Қайднома

Қидирув

Моҳияти юзаки интрига

Моҳияти юзаки интрига

  18.04.2017 06:28
  0
  1185
Моҳияти юзаки интрига

Бугун ва эртага еврофутбол олами яна қалқиб туради. Хабарингиз бор, албатта, «Барселона» Туриндаги учрашувда мухлислари асабини такрор  синовдан ўтказди, «Ноу Камп»­да эса қўпол ҳазил уюштирди. Ҳа, «Реал Сосьедад»нинг чинакам «камбэк»ка эришиб, шов-шув кўтаришига сал қолди. «Реал» аксинча, хотиржамлиги билан барчани ҳайратлантирмоқда. Ҳаттоки, иккинчи таркиб билан ҳам Ла-лига баҳсида ғалаба қозониш - «Реал» қудратининг намойиши. Фикримизча, Зайниддин Зидан «Бавария»ни руҳан синдириш учун шундай йўл тутди. Ортиқча ҳордиқ чиқариш ўз йўлига. Қудрат намойишининг руҳиятга таъсири эса бебаҳо омил ҳисобланади.

Хўш, «Барселона» нимчорак финал раундида кузатилган тарихий «сенсация»ни такрорлаши мумкинми? Дон Карло собиқ шогирдидан устун чиқиш йўлини топадими? Ҳар икки клуб мухлислари жавоб учрашувларида ижобий натижага умид боғлашмоқда. Албатта, умид қилиш учун маълум ва машҳур асослар мавжуд, яъни умидсиз ҳолатда «ПСЖ» жилови тортилди. Нега энди «Ювентус»дан чўчиш керак?

Ахир «Барселона» авваллари ҳам жавоб учрашуви эвазига «Юве» тўсиғидан ўтган. Бу сафар ўша тарих такрорланиши мумкин эмасми? Мумкин, албатта. Лекин унутмайликки, бу сафар Луис Энрикега қарши аламзада Массимилиано Аллегри тиш қайраган. Бу анчайин хавфли фактор. Қолаверса, Жанлуижи Буффоннинг шашти ҳам жуда баланд. Шундай кўтаринкилик «Барселона» муҳитида кўзга ташланмаяпти.

Дейлик, Иван Ракитичнинг ғалаба ҳақидаги сўзлари ҳам у қадар ишончли янграмади. «ПСЖ»га қарши жавоб учрашувидан аввал эса Неймар ҳаддан зиёд дадил сўзлаганди. Энди жамоада ўша вақтда сезилган жанговор руҳ йўқ. Бошқача ифода этсак, яна мўъжиза юз беришига футболчиларнинг ўзлари ҳам ишонишмаяпти, гўё. Ҳолбуки, футболда ҳамиша мўъжиза яшайди. Ана, олий лигамизнинг 5-турида «Локомотив»­ни енгган «Шўртан» мўъжиза кўрсатганди. Ғузорликлар навбатдаги турда ҳам мўъжизани такрорлашди - энди «Пахтакор» мағлуб этилди.

Қойил! Мана шу - такрорий мўъжиза! Ҳаммаси ишонч ва иштиёқнинг зўрлигидан. Қайсики жамоа ишонч ва иштиёқ ортидан бир тану бир жон бўлиб эргашса, мўъжиза яратаверади. Шу маънода гапирсак, бир силтаниб ўзини ўнглаган ва икки кучли клубни кетма-кет енгган «Шўртан»нинг натижалари мўъжиза сифатига тортади. ЧЛ чорак финалида иштирок этаётганининг ўзиёқ «Лестер»нинг янги мўъжизаси.

Якунланган футбол ҳафтаси мухлисларни шундай қизғинлик билан қаршилади. Шу қизғинлик ифодаси сифатида «Интер Футбол»нинг доимий ва садоқатли мухлиси Ғуломжон Ҳамидов ёзган қуйидаги шеърий мисраларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

ЕВРОФУТБОЛ ФУСУНИ

Тушунмадик «Барса»га

Фанати бор ранг-баранг.

Ўртача «Малага»га

Ютуқни берди қаранг.

------------------------------------------

Ютқазди «Юве»га ҳам

Қани Париж сабоғи?

Мессининг бошидир хам

Очилмайди қовоғи.

------------------------------------------ 

Олти голли олтин тўй

Такрор бўларми бугун?!

Буффон - моҳир, баланд бўй

«Барса» - чун катта тугун!

------------------------------------------ 

«Реал» сафарда ғолиб

Иккинчи таркиб билан!

Устоздан ўзди толиб

Таваккал қилди Зидан.

------------------------------------------

Жавоб баҳси олдидан

Турлича тахмин-фараз.

«Реал» анча олди дам

«Бавария» қилар араз.

------------------------------------------ 

Ҳар бир клубда шундай

Бордир ўзгача қилиқ.

Менинг хулосам бундай:

Ўрганмоқда «Олмалиқ»?

------------------------------------------

«Шерлар»ни енгиб «Шўртан»

Қувонч олсин майлига.

Зўрдир зўр чиқса зўрдан

Кеттик голлар сайлига!

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ғуломжон ака - «Пахтакор»нинг 60 йиллик қадрдон мухлиси. У жонажон жамоасининг бугунги ачинарли ҳолатига бефарқ қараб туролмайди. Қандай бефарқ қарасин?! Ахир у кишининг мухлислик стажи клуб тарихи билан тенг-ку!

Шу қадрдонлик ҳурмати фидоий мухлис Президент виртуал қабулхонасига «Пахтакор»нинг аҳволидан ёзғириб, шеърий шикоят йўллабди. Ғуломжон Ҳамидов шеърий шикоятига шу йилнинг 12 апрелида ЎФФ бош котибидан 03-657-рақамли, «Пахтакор» клуби бош директоридан 419-01-рақамли жавоб хатларини олибди. Уларда вазиятни ўнглаш учун Равшан Ҳайдаров жамоага бош мураббий этиб тайинлангани таъкидланибди.

Афсуски, шеърий шикоят муаллифи жавоблардан қониқмаган ва икки ўртада баҳс-мунозара бошланган. Ғуломжон Ҳамидов нуроний мухлислар номидан «Нима учун айнан Равшан Ҳайдаров яна жамоага қайтарилди? Унинг имконлари барчага маълум-ку?! Нега Вадим Абрамов ёки бошқа бир етук мутахассис «Пахтакор»га бош мураббий бўлиши мумкин эмас? Вақт ўтказишдан қандайдир мақсад борми?» дея мутасаддиларга бир қанча саволлар ташлаган.

Ҳақли саволлар эса таассуфки, жавобсиз қолган. Не тонгки, мунозара - суҳбатнинг эртасига «Пахтакор» яна шармандали мағлубиятга учради. Фидоий мухлис нима дейиш, қадрдон жамоасига қандай ёрдам беришга ҳайрон. «Мутасаддиларга инсоф ва изланиш тилашдан бошқа чора йўқ!» деди у киши биз билан суҳбат якунида. Муҳими, у «Пахтакор»даги ислоҳотлар жўяли ва тезроқ амалга оширилишидан умидвор. Шунингдек, «Бунёдкор»да ҳам катта ўзгаришлар кутилаётгани рост бўлиб чиқишидан.

Хайриятки, халқимиз табиатида жонкуярлик фазилати мужассам. Шундай жонкуярлик тўлқини миллий терма жамоамиз мураббийлар штабини уйғотганди. Мана шу улуғ қадрият бугун Сирожиддин Сайфиевни қўллаб- қувватламоқда. Хусусан, самар­қандлик мухлислар, «Локомотив» ва «Навбаҳор» клублари саховати фикримизнинг ёрқин далилидир. Ҳа, эътиборсизлик, бефарқлик кучайган жойда жонкуярлик бош кўтаради ва адолатни тиклайди.

Жонкуярлик таъсирида «Пахтакор» мутасаддилари ҳам жамоада туб ислоҳотларни амалга оширишларига ишончимиз комил. Вақт кутиб турмайди. Шонли тарихи билан машҳур клубнинг ачинарли ҳолати унинг таркибида тўп сурувчи миллий терма жамоамиз аъзолари, истеъдодли ёшларни издан чиқариб юбориши мумкинлиги хавотирни кучайтиради.

Зеро, бош жамоамиз тақдири - футболимиз келажаги. «Шўртан»нинг «Локомотив» ва «Пахтакор» устидан қозонган ғалабалари футболимиз мутасаддилари учун жиддий ва қайсидир маънода ташвишланарли огоҳлик қўнғироғидир.

Мақоланинг тўлиқ қисми билан «ИнтерФУТБОЛ» газетасининг бугун сотувга чиқадиган 31-сонида тўлиқ ўқишингиз мумкин.

Муҳаммад Вали


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz