Қайднома

Қидирув

Кучаяётган кескинлик, майдондаги муштлашувлар…

Кучаяётган кескинлик, майдондаги муштлашувлар…

  21.04.2017 10:03
  0
  937
Кучаяётган кескинлик, майдондаги муштлашувлар…

Ҳа, сўнгги «уик-энд» оқшомлари футбол мухлисларига кескинлик руҳида ўтаётган унутилмас учрашувларни тортиқ этди.

«Челси» таъқибчиларга имконият яратди

Яқиндагина «кўклар»нинг жорий мавсумдаги ғолибликлари ҳал бўлган масаладек туюлаётганди. Ҳордиқ кунлари бўлиб ўтган беллашувлардан кейин АПЛнинг якуний босқичи энди бошланаётгани ойдинлашиб қолди. Сўнгги турда йўл қўйилган арзимас хато бутун мавсум давомида қилинган ҳаракатларни пучга чиқариши ҳеч гап эмас. «Олд Траффорд»даги турнинг марказий учрашувига «Челси» ўзининг асосий дарвозабонисиз йўл олди -яқинда жароҳат олган Тибо Куртуа ўрнини Асмир Бегович эгаллади. Мавсумда бир марта ҳам майдонга туширилмаган посбон Контенинг ишончини оқлай олмади. Андер Эрреранинг қанотдан узатган тўпини дарвозага йўллаган Маркус Рашфорд 7-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Тўпни Бегович ўтказиб юборди, лекин «Челси»нинг бош­қа ўйинчилари ҳам талаб даражасида ўйнай олишмади. Афтидан, Моуриньо ўз шогирдларини собиқ жамоасининг кучли ва заиф жиҳатларидан мукаммал даражада хабардор қилган. Уларга ўйин бермаслик режасини пухта ишлаб чиққан кўринади. Чунки меҳмонлар учрашувни фақат ҳимояланиш билан ўтказишди. «Автобус» услуби самара бермади - вақти-вақти билан «Челси» дарвозаси олдида хавфли вазиятлар юзага келди. Ўз навбатида, Давид де Хеа бутун ўйин давомида ишсиз қолди - «Челси» лоақал битта аниқ зарба билан хотиржамликни буза олмади.

Иккинчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларида эса Эррера Беговични иккинчи марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди. Шу йўсинда ўйин тақдири узил-кесил ҳал бўлди. Пешқадамни Манчестерда очко йўқотишини «Тоттенхэм» мухлислари интиқлик билан кутишганига шубҳа йўқ. «Шпорлар» бу турда ҳам йирик ғалаба(4:0)ни расмийлаштиришди. «Челси»дан ташқари чемпионатнинг барча етакчилари навбатдаги 3 очкони ўз ҳисобларига қўшиб қўйдилар. Энди «Тоттенхэм» етакчидан 4 очкога ортда қолмоқда.

«Эль класико»га йўқотишларсиз, лекин...

«Класико» арафасида «Реал» ҳам, «Барселона» ҳам мухлислари асабларини синовдан ўтказди. Хихонга сафар қилган пешқадам Исконинг сўнгги дақиқадаги аниқ зарбаси эвазига иродали ғалабани расмийлаштирди. Ваҳоланки, «қироллик клуби» ўйин давомида аввалига ўз дарвозасидан тўп олиб чиқиб, кейинчалик мувозанатни тиклаётганди.

Каталония гранди эса ўз майдонида «Реал Сосьедад»­ни қабул қилди. Беллашувнинг дастлабки дақиқалари кутилганидек, мезбонлар устунлигида ўтиб, «Камп Ноу» таблосида ўз аксини топа бошлади. Мессининг «дубл»и эвазига икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олган бир пайтда, Юмтити кутилмаганда ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Икки дақиқадан сўнг Алькасер яна иккита тўп устунлигини таъминлади.

Танаффусга чиқиш арафасида «Сосьедад» вакиллари Хаби Приетонинг голи эвазига ҳисобдаги фарқни қисқартиришни уддалашди. Оқибатда «Барса» мухлислари иккинчи бўлимни жиддий хавотир билан ўтказишди. Чунки ЕЛ ҳудудида бораётган меҳмонлар ҳеч бўлмаганда бир очко илинжида ҳужумга зўр беришди. Иккинчи бўлимда дарвозани ишғол этиш на уларга, на мезбонларга насиб этди.

«Атлетико» Испания­нинг учинчи жамоаси эканлигини исботлаш учун тобора сермаҳсул ўйин кўрсатмоқда. Тўғри, Диего Симеоне шогирдлари 2та пенальтидан фойдалана билишмади. Зеро, Антуан Гризманнсиз тўп сурган жамоа барибир, аутсайдер «Осасуна» устидан йирик ғалаба(3:0)га эришди.

Совринли ўрин учун «ҳиндулар»ни таъқиб қилаётган «Севилья» эса Валенсияда нурсиз дуранг билан кифоя­ланди.

Жимжимадор Милан дербиси

Италия «А» сериясида олтин медаллар тақдири ҳал бўлган кўринади. Амалдаги чемпион охирги ўринни банд этиб турган «Пескара»ни қийинчиликсиз маҳв этди ва очколари сонини 80тага етказиб олди. Иккинчи ўринда бораётган «Рома» эса ўз уйида «Аталанта»ни енголмай, қимматли икки очкони ҳавога совурди. Ҳатто, «бўрилар»нинг тирик афсонаси - Тоттининг «жанг»га ташланиши ҳам ғалабани таъминлай олмади. Айтганча, мазкур ўйиндан кейин 40 ёшли ҳужумчининг «А» сериядаги учрашувлари 615тага етиб, ҳозирда фаолиятини якунлаган Хавьер Занеттига тенглашиб олди. Тоттидан олдинда фақат Жанлуижи Буффон (616та) ҳамда «Милан» афсонаси - Паоло Мальдини (647та) бор. Турнинг асосий воқеаси сифатида Милан дербисини эътироф этиш жоиз. Азалий рақиблар ўртасидаги баҳс маҳаллий вақт билан соат 12:30да бошланди. Боиси, «Милан»нинг хитойлик соҳиблари ўз юртларидаги мухлислар учун қулай вақтни танлаган эдилар. Табиийки, маҳаллий мухлисларга бу ўзгариш маъқул келмади - «Милан» ишқибозлари «Сан Сиро»га махсус банер билан ташриф буюришди. Плакатда тасвирланган кимсага қандайдир бегона қўл махсус чўп (хитойликлар у билан овқатланишади) ёрдамида пул узатаётгани тасвирланганди. Суратга «Сиз истеъмол қилишингиз мумкин бўлган нарса шу» ибораси илова қилинган. Унинг остида эса «Ёқимли иштаҳа, Италия лигаси» сўзлари битилган. Фанатлар ўз норозиликларини изҳор этаётган пайтда футболчилар аллақачон баҳсга киришган эдилар. Аввалига расмий мезбон - «Интер» 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганди. Бироқ «Милан» охирги 10 дақиқа ичида 2та гол уриб, мувозанатни тиклади. Натижада жадвалнинг юқори қисмида ўзгаришлар юз бермади.

«Лейпциг»нинг парвози

ЕЧЛда Германия вакилларининг сони йил сайин ошиб бормоқда. «Реал»га қарши баҳс арафасида Левандовскига дам олиш имкониятини яратган «Бавария» «Байер» билан муроса йўлини танлади - 0:0. Лекин сафардаги ягона очко мюнхенликларга ЕЧЛнинг гуруҳ босқичи эшигини очди. Нуфузли турнирнинг иккинчи йўлланмаси эса бундеслига дебютанти - «РБ Лейпциг»га насиб этди. Жамоа бу турда «Фрайбург»дан йирик ҳисобда (4:0) устун келди. «Туғилган»ига етти йил бўлган жамоа учун фантастик натижа! қолган икки йўлланма учун муросасиз кураш олиб бораётган «Хоффенхайм» ҳамда «Боруссия» Д. ҳам навбатдаги ғалабани тантана қилишди. Зинсхаймдаги учрашувда (5:3) мухлислар 8та голнинг гувоҳига айланган бўлишса, Дортмундда «Айнтрахт» дарвозасини 3 марта забт этган мезбонлар ўз дарвозаларидан битта гол ўтказиб юбордилар. Дарвоқе, ҳисобига навбатдаги голни ёзиб қўйган Пьер-Эмерик Обамеянг Левандовскига етиб олди. Ҳар икки тўпурар ҳисобида 26тадан гол мавжуд.

«Стад Арман Сезари»даги тартибсизликлар

Франция биринчилигида чемпионлик учун кураш тобора кескинлашиб бормоқда. Охирги турда етакчи учликнинг барча аъзолари навбатдаги ғалабаларини расмийлаштиришди. Шу боис, «Монако», «ПСЖ» ва «Ницца» ўз мавқеларини сақлаб қолишди. Сўнгги ўринда бораётган «Бастия» билан «Лион» ўртасидаги учрашув эса стадионда юзага келган тартибсизликлар туфайли якунига етмай қолди. Учрашувга тайёргарлик кўриш учун майдонга тушган «Лион» футболчиларига маҳаллий мухлислар ҳужум уюштиришди. Шу сабабли «Лион» аъзолари ечиниш хонасига қайтишга мужбур бўлишди. Натижада учрашув белгиланганидан бир соатга кечикиб бошланди. Биринчи бўлимдан кейин жамоалар танаффусга йўл олаётганларида «Лион» дарвозабони Антони Лопеш стюардларнинг бири билан жанжаллашиб қолди. Яна мухлис ва футболчилар ўртасида муштлашув юзага келди. Охир-оқибат, ҳакамлар ўйинни тўхтатишга мажбур бўлдилар. Таажжубки, ўтган ҳафта «Лион» учун ўта омадсиз келди: жамоанинг ЕЛ доирасидаги «Бешиктош»­га қарши учрашуви (2:1) ҳам бирмунча кечроқ бошланганди, энди «Бастия» майдонидаги баҳс бошқа кунга қолдирилди.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz