Қайднома

Қидирув

Чиппакка чиққан чемпиионлик, ёҳуд дарёга бориб сув ичолмаган жамоалар ҳақида

Чиппакка чиққан чемпиионлик, ёҳуд дарёга бориб сув ичолмаган жамоалар ҳақида

  30.04.2017 06:29
  0
  2305
Чиппакка чиққан чемпиионлик, ёҳуд дарёга бориб сув ичолмаган жамоалар ҳақида

Мусобақа якунига 7 тур қолганида «Спартак» РПЛда яқин таъқибчисидан 10 очкога олдинда бормоқда. Бироқ орзиқиб кутилаётган чемпионликни нишонлашга Массимо Каррера шогирдлари ошиқишмаяпти. Бу - чинакам профессионалларга хос фазилат. Чунки футбол олами узоқ вақт давомида пешқадамлик қилиб, сўнгги паллада деярли нақд бўлган чемпионликни рақибларига бериб қўйган жамоаларга кўп шоҳид бўлган. Қуйи­даги мақола финишда совриндан четда қолган «чала чемпионлик» ҳақида.

«Ньюкасл» - 1995|1996 йиллар мавсуми

Маррага 13 тур қолганида 12 очко олдинда бўлган

Ўша мавсум «МЮ» учун УЕФА кубогининг саралаши доирасида «Ротор»­дан қабул қилинган аламли мағлубият билан бошланганди. Ички мусобақада ҳам «қизил иблислар»нинг омади чопмай, «Ньюкасл»ни олдинга ўтказиб юборишди. Февралга келиб Кевин Киган шогирдлари «МЮ»дан 12 очко илгарилаб кетишди. Гарчи олдинда 13 тур бўлсада, аксарият мутахассислар «Ньюкасл»нинг 69 йил ичидаги илк чемпионлигига шубҳа қилишмаётганди. Фалокат «Вест Хэм» ва айнан «МЮ»га қарши баҳслардаги омадсизликдан бошланди. Ўртадаги фарқ шиддат билан қисқариб, олти учрашувдан сўнг бутунлай барҳам топди. Шундан кейин «қон» ҳидини сезган Алекс Фергюсон шогирдлари «Ньюкасл»ни олдинга ўтказиб юбормадилар. Охирги икки турда ғалабага эришдилар. «Ньюкасл» эса «Ноттингем Форест» ҳамда «Тоттенхэм» билан муроса йўлини танлаб дуранг­га эришди.

Кейинги мавсумда ҳам Киган жамоаси биринчи даврани етакчи мақомида тугатди, бироқ якунда яна иккинчи бўлди. Шундан кейин сов­риндорлар сафига кўтарила олмаган жамоа ҳозирда АПЛга чиқиш учун курашмоқда.

«МЮ» - 1997|1998 йиллар мавсуми

Маррага 16 тур қолганида 11 очко олдинда бўлган

Орадан икки йил ўтгач, энди «МЮ» «чала чемпион» мақомини олишга мажбур бўлди. Унвон учун сўнгги турга қадар аёвсиз кураш олиб бориш лозимлигини бир йилдан бери Арсен Венгер раҳбарлигида тўп сураётган «Арсенал» амалда исботлади. Ваҳоланки, сэр Алекс жамоаси олти учрашувдан иборат ғалабалар серияси эвазига янги йилни якка пешқадам сифатида кутиб олган, иккинчи ўриндаги «Арсенал» билан 11 очколик тафовутни таъминлашганди. Айнан ўша паллада эндигина иш бошлаган Арсен Венгер шогирдларининг омадсизлигига тақвимнинг ноқулайлигини баҳона қилган, бу эса Фергюсоннинг жиғига текканди. Шу тариқа франциялик ва шотландиялик мураббийларнинг яшил майдондаги қарама-қаршилиги шахсий хусуматга айланди. Оқибатда икки гранд ўртасидаги тортишувга бўлган эътибор янада ошди. Ўша мавсум Венгер касбдошидан узр сурашга мажбур бўлмади. Чунки иккинчи даврада ўзининг ҳақ эканлигини исботлади - барча учрашувларни мағлубиятсиз ўтказган «тўпчилар» муддатидан аввал чемпионликни расмийлаштиришди.

«Арсенал» - 2002|2003 йиллар мавсуми

Маррага 10 тур қолганида 5 очко олдинда бўлган

2003 йили лондонликлар қаторасига иккинчи марта «Олтин дубл»ни қайд этиш тадоригини кўришаётганди. Рождество тантаналаридан кейин жамоа «МЮ»дан илгарилаб кетди. Ке­йинги баҳсларни ҳам кўнгилдагидек ўтказган бўлсада, барибир, мақсадга эришолмади - Фергюсон ўз шогирдлари билан шиддатли финишни таъминлади. Охирги 18та учрашувда эришилган 15та ғалаба, 3та дуранг тожни «Арсенал»дан тортиб олиш учун етарли бўлди.

«Реал» - 2003|2004 йиллар мавсуми

Маррага 12 тур қолганида 8 очко олдинда бўлган

Таркибига Дэвид Бекхэм, Луиш Фигу, Зайниддин Зидан ва Роналдони жамлаган «Қироллик клуби» фантастик ғалабаларга ҳам, ажабтовур мағлубиятларга ҳам қодир эди. 2004 йили баҳорда таъқибчилардан 8 очкога илгарилаб кетган жамоанинг унвонни ҳимоя қилишига монеълик қиладиган аломатлар йўқ эди. Тафовут унчалик катта бўлмасада, «Реал» айни тобига келган ҳолатда эди. Кейинчалик юз берган воқеалар ҳанузгача футбол оламининг буюк жумбоғи бўлиб қолмоқда. Карлуш Кейруш шогирдлари бутун мавсум давомида мисқоллаб йиғилган устунликни бор-йўғи 5та учрашувда йўққа чиқаришди. Ваҳоланки, Мадрид дербисидаги «Атлетико» устидан қозонилган ғалаба «Қироллик клуби»нинг биринчи ўринга кўтарилишини таъминлаганди. Лекин қаторасига бой берилган бешта беллашув жамоани нафақат чемпионлик, балки совринли ўринлардан ҳам маҳрум этди.

«Монако» - 2003|2004 йиллар мавсуми

Маррага 19 тур қолганида 10 очко олдинда бўлган

Мавсум князлик клуби учун омадсиз якунланди. Биринчи даврани юксак савияда ўтказган монегасклар таътилга «Лион»ни мағлубиятга учратган ҳолда йўл олишганди. Иккинчи давра ўйинларида «Монако»ни умуман таниб бўлмай қолди - ғалабалар қарийб икки бараварга камайди, дуранглар кўпайиб кетди. Айниқса, асосий таъ­қибчиларни мағлуб эта олишмагани салбий таъсир ўтказди. Очколардаги устунлик турдан-турга қисқариб борди. Жамоа нафақат «Лион», балки «ПСЖ»ни ҳам олдинга ўтказиб юборди. Ниҳоят, узоқ йиллик танаффусдан сўнг «Монако» жорий мавсумда нуфузли соврин сари дадил одимламоқда. Кўз тегмасин!

«Локомотив» (Москва) - 2004|2005 йиллар мавсуми

Маррага 8 тур қолганида 7 очко олдинда бўлган

Мавсум давомидаги яққол устунлик эвазига жамғарилган очколарни осонликча бой бериш борасида Россия клублари орасидан «Локомотив»ни мисол қилиш мумкин. Мавсумнинг 22-турида жамоалар бир хилда ўйин ўтказишган, «темирйўлчилар» ЦСКА ва «Зенит»дан етти очкога ўзиб кетишганди. Қаторасига иккинчи марта кўтарилиш имкониятига эга бўлган Юрий Сёмин шогирдлари қолган саккиз учрашувда атиги битта ғалабани қўлга киритдилар. «Армиячилар» эса аксинча - 7та ғалаба ва битта дурангга эришдилар. Оқибатда «Локо» нафақат олтин, балки кумуш медаллари, шу билан бирга ЕЧЛ йўлланмасини ҳам қўлдан чиқарди. Бонус «Спартак»­ка насиб этди.

«Урава Редс» - 2007 йил

Маррага 4 тур қолганида 7 очко олдинда бўлган

Чемпионликнинг муросасиз пойгаларини Европадан ташқарида ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, Япония­нинг «Урава Редс» клуби ҳам шиддатли қарама-қаршиликларга дош беролмади. Япониянинг амалдаги чемпиони ҳамда ОЧЛнинг охирги ғолиби марра сари дадил одимлаётган, асосий рақобатчи - «Кашима Антлерс»ни 7 очкога ортда қолдираётганди. Ҳал қилувчи 4та учрашувда лоақал битта бўлсада ғалаба қайд этилмади, якунда элитани тарк этган «Йокогама»га ҳам уч очко «сов­ға» қи­линди. Натижада чемпионлик «Антлерс»га насиб этди, «Урава» эса «чапак чалиб» қолаверди.

«МЮ» - 2011|2012 йиллар мавсуми

Маррага 6 тур қолганида 8 очко олдинда бўлган

Бу сафар сэр Алекс жамоаси ҳал қилувчи босқични рисоладагидек ўтказолмай, деярли нақд бўлган чемпионликни таъқибчисига бериб қўйди. 2012 йилнинг мартига қадар Манчестернинг икки клуби ғолиблик учун даъвогарлик қилишганди. Кутилмаганда «шаҳарликлар» сусткашликка йўл қўйиб, 5та учрашувда атиги 5 очко жамғаришди. «МЮ» бўлса азалий рақибидан 8 очкога илгарилаб кетди. Бироқ «иблислар» «Уиган»­дан енгилиб, «Эвертон» билан дурангга эришгач, фарқ 3 очкога қисқарди. Шу тариқа Манчестер дербиси АПЛнинг ўзига хос финали мақомини олди. «Иттиҳод»даги баҳснинг сўнгги дақиқасида Венсан Компани томонидан урилган гол амалда чемпионлик масаласини ҳал қилди. Очколар тенглашиб, тўплар нисбати бўйича устунлик «Сити» томонига ўтди. Сўнгги учрашувда «шаҳарликлар» ҳам, «МЮ» ҳам ғалаба қозонишди. Шу тариқа Роберто Манчини 54 йиллик ҳаёти давомида илк марта «Сити»ни шоҳсупага олиб чиқди.

Cодиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz