасидаги тафовут ҳам сезиларли. Ваҳоланки, мутасаддилар мураббийдан ҳам, футболчилардан ҳам қисқа вақт ичида улкан муваффақиятларни талаб этишади.

Хау савияли футболчи эди. Мураббийлик фаолиятининг илк кунлариданоқ буюклик анқий бошлади. Чиндан ҳам, кимлардир уддабурон етакчи раҳбарлигида зафарларга эришади, бошқалар эса довюрак жангчиларини нурли манзиллар сари етаклашидан умидвор бўлади. Сўнгги натижадан келиб чиқсак, Эдди Хау йўлбошчи бўлиш учун яралгандек. Футболчилик даврида «Дин Корт»да қулай шароитларга эга эмасди. Акс ҳолда, у жароҳатидан тўла-тўкис қутулиб, яна бир неча йил бемалол тўп сурарди. Афсуски, таниқли шифокор Ричард Стэдман кўригидан ўтиш учун АҚШга борганида вақт ўтиб бўлганди - нотўғри ташхис ва муолажалар туфайли футболчи спорт формасини йўқотиб улгурганди. Шу боис ўз вақтида Роналдо ва Алан Ширерга иккинчи футбол фаолиятини ҳадя этган шифокор Хауга ёрдам беролмади. Футболчи учун асосий устунлик ҳисобланган сакраш қобилиятини тиклашнинг иложи топилмади. Бўйи унчалик баланд бўлмаган ҳимоячи эса айнан шу хусусияти эвазига талаб даражасида ўйнай олишини яхши биларди. Асосий «кузири»дан жудо бўлгач, Хау аччиқ тақдирга тан берди. Шу тариқа ҳимоячи кўп вақтини майдонда эмас, балки захира ўриндиғини иситиш билан ўтказди. Ана шу  салбий ҳолат - «ортиқчалик»дан ҳам самарали фойдаланди - жамоадошларининг майдондаги ҳаракатларини четдан туриб кузатди, қаерда қандай хатоликларга йўл қўяётганларини қунт билан ўрганди. Муҳими, Эдди майдон ташқарисидан жамоа ўйинига таъсир ўтказиш кўникмасига эга бўлди. Тақдир тақозоси билан 2009 йил январда жамоа бош мураббийи Жимми Квинн истеъфога чиқарилди. Мутасаддилар ўйлаб ўтирмай, собиқ футболчига мурожаат қилишди. Ўқимай уққан мутахассис енг шимариб ишга киришди. Режалаштириб қўйган ғояларини амалга ошира бошлади. Албатта, аввалига жиддий синовлардан ўтишига тўғри келди. «Борнмут» молиявий муаммолар гирдобида қолиб, жанговарликни бутунлай бой берганди. Шу боис мухлислар ундан ҳеч нарса кутишмаганди. Жамоанинг қуйи дивизионга тушиб кетишига олдиндан кўникма ҳосил қилишганди. Ёш мураббий бор кучини ўзи учун яхши таниш бўлган соҳа - футболга сарфлай бошлади. Молиявий ҳамда салбий масалаларни мутасаддилар ихтиёрига ҳавола этди. Бош мураббийлик лавозимини эгаллаши футболчилар кайфиятини кўтарди, ишлар юриша бошлади. Натижа кетидан натижа кела бошлагач, мухлису футболчилар юзида табассум пайдо бўлди. Қуйи дивизионга тушиб кетиш хавфи остида турган жамоа нафақат элитадаги ўрнини сақлаб қолиш, балки юқорига кўтарилишни ҳам уддалади. Бироқ мухлислар ёш мутахассиснинг муваффақиятларидан қанчалик қувонган бўлсалар, жамоанинг келажак тақдири хусусида шунчалик жиддий хавотирга тушиб қолдилар. Чунки Эдди Хауни ўз жамоасига жалб қилиш истагидагилар кўпайди. Ёш мураббий бир қатор таклифларни рад этган бўлсада, «Бёрнли»нинг чорловидан воз кеча олмади - ўзининг энг яқин маслакдоши Жейсон Тиндалл билан биргаликда «Тёрф Мур»­га йўл олди. Янги жамоада «Борнмут» муваффақиятининг такрорланишидан мутасаддилар ҳам, мухлислар ҳам умидвор эдилар. Хуллас, «Бёрнли»да ишлар юришмади, Эдди ҳам у ерда узоқроқ ишлашни истамади. Устига-устак, кутилмаганда онаси Энн вафот этгач, ортга қайтишга мажбур бўлди. Хау уни жонидан ортиқ кўрар, оғир дамларда волидаси маслаҳатларига қулоқ тутарди. Футболда эришаётган ютуқларини онасига бағишларди. Жудоликдан сўнг бор аламини ишдан олишга қарор қилган мутахассис янада кўпроқ тер тўкишга бел боғлади. Натижада Англиянинг келажаги порлоқ мураббийлари сафига кўтарилди. Ўзига хос шафқатсиз қонун-қоидаларга эга бўлган спорт оламида фаолият юритиш осон эмас. Эдди «Борнмут»да камдан-кам мутахассисларга насиб қиладиган жиҳат - ишонч­га эга бўлди. Ёш мутахассисга жамоани ўз режалари асосида ташкил этиш, босқичма-босқич ривожлантириш имкониятини бериб, мураккаб муаммоларни йўқотишда мураббийга ёрдам қўлини чўзишди. Оқибатда, «олчалар» АПЛ аъзолари сафидан жой олишди. Хау эса ҳақли равишда туманли ўлка Моуриньосига айланди. Тан олиш керак, инглиз футболининг олий дивизионида ҳам ёш мураббий ўзлигидан воз кечмади, Арсен Венгер ёки Луи ван Гал каби даҳолар қаршисида қалтирамади. Жамоа ўз услубини сақлаб қолганлиги ва муросасиз мусобақа муҳитига тезда мослашиб олганлигини Хаунинг номдор касбдошлари ҳам эътироф этишмоқда. Бундай муваффақиятнинг сири нимада? Эдди америкалик Жон Вуден ўгитларини ўзи учун дастуриламал сифатида қабул қилган. Баскетбол жамоаси мураббийининг фикрича, ички хотиржамлик фақат ўз ишидан тўла қониқиш ҳосил қилган мутахассисларда бўлади. Ана шу ақидага ўзини ишонтира олган Хау малакасига бўлган ишонч­ни йўқотмади, танлаган услубидан воз кечмади. Стив Макларен ва Алан Пардьюдек тажрибали мутахассисларни «синдирган» АПЛда «Борнмут» ҳам чиройли, ҳам самарали ўйин кўрсатиш мумкинлигини исботламоқда. Албатта, ғалабалар осонлик билан қўлга киритилаётгани йўқ: 4:3 ҳисобидаги ёрқин зафарлардан кейин 1:5 кўринишидаги аламли мағлубиятлар ҳам учради. Аммо «Ман Сити» ва «Тоттенхэм» каби грандлар «олчалар» ҳимоясини олчадек эзиб ташлаганларида ҳам Эдди ўз йўлидан қайтмади. Натижада қаро тунлар ортидан ёруғ кунлар келиб, «Борнмут» кўчасида қуёш чарақлай бошлади. «Стэмфорд Бриж»да «Челси» устидан эришилган ғалаба (1:0) мураббий ва унинг шогирдлари кучига куч қўшганига шубҳа йўқ. Орадан 12 кун ўтгач, Жозе Моуриньо ишсиз қолди, унинг Англиядаги лақабдоши бу пайтда уч ойлик мағлубият ва дуранглардан сўнг илк марта зафар завқидан маст эди. Ўша тарихий беллашувда «Борнмут»нинг етакчи ўйинчилари - Каллум Уилсон, Тайрон Мингс, Томми Элфик ва Маке Градел майдонда бўлишмаганди. Жамоада ҳамжиҳатлик ва аҳиллик ҳукмрон бўлса, айрим етакчиларнинг йўқлиги ҳам билинмайди. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳозирда «олчалар» АПЛ иштирокчилари орасида бошқалардан кўра кўпроқ ва самаралироқ югурадиган жамоа бўлиб туришибди. Хау ўз шогирдларини иложи борича рақиб жамоа майдончаси яқинида курашишга ўргатди. Натижада Саймон Френсис, Стив Кук ва Адам Смит АПЛнинг самарали ҳимоячилари сафида боришмоқда. Ўтган мавсум якунига кўра, жамоа камтарин 16-поғонадан жой олганди. Бу - ўткир сюжетли сценарий эмас, уни «Лестер» парвозига ҳам қиёслаб бўлмайди. Факт шуки, «Борнмут» дебютни муваффақиятли якунлади. Гарчи ўтказиб юборилган голлар етарли бўлсада, жамоа ёрқин ўйин намойиш этди. Шу ўринда ёш мураббийнинг ўйин пайтида дадил қарор қабул қила олишини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Масалан, ўтган мавсумнинг декабрь ойида бўлиб ўтган баҳсда Хау жамоаси ўз майдонида «Ливерпул»га 0:2 ҳисобида имкониятни бой бераётганди. Шунда мураббий Райан Фрейзерни «жанг»га ташлади. Буни қарангки, икки дақиқадан сўнг шу футболчи жамоаси учун пенальти ишлаб берди, кейин Стив Кукнинг голига ассистентлик қилди. Шу тариқа жанговар дуранг қайд этилди. Эртасига Фрейзернинг сурати газета ва сайтлар саҳифаларини безади. Муваффақиятда Хаунинг улуши ҳам кам эмасди. Ахир рақибнинг заиф жиҳатларини аниқ топа олган мураббий Фрейзер ва Афобени майдонга туширмаганида, мезбонлар мағлуб бўлишлари аниқ эди. Ҳозирда бу каби дадил қарорлар кам учрамоқда. Айтишларича, Эдди Хау учун аҳамиятсиз нарсанинг ўзи йўқ. У арзимас икир-чикирларга ҳам жиддий ёндашади, машғулотларга ҳаммадан олдин келиб, барча шарт-шароитларни синчиклаб текширади. Шогирдлари дам олаётган пайтда мураббий янги режалар устида бош қотиради, камчиликларни бартараф этиш йўлларини қидиради. Тўғри, Эдди ўта қисқа вақт ичида сезиларли ўзгаришларни амалга оширди. Агар фаолиятини шу зайл давом эттирса, топ клублардан таклиф олиши аниқ. Ҳозирда Хауни Арсен Венгернинг вориси сифатида эътироф этишмоқда. Лондонда ҳам муваффақият қозонишига шубҳа йўқ - пойтахт клубининг имкониятлари «Борнмут»никидан бир неча баробар юқори. Қолаверса, Англия терма жамоасида ҳам анчадан бери малакали, ташаббускор ва серғайрат мураббийга эҳтиёж бор. Хуллас, Эддини олдинда ўта нурафшон, шу билан бирга, хавотирли истиқбол кутмоқда. Чунки у мураббийлик учун жуда ёш - ҳали қирққа ҳам чиққани йўқ!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz