Қайднома

Қидирув

Муносабатнинг майдондаги манзараси ёхуд «эль-классико»ча эркин рух

Муносабатнинг майдондаги манзараси ёхуд «эль-классико»ча эркин рух

  25.04.2017 06:24
  0
  1527
Муносабатнинг майдондаги манзараси ёхуд «эль-классико»ча эркин рух

Футбол олами энди-энди порлаётган янги юлдуз - янги истеъдодга боқиб, роса севинмоқда. Ҳаттоки, «У келажакда Мессидан ҳам ўзиб кетади!» дея башорат қилмоқда, орзуларга берилмоқда завқини яширолмай. Килиан Мбаппе! Бу йигитни Европа Чемпионлар Лигаси кашф этди, мухлисларга таништирди. Мбаппе - «Монако»нинг мунаввар маёғи! Ҳамма ҳавасларимиз «Монако»га! Футбол - дунё ўйини. Янги истеъдод - шу дунё фарзанди. Демак, Мбаппе - футбол олами фуқаролари, яъники, барча мухлисларнинг севимлиси, эркатойи... Бу - Мбаппе ва унинг ажиб ўйинига муносабат. Йўқ, аниқроғи, 18 ёшли йигитчанинг футболга муносабати бизни ҳайратлантирмоқда ва ўша ёндашувга муносабат билдирмоқдамиз.

Оддий айтганда, Франция футбол муҳитининг ёш истеъдодга муносабати эътиборимизни тортди. Мбаппе Жанубий Кореяда ўтказиладиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига бормайдиган бўлибди. Эътибор беринг,  Франция миллий жамоаси иштирокидаги ўртоқлик учрашувлари манфаати йўлида шундай қарорга келишибди. Ёшлар ўртасидаги мундиал мақоми бизнинг футбол муҳитимизда ўта юқори баҳога сазовор. Турнирда Мбаппесиз қатнашадиган Франция ёшлар термаси медалларсиз қолар эҳтимол... Бироқ бу ҳол Дидье Дешамни қизиқтирмайди ва ёшлар термаси мураббийи ҳам унинг истагини қўллаб-қувватлайди. Нега? Чунки мамлакат футболи обрў-эътиборини бош жамоа ютуқлари белгилайди. Француз футболи онги шу хулосани қабул қилишга тайёр. Биз эса «Қизилқум» таркибида ёш футболчи Бекзод Ғанижоновнинг захирадан майдонга тушганидан қувониб ўтирибмиз. Бу қувонч сарҳадлари шу билан чегараланмайди. У олий лигадаги олағовур янгиланишлардан хурсанд. Тўғри, янгиланишлардан биз ҳам мамнунмиз, лекин хулоса бобида ҳамон иккиланиш мавжуд. Фикримизча, бугунги «Локомотив» ва «Насаф» аввалги мавсумларни эслатмаяпти. Гап ҳар икки жамоа таркибидаги ўзгаришлар билан боғлиқ эмас, чоғи. Зеро, аввалги шашт, шукуҳ сезилмаяпти. Жамоада шашт синмаса, таркибга боғлиқ ўзгаришлар ўйин сифатига жиддий таъсир ўтказолмайди. Шашт синдими, тамом. Уни маҳоратли футболчилар кўмаги билан ҳам тиклаш қийин. Ҳозирги вазиятда етакчиларга хос енгилмас руҳ, шашту-шижоат ўртамиёна клублар томон ўтиб кетгандек таассурот уйғонмоқда. Қайсики вилоят ёки шаҳар клуби кетма-кет ютуқларга эришаётган бўлса, ўша жойда ўзгача футбол кайфияти ҳукмрон. Маҳаллий мухлислар учун шу ютуқларнинг ўзи катта шодиёна. Қўқонлик, самарқандлик ва наманганлик мухлислар бу кунларни узоқ вақт орзиқиб кутдилар. Улар зафарли дамларга интизор эдилар. Шу боис, Наманган, Қўқон ёки Самарқанддаги стадионларга мухлислар ташрифи кўплигини тушунса бўлади. Пойтахтлик мухлиснинг «Локомотив» «Пахтакор» ёки «Бунёдкор»га нисбатан талаби эса бутунлай бошқача. Бу клублар олий лигадаги муваффақиятлар билангина пойтахтлик ихлосмандларни стадионларга қайтаролмайди. Улар учун ягона йўл - халқаро учрашувлар орқали аста-секин аввалги обрў-эътиборни тиклаш. ОЧЛ - бу борада энг яхши имкон. Ҳар бир клуб халқаро мусобақаларда ўзининг Мбаппеларини майдонга туширса ва ёш истеъдодлар «Монако»да кузатилгани каби чорак ва ярим финаллар сари йўл очишса, пойтахт стадионлари ҳам мухлислар билан тўлиб-тошишига ишончимиз комил.

Биз назарда тутаётган ўзгаришлар амалга ошиши учун мавжуд моддий-техник имкониятларни тубдан ислоҳ қилиш шарт эмас. Албатта, ривожланишдан тўхтамаслик маъқул. Лекин ҳозирги имконларнинг ўзи билан ҳам алоҳида ютуқларга эришса бўлади. Муҳими, ишга янгича ёндашув даркор. Бу янгича муносабат демакдир. Футбол онгида чақмоқ чақнамаса, довул турмаса, ўзгариш ва тараққиётга умид боғлаш бефойда. Замонавий инфратузилма - барчанинг орзуси. Бўлажак истеъдодлар шундай шароит­да шуғулланишга муносиблар. Мамлакатимиздаги футбол сиёсатининг бош мақсади ҳам шу. Эзгу мақсад рўёбини таъминлаш эса футбол маънавиятини шакллантиришдан, унинг онгидаги осудаликни йўқотишдан бошланади. Акс ҳолда, футбол муҳитимизда ўзаро ёвқарашлар, турли истеҳзо ва иддаолар тинмайди. Дейлик, Самвел Бабаян журналистларни нохолисликда айблайверади. Журналистлар эса ҳақ эканликларини исботлашдан чарчамайдилар. Бу орада вақт ўтади, саралаш босқичи якунланади ва терма жамоа­мизда яна бош мураббий ўзгаради... Самвел Бабаян эса ўз йўлида кетади. Янги мураббий нисбатан енгилроқ дастлабки учрашувлардаги ютуқлар билан мақтанади ёки мақталади. Кейин қозонда бори чўмичга чиқади, яъни сўнгги саралаш босқичи бошларни хам қилади. Бу нима? Сценарийми? Шахсий ҳавоий ҳавасларини футболдан устун қўювчиларнинг мухлислар устидан кулиш сценарийларими? Бу ҳам муносабат. Унинг моҳияти мухлисга аён. Равшан ҳақиқатлар мухлисни тоқатсизлантиради ва бу ҳол журналист қалбидаги йўлбарсларни наъра торттиради. Шундан бошланади жанжал-тўполон, интернетдаги дакки-дашномлар. «Барселона» ёки «Бавария»нинг ЕЧЛ ярим финалига чиқолмагани мухлислар учун жиддий фожиа саналмайди. Ҳар икки клуб «Ювентус» ёки «Реал» билан келажакда яна куч синашади, ютади-ютқазади. Мухлисларни ҳамиша шу юпанч-ишонч бир маромда ушлаб туради. «Челси» мухлислари шундай илинж учрашувларида ўтган йилги мавсумни мардона ўтказиб юборишди. «Челси» шу сабр ҳурмати наинки чемпионликни нишонлаш, балки Англия кубоги соҳиби бўлиш учун ҳам яна бир дадил қадам ташлади. Кубок финали йўлланмаси учун 90 дақиқа курашиб толмаган, қўшимча бўлимларда баҳс оловини гуруллатган «Манчестер Сити» ва «Арсенал», Европа Лигаси ярим финалига чиққан «МЮ» мухлислари ҳам шу сабабга кўра, стадионларга боришдан чарчашмайди. Уларни қалбида сира ўчмайдиган илинж алангаси порлайди. Умидворликнинг қудратига тараф йўқ. Афсуски, умидсизликка чора топиш мушкул. Қалб кўзи очиқ, футбол онги уйғоқ мухлис «Бунёдкор» - «Динамо» ёки «Пахтакор» - «Локомотив» учрашувини томоша қилиш учун стадионга бормаса, уни айблаш но­ўрин. Шундай вазиятда ҳам «Бунёдкор» ва «Пахтакор» стадионига борган фидойилар олқишларга лойиқ, айни чоғда бормаганлар танқиддан холидирлар. Чунки бундай ҳолатда стадионга бормаслик ҳам вазиятга нисбатан муносабатнинг ўзига хос ифодасидир.

Бу ҳали ҳаммаси эмас мазкур мақоланинг тўлиқ қисми билан «ИнтерФУТБОЛ» газетасининг бугун сотувга чиқадиган 33-сонида танишиб чиқишингиз мумкин

Муҳаммад Вали


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz