Қайднома

Қидирув

Диабетни енггаётган Начо

Диабетни енггаётган Начо

  01.05.2017 06:14
  0
  1444
Диабетни енггаётган Начо

«Реал» ҳимоячиси Начо ўзининг давоси йўҚдек хасталигининг футбол билан «Қоришиб» кетгани хусусида. «Мадрид» ҳимоясида тобора ишончли тўп сураётган Начо ўтган ҳафта клубининг ЧЛ финали жавоб баҳсида ҳам «Бавария»дан устун келишига баҳоли қудрат ҳисса қўшди.

Диққатга сазовор жиҳати, «Қироллик клуби»нинг ҳозирги таркибида энг тезкор футболчи мақоми айнан Начога тегишли. Унинг югуриш суръа­тига ҳаттоки, Гарет Бэйл ва Криш-тиану Роналду ҳам ҳавас қилишса, ажабмас. Мисол учун, ҳимоя­чи ўйинларнинг бирида соатига 34,6 километр тезликни қайд этди. Умуман, мавсум унинг учун ўта омадли кечмоқда. Ваҳоланки, Начонинг футболдаги фаолияти бошланмай туриб, якунланиши ҳеч гап эмасди. Зеро, у диабет (қанд касаллиги) хасталигига учраган. Футболчи L`Equipe газетасига берган интервьюсида айнан шу ёқимсиз қисмати ҳақида атрофлича гапириб берди.

- Айтишларича, 12 ёшингизда сизда диабет хасталигини аниқлашган экан...

- Эсимда, ўшанда «Реал» сафида қайсидир турнирда қатнашиб қайтгандим. Бутун ҳафта давомида ўзимни ноқулай сездим - қандайдир оғирлик, ҳорғинлик.... Шунингдек, доимий чанқоқ сабаб, жуда кўп сув ичардим. Онам мендаги бу ўзгаришларни пайқаб, дарҳол шифохонага олиб борди. Хуллас, шифокорлар чуқурлаштирилган текширувлардан сўнг диабет аломатларини аниқлашди. Қоним таркибидаги қанд моддаси ҳаддан ортиқ даражада ошиб кетган экан. Ўшанда жума куни эди ва шифокорлар бирданига барчасини рўй-рост айтишган: «Болакай, аҳвол чатоқ, футболни бутунлай унутишингга тўғри келади». Мен учун бундан-да хунук хабар бўлиши мумкин эмасди. Хуллас, дам олиш кунларини айқаш-уйқаш хаёллар, тўғрироғи, азоб ичида ўтказдим. Душанба куни эса мени оиламиз шифокори ҳузурига олиб боришди. Бахтимга, у мутлақо бошқача гапларни айтди: «Йўқ, бола мунтазам спорт билан шуғулланиши керак. Хусусан, футболни зинҳор ташлаб қўймасин». Буларни эшитиб, қанчалик қувонганимни ҳозир сўз билан ифодалаб беролмайман. Худдики, еттинчи осмонда парвоз қилаётгандек енгил тортгандим. Шунинг борабарида врач қатъий кўрсатмаларни берди ва саломатлигимга оддий одамлардан кўра, 10 чандон эътиборли бўлишим зарурлигини қайта-қайта уқтирди. Тан олишим керак, айни шу маслаҳат-тавсиялар фаолиятимда катта ёрдам бермоқда. Ахир тўғри овқатланиш ва вақтида талаб даражасида ҳордиқ чиқариш айниқса, профессио-нал спортчилар учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Яхши томони, диабет туфайли зўриқишлар масаласида қандайдир чекловлар йўқ. Яъни хоҳлаганча жисмоний юклама олишим мумкин. Мақтанишга йўймангу, мудом ҳаммадан кўпроқ машқ қилиш, ишлашга уринаман. Зеро, биламанки, агар ўзимни назорат остида ушлаб турсам, қандайдир муаммо чиқмайди.

- Барибир, диабет билан оғриган ҳолда, юқори савияли спортчи бўлиб етишганингизга ишониш қийин. Бунга қандай эришдингиз?

- Қанд касалига дучор бўлганларнинг умумий муаммолари битта - организм инсулин моддасини ишлаб чиқаролмайди. Инсулин меъёрини шунчаки, сунъий аралашув ёрдамида ўрнига келтирсангиз, бас. Мен пастали ручкага ўхшаш махсус тиббий восита билан шундай қиламан. Барчасини асосан таомланиш вақтида амалга ошириш керак. Табиийки, машғулотлар чоғи ҳам анча ҳушёрроқ бўлиш талаб этилади. Айниқса, қон таркибидаги қанд моддаси бир хил туришини назорат қилиб бориш зарур. Лекин бунинг учун шифокорлар бор. Умуман, шахсан мен бу каби қўшимча жараёнларнинг барчасига кўникиб улгурганман. Ўз тажрибамга таяниб, айтишим жоиз, спорт билан шуғулланиш ушбу касалликка қарши курашишдаги турли ноқулайликларни анча енгиллаштиради.

- Билишимизча, сиз бирор марта жиддий жароҳатга йўлиққан эмассиз... Бу ҳам кучлироқ эътибор фойдасими?

- Очиғи, бу масалада дарҳақиқат, омадим чопяпти. Тўғри, эҳтимол, мунтазам равишда ўзимга алоҳида қараб юришимнинг ҳам таъсири бордир...

- Спорт дунёсига қарасак, сиз каби диабет билан оғриган ва топ-савияга кўтарилганлар сафи жуда тор бўлса керак.

- Йўқ, менимча, қидирсангиз, етарлича топасиз. Шахсан мен каякчи, баскетболчи ва яна собиқ футболчини биламанки, улар ҳам диабет қаршисида таслим бўлишмаган. Аминман, бундай қисматга эга спортчилар ҳар жойда бор. Мендаги муаммони 2016 йилнинг ноябрида эълон қилишганида, кўпчилик роса ҳайратланганди.

- Жамоадошларингиз бунга қандай қарашди, сизга нисбатан муносабатлари ўзгармадими?

- Йўқ, улар ҳайратдан ёқа ушламадилар. Чунки барчасидан анча олдин хабардор бўлгандилар. Хусусан, ўзимни қандай эмлашимни кўп бора кўришган. Энг муҳими, шу кунга қадар ҳеч ким менга бу борада ортиқча савол бергани йўқ. Албатта, «Реал» сафига янги қўшилган футболчилар биринчи марта кўрганларида, бироз ҳайрон қолишлари мумкин. Яна терма жамоада ҳам янги йигитлар шундай ҳолатга тушадилар. Аммо гап нимадалигини тушунтирганимдан сўнг ҳаммаси одатдагидек бўлади. Яъни тиббий муолажа пайти йигитлар мени кўрмаганликка олишади ёки ортиқча эътибор қаратишмайди.

- Фаолиятингиз давомида қандайдир муҳим лаҳзалар ҳам учраганми?

- Айни ҳозир худди шундай вақт давом этяпти. Зидан менга тўлиқ ишонч билдиряпти ва шу муносабат ўлароқ, ўзимни енгил ҳис қилиб, жамоага ҳар қачонгидан кўпроқ керак эканлигимни тушуняпман. Яширмайман, болалигимдан шундай бўлишини орзу қилганман. Аввалги мавсумларда бундай кўтаринкилик ва ишонч ҳисси йўқ эди. Демак, ҳозирги ҳолатдан 100 фоиз фойдаланишим шарт.

- Жамоа мухлислари билишади, ҳеч қачон «Реал»дан кетишга уринган эмассиз. Ҳаттоки, етарли ўйин амалиётига эга бўлмаганингизда ҳам, ўзингизга бошқа жамоа изламаганингизнинг асосий сабаби нима?

- Бу борада очиқ гапиришим керак. Тан оламан, баъзида клубдаги истиқболимга қаттиқ шублаҳанганман. Дейлик, ҳар бир мавсумлар оралиғида «Реал»да қолиш ёки кетиш ҳақидаги ўй-хаёлларга берилардим, роса иккиланардим. Бироқ ҳамон жамоадаман, шундай экан, «Мадрид»га меҳрим баланд, барибир.

Ўтган ёзда мени «Рома»га чорлашди, лекин якунда раҳбарият ва мураббий билан шартномани яна бир йилга узайтириш хусусида якдил тўхтамга келдик. Мана, жуда тўғри иш тутган эканмиз. Ҳарқалай, жорий мавсум мен учун ғоят омадли кечяпти (Начо «Реал»нинг 34та расмий ўйинида қатнашди). Муҳими, бахтиёрман, севимли клубимда ўйнаяпман ва фаолиятим охирига қадар шу ерда қолмоқчиман.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz