Қайднома

Қидирув

Хайр, Мончи: уддабурон спорт директори энди Италияда ишлайди

Хайр, Мончи: уддабурон спорт директори энди Италияда ишлайди

  29.04.2017 06:22
  0
  869
Хайр, Мончи: уддабурон спорт директори энди Италияда ишлайди

Римнинг «Рома» клуби «Севилья» спорт директори Рамон Родригес Мончи билан 4 йиллик шартнома имзолаганини эълон қилди. «Рома» президенти Жеймс Паллотта ва раҳбариятга миннатдорчилик билдираман. Бу жуда ажойиб лойиҳа. Мухлислар, ходимлар ва жамоа футболчиларини хурсанд қилиш имкониятини орзиқиб кутмоқдаман»,-деди Мончи.

Ушбу мутахассис 2000-2017 йиллар мобайнида «Севилья» клубида ишлаган. Жамоанинг сўнгги йиллардаги катта ютуқлари айнан Мончи номи билан боғлиқ. Унинг раҳбарлигида Андалусиянинг энг машҳур клуби 9та соврин ютиб олганди.

Ҳа, «Севилья» бундан кейинги фаолиятида маҳоратли спорт директорининг хизматидан фойдалана олмайди. Албатта, фоний дунёда ҳеч нарса абадий эмас - кимдир кетади, бошқаси унинг ўрнини эгаллайди, ҳаёт эса давом этаверади. Ўз касбини мукаммал ўзлаштирган мутахассис туфайли шон-шуҳратга бурканган жамоа ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг барвақт барҳам топгани кишини ўйлантириб қўяди, дилга ғашлик солади.

Ким ўзи, у Мончи?

Ҳозирда уни бугунги «Севилья»нинг яратувчиси ва испан футболидаги энг номдор спорт директори сифатида улуғлашади. Номи аллақачон мухлису мутахассислар хотирасидан ўчиб кетган Рамон Родригес Вердехони деярли ҳеч ким танимайди. У 10 йил (1990-2000) давоми андалусияликлар жамоасида иккинчи дарвозабон вазифасини адо этди. Шундан кейин қўлқоп ва бутсаларидан воз кечиб, клуб тизимида хизмат қила бошлади. Қисқа вақт ичида ташкилотчилик қобилиятини намо­йиш этган мутахассис спорт директори  даражасигача кўтарилди. Шу муддат оралиғида жамоани нурли манзиллар сари етаклади. Натижада футбол оламига буюк Мончи сифатида танилди, «Севилья» эса нисбатан қисқа вақт ичида 9та нуфузли совринларни қўлга киритди. Энди буюк Мончи - Рамон Родригес Вердехо кутилмаганда «Рамон Санчес Писхуан»ни тарк этишга қарор қилди. Ваҳоланки, жамоа ички мусобақаларда ҳам, халқаро ареналарда ҳам рисоладагидек тўп сураётганди. Эндиликда у фаолиятини «Рома»да давом эттиради. Аввалроқ тенги йўқ директорни «Реал» ўз таркибига қўшиб олиши ҳақида гап-сўзлар тарқаганди.

Мончи «Севилья»га нима берди?

Жамоанинг бутун тарихидаги ёрқин ғалабалари Мончи номи билан бевосита боғлиқ. Юқорида айтиб ўтилганидек, севильяликлар 17 йил давомида 9та соврин (5та УЕФА кубоги, 2та Қирол кубоги, биттадан Испания ҳамда Европа суперкубоклари)ни қўлга киритишди. Таққослаш учун келтирадиган бўлсак, Мончигача бўлган фаолияти давомида «Севилья» атиги 4та совринга эга чиқиб, охирги ғолиблиги 1948 йили қайд этилганди.

Мончи футболчилик билан хайрлашган пайт «Севилья» примерага қайт­ган ва кейинги 17 йил ичида 14та финалда майдонга тушиши ҳатто  ашаддий мухлиснинг ҳам хаёлига келмаганди. Эндигина спорт директори лавозимини эгаллаган ёш мутахассис олдида бир қатор улкан вазифалар - клуб академиясини ривожлантириш, ноёб иқтидор соҳибларини тарбиялаш ва скаутлик тизимини тартибга солиш масалалари кутиб турарди. Бунинг ажабланадиган ери йўқ, барча жамоаларда спорт директорлари айнан шу юмушлар билан шуғулланишади. Мончи тўрт йил ичида сегунда вакилини еврокубокларнинг доимий иштирокчисига айлантирди. Боз устига, «Севилья» ўша даврда ўзининг молиявий ҳолати билан мақтана олмасди. Арзонига олиб, қимматига сотиш - барча соҳалар учун умумий бўлган олтин қоида. Худди шу масалани аъло даражада уддалаш орқали Мончи жамоа бюджетини бо­йитди, «Севилья»ни трансфер бозорининг фаол иштирокчисига айлантирди. Унинг даврида клуб фақат йирик келишувлар эвазига 200 млн. евродан кўпроқ даромад олди. Тўғри, ҳозирда биргина Тони Крооснинг баҳоси 300 млн.га тенг. Аммо Мончининг саъй-ҳаракатлари билан шартнома имзолаган футболчилар мунтазам равишда босқичма-босқич жамоага манфаат келтириб туришган. Аввалига улар Андалусия клуби либосида совринларга эга бўлиб, жамоа нуфузини оширишди, бошқа клубларга ўтганларидан сўнг ғазнани бойитиб, мавқеини мустаҳкамладилар. Академиянинг сермаҳсул тарбияланувчилари сифатида Хосе Антонио Рейес, Серхио Рамос, Диего Капель, Хесус Навас, Антонио Пуэрта, Альберто Моренони кўрсатиш мумкин. 700дан ортиқ малакали скаутлар дунёнинг турли бурчакларида «Севилья» учун ёш иқтидор соҳибларини излаб топиш ҳаракатида. Муҳими, улар доимо гранд жамоалар мутахассисларидан кўра чаққонроқ ва самаралироқ ишлашади. Дани Алвеш, Фредерик Кануте, Адриано, Иван Ракитич, Сейду Кейта, Кристиан Поульсен ва Карлос Бакка каби юлдузлар Мончининг бебаҳо кашфиётлари бўлиб, «Севилья»дан ўта қулай ижтимоий лифт сифатида фойданишган. Ўзлари юксак чўққиларни забт этганларида собиқ жамоаларини ҳам парвозга шерик қилиб олишни унутмадилар. Мончи жамоанинг трансфер сиёсатини узлуксиз кузатиш баробарида бош мураббийлар билан самарали ҳамкорликни ҳам йўлга қўйди. У ҳар бир мутахассиснинг ўйин услубидан келиб чиққан ҳолда шунга мос футболчилар билан таъминлади. Янги «Севилья»нинг бош меъмори сифатида аввал Хуанде Рамосни, кейин эса Унаи Эмерини қўллаб турди. Табиийки, муваффақиятли мавсумлардан кейин «Севилья» таркибидаги етакчилар «Писхуан»дан янада машҳурроқ стадионларга кўчиб ўтишди. Эътиборлиси, шу йўқотишлар жамоа савиясига салбий таъсир ўтказмади, мураббийлар кетганлар ўрнини муносиб ёшлар ҳисобига тўлдира олишди. Бу борада Мончининг хизматлари Рамос ва Эмериникидан кам эмас.

Омадсизликлар

Албатта, иш бор жойда хато-камчиликлар бўлиши аниқ. Ундан ҳеч ким кафолатланган эмас. Жумладан, Мончи ҳам фаолияти давомида омадсиз харидларга дуч келган. Шулардан бири - Аруна Коне. Бу футболчи Негредо харидига қадар «Се­вилья»­нинг энг қимматбаҳо (12 млн.) ўйин­чиси бўлган. Тиззасидан олган жиддий жароҳати ивуарлик ҳужумчининг муваффақиятли тўп суришига имкон бермади. Дебют мавсумда Коне 17 марта майдонга тушиб, бор-йўғи битта гол урди. «Севилья»даги 5 йиллик фаолияти давомида (2007-2012) 40та учрашувда тўп сурсада, гол ягоналигича қолди. Ҳужумчи «Леванте»даги «сургунлик»ни рисоладагидек (34та ўйин, 15та гол) ўтказди.

Акивальдо Москера эса «Севилья»дан аввал ҳам, кейин ҳам Европада ўзини кўрсатолмай, Мексика чемпионатида «йўқолди». Эрнесто Чевантон тўрт йиллик фаолияти давомида 8та гол билан кифояланган бўлса, Лаутаро Акоста 7 млн. эвазига тўрт йил ичида умумий ҳисобда 1000 дақиқадан озроқ вақт тўп сурди.

Омадли харидлар

Муваффақиятли трансферлар хусусида гап кетганда, Мончи кўпроқ уч нафар футболчи - Дани Алвеш, Луис Фабиано ва Фредерик Канутени тилга олади. Уларнинг барчаси Андалусия шарафини 5 йилдан кўпроқ муддат ҳимоя қилиб, «Рамон Санчес Писхуан» ёқимтойларига айланишган. Харидлар рейтингини шакллантириш жараёнида футболчилар маҳоратидан ташқари, уларнинг трансферидан олинган даромад миқдори ҳам инобатга олинади. Шу боис Кануте ва Фабианодек фахрийлар ўнталикдан четда қолишди. Дастлабки йирик келишувни Мончи 2004 йили январда, 20 ёшли Хосе Антонио Рейесни «Арсенал»га 30 млн. еврога сотиш билан амалга оширди. Мазкур битим Месут Озил ва Алексис Санчес харидига қадар «тўпчилар»нинг рекорд трансфери бўлиб турди. Саккиз йилдан сўнг Рейес ортга қайтиб, Эмери жамоаси билан қаторасига уч марта ЕЛ кубогига сазовор бўлди. Ушбу футболчи учун жамоа «тўпчилар»га 3,5 млн. тўлади. Демак, соф даромад - 26,5 млн.

2003 йили «Сан-Паулу»дан 3 млн.га сотиб олинган Жулио Баптиста «Севилья»га икки мавсумда 50та гол совға қилди. Кейин «Реал»га ўтиш орқали 20 млн. евро келтирди. Даромад - 17 млн. «Қироллик клуби» 19 ёшли Серхио Рамосни «арзимас» 27 млн. эвазига бергани учун ҳозиргача «Севилья» ва шахсан Мончидан миннатдор. Даромад - 27 млн. Уч йилдан сўнг Мончи «Севилья» тарихидаги рекорд келишувни амалга оширди: Дани Алвеш учун «Барселона» 35 «лимон»ни қуртдек санаб берди. Ваҳоланки, ўз вақтида бу футболчи атиги 1,2 млн.га сотиб олинганди. Қолаверса, ҳимоячи учун шундай йирик маблағдан воз кечиш жуда кам учрайди. Хуллас, даромад - 33,8 млн.!

Кейинги беш йилни сокинликда ўтказган Мончи 2013 йили яна ғайрат билан ишлади ва «Севилья» ғазнасини 83 млн.га бойитди. Тўғри, ўша заҳоти Кевин Гамейро ҳамда Висенте Иборрани харид қилиш орқали йўқотишлар ўрни тўлдирилди.

Севильяликлар «кантера» ва асосий таркибнинг юлдузларидан бири бўлган Хесус Навасни «Манчестер Сити»га 20 млн.га пуллашди. Жамоанинг энг қиммат хариди (15 млн.) бўлмиш Альваро Негредо «Севилья»даги тўрт мавсумда 85та гол ургач, 25 млн. эвазига Наваснинг ҳамроҳига айланди. Шу тариқа, умумий даромад 30 млн.га етди. 2015 йили «Севилья»нинг икки аъзоси - Иван Ракитич ва Альберто Морено бир хил нарх(18 млн.)да мос равишда «Барселона» ва «Ливерпул»га йўл олишди. Даромад 33,5 млн.ни ташкил этди.

Икки йиллик фаолиятида «Рамон Санчес Писхуан» мухлислари меҳрини қозонган сермаҳсул Карлос Бакка 30 млн. эвазига «Милан» таркибидан жой олди ва ғазнага 23 млн. келтирди. «Альмерия»дан 3 млн.га сотиб олинган Алейш Видаль «Севилья»да бир мавсум тўп сургач, «Барса»га 20 млн.га сотилди. Даромад - 17 млн.

Иқтидорли ярим ҳимоячилардан бири бўлган Жоффре Кондогбиа Мончининг энг сара ўнталигидан четда қолди. Боиси, у «Ланс»дан «Севилья»га 4 млн. еврога ўтган ва бир йилдан кейин 5 баравар кўпроқ баҳода «Монако»га йўл олганди. Бироқ шу йил февралда севильяликлар мазкур келишувдан атиги 8 млн.га эга бўлишгани ойдинлашди.

Мончининг рамзий терма жамоаси

Фаолияти Мончи билан боғлиқ бўлган футболчилар рамзий терма жамоаси деярли тайёр - фақат биргина дарвозабон етишмаяпти. Қизиқ, киперликдан чиққан спорт директори кашф этган футболчилар орасида бирорта ҳам сўнгги чизиқ вакили йўқ. Балки бу шунчаки тасодифдир, балки мавжуд дарвозабонларнинг савияси доимо талаб даражасида бўлгани сабабли спорт директори бу позицияга эътибор қаратмагандир?

Хуллас, Мончининг 17 йиллик фаолияти давомида дарвоза қўриқчиси трансферида иштирок этмагани - факт. Шу сабабли рамзий терманинг тўлиқ кўриниш олиши учун юқорида зикр этилган энг сара 10 нафар майдон ўйинчилари ёнига доимий иккинчи посбон - Рамон Родригес Вердехони қўямиз. Умид қиламизки, футболчиликда эришолмаган орзуларига спорт директори лавозимида эришган буюк Мончига ўзи кашф этган юлдузлар жамоаси дарвозасини қўриқлаш мароқли бўлади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz