Қайднома

Қидирув

Олий лига 6-тур: одатийлик нишонаси

Олий лига 6-тур: одатийлик нишонаси

  17.04.2017 17:31
  0
  1426
Олий лига 6-тур: одатийлик нишонаси

Олий лига 6-тури одатдагидек ўтди, ҳисоб. Мусобақа жадвали пешқадами яна ўзгарди, дуранглар кузатилди ва ...«Пахтакор» яна мағлубиятга учради. Боз устига, такрор йирик ҳисобда ва яна Қашқадарё томонда. Дейлик, 2 йилча олдин «шерлар»нинг воҳа сафаридан кетма-кет икки бора 0:3 кўринишидаги омадсизлик билан қайтишлари ақлга сиғармиди? Ҳа, «Пахтакор»­нинг муваффақиятсизликларига кўникиб улгурдик. Авваллари бу жамоанинг ҳар бир мағлубияти «сенсация» ёхуд кутилмаган натижа сифатида баҳоланарди. Аммо эндиликда бундай «қоқилиш»лар оддий ҳолга айланиб қолди. Мисол учун, «Пахтакор» жорий мавсум биринчи марта мағлубиятга учрамаяпти. Умуман, Қашқадарёдан ҳам биринчи марта ўз тўрига «илинган» голлар шодаси билан қайтмаяпти...

ДУРАНГ СЕРОБ

Аслида тур баҳслари анча сокин бошланди. Мусобақа пеш­қадами бўлиб турган «Қўқон-1912» сафарда «Машъал»га қарши майдонга тушди ва ортга ғалаба билан қайтиши ҳам ҳеч гап эмасди. Бироқ Нўъмон Ҳасанов шогирдлари якунда 1 очко олишди. Яъни сўнгги дақиқаларда қўйиб юборилган гол натижасида дуранг билан чекланишди. Қўқонликлар 5та тур якуни бўйича 1-ўринни эгаллаб туришганини инобатга олсак, бундай сценарий ва якуний натижа жамоа мухлисларида бироз алам уйғотгандир. Аммо унутмаслик керак, сафардаги дуранг фақат чемпионликни кўзлаётган жамоани қониқтирмаслиги мумкин. «Қўқон-1912» олдига қўйилган вазифа эса буткул бошқа. Шундай экан, жамоа вакиллари ва унинг мухлислари Муборакдаги ўйин туфайли унча куюнмасалар ҳам бўлаверади. Ахир қўқонликлар ҳамон кучли учликда бормоқдалар.

Турнир жадвалининг яна бир етакчиси - «Навбаҳор» ҳам сафарда ўйнади. Ўхшаш томони, наманганликлар ҳам ортга 1 очко олиб қайтишди. Лекин фарқли жиҳати ҳам бор: Бекободда жамоалар гол ура олишмади. Бекободга хос машҳур шамол бу борада на «Металлург» ва «Навбаҳор»га ёрдам берди. Тўғри, жамоалар вакиллари кучли шамол таъсирида кўнгилдагидек комбинациялар уюштиролмагандирлар. Аммо биттагина аниқ ва бинойидек зарба шамол воситасида янада суръат олиб, тўп дарвоза тўрига бориб тушиши ҳеч гап эмасди. Хулоса шуки, ҳимоячилар нафақат рақиблар ҳужумлари, балки шамолга ҳам қарши туришни уддалашди. Чунончи, табиат ҳодисаси бутун вақт тўхтагани йўқ ва жамоаларнинг бир бўлимдан шамол йўналишига қарши ҳаракатланишларига тўғри келди. Яна бир эътиборли факт шуки, «Навбаҳор» кетма-кет 4та ўйиндан буён гол қўйиб юбормаяпти. Шу тариқа жамоанинг очколари сони 11тага етди, аммо турнир жадвалида 4-ўринга тушди.

«Қизилқум» эса «Сўғдиёна»га қарши кечган ўйинда катта қийинчилик билан мағлубиятдан қутулиб қолди. Жиззахликлар сафарда ўйнашганига қарамай, дадиллик кўрсатиб, ҳисобни очишга муваффақ бўлишди.  Мезбонлар эса фақат Илҳом Юнусовнинг пенальтидан урган голи эвазига мувозанатни тиклаб, 1 очкони ўз томонларига ва яна бирини ҳавога «учиришди».

«ДИНАМО»ЧА ҒАЛАБА

Турнинг марказий баҳси - «Локомотив» - «Насаф» шарҳини алоҳида бердик (олдинги саҳифага қаранг). Шуни такрор таъкидлаш керак, учрашув тўлиғича Марат Бикмаев бенефисига айланди. У аввалига ҳисобни очиб, «Насаф» шаштини бироз пасайтирди ва иккинчи бўлим бошида яна битта голи орқали 3 очко тақдирини амалда ҳал қилди. Якунда Шароф Муҳиддинов томонидан урилган ягона жавоб голи қаршилик мухлислар учун ожиз тасалли бўлди, холос.

«Обод» ва «Олмалиқ» ўртасидагиўйинда Рауф Инилеев бошчилигидаги мезбонлар нисбатан яхши ўйнашди, аммо ғалаба Виктор Кумиков жамоасига насиб этди. Ягона гол муаллифи - беларуслик Владислав Косминин. Бу «Олмалиқ» учун қаторасига қўлга киритилган иккинчи ғалаба бўлди. Ҳа, Кумиков ғоялари самара бера бошлаган кўринади. Тўғри, мураббийнинг ўзи шогирдлари рақибдан яхши ўйнашмаганини тан олди, Инилеев эса гол урилган вазиятда дарвозабонга нисбатан қўполлик қайд этилганидан нолиди. 

Мавсумнинг бош кашфиёти «Динамо» орадаги 2та мағлубиятдан сўнг ўз ҳисобини яна 3 очко билан тўлдирди. Самарқандликлар бу сафар ўз майдонларида «Бухоро»ни ишончли тарзда енгишди - 3:1. Ҳа, энди «Динамо»нинг стартдаги натижаларини тасодифга йўйиш учун асос йўқ. Жамоа сўнгги 2та турда имкониятни бой бергач, шов-шув бироз босилган ва дебютант етакчилар қаторида узоқ қололмайдигандек туюлганди. Мана, 6-тур «Динамо» учун барчасини олдинги ҳолатига қайтарди. Яъни Олег Тюлькин жамоаси 3 очко олиш эвазига турнир жадвалининг 2-қаторига кўтарилди. Демак, олий лигада «Динамо» белгисидаги «интрига» давом этади.

«ПАХТАКОР»ЧА МАҒЛУБИЯТ

Биласиз, олий лигада Қашқадарё вилоятидан 3та клуб бор - «Насаф», «Машъал» ва «Шўртан». Қарангки, «Пахтакор» жорий мавсум улардан иккиси олдида бир хил ҳолатда бош эгишга улгурди. Муборак сафарида 3та жавобсиз гол қабул қилишган «шерлар» Ғузорда ҳам шу куйга тушишди - яна 0:3. Воҳанинг энг кучли клуби - «Насаф»га қарши баҳс ҳали олдинда эканлигини инобатга олсак, бу кетишда «Пахтакор»нинг жанубий вилоятдаги мағлубиятлари анъана тусига кириб қолади, шекилли. Тўғри, «шерлар»нинг «Машъал» ва «Шўртан»га қарши ўтказган ўйинлари бир-биридан бироз фарқланади. Чунончи, Муборакдаги учрашувдан фарқли ўлароқ, Ғузорда бемалол голларга бой дуранг қайд этилиши мумкин эди. Бироқ Равшан Ҳайдаров бошқарувига ўтган жамоа вакиллари вазиятлар қадрига етишмади ва «улоқ» якунда қарши ҳужумлардан самара чиқара олган «Шўртан» мулкига айланди.

«Бунёдкор»га нима бўляпти?

Тур доирасидаги сўнгги ўйинда инқироз ҳолатидаги икки клуб ўзаро тўқнаш келди. Яъни чемпионатда ҳали ғалаба қозонмаган «Нефтчи» ҳам ички арена, ҳам халқаро майдонда ўзини сира тиклолмаётган «Бунёдкор»ни қабул қилди. Фарғонада ҳисобни «қалдирғочлар» очишди ва якунда ижобий натижани расмийлаштиришди -2:1. Хуллас, «Нефтчи»нинг аҳволи янада оғирлашди. Афтидан, жамоа бошқарувида ўзгариш бўлади, чоғи. Ҳарқалай, бош мураббий Андрей Фёдоров ўйиндан сўнг ишдан кетишга тайёрлигини билдирди.

ТУР ҚАҲРАМОНИ - ИГОРЬ ТАРАН

Олий лиганинг ҳар бир турида 172 нафар футболчи жамоалар асосий таркибида майдонга тушади. Яна бир қатор ўйинчилар эса захирадан қўшилиб, вазиятни ўзгартиришга уринишади. Ишонинг, улар орасидан кимнидир ажратиб, қаҳрамон сифатида кўрсатиш анча мушкул иш. Айниқса, 8та ўйинда кимдир яққол кўзга ташланмаса, роса бош қотиришга тўғри келади. Бироқ 6-тур қаҳрамони масаласида Игорь Тарандан бошқа муносиб номзодни топа олмадик. Бу ўринда гап футболчининг «дубль» қайд этганида эмас, балки голларни айни зарур вақтда урганида. Яна бир томони, у жамоаси учун мураккаб кечган ўйинда ўзини кўрсатдики, бунинг аҳамияти жуда катта. Энди бир ўйлаб кўринг, шундай вақтда «Шўртан» тўпураридан бош­қа яна кимни қаҳрамон сифатида кўрсатиш мумкин?

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Ўйин зерикарли кечди, чунки ҳар икки жамоа ҳимоявий тактикани қўллади. Нўъмон ҲАСАНОВ («Қўқон-1912» бош мураббийи).

- Очиғини айтаман, «Обод»дан яхшироқ ўйнамадик. Чиройли футбол кўрсатолмаётганимиз сабаби шуки, айни ҳолатда биз учун асосийси - ғалаба. Виктор КУМИКОВ («Олмалиқ» бош мураббийи).

- Бикмаев гол уриб турибди, шу боис, Бобожонов захирада. Уларни бирга ўйнатиш? Ўзи ҳужумчилар нисбатан кам югуришади, иккиси баравар тушса, умуман югурмай қўяди... Андрей МИКЛЯЕВ («Локомотив» бош мураббийи).

- Бизни қувонтирадиган бир жиҳат бор - 4та ўйиндан буён гол қўйиб юбормаяпмиз. Анвар СОЛИЕВ («Навбаҳор» спорт директори).

- Афсуски, жамоамизда муаммолар кўп. Ички муҳит, жамоавий руҳ, таркиб бўйича чалкашлик... Энг ёмони, футболчилар муносабатида қандайдир бефарқлик сезилмоқда. Айнан шуниси мени қаттиқ ўйлантирмоқда. Равшан ҲАЙДАРОВ («Пахтакор» бош мураббийи).

- Қарши ҳужум тактикаси самара келтирди. Кўргандирсиз, «Бавария» - «Реал» учрашувида меҳмонлар ҳимояда мустаҳкам ўйнашди ва айнан қарши ҳужумлардан унумли фойдаланишди. Ихтиёр КАРИМОВ («Шўртан» бош мураббийи в.б.).

«МАШЪАЛ» - «ҚЎҚОН-1912» - 1:1 (0:0)

14 апрель. Қўқон. 2893 томошабин.

Ҳакамлар: В.Агишев (Тошкент)-8,5; Д.Сайлалов (Тошкент)-8,6; А.Сидоров (Тошкент)-9,0; А.Рисқуллаев (Тошкент)-9,0.

Голлар: Ҳ.Муртазоев (89) - А.Холмуродов (74).

«Машъал»: 35. Ж.Илёсов, 2. И.Шойқулов, 3. С.Раҳмонов, 8. М.Камолов (6. С.Абдураимов, 51), 10. Ҳ.Муртазоев, 13. Ш.Шайманов, 18. А.Шодмонов  (63. У.Шарипов, 78), 19. З.Қўзибоев, 22. Б.Қосимов (23. К.Тўраев, 49), 44. А.Бегимқулов, 77. А.Олимов.

«Қўқон-1912»: 13. Н.Рибкин, 4. Б.Акрамов, 5. Ж.Кимсанов, 7. Ж.Ҳасанов, 9. Н.Отақўзиев, 23. А.Мерзляков, 26. А.Холмуродов, 77. М.Холмуҳаммедов, 96. М.Ҳасанов (24. И.Раҳимов, 46), 97. О.Рустамов (10. Ж.Сиддиқов, 34), 99. Ф.Райевац (17. А.Маматхўжаев, 89).

Огоҳлантиришлар: Ш.Шайманов (82) - О.Рустамов (18).

Энг яхши ўйинчилар: Ж.Илёсов - Ж.Ҳасанов.

Назоратчи: А. Попов (Тошкент).

Комиссар: Б.Ҳайдаров.

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Нисбатан зерикарли ўйин кўрдик. Бунга икки жамоанинг ҳам ҳимоявий тактика танлагани сабабдир. Хуллас, очиқ футбол бўлмади. Ғалаба қозонишга яқин эдик, аммо афсуски, сўнгги дақиқаларда гол қўйиб юбордик. Бу -  футбол. Ўйин шуниси билан ҳам қизиқ. Умуман, «Машъал» билан сафарда дуранг ўйнаш ўзим учун ҳам олдинга ташланган қадам саналади. Албатта, 3 очко олишни хоҳлагандик. Йўқ, жамоам «арабча футболи»га таянмади. Шунчаки, йигитлар томир тортишиш ҳолати ва жароҳатлардан қийналишди ва майдонга мажбуран ётишди. Демоқчиманки, барчаси табиий ҳолат. Йигитларнинг чарчаб қолишгани ҳам сезилди. Шахсан мен шогирдларимга ҳеч қачон вақт чўзиш ҳақида кўрсатма бермайман. Зеро, бундай футбол тарафдори эмасман.

Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи): - Ўйин ҳиссиётларга бой бўлди. Қайсидир вазиятларда рақибдан яхшироқ кўриндик. Тўғри, баъзи ҳолатларда ўйинимизда нималардир ўхшамади. Хусусан, позицион ҳужум уюштиришда қийинчиликларга дуч келдик. Мағлубият биз учун жуда аламли бўларди. Чунончи, бундай натижага лойиқ эмасдик. Умуман, ўйин давомидаги вазиятларни голга айлантиришимиз шарт эди...

«ОБОД» - «ОЛМАЛИҚ» - 0:1 (0:0)

14 апрель. Тошкент. 731 томошабин.

Ҳакамлар: Д.Пислегин (Тошкент)-8,5; Т.Галеев (Тошкент)-8,6; А.Пўлатов (Тошкент)-8,6; А.Нажафалиев (Тошкент)-9,0.

Гол: В.Косминин (69).

«Обод»: 1. Ш.Абдуллаев, 2. А.Ҳусинов (13. И.Исмоилов, 28), 3. А.Ғофуров, 4. Ф.Мираҳматов, 5. Ғ.Умиров, 8. Д.Ҳасанов, 10. С.Эрматов, 11. Ш.Норхонов, 19. С.Қаҳҳоров,

20. И.Бикмайкин (7. С.Рихсибоев, 62), 21. Н.Ҳаипов

(6. Ш.Жалилов, 75).

«Олмалиқ»: 46. Х.Хўжаев, 2. А.Ҳожиакбаров (33. Д.Усмонов, 87), 5. Д.Жўраев, 8. Ш.Григалашвили (10. Ш.Норбеков, 80), 15. Ф.Мусабеков (7. А.Раҳматуллаев, 73),

17. К.Мурзоев, 18. Ш.Муллажонов, 19. И.Иномов,

55. Р.Бердимуродов, 88. И.Йелич, 90. В.Косминин.

Огоҳлантиришлар:  С.Эрматов (51), Ш.Норхонов (73) - К.Мурзоев (18), Ш.Норбеков (90Қ1).

Энг яхши ўйинчилар: А.Ғофуров - В.Косминин.

Назоратчи: Ш.Жумаев (Қарши).

Комиссар: Г.Ртвеладзе.

Виктор Кумиков («Олмалиқ» бош мураббийи): - Очиқ тан оламан, «Обод»дан яхшироқ ўйнамадик. Айни ҳолатда бизга очколар жуда зарур. Чиройли ўйин кўрсатолмаётганимиз айни ҳақиқат. Чунки асосийси - ғалаба. Жамоамиз деярли янгитдан тузилди. Шу боис, ҳали кўп ишлашимиз керак. Мана, чизиқлар ўртасидаги боғлиқлик секин-аста яхшиланмоқда. Табиийки, ҳар бир рақибга алоҳида тайёргарлик кўрамиз ва шунга яраша тактика танлаймиз. Бугун ҳам барчасини режа бўйича амалга оширдик. Айниқса, стандарт вазиятлар устида кўп ишлаяпмиз. Ҳаттоки, майдоннинг ўзимизга тегишли ярмида бўладиган  «стандарт»ларга ҳам алоҳида тайёргарлик кўряпмиз. Ахир ҳар бир вазиятдан гол уришнинг имкони йўқ. Олий лигада кучсиз жамоа қолмади, барча иштирокчиларда ўзига яраша ҳаракат бор. Қаранг, фаворитлар ҳам мағлубиятга учрашмоқда. Менимча, биринчи давра охирларида кўп нарса ойдинлашиб қолади. Мавсум энди бошланди, ёзда эса жисмоний ҳолат асосий ролга чиқади. 

Рауф Инилеев («Обод» бош мураббийи): - Бугунги ўйин биринчи хатога қадар эди. «Олмалиқ» қандай ўйнашини билардик. Дейлик, рақибнинг ҳаво орқали тўп узатиб ўйнашга алоҳида ёндашишини аниқлагандик. Чунки «Олмалиқ» сафида бўйдор футболчилар кўп. Балки узоқдан кўринмагандир, аммо футбол қоидаларига биноан, ҳужум вақти дарвозабонга тегиниш мумкин эмас. Демоқчиманки, гол урилган вазиятда дарвозабонимизга нисбатан шундай ўйналди. Афсуски, Аброр Ҳусинов биринчи бўлимда жароҳатланиб, майдонни тарк этди. Бурчак зарбалари вақти айнан у дарвозабон олдида туриб, тўпни қайтарарди. Норхоновда тезлик юқори, Ҳаиповда эса вазиятни сезиш қобилияти кучли. Шу боис, Наврўзбек марказда, Шоҳруз эса қанотда ҳаракатланмоқда. Ҳаттоки, «Барселона» ҳам баъзида ўз ўйинини кўрсатолмайди. Рақиб кучли прессинг қўлласа, ҳар қандай жамоа қийналади. Бугун тўпни ерда назорат қилишга уриндик, аммо бироз ўхшамади. «Олмалиқ» аввалги тур «Насаф»га қарши ҳам худди шундай ўйнаганди ва рақибнинг битта хатосидан фойдаланиб, гол урганди. Бугун яна ўша ҳолатни такрорлади...

«ШЎРТАН» - «ПАХТАКОР» - 3:0 (1:0)

15 апрель. Ғузор. 7455 томошабин.

Ҳакамлар: А.Асимов (Тошкент)-8,8; Ш.Файзиев (Жиззах)-8,3; А.Буров (Бухоро)-8,3; Э.Турсунов (Бухоро)-9,0.

Голлар: И.Таран (34, 79), Ғ.Раҳмонов (71).

«Шўртан»: 1. Э.Тожибоев, 3. А.Ғуломхўжаев (7. О.Каримов, 79), 4. Ж.Отақулов, 9. И.Таран (29. Қ.Нурметов, 81), 11. З.Полвонов, 14. У.Эшмуродов, 15. О.Жўрабоев,

18. Э.Бойматов, 19. М.Муродов (17. Ғ.Раҳмонов, 65),

27. С.Собирхўжаев, 77. О.Нарзуллаев.

«Пахтакор»: 12. А.Лобанов, 4. А.Ораховац, 5. А.Исматуллаев, 7. А.Аҳмедов (31. Ж.Юсупов, 89), 8. Ш.Каримов

 (17. С.Нуруллаев, 80), 10. Ж.Искандаров (21. К.Тожиев, 75), 20. Ж.Ҳакимов, 24. Д.Ҳошимов, 28. С.Андреев,

29. В.Козак, 30. Ю.Бульят.

Энг яхши ўйинчилар: И.Таран - А.Аҳмедов.

Назоратчи: М.Исмоилов (Тошкент).

Комиссар: А.Фролов.

Равшан Ҳайдаров («Пахтакор» бош мураббийи): - Ҳисоб барчасини айтиб турибди: «Шўртан» биздан кучлироқ ўйин кўрсатди ва ғалабага эришди. Афсуски, жамоамизда муаммолар кўп. Ички муҳит, жамоавий руҳ, таркиб бўйича чалкашлик... Энг ёмони, футболчилар муносабатида қандайдир бефарқлик сезилмоқда. Айнан шуниси мени қаттиқ ўйлантирмоқда. Ўйин бошида кўплаб вазиятлардан самара чиқаролмадик. Бунда рақиб кипери Элдор Тожибоевнинг маҳорат кўрсатганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Умуман, шогирдларим ҳимоя ва ярим ҳимояда қўпол хатоларга йўл қўйишди ва рақиб бизни қарши ҳужумлар орқали жазолади.

Терма жамоа эшиклари барча учун очиқ. Ўз клубида яхши ўйнаган футболчи миллий жамоа мураббийлар штаби назарига тушади, албатта. Кейинги ўйинимиз «Локомотив»га қарши кечади. «Шўртан» билан баҳс энди тарихга айланди. Хуллас, бугунги учрашувни таҳлил қилгач, натижани унутиб, «темирйўлчилар» билан баҳсга тайёргарлик бошлаймиз.

Ихтиёр Каримов («Шўртан» бош мураббийи в.б.): - Аввало, бугун жамоамизни чинакамига қўллаб турган қашқадарёлик ва қўшни Сурхондарёдан келган мухлисларга катта раҳмат айтмоқчиман. Жамоамиз Ўзбекистоннинг кўп карра чемпионига қарши ўйнади. Сўнгги дақиқаларга қадар ҳимояда хатосиз ҳаракатланишга уриндик ва бунинг уддасидан чиқдик. Захирадан майдонга тушган футболчилар зиммасига суръатни ошириш вазифасини юклагандим. Мана, кетма-кет 2та ўйинда мамлакатимизнинг энг номдор клубларига қарши тўп суриб, ҳар иккисини қарши ҳужумлар эвазига мағлуб этдик. Кўргандирсиз, «Бавария» - «Реал» учрашувида меҳмонлар ҳимояда мустаҳкам ўйнашди ва айнан қарши ҳужумлардан унумли фойдаланишди.

«ДИНАМО» - «БУХОРО» - 3:1 (1:0)

15 апрель. Самарқанд. 10501 томошабин.

Ҳакамлар: В.Серазетдинов (Тошкент)-6,9; Ф.Ёрмуҳамедов (Тошкент)-8,1; Б.Баҳромов (Тошкент)-8,2; Б.Юлчараев (Гулистон)-8,0.

Голлар: О.Мамажонов (21), Ж.Қаҳрамонов (57), А.Сафаров (90Қ3) - Б.Ваҳобов (64).

«Динамо»: 1. М.Наумов, 2. М.Локаев, 6. А.Бозоров,

8. Ж.Азимов, 10. Ж.Қаҳрамонов, 11. А.Абдуллаев

(20. А.Сафаров, 60), 14. Р.Рогак, 15. Ш.Холматов,

18. Д.Низанов (21. И.Холмирзаев, 78), 19. О.Мамажонов (5. Ф.Абдусалимов, 76), 22. А.Исроилов.

«Бухоро»: 1. Э.Жабборов, 2. Э.Равшанов (10. Б.Ваҳобов, 56), 5. К.Пасечник, 8. И.Вайцер, 9. Н.Умуров, 11. С.Шихов,

17. А.Шоғуломов, 22. Ш.Гадоев (6. Р.Янгиев, 35;

27. Р.Ҳасанов, 64), 28. Э.Исмоилов, 29. В.Баенко,

77. И.Нагаев.

Огоҳлантиришлар: А.Бозоров (69), А.Исроилов (72), Д.Низанов (75), М.Наумов (87) - Э.Исмоилов (45), Б.Ваҳобов (84).

Энг яхши ўйинчилар: Ж.Қаҳрамонов - Б.Ваҳобов.

Назоратчи: Р.Айтеков (Тошкент).

Комиссар: В.Лёткин.

Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - «Динамо»ни ғалаба билан табриклайман. Бугун вужудга келтирилган вазиятлардан фойдаланолмадик, рақиблар эса саноқли ҳужумларни самарали якунлашди. Шу сабаб, ғалаба айнан мезбонларга насиб этди... Ўйиндан олдин «Динамо» ўйинини ўрганиб чиққандик, албатта. Жамоа чиндан ҳам, ҳужумдан ҳимояга тез ва тартибли қайтади. Бугун «Динамо» айнан тезкор қарши ҳужумлар ва қанот бўйлаб олдинга ўтиш масаласида устунлик қилди. Ҳар­қалай, аксарият вазиятларда рақибни тўхтатолмадик.

- Шоҳруҳ Гадоевнинг биринчи бўлимдаёқ алмаштирганингиз нима билан боғлиқ - у жароҳатландими ёки ҳаракатларидан қониқмадингиз?

- Барчаси оддий ҳолат: футболчининг ўйини гоҳо қовушади, баъзида йўқ. Шу боис, мураббийлар штаби билан маслаҳатлашиб, Шоҳруҳни майдондан олдик. Бу алмаштириш жароҳат билан боғлиқ эмас.

- Ўйин давомида ҳакамга кўп эътироз билдирдингиз...

- Футбол - ҳиссиётларга бой спорт тури. Ҳам ўйинчилар, ҳам мураббийлар учун шундай. Хуллас, ҳакамларнинг қайсидир қарорига нисбатан эътироз билдирганим йўқ, фақат ўз шогирдларим ҳаракатларига эътибор қаратдим. Умуман, ҳакамликни баҳолаш менинг вазифам эмас.

- «Бухоро»да барқарорлик йўқ. Баъзан кучли рақибларни енгади, гоҳида заиф саналган жамоаларга ютқазади. Бу нима билан боғлиқ?

- Футбол хатолар ва вазиятлардан иборат. Бунда аниқ бир сабаб йўқ. Вазиятлардан фойдалансак, ғалаба қозонамиз, акс ҳолда, 3 очко рақибга насиб этади.

Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи): - Бизни оғир ўйин кутиб турганини билардик. Зеро, «Бухоро» анча кучли жамоа саналади. Айтиш мумкинки, ўйин биз учун омадли кечди. Тан оламан, вазиятлардан унумли фойдаланиб, 2та гол ургач, натижани сақлаб қолишга уриндик ва бу панд бериб, рақиб ҳисобни қисқартирди. Айнан шу боис, жамоалар охиригача анча асабий ўйин намойиш этишди. Шу каби учрашувлар «Динамо»дек ёш жамоаларга катта тажриба вазифасини ўтайди. Муҳим ғалаба ортидан яна пешқадамлар сафига қайтганимиздан хурсандмиз. Сўнгги 2та ўйинда «Навбаҳор» ва «Қўқон-1912» билан тенг курашиб, енгилгандик. Чунки омад биз томонда эмасди. Бугун эса омадимиз келди.

- «Навбаҳор» ва «Бухоро» бош мураббийлари «Динамо»нинг қанотлар бўйлаб яхши ҳужум ташкил этаётганини таъкидлашди. Хусусан, «Навбаҳор» устози ўз жамоаси ғалабасини «Динамо» қанотларини ёпа олишгани билан изоҳлаганди. Айтингчи, жамоангизда марказ орқали ҳужум ташкил этиш бўйича ҳам иш олиб бориляптими?

- Албатта, бу борада изланяпмиз. Хўш, нега асосан қанотлар орқали ўйнаяпмиз? Сабаби оддий: қанотларда бўш ҳудудлар кўпроқ, марказда эса камроқ. Шунинг­дек, ихтиёримизда тезкор ярим ҳимоячилар бор. Жамоа­миз анча ёш, шу боис, доимий барқарорлик кузатилмаслиги мумкин. Эътибор беринг, биздаги энг «оқсоқол» ҳимоячи 23 ёшда. Муҳими, жамоамиз иқтидорли ёшлардан иборат. Биз уларга ишонамиз ва қўллаб-қувватлашда давом этамиз.

- Жамоа муваффақиятларида мухлислар ўрни нечоғли катта?

- Ҳаммаси эртакдагидек! Бундан ортиғи бўлмайди. Самарқанддаги 3та ўйинимизда стадион тўлди. Бекобод, Тошкент ва Қўқонда ҳам юзлаб мухлисларимизни кўриб, улар жамоамизнинг 12-ўйинчиси эканликларини ҳис этиб турдик.

- Футболчиларнинг нисбатан кўп сариқ карточка олаётганлари кейинги ўйинларга таъсир қилмайдими?

- Бу борада иш олиб борамиз. Баъзи ҳолатларда ёш футболчиларимизда тажриба етишмаяпти. Демоқчиманки, йигитларнинг ўйинга қаттиқ берилиб кетишлари натижасида «сариқ»лар сони кўпаймоқда. Чунки уларда иштиёқ жуда катта. Умид қиламанки, шу руҳда давом этиб, мухлисларни қувонтираверамиз.

«ҚИЗИЛҚУМ» - «СЎҒДИЁНА» - 1:1 (0:1)

15 апрель. Навоий. 8781 томошабин.

Ҳакамлар: В.Коваленко (Тошкент)-9,0; Б.Қодиров (Бухоро)-8,3; А.Калинин (Қарши)-8,6; Р.Абдувоҳидов (Қарши)-9,0.

Голлар: И.Юнусов (52-пен.) - С.Рашидов (28).

«Қизилқум»: 16. У.Хонимқулов, 3. Ш.Пўлатов, 4. Э.Бойдуллаев, 9. О.Зокиров, 14. Ф.Қамбаров, 15. А.Алланиёзов (10. В.Шодиев, 76), 19. Ж.Ҳасанов, 20. Ғ.Жумаев,

23. Ш.Жўраев, 27. И.Юнусов (85. А.Деркач, 65),

77. Б.Ғанижонов (17. А.Геворкян, 46).

«Сўғдиёна»: 12. Ш.Эшбўтаев, 2. С.Қулматов, 3. А.Исроилов, 4. Э.Орипов, 6. С.Мамадалиев, 7. С.Рашидов

(5. Ғ.Урунов, 90Қ2), 8. С.Қобилов, 11. Ш.Достонов

(22. С.Абдураҳмонов, 88), 17. И.Тошпўлатов (15. И.Абдуллаев, 82), 18. Қ.Баҳодиров, 77. С.Эминов.

Огоҳлантириш: И.Тошпўлатов (51, С.).

Энг яхши ўйинчилар: И.Юнусов - С.Рашидов.

Назоратчи: Д.Роман (Тошкент).

Комиссар: Ш.Ражабов.

Даврон Файзиев («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Жуда оғир ва қизиқарли ўйин. Икки жамоа ҳам очиқ футбол кўрсатди. «Қизилқум»га ҳурматни сақлаган ҳолда айтишим керак, жамоа футболчилари ўйиндан олдин ғалабага ишониб қолгандек таассурот уйғотишди. Балки хато ўйлаётгандирман. Зеро, навоийликлар аввалги турда «Бунёдкор»ни мағлубиятга учратишганди. Ўз навбатида, шогирдларимга ҳеч нимадан чўчимай ўйнашни уқтиргандим. Ҳа, «Қизилқум» сўнгги дақиқаларда ғалабани ўз томонига оғдириши мумкин эди. Лекин биз ҳам кўплаб вазиятлардан фойдаланолмадик. Учрашув превьюсига қараб, «Сўғдиёна»нинг анчадан буён «Қизилқум» майдонида очко олмаганига эътибор қаратгандим. Мана, ушбу нохуш анъанага барҳам бердик. Бу йилги чемпионатда кучсиз жамоани кўрмаяпман. Катта «сенсация»лар боиси шу.

«МЕТАЛЛУРГ» - «НАВБАҲОР» - 0:0

15 апрель. Бекобод. 2025 томошабин.

Ҳакамлар:  Ҳ.Рўзиев (Тошкент)-8,5; О.Абдувасилов (Тошкент)-8,6;  С.Шоюсупов (Тошкент)-8,6; О.Тўйчибоев (Фарғона)-9,0.

 «Металлург»: 1. З.Сафоев, 3. В.Магерамов, 4. Ҳ.Ҳошимов, 6. Д.Каримов, 7. Д.Одилов (8. А.Нўъмонов, 57),

11. М.Тошматов, 13. С.Қодирқулов (77. Д.Исмоилов, 68), 15. З.Абдуллаев. 17. С.Сулаймонов, 40. И.Қобилов,

70. Ж.Абдумўминов (95. Т.Усмонов, 75).

«Навбаҳор»: 30. А.Омонов, 2. А.Саматов, 3. Ҳ.Эргашев, 5. Ғ.Комилов, 9. Д.Жабборов, 19. М.Ғофуров, 21. А.Алиев, 32. Ж.Меҳмонов, 44. Д.Станоевич (10. М.Саидов, 46), 77. А.Турғунбоев (22. Р.Аҳмедов, 55), 84. Н.Йованович.

Огоҳлантиришлар: М.Тошматов (23), З.Абдуллаев (28) - Д.Жабборов (7), Н.Йованович (33), Ж.Меҳмонов (54), А.Алиев (59).

Энг яхши ўйинчилар: З.Сафоев - Н.Йованович.

Назоратчи: С.Нажафалиев (Тошкент).

Комиссар: Н.Лутфулин.

Анвар Солиев («Навбаҳор» спорт директори): - Бекободга ғалаба учун келгандик. Қувонтираётгани, жамоамиз кетма-кет 4-ўйинда ҳам гол қўйиб юбормади. Шамол ҳисобига ўйинимиз бироз ўхшамади. Иккинчи бўлимда эса шамол йўналишида ўйнадик, аммо негадир ҳимояга ўтиб олдик. Тан олиш керак, рақиб кўплаб вазиятлар ҳосил қилди. Муҳими, ҳимоячиларимиз ўз вазифаларини сифатли бажаришди.

Шавкат Саидов («Металлург» клуби бошлиғи): - Рақиб биринчи бўлим давомида бежиз пешқадамлар орасида бормаётганини кўрсатди. Иккинчи 45 дақиқаликда эса ташаббусни тўлиғича қўлга олдик. Агар статистикага қарасак, «Навбаҳор» жамоамиз учун энг ноқулай рақиблардан бири ҳисобланади... 

-------------------------------------------------------------------------

«Нефтчи» - «Бунёдкор» - 1:2 (0:0)

16 апрель. Фарғона.  2810 томошабин.

Ҳакамлар: З.Қодиров (Навоий)-8,0; О.Жумаев (Навоий)-8,3; Р.Самандаров (Навоий)-8,5; А.Раҳимов (Андижон)-8,0.

Голлар: А.Абдулҳаков (50) - Д.Ҳамдамов (48), Д.Аҳмадалиев (75).

«Нефтчи»: 1. Ў.Юсупов, 2. С.Концевой, 7. А.Баҳриддинов (26. О.Исроилов, 49), 8. У.Қодиров, 9. Ш.Ҳакимов,

18. Ж.Расулов (10. М.Мамазулунов, 75), 20. Д.Эрматов

(11. А.Махсталиев, 62), 21. М.Убайдуллаев, 22. Ф.Ҳасанбоев, 23. А.Абдулҳаков, 55. Д.Комаровский.

«Бунёдкор»: 25. М.Зуҳуров, 2. Р.Ашурматов, 4. А.Комилов, 9. Ш.Нурматов (11. В.Чемиртан, 68), 10. Э.Шомуродов (97. Ж.Эсонқулов, 90Қ3), 17. Д.Ҳамдамов, 19. Н.Тўхтасинов (20. С.Азимов, 86), 21. Д.Аҳмадалиев, 28. Д.Умиров, 29. О.Шукуров, 30. Х.Ғиёсов.

Огоҳлантиришлар: Д.Эрматов (13), С.Концевой (79, Н.).

Энг яхши ўйинчилар: Ш.Ҳакимов - Д.Умиров.

Назоратчи: А.Ҳотамов (Тошкент).

Комиссар: В.Штерн.

Андрей Фёдоров («Нефтчи» бош мураббийи): - Биринчи бўлимда кўрсатган ўйинимизни футбол сифатида баҳолаш қийин. Футбол бундай бўлмайди. Ахир рақиб ҳар тарафлама устун келди. Бу нима билан боғлиқлигини изоҳлаб беролмайман. Руҳий жиҳатдан тўлиқ тайёр бўлолмаяпмиз. Қанча ишламайлик, ижобий ўзгариш кузатилмаяпти. Ўтган йил охиридаги мағлубиятлар ва ҳозирги муваффақиятсизликларга айнан мен жавобгарман. Аслида клубнинг имконияти чакки эмас. Бироқ машғулотлардаги жамоани расмий ўйинларда умуман кўрмаяпман. Деярли ярим жамоа ўйнашни унутиб қўйгандек. Ҳозирги ҳолатда жамоани руҳлантирадиган қандайдир жиддий чора кўриш керак.  Ўйин тугашига 20 дақиқа қолган вақтда бир қарорга келдим. Агар жамоадан кетишим «Нефт­чи»нинг кейинги натижаларига ижобий таъсир этадиган бўлса, бу борадаги қарорни эълон қилишга тайёрман.

Сергей Лушан («Бунёдкор» бош мураббийи): - Бу ғолиб чиқишимиз керак бўлган 5-ўйин эди. Жамоамизнинг чуқур инқирозни бошдан кечираётгани рост. Чунончи, ОЧЛ ва чемпионатдаги иштирокни бирдек қониқарсиз бошладик. Ўйин охирида ўзимизга ортиқча муаммо туғдириб олдик. Кейинроқ қарши ҳужум чоғи 2 марта бирга бир вазиятдан фойдаланолмадик. Чемиртанни асосий таркибга киритмаганим сабаби шуки, Нурматов ўйинга яхшироқ  тайёр эди. Унутмайлик, «Бунёдкор» - мамлакатимизда ўз тарбияланувчиларидан ташкил топган ягона жамоа. Ҳозирги йигитларимиздан фақат Шаҳзодбек Нурматов ва Мурод Зуҳуров бошқа жамоа тарбияланувчилари ҳисобланишади. Аслида Зуҳуров ҳам ўзимизники... Ахир  у 9 йилдан буён биз билан бирга.

Тур Статистикаси

Ўйин: 8

Гол: 18 (ўртача: 2,25)

Томошабин:36718 (ўртача: 4589...)

Мезбонлар ғалабаси: 3

Меҳмонлар ғалабаси: 2

Дуранг: 3

Йирик ҳисобли ғалаба:1 («Шўртан» - 3:0)

Энг  сермаҳсул ўйин:  «Динамо» - «Бухоро» (4та гол)

Огоҳлантириш: 25 (ўртача: 3,12...)

Четлатиш:-

Энг «қўпол» ўйинлар:«Динамо» - «Бухоро», «Металлург» - «Навбаҳор» (6тадан «сариқ»)

Энг кўп томошабин кирган ўйин:«Динамо» - «Бухоро» (10501)

Пенальти: 1 (самарали)

«Дубль»: 2 (М.Бикмаев, «Локомотив»; И.Таран, «Шўртан»)

Автогол:-

1 ЛОКОМОТИВ            5       4          0          1          11-3     12

2 ДИНАМО                  6          4          0          2          10-4     12

3 ҚЎҚОН-1912            6          3          2          1          8-6       11

4 НАВБАҲОР              6          3          2          1          6-4       11

5 МАШЪАЛ                6          3          1          2          7-3       10

6 НАСАФ                    5          3          0          2          9-5       9

7 БУХОРО                  6          3          0          3          7-6       9

8 ШЎРТАН                  6          3          0          3          8-9       9

9 БУНЁДКОР               5          2          2          1          4-3       8

10 ҚИЗИЛҚУМ               6          2          1          3          5-7       7

11 ПАХТАКОР               6          2          1          3          4-8       7

12 ОЛМАЛИҚ                6          2          1          3          4-9       7

13 СЎҒДИЁНА                6          2          1          3          5-11     7

14 ОБОД                      6          1          2          3          4-6       5

15 МЕТАЛЛУРГ              5         1          1          3          4-6       4

16 НЕФТЧИ                  6          0          2          4          3-9       2

Тўпурарлар:

Марат Бикмаев («Локомотив») - 5та  (1та - пен.)

Драган Черан («Насаф») - 4та

Филипп Рейевац («Қўқон-1912») - 4та

Ивор Вайцер («Бухоро») - 3та

Игорь Таран («Шўртан») - 3та

Илҳом Юнусов («Қизилқум») - 3та (1та - пен.)

Санжар Рашидов («Сўғдиёна») - 3та (2та - пен.)

Акмал Бозоров («Динамо») - 2та

Жамшид Искандеров («Пахтакор») - 2та

Азамат Алланиёзов («Қизилқум») - 2та

Наврўз Ҳаипов («Обод») - 2та...

Келгуси ўйинлар:

20 апрель (пайшанба)

Бунёдкор - Динамо

21 апрель (жума)

Пахтакор - Локомотив

22 апрель (шанба)

Бухоро - Машъал

ҚўҚон-1912 - Металлург

Навбаҳор - Шўртан

Сўғдиёна-Нефтчи

Олмалиқ-Қизилқум

Насаф-Обод


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz