Қайднома

Қидирув

Олий лигада «Бунёдкор» ва «Пахтакор»дан ҳеч нарса ортмайди

Олий лигада «Бунёдкор» ва «Пахтакор»дан ҳеч нарса ортмайди

  06.05.2017 02:20
  0
  885
Олий лигада «Бунёдкор» ва «Пахтакор»дан ҳеч нарса ортмайди

Бундан олти йил муқаддам, у вақтларда ҳали «Насаф»ни Анатолий Демьяненко бошқарарди, украиналик мураббий билан суҳбатда бўлган эдим. Табиийки, суҳбат айланиб-айланиб, Ўзбекистон чемпионатида бораётган курашга бориб тақалди. Менинг саволим шундай бўлди: «Насаф» сизни бежизга чақирмади, ўзингиз ҳам Украинадан озгина пулга келмагандирсиз? Демак, «Насаф» ҳам ниҳоят, олий лигада ғалаба учун курашса керак?»

Демьяненко бу саволга анъанавий тарзда «Насаф» фақат ғалаба учун курашади» ёки «Мақсадимиз - чемпионлик» каби баландпарвоз гаплар билан жавоб бермади, балки гапнинг индаллосини айтиб қўя қолди. «Ўзбекистон чемпионатида ғалаба қозониш умуман имконсиз иш. Бу ерда «Бунёдкор» ва «Пахтакор»дан ҳеч нарса ортмайди. Олий лигада ғолиб чиққандан ОФК кубогини қўлга киритиш икки баробар осонроқ. Биз вазиятга реал қараймиз ва қурбимиз етадиган соврин учун курашамиз», - деганди Демьяненко. Мураббий бу ишни қай даражада уддалаганини ҳаммамиз яхши биламиз. Олий лигада эса шундан буён кўп нарсалар ўзгариб кетди. Хусусан, ўша «Бунёдкор» ва «Пахтакор» борасида ҳам. Ҳозир бу клублар ўртамиёна жамоага айланиб қолишган.

Гарчи юртимизда футбол биринчи рақамли спорт тури ҳисобланса-да, тан олиш лозим, ҳамма ҳам миллионлар ўйинига қизиқавермайди. Қизиқадиганларнинг аксарияти эса Ўзбекистон чемпионатидан кўра, Европа футболини афзал биладилар. Яъни, ярми «реалчи» бўлса, қолгани - «барсачи». Олий лига ҳақида сўз очсангиз, уларнинг афти буришиб кетади. Қўшимчасига: «Мен ўзбек футболига умуман қизиқмайман», деган иддаони қабул қилиб олишингиз эҳтимоли ҳам жуда катта. Бир томондан, уларни ҳам тушуниш мумкин. Дарҳақиқат, Европанинг шиддатли ва жозибали футболи турганда Ўзбекистон чемпионатининг секинлаштирилган кадрга мос ўйинини томоша қилиш мантиққа зид. Аммо шу билан бирга таъкидлаш жоиз, йил ўтгани сари олий лигада ҳам вазият анча ўзгариб бормоқда. Энди илгаригидек  чемпион номи 4-5 тур олдин маълум бўладиган даврлар ўтди. Ўйинлар шиддати ошмоқда, аввалгидек фаворитлардан қўр-қиш ва майдонга олдиндан мағлубиятни тан олиб тушиш деярли барҳам топиб бормоқда. Энди ўзбек клублари ҳам футбол ўйнашни ўрганиб олишган.

Сўз - исботи билан гўзал. Шу ўринда оддийгина бир фактни келтиришга изн берсангиз - «Шўртан»нинг ишлари ҳозир унча юришмаяпти, жамоа ўтказилган 8 учрашувда 9 очкогина жамғарди. Аммо мана шу очколарнинг олтитаси қайси ўйинларда қўлга киритилганини биласизми? Бўлмаса эшитинг, бирида «Локомотив» (2:0), бошқасида «Пахтакор» (3:0) мағлубиятга учратилган! Ва бу учрашувларда «Шўртан» бирорта ҳам гол ўтказиб юбормаган. Ўша Демьяненко Ўзбекистон чемпионатида ишлаб юрган вақтларда шундай бўлишини тасаввур қила олармидингиз?

Айтишларича, «Динамо» олий лигага қайтгач, таркибни кучайтириш мақсадида янги футболчиларни сотиб олиш учун муассислардан маблағ сўраганда рад жавобини олган экан. Клубдан ёш футболчиларни майдонга тушириш талаб қилинган. Бунга нима сабаб бўлганини биз билмаймиз, балки ҳомий ташкилотлар пул беришдан чарчагандир. Бу ўринда ёдга фақат тоғ билан боғлиқ икки нақл келади - «Уларнинг ҳам олтиндан тоғи йўқ» ёхуд «Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди». Хуллас, «Динамо» мавсум бошланиши олдидан пулсиз қолди ва ҳар йили клуб алмаштириб, кўтарма пули ишлаб юрадиган «тажрибали» футболчиларни таркибга жалб эта олмади. Қийинми? Қийин! Аммо ким ўйлабди дейсиз, айнан шу нарса жамоага бу қадар шуҳрат келтиришини?!

Худди шу ёшлар мавсум бошида учта ўйинда кетма-кет ғалаба қозониб, катта шов-шув кўтаришди. Ҳозир ҳам «Динамо» кучли учликдаги ўрнини сақлаб турибди. Айнан мана шундай жамоалар чемпионат мавқеини кўтариб бермайдими? Ахир самарқандликлар 20-21 ёшли футболчилари билан «Пахтакор»ни сафарда мағлубиятга учратишди (1:0) ва «Бунёдкор» билан дуранг ўйнашди(1:1). Ким нима деса, десин-ку, аммо тўп эмас, кўтарма пули ортидан югурадиганлар билан бундай натижага эришиш жуда қийин эди. «Динамо»нинг бу таркиб билан яна олий лигада «жон» сақлаш учун курашиши тахмин қилинган эди. Улар эса кучли учликда боришмоқда.

Хуллас, Ўзбекистон чемпионатида ўтказилган 8 тур баҳсларидан сўнг айтмоқчи бўлган фикрларимиз мана шундай. Биз ҳали «Қўқон-1912» кетма-кет 7 ўйинда мағлубиятга учрамагани ва ҳақли равишда иккинчи ўринда бораётгани ҳақида гапирмадик. Шунингдек, «Машъал»нинг ўз майдонида «Пахтакор» (3:0) ва «Бунёдкор»ни (1:0) мағлубиятга учратгани ҳақида айтмадик. Ишонамизки, бу фактларнинг барчаси олий лига дарҳақиқат ўзгариб бораётганини кўрсатади.

Ҳа, бу чемпионат барибир, шиддат ва жозиба борасида премьер-лига ёки Ла-лигага тенг кела олмайди ва ҳеч қачон тенг кела олмаса ҳам керак. Аммо олий лиганинг бир устун жиҳати борки, Англия ва Испания чемпионатида бундай жиҳат ҳеч қачон бўлмайди - лигамизнинг ҳар бир ўйинини стадионда туриб кузатса бўлади. Англия ва Испанияга боришми? Эҳ-ҳе...

Шундай экан, стадионга келинг, олий лига баҳсларини томоша қилинг. Ишонинг, бир кун келиб шу футболчилардан кимдир жаҳон чемпионатида ҳам ўйнайди...

Умар БЕК


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.