Қайднома

Қидирув

Олий лига: Ярми дуранг бўлган тур шарҳи

Олий лига: Ярми дуранг бўлган тур шарҳи

  08.05.2017 15:37
  0
  1288
Олий лига: Ярми дуранг бўлган тур шарҳи

Бу йил «Локомотив» чемпион бўладими ёки «Қўқон-1912»? «Насаф» яна «бронза»ни қўлга киритадими? «Пахтакор» ва «Бунёд­кор»да кучли учликка кириш имконияти қай даражада? Олий лигада тур ўтгани сайин бу саволларга жавоб бериш осонлашгандан кўра, қийинлашиб бормоқда. Жавоб қанча қийинлашгани сари мухлислар қизиқиши шунчалик ошяпти. Ўтган ҳафта «Навбаҳор» Наманганда «Локо»ни қабул қилди, «Қўқон-1912» эса «Пахтакор»ни. Бу ўйинлардан бирини 16 мингдан кўп, иккинчисини эса 10 минг ортиқ мухлис бевосита воқеа жойида кузатди. Шунга яраша, кураш қизғин тус олиб, ҳар икки баҳсда дуранг натижа қайд этилди.

Кучлар тенг

Ҳа, 9-тур дуранглар оғушида ўтди. Мусобақанинг ўртамиёна вакилига айланган «Бунёдкор» ўз майдонида сўнгги ўринда бораётган «Металлург»ни енгиш уддасидан чиқолмади - 1:1. Эътиборли томони, ўйинда икки томон ҳам пенальтини кўкка совурди. Яна бир факт шуки, навбатдаги йўқотиш сабаб, «Бунёдкор» бош мураббийи Сергей Лушан истеъфога чиқарилди.

Олий лигадаги иккинчи мавсумда-да қийинчиликларни бошдан кечираётган «Обод» эса «Қизилқум»­га қарши майдонга тушди ва бу учрашув ҳам 1:1 ҳисобида якунига етди. 1 очко «Обод»ни сўнгги ўринга тушиб кетишдан қутқарган бўлса, «Қизилқум»ни юқори ўнликдан «сиқиб» чиқарди. Умуман, навоийликлар дуранглар гирдобидан сира қутулолмаяптилар - «Қизилқум»нинг муроса серияси 4та ўйинга етди.

Мусобақа етакчилари - «Навбаҳор» ва «Локомотив» ҳамда «Қўқон-1912» ва «Пахтакор» тўқнашувларида ҳам томонлар 1тадан очко олиб, яна бирини совуришди (бу ўйин­лар шарҳи олдинги саҳифаларда алоҳида берилган).

Мезбонлар мезбонлиги

9-турда бирор жамоа сафарда ғалабани тантана қилолмади. Мавсум бошида кўп йўқотишларга дуч келган «Бухоро» етакчиларни енгиши билан ном қозонган «Шўртан»ни қабул қилиб, уни 2та жавобсиз гол билан «сийлади». Улуғбек Бақоев жамоаси шу тариқа 3 поғона юқорилаб, ўтган мавсумги жойи - 4-ўринга кўтарилди.

«Насаф» эса «Нефтчи»ни енгиб, худди шундай кўтарилишга муваффақ бўлди. Ўхшашликка қаранг, Қаршида ҳам айнан 2:0 ҳисоби қайд этилди. «Насаф»нинг ҳар икки голи Баҳром Абдураҳимов номига ёзилганини ҳам айтиш жоиз.

Турнинг энг кутилмаган натижасини «Сўғдиёна» қайд қилди. Даврон Файзиев шогирдлари жорий мавсум чакки кўринмаётган «Машъал»ни йирик ҳисобда доғда қолдиришди - 3:0. Аслида жиззахликлар ҳисобни яна-да оширишлари мумкин эди, аммо Санжар Рашидов пенальтидан фойдаланолмади.

Шунингдек, «Олмалиқ» кучли ёмғир остида кечган ўйинда мавсум бошида ҳаттоки, мусобақа жадвали етакчиси нашъаси суриб кўрган «Динамо»ни 2та гол асносида жазолади.

Тур қаҳрамони - Нўъмон Ҳасанов

Аслида ўз майдонида 1 очко билан чекланган жамоа бош мураббийини тур қаҳрамони сифатида эътироф этиш бироз нотўғри-ку, аммо бу учрашув кўп жиҳатлари билан катта аҳамият касб этди. Биринчидан, «Қўқон-1912» айнан шу дуранг ҳисобига 2-ўринда қолди. Иккинчидан, жамоанинг мағлубиятсиз серияси 8та ўйинга етди. Энг муҳими, Нўъмон Ҳасанов 2 йил муқаддам айнан «Пахтакор» бошқарувида Ўзбекистон чемпионатида ғалаба қозонганди. Мана, у ўртамиёна жамоада ҳам муваффақиятга эришиш мумкинлигини исботламоқда ва айни шу сабаб, худди аввалги турда бўлгани каби яна ҳафта қаҳрамони сифатида эътироф этилди.

Тур иқтибослари

- Унуманг, ўша «Насаф»даги эски «трио» ҳозир «Қизилқум»да ўйнамоқда. Рауф ИНИЛЕЕВ («Обод» бош мураббийи).

- Футболчиларга мусобақа жадвалидаги ҳолат салбий таъсир қилмоқда. Шавкат САИДОВ («Металлург» клуби бошлиғи).

- Шомуродов билан тарбиявий иш олиб бордик ва захирада қолдирдик. Балки у хаёлан қайсидир жамоа билан шартнома тузишга улгургандир, билмадим... Сергей ЛУШАН («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Жамоа бир оилага айланиши керак, акс ҳолда, ҳар қандай тактика натижа бермайди. Жасур АБДУРАИМОВ («Пахтакор» бош мураббийи).

- «Навбаҳор» раҳбариятидан стадион майдонини яхшилашга эътибор қаратишни сўрардим. Мен кўрган майдонлар ичида энг ёмони шу... Андрей МИКЛЯЕВ («Локомотив» бош мураббийи).

«БУНЁДКОР» - «МЕТАЛЛУРГ» - 1:1 (1:0)

3 май. Тошкент. 345 томошабин.

Ҳакамлар: Д.Пислегин (Тошкент)-8,0; Ҳ.Шодмонов (Бухоро)-9,0; А.Қўлдошев (Бухоро)-9,0; Н.Қосимов (Қарши)-9,0.

Голлар: Д.Ҳамдамов (9) - А.Зиёвуддинов (51).

Амалга оширилмаган пенальтилар: Д.Ҳамдамов (78) - М.Сулаймонов (64).

«Бунёдкор»: 25. М.Зуҳуров, 2. Р.Ашурматов, 4. А.Комилов, 9. Ш.Нурматов, 16. А.Саноев (10. Э.Шомуродов, 68), 17. Д.Ҳамдамов, 19. Н.Тўхтасинов (8. Ж.Иброҳимов, 57), 20. С.Азимов (11. В.Чемиртан, 78), 21. Д.Аҳмадалиев, 28. Д.Умиров, 29. О.Шукуров.

«Металлург»: 1. З.Сафоев, 4. Ҳ.Ҳошимов, 11. М.Тошматов (8. А.Нўъмонов, 72), 13. С.Қодирқулов (6. Д.Каримов, 78), 14. Д.Каримқулов, 15. З.Абдуллаев, 17. М.Сулаймонов, 19. А.Зиёвуддинов (3. В.Магерамов, 83), 20. Д.Турсунов, 40. И.Қобилов, 70. Ж.Абдумўминов.

Огоҳлантириш: Н.Тўхтасинов (53, Б.).

Энг яхши ўйинчилар: Д.Ҳамдамов - З.Сафоев.

Назоратчи: А.Попов (Тошкент).

Комиссар: Н.Лутфулин.

Шавкат Саидов («Металлург» клуби бошлиғи): - Биринчи бўлимда ўзимиз истагандек ўйин кўрсатолмадик. Мусобақа жадвалидаги ўрнимиз йигитларга салбий таъсир ўтказмоқда. Танаффус пайти футболчиларга қандай ўйнаш кераклигини қўшимча равишда тушунтирдик. Натижада ҳисобни тенглаштирдик. Агар пенальтидан фойдаланганимизда, ҳаттоки, ғалаба ҳам қозонардик. Бошқа томондан, рақиб ҳам пенальтидан гол урганида, бир очкосиз қолишимиз ҳеч гап эмасди. 11 метрлик жарима зарбасини ким тепишини кечаги машғулотдан кейин аниқлагандик. Унда Сулаймонов бехато тепганди. Бугун эса вазиятдан фойдаланолмади. Умуман, бугунги дурангни ғалабага тенг баҳолашим мумкин...

Сергей Лушан («Бунёдкор» бош мураббийи): - Қизиқарли ўйин, аммо баъзи жабҳаларда тушунарсиз ҳаракатландик. Афсуски, ғалаба қозонолмадик. Умуман, 3 очко бизга насиб этиши мумкин эди, шунинг баробарида «Металлург»нинг ортга ғалаба билан қайтиши ҳам ҳеч гап эмасди. Рақиб муносиб қаршилик кўрсатди. Шундай экан, дуранг - адолатли натижа. Элдор Шомуродовнинг захирада қолгани сабаби оддий - у аввалги учрашувда жуда бўш ҳаракатланганди. Шу боис,  Элдорни асосий таркибга киритмадим. Ҳа, жамоамизда баъзи муаммолар бор, ғолиблик руҳи етишмаяпти. Куни кеча клуб раҳбариятида ўзгариш бўлди. Янги раҳбарлар бизни қўллаб-қувватлашларини айтишди. Умид қиламанки, барча ўзгаришлар «Бунёдкор» фойдасига хизмат қилади.

«СЎҒДИЁНА» - «МАШЪАЛ» - 3:0 (1:0)

6 май. Жиззах. 1560 томошабин.

Ҳакамлар: Ҳ.Рўзиев (Тошкент)-8,5; О.Абдувосилов (Тошкент)-6,9; С.Шоюсупов (Тошкент)-8,5; Ш.Насибуллаев (Наманган)-9,0.

Голлар: С.Мамадалиев (11), С.Рашидов (87), И.Тошпўлатов (90+2).

Амалга оширилмаган пенальти: С.Рашидов (87, С.)

«Сўғдиёна»: 12. Ш.Эшбўтаев, 4. Э.Орипов, 5. Ғ.Ўрунов, 6. С.Мамадалиев (3. А.Исроилов, 77), 7. С.Рашидов (59. С.Жўраев, 89), 11. Ш.Достонов (15. И.Абдуллаев, 73), 13. Р.Аъзамов, 17. И.Тошпўлатов, 18. Қ.Баҳодиров, 22. Д.Абдураҳмонов, 77. С.Эминов.

«Машъал»: 35. Ж.Илёсов, 3. С.Раҳмонов, 6. С.Абдураимов (22. Б.Қосимов, 46), 8. М.Камолов, 10. Ҳ.Муртазоев, 13. Ш.Шайманов (23. К.Тўраев, 68), 19. З.Қўзибоев, 44. А.Бегимқулов, 55. А.Агалиев, 77. А.Олимов (63. У.Шарипов, 61), 90. З.Тўраев.

Огоҳлантиришлар: Э.Орипов (90) - М.Камолов (11), У.Шарипов (74), З.Тўраев (84).

Энг яхши ўйинчилар: И.Тошпўлатов - А.Агалиев.

Назоратчи: И.Нехочин (Наманган).

Комиссар: Г.Ртвеладзе.

Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи): - «Сўғдиёна»ни табриклайман. Мезбонлар бугун ғалабага ҳақли эдилар. Уларга тўғри танланган тактика ёрдам берди. Ўз жамоамга келсак, ўйинимиз умуман қовушмади. Боз устига, оддий ҳолатда рақибнинг аниқ зарба йўллашига имкон бердик. Ҳакамларнинг диққатлироқ бўлишларини хоҳлардим. Афсуски, иккинчи бўлимда ҳам омад биздан «қочди». Очиғи, «Сўғдиёна»нинг ғалабага хоҳиши бизни руҳан синдирди.

Даврон Файзиев («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Натижани ҳисобга олмасак,  ўйиндан қониқмадим. Лекин муҳими - натижа. Аммо футбол мухлислар учун ўйналади, мураббий учун ҳам ўйин муҳимроқ. Хуллас, чиройли ўйин кўрсатолмаганимиз учун мухлислардан узр сўрайман. Бунгача уйда «Олмалиқ», «Обод» ва «Нефтчи» клублари билан куч синашгандик. Уларга нисбатан олганда, бугун энг ёмон ўйинни кўрсатдик. Олдинда муҳим учрашувлар турибди. Ҳозирда 3 нафар асосий ҳимоячимиздан бири четлатилган, иккинчисида жароҳат бор. Мана, бугун яна бир ҳимоячимиз 4-сариқ карточкани олди. Ҳозирги камчилигимиз шу. Йўқ, бу баҳона ёки сабаб эмас. Мураббийларга оғир, ахир йўқотишлар ўрнини тўлдириш қийин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ишлашда давом этамиз.

«БУХОРО» - «ШЎРТАН» - 2:0 (1:0)

6 май. Бухоро. 3567 томошабин.

Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент)-8,8; Р.Шояхметов (Тошкент)-8,6; А.Снетков (Тошкент вил.)-8,6; И.Ибрагимов (Нукус)-9,0.

Голлар: И.Нагаев (43-пен.), Ш.Гадоев (74).

«Бухоро»: 12. А.Турсунбоев, 3. Б.Омонов, 5. Р.Пасичник, 10. Б.Ваҳобов (9. Н.Умиров, 70), 11. С.Шихов, 22. Ш.Гадоев (7. С.Неъматов, 75), 23. З.Пиримов, 27. Р.Ҳасанов, 28. Э.Исмоилов, 29. В.Баенко, 77. И.Нагаев (17. А.Шоғуломов, 83).

«Шўртан»: 1. Э.Тожибоев, 4. Ж.Отақулов, 7. О.Каримов, 11. З.Полвонов, 14. У.Эшмуродов, 15. О.Жўрабоев, 17. Ғ.Раҳмонов (88. А.Холматов, 64), 18. Э.Бойматов, 19. М.Муродов (29. Қ.Нурметов, 58), 27. С.Собирхўжаев (12. Л.Убайдуллаев, 78), 77. О.Нарзуллаев.

Огоҳлантиришлар: Б.Ваҳобов (68) - М.Муродов (33), О.Нарзуллаев (41).

Энг яхши ўйинчилар: И.Нагаев - Ж.Отақулов.

Назоратчи: О.Рубаков (Тошкент).

Комиссар: Б.Маметов.

Ихтиёр Каримов («Шўртан» бош мураббийи в.б.): - «Бухоро»ни ғалаба билан табриклайман. Мезбонлар саноқли вазиятлардан унумли фойдаланишди, бор гап шу. Очиғи, ФИФА қарори биз учун жиддий руҳий зарба бўлди. Лекин бу муаммони тезда ҳал қилиш ҳаракатидамиз.

Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - Асабий ўйин. Бошида бир неча  вазиятдан самара чиқаролмадик, шу сабаблими, футболчилар асабийлашишди. Учрашувларга йўқотишлар билан етиб келяпмиз ва таркибда баъзи ўзгаришларга қўл уришдан ўзга чорамиз қолмаяпти. Ўз ўрнида, жамоамизни чиройли тарзда қўллаб-қувватлаган мухлисларга раҳмат. Табиийки, ҳар бир ўйинда фақат ғалабани кўзлаймиз. Умуман, ҳеч бир рақибдан чўчимаймиз, аксинча, ҳаммасига ҳурмат билан ёндашамиз. Ивор Вейцер ҳозир Тошкентда даволанмоқда. Шифокорлар унинг «Пахтакор»га қарши кечадиган кейинги учрашувгача тўлиқ тикланиши йўлида ҳаракат қилишмоқда.

«НАСАФ» - «НЕФТЧИ» - 2:0 (1:0)

6 май. Ғузор. 1823 томошабин.

Ҳакамлар: В.Серазетдинов (Тошкент)-8,5; Ф.Ёрмуҳаммедов (Тошкент)-8,3, Б.Баҳромов (Тошкент)-8,3; А.Нажафалиев (Тошкент)-9,0.

Голлар: Б.Абдураҳимов (22, 83).

«Насаф»: 25. Э.Суюнов, 2. А.Шораҳмедов, 4. М.Каримов, 6. А.Ғаниев (45. Б.Абдухолиқов, 90Қ3), 7. О.Ҳамробеков, 15. Ш.Эркинов (9. Д.Хушбаков, 83), 18. Б.Абдураҳимов, 23. Ш.Аъзамов, 27. И.Рашидхонов (10. Д.Раҳматуллаев, 83), 34. Ф.Сайфиев, 69. Д.Черан.

«Нефтчи»: 16. А.Абдулжалилов, 2. С.Концевой, 6. Б.Ёқубов (9. Ш.Ҳакимов, 58), 8. У.Қодиров, 11. А.Махсталиев, 17. М.Музаффаров, 20. Д.Эрматов, 21. М.Убайдуллаев, 23. А.Абдулҳақов, 26. О.Исроилов (10. М.Мамазулунов, 77), 55. Д.Комаровский (18. Ж.Расулов, 65).

Огоҳлантиришлар: М.Убайдуллаев (71), Ж.Расулов (81), Д.Эрматов (88, Нефт.).

Энг яхши ўйинчилар: Б.Абдураҳимов - А.Абдужалилов.

Назоратчи: А.Арутюнов (Тошкент).

Комиссар: Ш.Ражабов.

Андрей Фёдоров («Нефтчи» бош мураббийи): - Жамоамиз ютқазган бўлсада, яхши ўйин намойиш этди. Футболчиларимиз ҳаракатлари шахсан менга ёқди. Улар ҳисобга қарамай, майдонда фаоллик кўрсатишди. Яъни бор кучларини бериб, катта иштиёқ билан тўп суришди. Аммо ҳаяжон ҳам сезилди ва бунинг ортидан хатолар кузатилди. Шерзод Ҳакимов жароҳат сабаб, ёрдам беролмаётганди. Мана, у тикланиб, сафга қайтди. Ўйлайманки, Шерзод кейинги ўйинларда майдонда тўлиқ вақт ҳаракатланади. «Пахтакор» тарбияланувчиси ҳисобланган Абдумавлон Абдужалилов 3 мавсумки, жамоамиз шарафини ҳимоя қиляпти. Унинг келажаги порлоқ. Мана, дарвозабонимиз бугун ҳам чакки кўринмади. «Нефтчи»нинг жорий йилги муваффақиятсизликлари сабаби? Аслида жамоамиз ўйин сифати бўйича ёмон эмас. Аммо вазиятлардан фойдаланишда оқсаяпмиз. Менимча, бу ўткинчи ҳолат. Камчиликлар устида ишлаяпмиз. Ўйлайманки, ҳали керакли очколарни қўлга киритамиз, албатта.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Йигитларга тўпни кўпроқ назорат остига олиб, бўш зоналардан фойдаланишга уринишни уқтиргандик. Улар кўрсатмаларни тўлиқ адо этишди. Гувоҳи бўлдинглар, шу орқали ҳақли  ғалабага эришдик. Умуман, жамоамиз ажойиб ўйин намойиш этди. Дилшод Раҳматуллаев энди-энди спорт формасини тиклаяпти, биласизлар, у ўтган мавсум охирида жароҳатга йўлиққанди. Дилшод етарли тажрибага эга ва умид қиламанки, кейинги ўйинларда тўлиқ ёрдам беради.

Мураббийлар орасида йил лауреати бўлиш ёқимли, албатта. Лекин бу фақат менинг ютуғим эмас, балки бутун жамоаники. Аввало, клубимиз раҳбарияти ғамхўрлиги ютуқларга асос беряпти. Қолаверса, бунинг замирида бутун жамоанинг катта меҳнати ётибди. Ўз ўрнида, менга овоз берган барча ОАВ, жумладан, ҳурматли журналистларга ташаккур билдираман.

«ОЛМАЛИҚ» - «ДИНАМО» - 2:0 (0:0)

6 май. Олмалиқ. 2617 томошабин.

Ҳакамлар: Ш.Қосимов (Тошкент)-8,7; Н.Рўзимов (Тошкент)-8,6; А.Калинин (Қарши)-8,6; Р.Абдувоҳидов (Қарши)-9,0.

Голлар: К.Мурзоев (46), З.Ўринбоев (83-пен.).

«Олмалиқ»: 46. Х.Хўжаев, 2. А.Ҳожиакбаров, 5. Д.Жўраев, 10. Ш.Норбеков (77. М.Исаев, 87), 15. Ф.Мусабеков (7. А.Раҳматуллаев, 80), 17. К.Мурзоев (9. З.Ўринбоев, 77), 18. Ш.Муллажонов, 19. И.Иномов, 55. Р.Бердимуродов, 88. И.Йелич, 90. В.Косминин.

«Динамо»: 1. М.Наумов, 3. Б.Исроилов, 6. А.Бозоров (18. Д.Низанов, 80), 8. Ж.Азимов, 9. С.Сулаймонов, 10. Ж.Қаҳрамонов, 14. Р.Рогак, 15. Ш.Холматов, 19. О.Мамажонов (11. А.Абдуллаев, 63), 20. А.Сафаров, 22. А.Исроилов.

Огоҳлантиришлар: И.Иномов (20), Х.Хўжаев (90Қ2), И.Йелич (90Қ3) - Ш.Холматов (52), Б.Исроилов (83), А.Сафаров (90).

Четлатиш: Ш.Холматов (68, Д.).

Энг яхши ўйинчилар: Ш.Норбеков - А.Исроилов.

Назоратчи: А. Абдуллаев (Тошкент).

Комиссар: А.Иноятов.

Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи): - Биринчи бўлимда тенглик сезилди. Аммо иккинчининг бошида стандарт вазиятдан сўнг гол қўйиб юбордик. Йигитларга эътирозим йўқ. Улар камчилик бўлиб қолишсада, охиригача курашишди. Таркибимизда жароҳатланган футболчилар кўп, камига Холматов бугун қизил карточка олди. Энди бу муаммоларни ҳал қилишимиз керак...

- «Динамо» тез орада Ўзбекистон кубоги доирасида ҳам айнан «Олмалиқ» билан ўйнайди. Жамоанинг кубок турниридаги мақсади қандай?

- Асосийси - мухлисларни қувонтириш. Қаранг, бугун ҳам улар узоқ йўл босиб келиб, кучли ёмғирга қарамай, жамоамизни стадионда охиригача қўллаб туришди.

Виктор Кумиков («Олмалиқ» бош мураббийи): - Яхшигина жамоани мағлуб этдик. «Динамо» осонгина таслим бўлгани йўқ. Ниҳоят, битта ўйинда 2та гол урганимиздан хурсандман. Кейинги баҳсларда ҳам шундай бўлишидан умидворман. «Динамо» мавсумни бежиз ғалабалар билан бошламади, бир қатор ўйинларда чинакамига кучли футбол кўрсатганди. Афсуски, вазиятлардан унумли фойдаланолмаслик ҳамон жамоамизнинг асосий муаммоси бўлиб турибди.

«ОБОД» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 1:1 (1:1)

6 май. Тошкент. 572 томошабин.

Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов (Андижон)-8,2; З.Абдураҳмонов (Андижон)-8,0; А.Маражабов (Андижон)-8,5; Ф.Норсафаров (Қарши)-8,0.

Голлар: Ш.Норхонов (40) - А.Геворкян (25).

«Обод»: 1. Ш.Абдуллаев, 2. А.Ҳусинов, 3. А.Ғофуров, 6. Ш.Жалилов, 8. Д.Ҳасанов, 9. П.Соломин (21. Н.Ҳаипов, 66), 10. С.Эрматов, 11. Ш.Норхонов,  19. С.Қаҳҳоров, 20.  И.Бикмайкин (7.С.Рихсибоев, 61), 23. А.Саидкаримов (18. С.Тўрақулов, 78).

«Қизилқум»: 22. А.Макосин, 3. Ш.Пўлатов, 4. Э.Бойдуллаев, 10. В.Шодиев, 14. Ф.Қамбаров, 15. А.Алланиёзов (9. О.Зокиров, 46), 17. А.Геворкян, 19. Ж.Ҳасанов, 20. Ғ.Жумаев, 23. Ш.Жўраев, 27. И.Юнусов.

Огоҳлантиришлар: Д.Ҳасанов (67), Н.Ҳаипов (84, О.).

Энг яхши ўйинчилар: Ш.Норхонов - А.Геворкян.

Назоратчи: Р.Серазетдинов (Тошкент).

Комиссар: Ф.Магометов.

Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи): - Ютишимиз керак бўлган ўйинда дуранг билан чекландик. Жамоамиз иккинчи бўлимда яхши ўйнади. Футболчиларга эътироз йўқ. Шунчаки, вазиятлардан фойдаланолмадик. Кетма-кет 4-марта дуранг қайд этдик. Ҳужумларни гол билан тугатиш масаласида оқсаяпмиз.

- Ҳужумчи Воҳид Шодиевни умуман таниб бўлмаяпти. Унинг ўрнини эгаллашга қодир ҳужумчи йўқми? Очиғи, Шодиев таркибда экан, жамоа бир киши кам бўлиб ўйнаётгандек таассурот уйғонмоқда...

- Ёшлардан Бекзод Ғанижонов бор, лекин ҳозир жароҳат ўйнашига тўсқинлик қилмоқда. Ҳа, ҳужумчилар борасида камчилигимиз бор. Захирада асосий таркиб вакиллари ўрнини тўлдирадиган футболчилар йўқ.

- Бугун захирадан биргина футболчини майдонга туширдингиз...

- Отабек Зокиров майдонга тушгач, қанотларда ҳаракатларимиз янада кучайди. Лекин ҳужумларга якуний нуқта қўёлмадик. Захира имкониятидан нега тўлиқ фойдаланмадим? Чунки майдондаги футболчилар ҳаракати ва ҳолати мени қаноатлантираётганди.

- Алишер Юсупов кўринмай қолди...

- У жиддий жароҳатланган ва қачон сафга қайтиши номаълум.

- Жамоа олдига аниқ вазифа қўйилганми?

- Юқори ўринлар учун ҳаракат қиламиз. Лекин жамоа олдига аниқ вазифа қўйилмаган. Мақсад - иложи борича юқорига кўтарилиш.

Рауф Инилеев («Обод» бош мураббийи): - Майдонда муросасиз кураш кечди. Жамоани жиддий тайёрлагандик. «Қизилқум»нинг ҳужум чизиғи кучли ижрочилар билан бойитилган. Унутманг, «Насаф»даги эски «трио» ҳозир Навоий клубида ўйнамоқда. Бугун рақиб негадир бошқача услубдан фойдаланди. Меҳмонлар Англия футболига хос узун тўп оширишлар орқали ҳаракатланишди. Менимча, бунда бўйдор Шодиевдан унумли фойдаланишни кўзлашди. Биз эса сўнгги учрашувларни омадсиз ўтказмоқдамиз. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Биринчидан, жамоамиз охирги ўйинларда аввалги мавсум пешқадамларига қарши тўп сурди, боз устига, меҳмонда. Шу боис, очко олиш қийин бўлди. Таркибимизда ёшлар кўп, уларга ҳозирча тажриба етишмаяпти. Лекин бу муаммо эмас. Вақт ўтиши билан улар зарур тажриба тўплашади.

- Сизнингча, «Обод» бу йил ҳам олий лигада қолиш вазифасини уддалай оладими?

- Агар жамоа ўтган йилги ёки бугунги ўйиндагидек характер кўрсата олса, кучлилар сафида қолиши аниқ. Қайтариб айтаман, ёшларимиз мавсум давомида ҳали ўз ўйинларини кучайтиришади - бунга шубҳа йўқ. Қаранг, ўтган мавсум биз каби лигада қолиш учун курашган «Навбаҳор» ва «Қўқон-1912» айни пайт пеш­қадамлар сафида. Чунки улар ўз сафларига «Пахтакор»­нинг бир қатор футболчилари ва кучли легионерларни жалб этишди. Бизда эса клуб сиёсати бироз бошқача. «Обод» кўпроқ ёшларга эътибор қаратмоқда. Ишонтириб айтаманки, бу ёшлар ҳали ўзларини кўрсатишади. Афсуски, клуб раҳбарияти йил бошида «Пахтакор» ва «Бунёдкор» академиясидан ёшларни ижара асосида олиш фикридан қайтиб, ўз йигитларимизга таянишга қарор қилди. Шу боис, ҳозир захирамиз анча тор.

- «Обод»нинг асосий «қуроли» - бурчак зарбаларини ўзгача ижро этиш. Шунга ўхшаш стандарт вазиятлар устида янада кўпроқ ишланса бўлмайдими? Бугун ҳам гол айнан шу услубда урилди...

- Тўғри пайқабсиз, бурчак тўпларини шундай ижро этиш бўйича аввалдан тайёргарлик кўргандик. Хусусан, кечаги машғулотда ҳам худди шундай вазиятлар устида ишладик. Хуллас, бу тасодифий ижро эмас. Бирор ишингизнинг мева бериши ёқимли, албатта. Умуман, ҳозир жаҳон футболида стандарт вазиятлар асосий «қурол»га айланган. Биргина «Обод» эмас, кўплаб клублар айнан «стандарт»дан гол урмоқда. Албатта, бу борадаги изланишларни тўхтатмаймиз.

Тур Статистикаси

Ўйин: 8

Гол: 19 (ўртача: 2,37...)

Томошабин:37489 (ўртача: 4686...)

Мезбонлар ғалабаси: 4

Меҳмонлар ғалабаси: -

Дуранг: 4

Йирик ҳисобли ғалаба:1 («Сўғдиёна» - 3:0)

Энг  сермаҳсул ўйин:  «Навбаҳор» - «Локомотив» (4та гол)

Огоҳлантириш: 26 (ўртача: 3,25)

Четлатиш:1 (ўртача: 0,12...)

Энг «қўпол» ўйин:«Олмалиқ» - «Динамо» (6та  «сариқ»Қ 1та «қизил»)

Энг кўп томошабин кирган ўйин:«Навбаҳор» - «Локомотив» (16685)

Пенальти: 5 (3таси самарасиз)

«Дубль»: 1 (Б.Абдураҳимов, «Насаф»)

«Хет-трик»:  -

Автогол:-

 

1 Локомотив                  8      6      1       1        22-6              19

2 Қўқон-1912                9      5      3       1        15-9              18

3 Насаф                        8      5      1       2        13-6              16

4 Бухоро                       9      5      1       3        13-9              16

5 Навбаҳор                   9      4      3       2        9-7                15

6 Динамо                      9      4      2       3        13-9              14

7 Машъал                     9       4      2       3        10-8              14

8 Олмалиқ                    9       3      3       3        7-10              12

9 Сўғдиёна                   9       3      2       4        10-14            11

10 Пахтакор                 9       3      2       4        7-11              11

11 Бунёдкор                8       2      4        2        6-6                10

12 Қизилқум                9       2      4        3        7-9                10

13 Шўртан                   9       3      0        6        10-15             9

14 Нефтчи                   9       1      3        5        5-12               6

15 Обод                      9      1      3        5        5-15               6

16 Металлург              8      1      2        5        6-12               5

 

Тўпурарлар:

Марат Бикмаев («Локомотив») - 9та  (3та - пен.)

Драган Черан («Насаф») - 6та (1та - пен.)

Филипп Рейевац («Қўқон-1912») - 5та

Санжар Рашидов («Сўғдиёна») - 5та (2та - пен.)

Зафар Тўраев («Машъал») - 4та

Суҳроб Бердиев («Қўқон-1912») - 4та

Достон Ҳамдамов («Бунёдкор») - 4та

Жалолиддин Машарипов («Локомотив») - 4та (1та - пен.)

Илҳом Юнусов («Қизилқум») - 4та (2та - пен.)

Ивор Вейцер («Бухоро») - 3та

Игорь Таран («Шўртан») - 3та...

 

Ўйиндан кейинги фикрлар:

12 май (жума)

Металлург - Сўғдиёна

Шўртан - Бунёдкор

Пахтакор - Бухоро

Навбаҳор - Қўқон-1912

Нефтчи - Обод

13 май (шанба)

Машъал - Олмалиқ

Локомотив - Қизилқум

Динамо – Насаф


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz